1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Чин дўстлик ва чин муҳаббат

 

 

 

Ҳазрат Жалолиддин Румий ҳақиқий муҳаббат ва дўстликнинг аломати дўстдан етган жафони розилик ва таслимият билан қабул қилиш эканини қуйидаги ҳикояда шундай тушунтиради: “Бир кишига зиёратчилари қовун келтиришди. У ёнига сирдош-кўнгилдоши, содиқ хизматкори Луқмонни чақирди ва қовундан бир тилим кесиб, узатди. Луқмон уни шундай роҳат билан едики, кўрган одамнинг иштаҳаси очилиб кетиши табиий эди. Узатилган иккинчи тилимни ҳам худди шундай еганини кўргач, хўжайин ҳам ўзига қовун кесди. Аммо оғзига олар-олмас тупуриб ташлади, чунки жудаям аччиқ эди. “Эй Луқмон, – деди. – Бундай заҳарни қандай қилиб бол каби ея олдинг? Бундай қаҳрни нима сабабдан лутф ўрнида қабул этдинг? Бу қандай сабр? Ким билсин, бугунгача қандай азобларга бардош берган бўлсанг? Сен ширин жонингга душманмисан? Бирор нима десанг, бўларди-ку? Ҳеч қурса, маъзур кўринг, еёлмайман, дейиш шунча қийинми?”
Луқмон жавоб берди: “Мен сизнинг қўлингиздан шунча кўп ширин нарсалар едим, моддий ва маънавий озуқа олдимки, буларнинг эвазини ўтай олмаслигимни ўйлаб, ҳузурингизда хижолатман. Шундай бўлгач, қўлларингиз билан берган нарсани, қандай қилиб: “Аччиқ экан, еёлмайман”, дейман? Сиз нимаики берсангиз, хушнудлик билан қабул қиламан! Сиздан етган бирор азиятдан шикоят қилсам, бошимга тупроқ сочилсин. Лутфкор қўлнинг тотини бир қовуннинг аччиқлиги қандай кетказсин?
Хожам! Муҳаббат сабаб аччиқ ширин, мис олтин, зиндонлар гулзор, подшоҳ қул, қул шоҳ бўлади. Давосиз дардлар шифо топади; ўликлар тирилади. Муҳаббат ила қоронғу уйлар ёришади, қайғу, изтироблар қувончга, йўлдан адаштирувчилар саодат йўлини кўрсатувчиларга, қаҳр раҳматга айланади”.

* * *
Бир одам бозордан солиҳ, тақводор мўмин бўлган қул сотиб олди. Уни уйига олиб келгач, сўради:
– Нималар ейишни истайсан?
– Нима берсангиз, ўшани, – жавоб берди қул.
– Нималар кийишни хоҳлайсан?
– Қандай либос берсангиз, ўшани.
– Қайси хонани ажратай?
– Ўзингиз маъқул кўрганингизни.
– Уйдаги қайси ишларни топширишимни истайсан?
– Қайси ишларни қилишимни хоҳласангиз, топшираверинг.
Бу жавоблардан кейин хожа ўйланиб қолди ва кўзларидан оқаётган ёшларни артаркан, бундай деди:
– Кошки мен ҳам Раббим ҳузурида шундай бўла олсайдим... Сени Аллоҳ учун озод қилдим. Бироқ ёнимдан кетишингни ҳам хоҳламайман. Токи сенга молим ва жоним билан хизмат қилай.

* * *
Ҳақиқий дўстлик ва муҳаббатнинг шарти маъшуқнинг ёнида ошиқнинг ҳеч қандай иродаси бўлмаслигидир. Бу борада Иброҳимнинг (алайҳиссалом) Ҳақ дўстлиги чўққиси бўлган, Намруд буйруғига кўра оловга отиларканлар, ёрдамга келган фаришталарга айтган қуйидаги сўзлари ибратли: “Оловни ёндирган Зот менинг ҳар ҳолимдан хабардор. Сиздан талабим йўқ, Дўст билан дўстнинг орасига кирманг!” Бу таслимият натижасида аланга Иброҳим (алайҳиссалом) учун гулистонга айланди.
Кейинроқ Иброҳим (алайҳиссалом) наслларидан пайғамбар дунёга келиши учун дуо қилдилар, Аллоҳ таоло кексайган чоғларида у кишига фарзанд эҳсон этди. Дўстликнинг нишонаси ва имтиҳони сифатида фарзандларини қурбонлик қилиш буюрилди, қабул этдилар. Гарчи фарзандларига бўлган муҳаббат сабаб кўрган тушларидан тараддудга тушсалар ҳам, бир тушни уч бора кўрганларидан кейин қаноат ҳосил қилдилар. Бу хусусда васвасага солмоқчи бўлган иблисга тош отдилар. Ўткинчи муҳаббатни боқий Дўстнинг севгиси йўлида қурбон қилиш учун ётқиздилар. Боқий Дўст у зотдаги бу қатъиятни кўргандан сўнг қурбонлик учун бир қўчқор туширди ва дўстликка вафоларини муносиб тақдирлаб, марҳамат қилди: «Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз» (Соффот, 104–110).

* * *
Шунга кўра, ҳақиқий муҳаббат заҳматларни раҳматга айлантиргани учун Севилганнинг қаҳри ҳам лутфи каби хуш қарши олинади. Бир кимсанинг севгиси чин ё ёлғон эканини билиш учун севгилисидан келган азиятларга қанчалик сабр қила олганини кўриш кифоя. Шеърда айтилганидек:
Хушдур менга Сендан келган,
Ё ғунча гул ёхуд тикан,
Ё хилъату ёхуд кафан,
Қаҳринг-да хуш, лутфинг-да хуш!

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 826 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ