1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сабзи, тухум ва кофе ҳақида эртак

Бир куни атрофдаги муаммолардан қийналиб кетган қиз отасининг олдига келиб ҳаётдан нолишга тушибди. Турли-туман муаммолар, кутилмаган тўсиқлар уни чарчатиб юборганини, уларга дош беришга ортиқ ҳоли қолмаганини айтибди. Битта муаммо ҳал қилинар-қилинмас бошқаси пайдо бўлаётгани ҳақида гапириб берар экан, отаси қизини ошхонага олиб кирибди. Касби ошпазлик бўлгани учун қизига ошхонада маслаҳат беришни лозим топибди ва учта бир хил идишни сув билан тўлдириб, тагига олов ёқибди.

Бир оздан сўнг учала идишдаги сув бирин-кетин қайнай бошлабди. Шунда ота биринчи идишга сабзи, иккинчисига тухум ва учинчисига бир қошиқ кофе солиб, оловни яна ҳам баландроқ қилиб қўйибди. Отасининг одатий камгаплигига ўрганиб қолган қиз ҳам ўзини йиғидан тўхтатиб, воқеани жим кузатиб турибди. Бир оздан сўнг отаси учала идишнинг тагидаги оловни ўчирибди ва қизидан сўрабди.

- Хўш, қизалоғим, нима қилганимни кўрдингми?

- Сабзи ва тухумни пиширдингиз, учинчи идишда эса кофе тайёрладингиз, - жавоб берибди қизча.

- Тўғри айтдинг,- дебди ота. – Аммо мен буни нима учун қилганимни ҳам биласанми? Кел, сабзи, тухум ва кофега яхшилаб қара. Уларга нима бўлди?

Қиз сабзини ушлаб кўрибди юмшаб қолганини сезибди, тухумнинг усти ўзгармаган бўлса ҳам, ичи пишиб, қаттиқлашганини, кофе эса ўзидан ширин ҳид чиқариб, сувни мазали ичимликка айлантирганини пайқабди.

- Мен сизни тушунмадим, бу нима деганингиз? – сўрабди қиз отасидан.

Отаси тушунтиришга тушибди:

- Қизим, мен сенга ҳозир учта нарсани кўрсатдим. Учаласи ҳам бир хил қийинчиликка – қайнаган сувга рўбарў келишди. Аммо учаласининг муносабати уч хил бўлди ва иссиқ сув учаласига уч хил таъсир қилди.

Сабзи қайнатилмасидан аввал қаттиқ, букилмас бир сабзовот эди. Хатто ерга қоқса ҳам бўларди. Аммо иссиқ сувга тушгач, юмшаб қолди ва энди уни ёш бола ҳам майдалаб ташлаши мумкин.

Тухум эса нозик, заиф бўлишига қарамасдан, иссиқ сув таъсирида қаттиқлашди. Гарчи ташқи кўриниши ўзгармаган бўлса ҳам, ичи пишди ва энди у аввалгидек салга синиб қоладиган тухум эмас.

Кофе эса бутунлай бошқача йўл тутди. Мазасиз, аччиқ бир нарса бўлгани ҳолда, сувда бироз қайнатилгач, нафақат ўзи ширин нарсага айланди, балки атрофидаги сувга ҳам маза бағишлади. Сув қанча юқори ҳарорат билан қайнатилса, кофе шунчалик мазалироқ тус олди.

Энди сени қийнаётган атрофдаги муаммолар масаласига қайтсак, қани айт-чи қизим, сен буларнинг қайси бирисан? Сабзими, тухумми, ёки кофе?

Сени иссиқ сув каби қийинчиликка ташлаб юборсак, қанақа муносабат кўрсатасан? Сабзига ўхшаб шалпайиб қоласанми, тухумга ўхшаб ичингдан пишасанми ёки кофе каби нафақат ўзинг, балки атрофга ҳам ширин маза бахш этасанми?

Кўрдингизми, Сабзига ўхшайдиган одамлар гарчи оддий кунларда қаттиқ ва чидамли кўринишса-да, биринчи қийинчилик таъсиридаёқ бўшашиб, ўзларини йўқотиб қўйишади. Қаттиқликларидан асар ҳам қолмайди.

Қийинчиликларга тухум каби муносабат кўрсатадиган тоифа эса муаммолар таъсирида гарчи ташқи кўриниши ўзгармаса-да, ичидан пишади. Энди у салга синиб кетадиган, усти юпқа пўст билан қопланган мўрт тухум эмас, балки ичи мустаҳкам, деразага тегиб ўзи синадиган эмас, балки деразани синдирадиган нарсага айланди. Қалби юмшоқ, тухумнинг ичидаги суюқлик каби салга кўзёш тўкадиган одамлар ҳаётдаги қийинчиликлар – касаллик, яқин кишиларнинг ўлими, камбағаллик таъсирида иссиқ сувда пишган тухумдек қаттиқлашиб, маҳкам бўлиб боришади. Уларнинг кўриниши ўзгармайди, аммо энди худди қайнатилган тухум каби ичлари мустаҳкам, салга тўкилиб кетадиган суюқликлари йўқ!

Кофе эса қийинчилик таъсирида нафақат ўзи ўзгарадиган, балки атрофни ҳам ўзгартирадиган, атрофга ҳам маза бағишлайдиган одамларга ўхшайди. Бир қараганда улар кофе уруғи каби ҳеч нарсага арзимайдиган, бемаза бир нарсага ўхшашади. Аммо иссиқ сувга солинган кофе каби қийинчилик, муаммога тушганларида тамоман ўзгаришади. Муаммо кучайгани сари уларнинг таъми яхшиланиб боради ва нафақат улар, балки атроф ҳам мазали бўлиб боради, ҳамма ёқни ёқимли ҳид қоплайди. Сув қайнагани сайин кофенинг таъми ортиб бораверади. Бу тоифа одамлар аҳволлари қанча ёмон бўлмасин, ўзлари яхшиланиб боришади ва атрофни ҳам яхшилашади.

Хўш, сиз атрофдаги қийинчиликларга қандай муносабат кўрсатасиз? Сабзимисиз, тухумми, ёки кофе?

Бундан кейин бирон бир муаммо сизни қийнаса, уни иссиқ сув каби қабул қилинг ва кофега ўхшаб нафақат ўзингиз, балки шу баҳона атрофни ҳам яхшилашга ҳаракат қилинг!

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 114 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ