1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Агар фарзандингиз қўрқаётган бўлса, нима қилиш керак?

Кўпинча шундай ҳолатга дуч келинадики, уч ёшдан етти ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари уларнинг боласига қандайдир қўрқувларни қандай енгиш мумкин деган саволга жавоб излайди. Умуман, болалар қўрқиши муаммоси анча долзарб бўлиб, болалар психологлари доираларида кенг муҳокама қилинади. Гап шундаки, агар вақтида мос келувчи чоралар кўрилмаса, оддий болалар қўрқуви хавотирлик ёки, қанчалик мантиққа зид янграмасин, тажовузкорлик каби характер жиҳатларига айланади.

Болалар қўрқувларини бартараф қилиш бўйича муайян қадамларни тавсифлашга ўтишдан олдин психология фани назариясига, аниқроғи, ҳис-туйғулар бўлимига кичик саёҳат уюштирамиз. Инсоннинг барча туйғулари, ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар, бир қатор функцияларни бажаради ва уларнинг орасида огоҳлантириш ва тартибга солиш функцияларини алоҳида ажратиб кўрсатиш зарур. Бу функциянинг иккаласи одамни атрофдаги муҳитда тўғри йўналтиришга, унинг фаолиятини бирон нарсага қаратишга мўлжалланган. Бундан келиб чиқадики, қўрқув туйғусини ўз-ўзидан мутлақо салбий деб ҳисоблаш мумкин эмас, бу туйғуда инсон учун катта неъмат яширинган. У шундан иборатки, қўрқув воситасида одам ўз ҳаётини жароҳатлайдиган омиллардан ҳимоя қилади ва ҳаёти сақланиб қолишини таъминлайди. Шуни ҳам билиб олиш керакки, агар қўрқув ҳисини бутунлай йўқотишнинг иложи йўқ, фақат жарроҳлик йўли билан аралашилмаса, бунга эҳтиёж ҳам йўқ ўзи, чунки у ўз-ўзини ҳимоя қилиш инстинктига хизмат қилади ва муҳим ҳимоячи ролини бажаради.
Бундан ташқари, ҳар қандай туйғу доимо предметли эканлиги, яъни ўз асосида маълум бир, баъзида ўйлаб топилган объектга эга бўлиши ҳам муҳим. Энг катта қийинчилик шундаки, кичкина бола ўз туйғуларини мос равишда акс эттира олмайди ва оқибатда – айнан нимадан қўрқишини тўғри идентификация қила олмайди. Болалари турли қўрқувлардан азият чекадиган ота-оналар бола қўрқаётган нарсанинг ҳақиқатда борлиги ёки хаёлий эканлигини аниқлаш масаласига жиддий эътибор қаратишлари лозим, чунки кўпчилик болалар айнан ўз хаёлотидан қўрқади. Шуни ҳам тушуниш керакки, болалар қўрқуви уни қўрқитадиган предметларнинг объект хусусиятларлари билан чамбарчас боғлиқ ва оқибатда кичкинтой уларни ўзича ўйлаб топилган хавфли хусусиятлар билан янада кучайтиради.
Умуман олганда, шу фикрни мияга қуйиб олиш керакки, агар кичкинтойингиз доимо бирор нарсадан қўрқса, унда турмуш ўртоғингиз билан бўлган муносабатларингизда ҳамма нарса жойидами, деб ўйлаб кўришингиз керак. Аниқ маълумки, болалар айнан эр-хотин ўртасида тез-тез жанжал бўлиб турадиган оилаларда кўпроқ қўрқа бошлайди. Шуни ҳам билиш керакки, ота-онанинг ўзи гоҳида боласига керагидан ортиқча ғамхўрлик қилиш оқибатида (бу кўпинча битта болали оилаларда кузатилади) уни ҳар қандай эҳтимолий қўрқитадиган нарсалар билан қўрқитади ва шу тариқа унинг хавфсизлиги таъминланади деб ўйлашади. Аслида эса бу ўзига ишончи йўқ ва ҳамма нарсадан қўрқадиган бола вояга етишига олиб келади. Шуни алоҳида айтиш керакки, болаларда қўрқув энг кўп онасининг шахси билан боғлиқ бўлади. Агар она ҳар қандай арзимас нарсалардан хавотирга тушадиган бўлса, қўрққанини боласига кўрсатадиган бўлса, аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, бола ҳам қўрқа бошлайди. Албатта, истиснолар ҳам бўлади, лекин бу камдан-кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Айнан шу сабабли оналар боласига ўзининг қўрққанлигини кўрсатмаслиги, буни ўзини ишончли тутиш орқали яшириши лозим.
Болаларда қўрқувни йўқотиш бўйича асосий ишлар асосий қўрқув туйғусини аниқлаштиришга йўналтирилади. Ота-она болани кичиклигидан бу дунёда ҳамма нарса фақат бунга Аллоҳнинг ихтиёри бўлган ҳолдагина рўй беришини тушунишга йўналтиргани яхши. Шу тариқа биз болани хаёлда ўйлаб топилган нарсалардан қўрқишдан ҳимоя қиламиз, чунки унда агар Аллоҳ ҳимоя қилаётган бўлса ҳеч қандай махлуқ ҳам унга зиён етказа олмаслишига ишонч шаклланади.
Энди бола онгида ўрнашиб қолган муайян болалар қўрқувлари ва уларни қандай қилиб бартараф этиш ҳақида гаплашамиз. Албатта болалар психологияси бўйича мутахассис ёрдамини олиш имконияти борлиги яхши. Лекин агар бундай имконият бўлмаса, бу кулфат эмас: ота-онанинг ўзи тўғри ёндашувда кўп нарсани ҳал қилиши мумкин.
Бола қоронғуликдан қўрқадиган вазиятни кўриб чиқамиз. Бу ерда асосий эътибор шунга қаратиладики, бола қоронғуликнинг ўзидан эмас, балки у яшириши мумкин бўлган нарсалардан қўрқади. Шу сабабли бу қоронғуликни бола қўрқмайдиган ва унда ижобий ҳиссиётлар уйғотадиган бирон нарса билан тўлдириш лозим.
Мисол учун, болангиз унинг каравоти остида нимадир ўтиргани ва уни албатта ушлаб олишидан қўрқади. Болани унинг каравоти остида ҳеч қандай «бобой» йўқлигини айтиб ишонтириш бефойда. Бундай вазиятларда бир нечта стратегиядан фойдаланиш мумкин. Биринчи стратегия шундан иборатки, агар каравот ўлчамлари имкон берадиган бўлса, бола билан бирга каравотниг тагига кириш ва у ерда бир муддат бирга ўтириш лозим. Бола ўз мисолида у ерда ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилади. Агар бу таомил кўнгилдагидек натижа бермаса, қуйидаги ишни қилиш мумкин ва лозим: боланинг ўйинчоқларидан бирини олиш, бола билан бирга каравот остида ўйинчоқ учун уйча қуриш ва уни у ерга жойлаш. Бунда қуйидаги каби гапларни айтган маъқул: «Мана кўрдингми, каравотинг остида айиқчанг яшайди». Ҳамма гап шундаки, бунгача номаълум бир шаклда бўлган қўрқув энди маълум бир шаклга эга бўлади, яъни каравот остида номаълум нарсанинг ўрнига энди айиқча ўтирган бўлади. Одатда болалар қуйидагича ўйлайди: «Айиқчам қўрқмаяптими, демак мен ҳам қўрқмайман».
Энди болани унинг хонасида яшайдиган фантастик махлуқлар қўрқитишини кўриб чиқамиз. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш йўл тутилади. Лекин бу сафар ҳаво билан иширилган пуфакчалар керак бўлади, биз уларга бола билан бирга кулиб турган қиёфалар чизамиз. Кейин, яна бола билан биргаликда, бу пуфакчаларни хонанинг турли бурчакларида, кўпроқ қўрқадиган жойларда жойлаштирамиз.
Умуман, бола учун асосий фаолият тури ўйин эканлигини тушуниш керак. Айнан ўйин орқали кичкинтой атрофдаги дунёни билиб ола бошлайди. Шу сабабли бола қўрқувларини йўқотиш ўйин моделига асосланади. Агар бола қўрқадиган, лекин айнан нимадан қўрқишини сўз билан ифодалай олмайдиган бўлса, унга ўйин ўйнашни таклиф қилиш мумкин. Ўйин шундан иборат бўладики, боладан биронта қўрқинчли нарсанинг расмини чизиш ёки уни пластилиндан ясаш таклиф этилади. Бунда айнан нимани эканлигини айтиш шарт эмас ўз қўрқувига унинг ўзи шакл бергани маъқул. Умуман, истисносиз барча болалар, агарда шоширилмаса ва айнан нимани чизишни уларнинг ўзига қўйиб берилса бу вазифани ҳал қила олади.
Бола қўйилган вазифани бажариши билан энг масъулиятли иш бошланади. Чунончи, у ҳақида, унинг қаерда яшаши ҳақида, ундан нима учун қўрқиш керакли ҳақида, ундаги энг қўрқинчли жиҳатлар ва ҳ.к. ҳақида ҳикоя қилиб бериш сўралади. Бу ҳикоядан сўнг бола билан бирга чизилган расмларга кулгили нарсалар қўшиш мумкин: бантик, кулгили қулокча ва ҳ.к.. Вариант сифатида боладан унинг маҳлуқи атрофида уни ушлаб турадиган қафас чизиш сўралади. Бу шунингдек, ўйин шаклида амалга оширилади: «Энди қафасга ўтказиб қяўмиз: мана, кўрдингми, у эди қўрқинчли эмас, сени тишлай олмайди ҳам». Муҳими, болангиз ўз қўрқуви устидан рамзий «ғолиб чиқиши», уни енгиши лозим.
Мураккаб бўлмаган ўйинлар орқали сиз кичкинтойингизга нафақат унинг қўрқувларини енгишга, балки унда дадиллик, ўзга ишонч, масъулият каби хислатларни тарбиялашга ёрдам беради. Болани унинг қўрқувлари билан ёлғиз қолдирманг, унинг устидан кулманг, тўлиқ масъулият билан муносабатда бўлинг. Ахир айнан сиз болангизга бағишлайдиган нарсалар келажакда мева беради. Болангизга ёрдам бериш сизнинг қўлингизда.

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда 133 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ