Сайт бўлимлари
Илтимос, бизга ёрдам беринг!
- Подробности
- Бўлим: Тарбия
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Мени маъзур тутинг, ҳар сафар шулар ҳақида ўйласам ўзимни жиловлай олмайман. Боғчамизнинг ёнгинасида мактаб жойлашган эди. Тушки сайрга чиққан пайтларимиз мактабдан қайтаётган ўқувчиларга ҳавас билан боқар эдик. Қани энди тезроқ катта бўлсагу, биз ҳам портфелимизни кўтариб мактабга чиқсак, дердик. Йиллар ўтиб ўша ҳаяжонли дамлар ҳам етиб келди. Биз мактаб ўқувчисига айландик. Ўн биринчи синфни тугаллаб, институтга кириб олиш учун зўр бериб ўқидик. Лекин минг афсуски, жуда кўпчилик битирувчиларга анча кеч бўлганди. Улар келажаклари учун мактабда пойдевор қўя олмадилар! Ўн бир йиллик умр ҳавога совурилиб кетганди!
Бир эслаб кўринг-а, сизнинг ўтмишингиз ҳам қуйидаги эслатмамга ўхшаб кетади: Тўртинчи синфгача ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Ҳаммаси катта синфга ўтгандан кейин бошланди. Олтинчи синфдаёқ ким қайси йўлни танлагани деярли ойдинлашди. Дарслардан қочиб интернет клубларга бориш, сал нарсага ҳам ёқалашиб кетиш, устозларга тап тортмай гап қайтариш каби ўта салбий ҳислатлар кўпайиб борди. Фарзанд келажаги учун қайғурадиган ота-оналар ўз болаларини жиловлаб олдилар, лекин ишидан ортмаётган, «болам-чақам» деб югуриб юрган баъзи ота-оналар «вақтинчалик» бўлган, аммо вақтида олди олинмаса, кейин кеч бўлиши мумкин бўлган бундай бебошликлардан кўз юмиб кетдилар. Тўққизинчи синф якунланай деб қолганда эса талвасага туша бошладилар: анча кеч бўлган паллада ҳаракатга тушиб қолдилар. Ахир бу йил асраб-авайлаб боққанлари, оғзидан нима чиқса муҳайё қилганлари – суюклилари энг обрўли коллежга кириши керак-ку! У ерда фарзандлари ўқиб кета оладими, умуман шу соҳага қизиқадими, бу билан ишлари йўқ. Тезроқ коллежни битирсаю, институтга кирса. Институтни битирсаю, «битта столнинг эгаси» бўлса! Наҳотки ҳаммаси шу қадар осон бўлса?! Наҳотки давлат келажаги шундай ялқовларнинг қўлида қолса?! Наҳотки пулнинг қадри билимникидан ошиб кетган бўлса?! Бизга ўзи нима бўлди? Кимнинг ноғорасига бу қадар берилиб ўйнаяпмиз?!
Мени маъзур тутинг, ҳар сафар шулар ҳақида ўйласам ўзимни жиловлай олмайман. Балки сиз ҳам бошини китобдан кўтармаган бола мандат олдида ғамгин туриб, оёғи дискотекаю чойхонадан бери келмаган олифтанинг қувончли хайқириғини эшитсангиз мен каби ҳолатга тушган бўлардингиз. Агар гапларимда бирор-бир муболаға бўлса айтинг. «Бу йил ўғлим ўқишга кирди» деган сўз «қанчага кирди», деган савол билан якунланаётганини ким рад этади? «Ўзи ўқишга киролмаганидан кейин шу тариқа фикр юритади-да», деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Мен-ку ўқишга кириб олдим. Лекин юқоридаги боланинг аҳволи мени ушбу мақолани қаламга олишга ундади. Ўқиш учун жон жаҳди билан курашган қалбнинг шашти шавқатсизларча қайтарилганига бефарқ қараб туролмадим. Гарчи бу воқеага икки йилдан ошган бўлса ҳам.
Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Ҳалиги бола бир кун келиб оилали, бола-чақали бўлади. Шунда у балки болаларининг ўқишига жиддий эътибор бермас ҳам. Ахир ўзи ўқиб ҳеч нарсага эришмади-ку! Ундан ташқари ҳалиги олифта ҳам фарзандлари руҳиятига ўқиш кераклигини сингдира олишига ким кафолат беради?! Ахир у ўқимасдан туриб ҳам мақсадига эришдику! Ана энди тасаввур қилиб кўрдингизми қай йўлдан кетаётганимизни? Балки сиз фарзандингизнинг келажагини ўйлаётгандирсиз. Буни тўғри тушунамиз. Чунки сиз ота-онасиз. «Мендан кейин фарзандим қийналмасин» деяпсизу, набирангиз қандай яшаши ҳақида ўйлаб кўрмаяпсиз.
Агар фақат ҳақиқатни гапиришни ҳоҳласак, энди ота-оналарни тинч қўямиз. Зеро, фарзандимга ёмон бўлсин деб бир ишга қўл урган ота-онани ҳали мен эшитмадим. Улар бизни шу қадар кучли яхши кўрганларидан ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Ҳаттоки қилаётган ишлари нотўғрилигини билиб турсалар ҳам. Иллатлар ёшариб бормоқда. Биз тўққизинчи синфда одат қилган «ишларни» укаларимиз еттинчи синфдаёқ кўрдим дейишмаяпти. Лекин энди биз уларни айблай олмаймиз. Чунки мактаб дастури ҳаддан зиёд қийинлашиб кетди. Катта синфларга мўлжалланган дарсликлар тобора кичик синф ўқувчиларига сингдирилмоқда. Ҳали ёшликдаги ўйинқароқликлардан қутулмаган бола логорифмни тушуна оладими?! Олтинчи синфда ўқийдиган укам тушунмаган нарсаларини мендан сўрайди. Ҳаттоки мен ҳам баъзан қийналиб қоламан унинг вазифаларини ечишга. Ўн икки ёшлик болага бу масалани тушунтиришга уринаётган устозининг сабрига тасаннолар айтаман. Ҳар қанча уриниб тушунмаганидан кейин боланинг ҳам ўқишдан кўнгли совийди-да! Турли баҳоналар билан мактабга бормаслик йўлларини излай бошлайди кейин. Ҳадеб икки олишга унинг ҳам бети қандай чидасин? Бунинг устига мактабда охирига етмай қолган дашномлар уйида давом эттирилгандан кейин кимнинг ҳам мактабга боргиси келади? Укам қатори болаларга чин дилдан раҳмим келади. Нега уларнинг фикри билан ҳеч ким қизиқмайди?
«Сал оширвординг, биродар» дейсизми? Мана унда эшитинг. Касби ишдан, ўқишдан чарчаб келганларга хиралик қилиш бўлган қўшнимнинг ўғли бир куни эшигининг тагида йиғлаб турарди. Нима бўлганини сўрадим. Синф фонди олиб бормагани учун устози синфдошлари олдида бечорани роса уришибди. Ундан ташқари, икки баҳо олгани учун отасидан қўрқиб уйига ҳам кира олмаётган экан. Унинг бефаҳм отаси билмайдики икки учун калтакласа болада мактабга, устозларга ва ҳаттоки ўзига ҳам нафрат уйғонишини. Унинг ҳолига тушган болакайлар кам дейсизми? Бу гапларни ич-ичингиздан тан олаяпсизу, лекин сиртингизга чиқармаяпсиз. Чунки бизнинг онгимиз ҳам аллақачон аянчли аҳволга тушиб бўлган.
«Илтимос, бизга ёрдам беринг! Биз ўқишни хоҳлаймиз. Лекин вазифаларга тушуна олмаяпмиз. Эндигина битта мавзуга тушунай деганимизда кейингиси бизни бутунлай чалкаштириб ташлаяпти. Илтимос, бизга ёрдам беринг! Биз икки олишни ҳоҳламаймиз. Лекин нима қилайлик, бешга жавоб берадиган аҳволда эмасмиз. Катта ва оғир китоблардан бир нечтасини мактабга қийналиб кўтариб боряпмизу, лекин уни очишимиз билан қўрқиб кетаяпмиз. Илтимос, бизга ёрдам беринг!» Мен ана шундай нидони ўқидим ҳалиги болакайдан.
Ана энди ҳақиқатан ҳам ошириб юбордим, шекилли. Чунки ўзим ҳам укамга тушунмагани учун бақирганимдан мана энди афсус чекяпман. Сўзим якунида битта нарсани ҳам айтиб кетай. Ўзимча ҳақиқат излаб сизнинг энсангизни ҳам қотириб юборгандирман. Ҳалиги абитуриент кейинги йили барибир ўқишга кирди. Ўз кучи билан кирди. Унга қойил қолдим. Чунки у ортга чекинмади. Биринчи йилги омадсизлигини ўзидан деб билиб, унданда қаттиқроқ ўқиди. Уни табриклаганимда фақатгина битта гап билан кифояланди: «Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди!» Энди мен ҳам охирги пайтларда кўп такрорлаётган сўзимни айтиб кетай: Ҳамма айб ўзимизда!
Диёр Имомхўжаев
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар