Сайт бўлимлари
Болангизни қарғаманг, ота!
- Подробности
- Бўлим: Тарбия
- Чиққан санаси: 29 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.
Ота-она фарзанди тақдирига масъул. Аммо айрим ота-оналар ана шу масъуллик масъулиятини англаб етмайди. Болага яхши-ёмонни, оқ-қорани ўргатиш, унга ҳаёт ҳақиқатларини англашида ёрдам бериш ота-онанинг вазифасидир. Кўпчилик зиммасидаги шу масъулият юкини тўла англаб етолмагани оқибатида ҳам ўзига ва ҳам фарзандига жабр қилади.
Гуноҳига тик қараётганлар
Турмуш йўлларида адашган, йўлини йўқотган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган киши борки, унинг болалиги билан қизиқсангиз, албатта тўкис тарбия кўрмаган, оиласида маънавий муҳит носоғлом бўлиб чиқади. Жамиятга комил инсон етиштириб бериш учун, оила муҳити муҳим аҳамият касб этади. Нега деганда, бола ота-онасининг рафторию феълида кўрганларини фитратига кўчириб бораверади. Негадир айрим ота-оналар бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етмайдилар ва фарзандларининг хатосини ўз хатолари деб билмайдилар. Фарзандидан ёзғириб, боласини қарғаб-сўкиб юрганларни кўрсам, гуноҳига тик қараётган кишиларни кўргандай бўламан. Бироқ, ўзининг янглиш қадамига фарзандини айблаб, уни қарғаётган ота-она боласини қарғаш билан ўзини икки дунё саодатидан маҳрум этаётганини билмайди.
“Мени отам қарғаган”
“Болалигимда уйимизда жанжал бўлмаган кун йўқ эди. Онам отамга паст кетмасди, отам онамнинг овозини ўчирмасди. Доимий уруш-жанжаллардан кейин албатта отам онамни калтаклар, биз болалар эса дод солиб йиғлаганча отамнинг чангалидан онамни қутқаришга уринардик. Шундай жанжаллардан бирида отам мени “Илоҳим, рўшнолик кўрма, қўлма қўл бўлиб юргин, онангдан ўтиб қаерга борардинг” деб мени қарғади. Кейинчалик, ҳар жанжалдан кейин мен онамни халос қилмоқчи бўлсам, албатта шу қарғишларни эшитардим. Мана, улғайдик, энди ота-онамнинг жанжаллари асабимизга тегадиган, ҳатто иккови жанжал қилаверса, укаларим ғазаби келиб отамни урадиган бўлишди. Менинг эса ҳаётим бутунлай издан чиқиб кетган. Аввал уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кейин эса ҳозир юрганим мана шу нопок йўл менга паноҳ бўлди. Мен ҳам бошқалардай бахтли аёл бўлишим, орзу-ҳаваслар билан яшашим мумкин эди. Лекин отамнинг қарғиши мени балоларга гирифтор этди. Билмадим, мени қарғаш билан ўзига ўзи тилаган балолар азобини ҳис қилаяптими- йўқми, бу энди менга қоронғу... Ҳаётда йўлимни йўқотиб, турмуш сўқмоқларида адашиб-улоқиб юрганимга оиламиздаги аҳвол ва отамни айбдор деб биламан...”
Дилрабо. Сирдарё вилояти
Дуо билан “жазоланг”!
Фарзандимизни қарғаётганимизда тилимиздан учаётган қарғиш аввал ўз кўксимизга қадаладиган ўқ бўлишини ўйламаймиз.
Шу ўринда ривоятгами, ҳикоятгами ўхшаган бир нарса эсимга тушиб кетди. Бир одамнинг авлодида отасини уриб, отасига қўл кўтарган оқпадар деган лаънатни кўтариш одат турсига айланган экан. Буни қарангки, ўша авлоднинг оталари ўзига қўл кўтарган ўғлини “Илоҳим, вақти келиб сен ҳам фарзандингдан калтак егин! Илоҳим, рўшнолик кўрма!” деб қарғар экан. Қарғишнинг кучи билан авлоднинг бу ношойиста одати қон суриб бораверибди. Шу авлоднинг бир пайтлари отасини уриб оқпадар бўлган бир вакилини ҳам ўғли калтаклабди. Бир неча кун бағрини захга бериб ётган ота ўйлай-ўйлай шундай аҳд қилбиди. У маҳалланинг кексаларини ва масжид имомини уйига чақириб “Азизлар, келинглар, ўғлимни дуо қилайлик. Бизнинг авлод фарзандини қарғаб ўғлининг калтаги остида эзғиланишни одат қилиб олди. Менинг боламни дуо қилайлик,- деб қўлини дуога очибди ва – илоҳим, сенга аҳли солиҳ, ота-онасига меҳрибон, қобил фарзандлар насиб қилсин! Ҳеч қачон фарзандинг юзингга тик қарамасин!” деб ўғлини дуо қилибди. Отасининг дуосидан қаттиқ таъсирланган ўғил ўкириб йиғлаганча ўзини отасининг оёғига ташлабди ва шу авлод қарғиш урган одатидан қутулибди...
Абдуҳамид ота, Тошкент шаҳри.
“Мени ёмон деманг!”
Онам мени кўп уришардилар. Кичкиналигимда-ку “онамни кўп қийнаворсам керак” деб индамай ўтирардим. Ҳатто катта бўлиб, бўйга етиб қолганимдан кейин ҳам онамнинг уришишлари, қарғашлари қолмади. Онам уришсалар уларга отам ҳам қўшилардилар. Баъзида онам беҳудага мени койиётганини кўриб-билиб туриб ҳам отам индамасдилар. Охири бир куни жонимдан ўтиб кетганди онамга йиғлаганча “Сизлар мени ҳадеб ёмонсан, ёмонсан, унақа бўл, бунақа бўл, деб қарғаганларинг, сўкканларинг билан мен яхши бўлиб қолмайман. Аксинча, сизлар қарғишларингизда орзу қилгандан ҳам кўра ёмон одам бўламан!” дедим. Афсус, ўшанда ният кетган эканми ё ота-онамнинг қарғишу сўкишлари нишонга бехато теккан эканми, ҳарқалай мен яхши одам бўлмадим. Ҳаётим, юриш туришим, умуман инсон сифатида менда ҳавас қилгулик ҳеч нарса йўқ...
Нигора, Хоразм вилояти
Қарғиш ёмон. Қарғиш- ўқ. Айниқса, отанинг қарғишидан қўрққулик. Фарзандингизни қарғаманг, азизлар. Фарзандингизни қарғаш билан ўзингизни мушкулотларга солиб қўясиз. Ҳар қандай вазият, ҳар хил ҳолатда ҳам инсон ўзини идора эта олиши, жаҳл-ғазабга берилиши жоиз эмас. Агар фарзандингиз сизга ёқмаган бирор иш билан сизни ранжитса, аввал ўз феълингизни тафтиш қилиб кўрсангиз бўларми эди. Балки болангиз бу ишни ўзингидан ўргангандир. Ахир, фарзандингиз сизда кўрганларини ўзига кўчириб улғаяяптику. Ёки сиз бошқача ўйлайсизми?
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 585 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар