1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қайноталар зуғум қилса...

Ўзбек оилаларида аксарият ҳолларда зиддиятларнинг аввалини қайнона-келин можаролари ташкил қилиши бор гап. Қайноналар келиннинг уқувсизлиги, эпсизлиги ва ҳоказо майда-чуйдаларни рўкач қилиб нолиса, келинлар қайноналарнинг ўзига нисбатан бегонадек муносабатидан, ҳар бир ишига аралашиб, арзимаган нарсалардан дилсиёҳлик ясашидан ёзғиришади. Бу муаммо ҳамма замонда бўлган ва бундан кейин давом этади. Аёллар оғзида  “жаннатда иккита бўш жой бор экан. У энг яхши келин ва энг яхши қайнонага аталган жой экан. Қайнонасини ёмонламаган келин ва келинидан нолимаган қайнонага жаннатдан энг яхши жой насиб этади” деган истеҳзоли гап ҳам юради. Қайноналарку аёл, аёллигига, қизиққонлигига бориб, ўғлини, рўзғорини қизғангани учун келинга ёвқараш қилади десак,  қайноталар орасида ҳам келинига зуғум қиладиганлари учраб турар экан. Бугун таҳририятимизга қайнотасининг зулмидан оғриниб мактуб ёзган келинларнинг ҳасратини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

“Тинчимизни бузманг, дадажон...”

“Опа-сингил овсин бўлганмиз. Ҳар куни тонгда қайнотам кундалик бажаришимиз керак бўлган ишларни уқтириб, кечки пайт бажарган ишларимиз ҳисобини эшитади. Буюрган ишларидан атиги биттасини бажаролмасак, ё ишимиз қайнотамнинг кўнглига ўтирмаса, бизни аёвсиз жазолайди. Энг ёмони менинг хатойим учун мен билан бирга синглим, синглимнинг хатоси учун унга қўшилиб мен ҳам қаттиқ жазоланаман. Синглим иккимизнинг ҳам эримиз Россияда. Хўжайинларимиз юборган пуллар миқдори биз келинларга мутлақо маълум қилинмайди. Эрим ҳам, куёв-қайним ҳам пулларини қайнотамнинг номига юборади. Ҳар йили янги ўқув йилида албатта, қайнотамдан гап эшитиб, йиғлаб-аразлаб, анча дилсиёҳликдан кейин пул олиб, болаларимга уст-бош қиламан. Қишлоқда фермерда ишлайман. Пахта пайтида пахтани синглим иккимиз терамиз, пулини қайнотам олади. Қайнотам “келинларим ҳам одам, уларнинг ҳам ўз эҳтиёжи, ўзининг зарурати бордир, ўғилларимнинг пулига эгалик қилганим ҳам етар, ҳеч йўқ келинларимнинг пулига тегмайин, деб ўйламайди. Ҳатто, кўпни кўрган қайнонам ҳам қайнотамни инсофга чақирмайди. Хўрликлар жонимиздан ўтди. Рўзғоримизни алоҳида қилиб, бошқа уй-жой қилиб чиқиб ҳам қайнотамнинг зуғумидан халос бўлмадик. Топган гапи “боланинг ўзи ҳам, пули ҳам отаники. Мен тирик эканман, оиланинг пули менда туради. Рўзғорнинг бошлиғи ўзимман. Эрта ўлганимдан кейин ўзларинг биласизлар” деган истеҳзоли иддао. Биз қайнотамга ўлим тиламаймиз. Лекин қачон кўкрагимизга офтоб тегаркин, қачон ўз пулимизга, рўзғоримизга ўзимиз хўжайин бўларканмиз, қачон ўзимиз топган пулимизни ўзимиз бемалол, миннатсиз ейиш насиб этаркан, қачон боламизга ўзимиз хоҳлаган, ўзи хоҳлаган нарсани дилсиёҳликсиз, хуш-хурсанд олиб берарканмиз, деб кутиб ўтиб кетаверамизми? Наҳотки, кексайганида хотиржам, давлат тўлаётган пенсия пулини беғалва еб ётиш қайнотамни қониқтирмаса? Ўзи бир қиз, икки ўғли бўлса, уч боласини ҳам уйли-жойли қилиб, тинчиган бўлса, келинларини қақшатишдан, пул, мол-давлат деб фарзандларининг тинчини бузишдан қайнотамга нима наф экан, ҳеч тушунолмаяпман. Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ, тўғриси, ҳеч ақлим етмаяпти. Фақат, бундай зулматдаги ҳаётдан чарчадим жуда...”
Сарвиноз, Бухоро вилояти.

“Хизматимга ҳақорат олдим...”

“... Ўн тўққиз ёшимда узатилдим. Келин бўлган хонадонимга қадам қўйган кунимданоқ, қора меҳнатга ботдим. Баъзан ишлардан чарчаб-ҳориб, онамга ҳасрат қилганимда улар “Энди яхшими-ёмонми сенга ўша эр уйингдан фойда, меникига меҳмон бўлиб келасан. Шундай экан, ҳаётингга кўникишинг шарт” деб уқтирдилар. Шундан бери чидаяпман. Бу чидаш деганларининг ҳам ҳеч охири кўринмаяпти. Мен чидаш билан оворраман, қайнотам зуғумларини авжга чиқариш билан банд. Уч овсин бир ҳовлида тиқилиб яшаётгандик. Яқинда кичик қайнимга келин турширдик. Кичик ўғлини уйлантиргунича қонимизни ичиб, роса меҳнатимиздан фойдаланди. Келин тушгач, қайнотам уялмай хонамизга кириб нарсаларимизни деразадан ташқарига отиб “энди уйни бўшатмайсанларми?! Тезроқ йўқолларинг, уйни бўшатларинг” деб жанжал бошлади. Келин бўлиб тушганимда рўзғорда қайнотамнинг хўжайинлиги, пул-молиявий масалаларда қайнонамнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқлигидан ҳайрон бўлгандим. Қизлик уйимда дадам топган пулларини онамга опкелиб берардилар, рўзғор, биз болаларнинг сарф-харажатини онам қилардилар. Келинлик уйимдаги акс ҳолдан таажжубланган бўлсам-да, ичимдагини сиртимга чиқариб бировдан сўрашга ботинолмаганман. Олти йилдан бери шу уйда яшайман, шу “тузум”нинг онгли аъзосиман, лекин ҳеч қачон оиламга, эрим, қайнона-қайнотамга менда ҳам фикр борлигини, мен келин деб аталган “робот” эмас, ИНСОН эканимни тушунтиролмадим. Олти йиллик ҳаётим фақат қайнотамнинг ҳақоратлари, сўкиш ва жанжаллари ичида ўтди. Қайнотам жаҳли чиққанида биз келинларининг келинлигимизни “унутиб” оғизга олиб бўлмайдиган гаплар билан ҳақорат қилган пайтлари ҳам бўлган. Қайнонам бояқиш ёнимизни олиб, қайнотамни инсофга чақирмоқчи бўлганида, улар ҳам бизга қўшилиб ҳақоратлар тагида қолиб кетган. Қишлоғимиз четидаги ерлардан ёш оилаларга уй-жой қуриш учун ажратилган майдондан биз ҳам ер олгандик. Ҳали тузукроқ тиклаб-қуриб улгурмасимиздан қайнотам бизни ҳовлидан ҳайдаб чиқарди. Майли, уй-жой ҳам қилармиз, рўзғоримиздан тиниб-тинчиб ҳам кетармиз. Балки, қайнотамнинг бу ишида ҳам бизга яхшилик бўладиган ҳикмат бордир, лекин мен олти йиллик меҳнатим, хизматларимнинг ҳақорат ва ҳайдалиш билан “мукофотланганидан” ўкинаман. Ҳақорат қилиб, нарсаларимни кўчага отмай, ўғли иккимизни олдига олиб ётиғи билан тушунтирганида биз ҳам дилхираликсиз ўша уйдан чиқб кетардик-ку...”
Дилдора, Данғара тумани.

“Отам ўрнида отам дегандим... ”

“... Келин бўлишимдан аввал одамларнинг қайноталар келинига меҳрибон бўлади, келин тушганидан сўнг ош-овқати тайёр, уст-боши тоза бўлгани учун ҳам келинини ҳурмат қилади, қайнонаси келинини койиса, қайноталар ёнини олади, деб эшитгандим. Шу гап таъсирадими ёки отамдан эрта ажраганим учунми, унаштирилган кунимдан бошлаб қайнотамга меҳримни қўйдим. “Отам ўрнида, қайнотамни ўз отамдек кўраман, ҳамиша ҳурматини жойига қўйиб, хизматида шай турман” деб астойдил яхши ният билан янги хонадонга қадам қўйдим. Тўйдан кейин кўп вақт ўтмай, орзу-умидларим чипакка чиқди. Қайнонам билан қайнотам турмуш қуришганидан бери келишолмас экан, қайнонам “келин туширсам, келини, қудаларининг олдида хижолат бўлиб, сал ўзини  ўнглармикан” деб мени келин қилган экан. Қайда, қайнотам қуйилиш, ўзини эпақага келтириш ўрнига “келин қилганда фалонча пулим кетди, мени шунча чиқимга қўйдиларинг” деб жанжал қиладиган, қайнонамга қўшиб ўғли билан мени ҳам уйдан ҳайдаб чиқарадиган бўлди. Бир неча марта қайнонам ва эрим билан қайнонамнинг синглисининг уйида ётиб қолганмиз. Қайнотам туриб-туриб кечқурун ҳамма дастурхон атрофида, овқат устига ўтирган маҳалда тўполонини бошлайди. Шунақа уруш-жанжалли ҳаёт ичида  иккита фарзандли бўлдик. Худога шукр, қайнонам ҳам, эрим ҳам яхши. Фақат қайнотам мени кўрса асаби бузилиб, энсаси қотади. Қайнонам “келинжон, хафа бўлманг, қизим. Ўзи қайнотангизнинг феъллари торроқ, асли сизга эмас, ҳаммага шундай тўнг муомала қиладилар” деб кўнглимни кўтаришга уринадилар. Мен-ку майли, қайнотам болаларим-невараларини ҳам ёқтирмайди. Ҳайронман, бегуноҳ болаларнинг нима айби бор экан? Ахир, улар қайнотамнинг биринчи неваралари-ку...”
Саидахон, Тошкент вилояти.

Мактубларда айтилган гапларнинг нечоғли ҳаққонийлиги фақат Яратгангагина маълум. Биз бировни абламоқчи ё ким ҳақ, ким ноҳақлигини муҳокама қилгувчи ҳакам эмасмиз. Шунчаки, бизни ўзларига сирдош билганларнинг кўнгил дардларини эшитамиз ва кимларгадир ибрат бўлар, деган илинжда уни муштарийлар ҳукмига ҳавола этамиз. Қайноталик рутбасидаги жаноб, келин бегона эмас, фарзандингиз ортидан даргоҳингизга нур бўлиб иниш, ўғлингизни бахтли қилиш билан саодат топиш умидида келган ФАРЗАНДингиз. Келинингиз туфайли сиз бобо бўлдингиз. Унинг дили оғриса, невараларингиз кўнглига озор етади. Бир ўйлаб кўринг-а, бағрида сизнинг насабингизни улғайтираётган аёлга зуғум қилиш сиздай инсонга ярашадими? Яхши инсонларнинг даргоҳидан ҳеч ким норизо бўлиб кетмайди. Ахир сизнинг сийратингизда оила ишида тадбиркор, узоқни кўзлаб иш кўрувчи, меҳрибон ва заковатли қайнота- Юсуфбек Ҳожининг тийнати тажалли топган-ку...

Умида АЗИЗ тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 844 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ