Сайт бўлимлари
Қизингиз турмушга чиқишга тайёрми?
- Подробности
- Бўлим: Тарбия
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оила- муқаддас тушунча. Ёзилган ва амалдаги қонун-қоидалари билан қаторда оиланинг ўзига хос ёзилмаган қонунлари, инкор этиб бўлмайдиган қоидалари мавжуд. Оила талабларини писанд қилмайдиганлар ёки уларга бепарво муносабатда бўладиганлар охир-оқибат фақат ўзларига жабр қиладилар.
Зеро, фақат оилага ҳурмат-эътиқод, унинг синовларига сабру бардош билан чидаш орқали инсон бахту саодатга эришмоғи, эл-юрт олдида обрў-ҳурматини оширмоғи мумкин. Балки шу боисдан ёши улуғларимиз оилани “қаноат қўрғони” деб ҳам аташади.
Оила мустаҳкамлиги- жамият таянчи. Оиланинг ҳар томонлама тўкис ва мустаҳкам, бардавом бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Никоҳланувчиларнинг ёши, дунёқараши ҳам бахтли оила юзага келишида муҳим ўрин тутадиган омиллардан бири. Бу борада юртдошларимизнинг фикри қандай экан? Бугунги мунозарамиз иштирокчилари билан “Неча ёшда оила қурган маъқул?”, “Қизингиз турмушга тайёрми?” каби саволлар атрофида фикрлашдик.
Мухтабар ая Умрзоқова, 63 ёшда, фахрий ўқитувчи: — Бу саволингизга аниқ бир ёшни кўрсатиб жавоб бериш мушкул. Яратганнинг Ўзи ҳар бир инсоннинг фаҳмига, ақлу заковатига қараб бахтини беради. Тўғри, фарзанд дунёга келган кундан бошлаб ота-она унинг камолини, умрини, бахтини истайди. Фарзанд улғайгани сари эса тенги билан топишармикин, деган ўйда юради. Ўзим беш қиз узатиб, икки ўғил уйлантирганман. Қизларим ва бир ўғлимни олий маълумотли бўлиб, касб-ҳунарли бўлгач, хотиржамгина уйли қилгандим. Кенжа ўғлимни опа-акаларининг қистови билан 20 ёшида - талабалик даврида уйлантирдим. Катталари, “укамни ҳам уйлантиринг, кейин хотиржам юрасиз” дейишди. Қайда? Хотиржам бўлиш ўрнига аксинча, нотинч бўлдим. Ўғлим ҳам, келиним ҳам ёш, талаба. Уларга оила сирларидан сабоқ бериб, ҳар нарсага шошма-шошарлик билан ёндошмасликни, никоҳнинг муқаддаслигини тушунтирганимча асабларим ҳам ишдан чиқди. Икки ёшнинг келишмовчилигу тортишувларига барҳам бериб, муросаю мадора билан яшашга ўргатгунимча орадан тўрт йил ўтиб кетди.
Айтмоқчиманки, иложи борича фарзандни ёшлигидан оилага тайёрлаб бориш керак. Бирор касбу кор, ҳунарли бўлганидан сўнг эса бошини иккита қилиб қўйиш керак. Қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам оила мушкулликларини балоғат остонасига қадам қўйган дамларидан бошлаб тушунтириб бориш зарур. Токи улар 20-22 ёшига етганда турмуш қуришга тайёр бўлиб, арзимаган қийинчилик олдида эсанкираб қолишмасин.
Шоҳида Эрматова, 32 ёшда, тарбиячи:
— Мен болалигимдан китоб, газета- журнал кўп ўқиганим учунми, негадир ҳаётни худди бадиий асарлардагидек тасаввур этардим. Улғайганим сари ўзимга ва ён-атрофимдагиларга нисбатан ўта талабчан бўлиб боравердим. Одамлардан идеаллик излардим. Бу турмуш қуриш фурсати келганда менга панд бера бошлади. Дастлабки мулоқотданоқ учрашувга чиққан йигитнинг табиати, феъл-атвори ва дунёқараши менга ёқмас эди. Укамни уйлантиришди. Табиийки, ёш келинчакнинг бажарган юмушлари, ўзини тутишидан норизолана бошладим. Шунинг учун ким бўлишидан қатъий назар турмушга чиқишим шарт, деган қарорга келдим. Қишлоғимдан камбағаллиги учун ёши анча ўтинқираб қолган йигитдан совчи келди. Йўқ, деёлмадим. Мақсадим уйдаги келинчакдан имкон қадар тезроқ қутулиш эди. Йигирма саккиз ёшли келин ва ўттиз бир ёшли куёвнинг оиласи тезда ўнгланиб кетади, деб ўйлаганлар...чучварани хом санаган экан! Мен келин бўлиб тушган уйда ёши мендан бироз кичик бўлган учта қайнсинглим бор эди. Демак, қайнона-қайнотам, эримдан ташқари яна учта хўжайин! Олти киши иш буюради, олтита “назоратчи”, олтита “терговчи”! Булар айтган ишни вақтида бажаролмай гап эшитаман. Боз устига эримнинг тайинли иши, касбу кори йўқ. Қайнсингилларимни узатиш учун сепида ҳеч вақо йўқ. Камбағалнинг куни қурсин, шу ҳолига булар бирам дангаса, бирам ишёқмаски, ўтирган жойини йиғиштириб қўйишга ҳам эринади. Бунақа бўлишини билганимда дунёдан тоқ ўтиб кетардим, дея афсусланардим. Ўз қадрини билмаган, ўзгаларнинг ҳам қадрини билмайди, деганларидек, улар ҳатто ҳомиладорлик пайтимда ҳам менга эътибор беришмади. Оғир юмушларни бажариб, ҳомиламдан айрилиб қолдим. Шундан кейин мен учун у хонадон эшиклари таққа туқ бекилди.
Ҳозир бир қизчани асраб олганман. У борлиғим, ҳаётим. Кўрган кечирганларимга асосланиб айтаманки, қиз болани 17-18 ёшида, нари борса йигирмагача узатган маъқул. Ёшликда кўникиш, муҳитга мослашиш осон бўлади.
Абдусамат Ҳалимов, 55 ёш, ишчи:
— Менимча ёшлар оилани қадрлай оладиган, ҳаётни тушунадиган бўлганидагина турмуш қуришлари керак. Ёшидан қатъий назар, масъулиятни ҳис қила олса, муайян фикри, аниқ мақсади бўлса, демак у йигит-қиз оила синовларига бардош бера олади. Ҳеч иккиланмай уни узатиш ёки уйлантириш мумкин. Аммо, яна бир нарса бор: ота-она “мен-ота, мен -она” дея ҳадеб ёшларнинг турмушига аралашавермаслиги керак. Уларга ёрдамчи, маслаҳатчи, йўл кўрсатувчи бўлсин, бироқ турмушига халал бермасин. Икки томон ҳам ўзиникини маъқуллаб, оилага суқилаверса, ёшларнинг онги заҳарланади. Менинг фикримча, йигит оилани тушуниб, рўзғор тебратадиган бўлганида, қиз бола эса бирор ҳунарни ёки касбни эгаллаганидан кейин турмуш қургани яхши.
Зилола Шарипова, 28 ёшда, уй бекаси:
— Йигирма икки ёшимда турмушга чиқдим. Ҳаётимдан нолимайман, лекин турмушимнинг дастлабки кунларидаёқ 17-18 ёшимда оила қурмаганимга афсусландим. Негаки у пайтларда кишининг дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган бўлади. Ғўр, кўп нарсага ақли етмайдиган қиз борган жойига тез ва осон кўникиб, “ҳаёт шу экан-да”, деб яшайверади. Ёши улғайган қиз эса ота уйидаги шароит ва вазиятни келинлик хонадони билан солиштира бошлайди. Барибир бир кунмас бир кун рўзғорнинг ташвиши бошга тушади. Шу сабабдан ҳам, тақдирнинг ҳукмидан бўйин товламай, ўз вақтида итоат қилган афзал. Чунки ёш юрак, ёш вужуд ниҳол мисоли. Уни қандай парваришлаб, ўстирсангиз, келажакда шундай мевалар олишга муваффақ бўласиз. Келин бўлган пайтларим янги уйнинг қонун-қоидалари, бу ердаги ҳукмрон “об-ҳаво” қайнонам ва бошқа оила аъзоларининг дунёқараши, фикрлаши ғашимни келтирарди. Кўникиб кетгунимча ўзимдан ўтганини ўзим биламан, Худо гувоҳ. Шукр, энди ҳаммаси из-изига тушиб кетди. Фикримча, қиз болани эртароқ узатган маъқул.
Раъно Усмоналиева, 54 ёш, кутубхона мудираси:
— Айни кўнглимдаги саволни бердингиз. Пойтахтдаги ўқишим тугаб қишлоққа боргандим, совчиларнинг “ҳужум”ига йўлиқдим. Ўқиб юрган кезларим ота-онам, бирорта йигит билан етаклашиб юрма, дедилар, деб кўнглимга, орзуларимга мос йигитлардан бирини танлаб, аҳдлашмаган ҳам эканман. Келаётган совчиларнинг бари ўқимаган, қўлида касб-ҳунари йўқ йигитлардан эканини билиб, юрагим оғрирди. Хуллас, мен рад қилаверибман, ёшим ҳам ўтиб бораверибди. Тенгдошларимнинг фарзандларини етаклаб юрганини кўрсам, “қачон менинг ҳам болам бўларкин”, деб ўкинардим. Худонинг менга атаган ёруғ кунлари ҳам бор экан. Гарчи камбағалроқ оиладан бўлса-да, ўқимишли, олий маълумотли бир йигитдан совчи келди. Учрашганимдан сўнг ҳафсалам пир бўлди. Аммо наилож? Йигирма тўққиз ёшли қиз бўлсам, бу ёшда аксарият қизлар хотин қўйган ёки хотини ўлган эркакка турмушга чиқишга мажбур бўлади. Турмушга чиқдим. Лекин мана йигирма олти йилдирки бирга яшаймизу, бир-биримизни тушунмаймиз. Шунча пайтдан бери, лоақал бир марта бўлсин, фикримиз бир жойдан чиққан эмас. Шунинг учун ҳам уч қизимни, йигирма бир, ўн тўққиз ёшларда узатиб, тинчидим. Қизларим ҳам олий маълумотли, ҳам фарзандли бўлиб, мен эришолмаган орзу-ҳавасларга, бахтга муяссар бўлдилар. Хуллас, қиз болани йигирма ёшигача узатиш керак. Йигитлар эса пул топадиган, оилани моддий таъминлайдиган бўлганида уйлангани маъқул.
Жамшид Умаров, 29 ёш, шифокор:
— Оилани эплай олишига кўзи етган, соғлом, фикри ва жисми тоза, фарзанд тарбиялашга лаёқатли, рўзғорнинг кам-кўстини бутлашга кучи етадиган инсон турмуш қуриши керак. Неча ёшда, деган саволга келсак, албатта йигирма ёшдан кейин турмуш қурган яхши деб ўйлайман. Катта ёшли жуфтликлар орасида меҳр-муҳаббат, ҳурмат-иззат, бир-бирини тушуниш ва қадрлаш ёшларга нисбатан кучлироқ эканини кузатганман. Уларнинг оиласи мустаҳкам бўлади, ҳар қандай қийинчиликларга бардошли, сабрли бўлади, деб ўйлайман. Умуман, неча ёшда оила қуришдан қатъий назар, никоҳланаётган шахслар аввало тарбияли бўлиши шарт. Бахтли турмушнинг гарови- эр-хотиннинг тарбияси ва одоби билан боғлиқ деб ҳисоблайман.
Дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, деган экан файласуфлардан бири. Ҳар ким ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб фикрини асослашга ҳаракат қилди.
Бу борада газетамизнинг зукко муштарийлари қандай фикрда? Бахтли ва фаровон оила қуриш учун келин-куёвнинг ёши аҳамиятли, деб ўйлайсизми? Фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашасиз, деган умиддамиз.
Рухшона ФАРРУХ тайёрлади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 832 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар