1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жинслараро муносабатнинг гўзал намунаси

وَلَمَّا وَرَدَ مَاء مَدْيَنَ وَجَدَ عَلَيْهِ أُمَّةً مِّنَ النَّاسِ يَسْقُونَ وَوَجَدَ مِن دُونِهِمُ امْرَأتَيْنِ تَذُودَانِ قَالَ مَا خَطْبُكُمَا قَالَتَا لَا نَسْقِي حَتَّى يُصْدِرَ الرِّعَاء وَأَبُونَا شَيْخٌ كَبِيرٌ

Walammā warada māa madyana wajada ʿalayhi ummatan mina l-nāsi yasqūna wawajada min dūnihimu im'ra-atayni tadhūdāni qāla mā khaṭbukumā qālatā lā nasqī ḥattā yuṣ'dira l-riʿāu wa-abūnā shaykhun kabīrun

Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У:«Сизларга не бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар.

Қуръони каримнинг Қасос сурасининг ушбу 23-оятида Аллоҳ азза ва жалла Мусо алайҳиссаломнинг ажойиб сафарлари ҳақида баён қилади. Ушбу суранинг аввалида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг Мисрда бир кишини бир мушт уриб ўлдириб қуйгани ва у ердан қочиб кетганини хабар қилади.  Мусо алайҳиссалом ўзини таъқиб қилаётган ҳавфдан қочиб Мадян деган тарафга қараб юзланади.
Қачонки Мадянга оид сувга етиб келгач, Мусо алайҳиссалом бу сув атрофида бир тўп одамларнинг ўз ҳайвонларини суғораётганини кўради. Бу кишиларнинг ортида эса икки аёлни кўради. Бу аёллар сув ичишга интилаётган ҳайвонлари билан олишиб, уларни зўрға сувдан қайтариб ушлаб туришган эди. Четдан қараганда бу жуда ғалати кўринарди, сабаби бир тўда одамлар ўз чорваларини бемалол келиб суғораётишган бўлишса, бу икки аёл ўзларининг сувга ташна қўйларини суғормаслик учун жон жаҳтини беришаётган эди.
Шунда Мусо алайҳиссалом бу аёлларнинг ёнига бориб, mā khaṭbukumā, «Сизларга не бўлди?» деди. Мана шу саволнинг ўзида бизларга жуда ҳам катта дарс бор. Сабаби, ҳаё, иффат ҳақида, ҳамда эркак кишининг одатда кўзини бегона аёллардан тийиши ва бекордан бекорга бориб бегона аёллар билан суғбатлашмаслиги кераклиги ҳақида кўп эшитгансиз. Аммо, бирор бир кишининг, хоҳ у эркак, хоҳ у аёл киши бўлсин, машаққат ичида турганини кўрсангиз, уларнинг олдига бориб, ёрдам таклиф қилишингизда бирор муаммо йўқ. Бироқ, бундай ҳолатда сиз қийин аҳволда қолган кишиларнинг олдига суҳбат қуриш учун эмас, балки кўмак берш учун келганингизни унутмаслигингиз керак. Мусо алайҳиссалом ҳам, бу икки аёлнинг олдига бориб, улар билан саломлашиб ё узоқ гаплашиб ўтирмадилар, балки дарров муддаога ўта қолдилар: mā khaṭbukumā, «Сизларга нима бўлди?».
Шунда икки аёл: lā nasqī ḥattā yuṣ'dira l-riʿāu - «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз», дедилар. Яъни, ушбу икки аёл сув бўйида бир неча чўпон, яъни номаҳрам эркаклар, ўз чорваларини суғораётганлари боис, улар олдига боришдан чекинаётганларини айтдилар. “Биз улар олдида ёнма-ён туриб, енг шимариб қуйларимизни суғормоқчи эмасмиз. Балки, уларнинг кетишини пойлаб, хатто кеч кириб қолса ҳам, сўнгра ўз қўйларимизни суғормоқчимиз”, деган гапни қилдилар. Албатта, аёлларнинг эчки-қўйлари бундан бехабар эди ва тинмасдан сув сари интилар эди. Шу боис, икки аёллар ҳаргиз уларни арқонларидан ушлаб, орқага қайтаришга уринишар эди.
Қуръони каримда зикр қилинган ушбу ҳикоядан бизга бугунги кунда аёл кишининг кўча-куйда ва ишхонада ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида чиройли ўрнак бордир.
Суҳбатнинг давомида аёллар: wa-abūnā shaykhun kabīrun - «отамиз қари чол», дедилар. Бу гап билан улар Мусо алайҳиссаломга нега ўзлари бу жойга келганликларининг сабабини ҳам изҳор қилдилар. Бу икки аёлнинг оталари қари чол бўлгани боис, меҳнат қилишга, чорвага қарашга албатта куч-қуввати йўқ эди. У чолнинг ўғли бўлмай, фақат мана шу икки қизи бор эди. Қизлар эса ўз навбатида уй ишларини, мол-ҳолга қараш ва бошқа турмуш машаққатларини ўз зиммаларига олган эдилар.
Мана шундай аҳвол бугунги кунда ҳам кўпчилик оилалар учун оддий ҳақиқатдир. Ҳозирда ҳам оилаларидаги иқтисодий аҳвол, балким бевалик ёки эрининг хасталиги сабабидан, ёки уйда фақат қиз фарзанд бўлгани боис, аёлларимиз ишлаш учун уйдан ташқарига чиқишга мажбур бўлмоқдалар. Дин аёл кишининг меҳнат қилишини тақиқламайди. Балки, Қуръони каримда бу ҳолатни ўзи мана зикр қилиниб турибди.
Бу икки аёлга келсак, уларнинг ўзини тутишлари мақтовга сазовордир. Аллоҳ таоло Қасос сурасида мана шу икки аёл ҳақида қисқа воқеани мисол қилиб, бизга аёлларнинг ўзиларини тутишлари ҳақида жуда ҳам кўп ибратли нарсаларни баён қилди.
Булардан бири ҳаёдир. Аёл киши кўчага ишлаш учун чиқар экан, иш жараёнида шундай ҳолатлар бўлиши мумкинки, унда ҳаёни бироз четга суриб туриш, ишининг осонлашишига олиб келиши мумкин. Аммо, шунда ҳам, ҳаёни унутмаган ҳолда, гарчи у бироз машаққатлироқ бўлса ҳам, ўз ишингизни бажаришингиз мумкин. Қиссадаги икки аёл ҳам, “ҳа майлида, турмуш тақозоси”, деб эркаклар орасига сиқилиб қўйларини суғормадилар. Балки, эркаклардан ор қилиб, четда кутиб турдилар.
Мусо алайҳиссалом эса, бу аёллардан: “Келинглар, қўйларинингизни мен суғориб бераман”, деб уларга илтифот қилиб ҳам ўтирмадилар. Аллоҳ таоло кейинги оятда Мусо алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: fasaqā lahumā – “Бас, икковларига суғориб берди.” Яъни, гапни чўзмай, дарров қўйларни улардан олиб, суғориб, қайтиб олиб келдилар. Сўнгра дарров қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар.
Мусо алайҳиссаломнинг икки аёл билан мана шу қисқа муносабати жуда ҳаётий воқеа бўлиб, бугунги кун турмушида ҳам, эртага ҳам, доимо икки жинс вакиллари ўртасида содир бўлиб туриши аниқ. Бизнинг қизларимиз, аёлларимиз, сингилларимиз, ҳатто оналаримиз ҳам уйдан ташқарида меҳнат қилаётган бўлишлари мумкин. Агар шундай бўлса, мана шу қиссадан ўзларига ибрат олишлари керак бўлади.
Икки аёлга Мусо алайҳиссалом хитоб қилганларида, улар унинг пайғамбар эканликларидан бехабар эдилар. Шу боис, Мусо алайҳиссаломга ҳар қандай бегона эркакга қиладиган муносабатларини қилдилар. У кишига қисқа ва лўнда қилиб: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар.
Бекорга “отамиз қари чол”, демадилар. Жуда зукколик билан айтилган гап эди. “Қари чол” деб таржима қилинган сўз ўрнида Қуръони каримда shaykhun kabīrun сўзи келади. Shaykh чол деган маънони англатиши билан бирга, оқсоқол, қавмнинг каттаси, ёки жамиятда ўз ўрнига эга киши деган маънони ҳам билдиради. Яъни, икки аёл Мусо алайҳиссаломга қараб гапириб турганларида, ҳар қандай фикр ҳаёлга келмаслиги учун, ўзининг оталари қари чол бўлишлари билан бирга, “Бизларнинг бу ерда заифа бўлиб ночор турганликларимизга қараманг, отамиз жуда обрўли, катта оқсоқоллардан” деб огоҳлантириб,  эҳтиёт чорасини ҳам кўриб қўйдилар.
Бизнинг мўмина аёлларимизга мана шундай шарм-ҳаёли, шунингдек кўчада бегоналар билан тўқнаш келиб қолганида энг тўғри усулда муносабат кўрсатишларини Аллоҳ таоло насиб қилсин.
Икки аёлнинг отаси ҳам, қизларини шундай чиройли усулда тарбиялагани, уларнинг тарбиясидан кўнгли тўқ бўлгани боис, уларни уйдан ташқарига чиқишларига изн бергандир, балким.
Балким, бу оятларни ўқиган киши, у қизларнинг уялчанг эмас, балки эркак-табиат қўпол қиз бўлганликларидан кўчага бемалол чиққандурлар, деб ўйлашлари мумкин. Аммо кейинги оятда: fajāathu iḥ'dāhumā tamshī ʿalā is'tiḥ'yāin - «Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди», деб аёларнинг ўта иболи ва ҳаёли эканлигини билдирди. Югуриб келиб, “ҳой киши, отам чақираяпдилар сени”, демади. Балки, ҳаё билан оҳиста юриб келиб, отаси унинг қилган яхшилиги учун мукофотлантирмоқчи бўлганини айтди.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло аёл кишининг уйидан ташқарига юмуш билан чиққанида бегона кишилар, номаҳрам эркаклар билан тўқнаш келганида, уларга ор-номуси ва ҳаёни унутмаган ҳолда, шунингдек тўғри тарбия билан қисқа ва лўнда, ва тўғри муносабат қилиш кераклигини мана шу қисқа ҳикоя ичида эслатиб ўтди.
Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларни кўча-куйда ва ишхонада ўзаро тўқнаш келганларида ўзаро муносабатларини мана шу ҳикоядан ибрат олган ҳолда амалга оширишларига ёрдамчи бўлсин!

Саййид таржимаси

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ