1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳаё пардаси нозик

Руқия Ғозиева, коллеж тарбиячиси: Менимча, ҳаё-иффат масаласида кўп нарса аёлларимизнинг ўзларига боғлиқ. Халқимизда «Ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди», деган мақол бор. Аёллар ишламай уйда ўтирсин, деган фикрдан йироқман. Ҳозирги пайтда муаллималик, доялик, чеварлик, тарбиячилик, врачлик каби ишларни аёлларсиз тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Фақат аёлларимиз номаҳрам эркаклардан ўзларини тортиб юришса, беҳаё қилиқлар ёки гап-сўзлар билан уларнинг нафсини «қитиқлашмаса», юриш-туришда одоб чегараларидан чиқишмаса, турли ортиқча гап-сўзлар, фитналарга ўрин қолмайди.

Назокат Чориева, тадбиркор: Ҳалиям эски дийдиёни бошлаб юрибсизларми? Кўзни каттароқ очинглар, ҳозир йигирма биринчи аср, эркак билан хотиннинг ҳуқуқи тенг, ҳатто кўп соҳаларда эркаклардан ўзиб кетяпмиз. Шундай бўлгач, аёлларимиз ҳамма ишда эркаклар билан баравар. Агар бу кимгадир ёқмаётган бўлса уйидаги хотинига хўжайинлик қилсин. Масалан, мен эркаклардан унча ҳайиқмайман, қўл бериб кўришаман, ҳазил-ҳузул қиламиз. Тўғри, бу айрим эркакларгаю баъзи дугоналаримга ёқмайди. Эримга хиёнат қилаётганим йўқ-ку, гаплашган билан осмон узилиб тушармиди? Аксинча, ўзини покдомон кўрсатиб юрган аёлларингизнинг пана-панада нима иш қилиб юрганларини айтиб берайми?...

Беҳзод Умаров, институт талабаси: Яшириб нима қиламан, курсдош қизларимиз орасида йигитлар билан қўл бериб кўришиш, «аския» айтишиш, ҳаттоки ўпишиб саломлашиш ва хайрлашиш тобора одат тусига кириб боряпти. Бунда телевизорлардан ҳар куни пайдар-пай намойиш қилинаётган ғарб сериаллари ҳам «холис хизмат» қилаётганга ўхшайди. Ўнлаб йигитлар билан ўпишиб, қаҳқаҳлашиб, пинжига кириб юрган қиз эртага бир покиза йигитнинг садоқатли ёри, жуфти ҳалоли бўла олармикин? Ана шу нарсани қизларимиз ўйламаётганлари мени ташвишга солади.

Гули Ҳамдамова, тиббиёт ҳамшираси: Тавба, эркак-аёлларнинг бир-бирлари билан гаплашиб, ҳазил-ҳузул қилиб юришларининг нима ёмон томони бор? Менимча, бу қолоқ кишиларнинг инжиқлигидан бошқа нарса эмас. Ахир дунёнинг жуда кўп ерларида эркаклар ҳатто туғруқхоналарда доялик қилаётган бир пайтда бу муаммони кўтариб чиқишнинг ўзи кулгили эмасми? Масалан, менинг хўжайиним бирор марта эркаклар билан  ҳамсуҳбат бўлишимга ҳам, улар билан давраларда ўтиришимга ҳам қаршилик қилган эмаслар. Яна билмадим, балки биз баъзи тартиб-қоидаларни тушунмасмиз…

Муниба Юнусова, уй бекаси: Бозор шароитида бошқа шаҳарлардан мол келтириб сотаётган савдогарлар орасида аёллар ҳам кўпайиб қолганини ҳамма билади. Мени бир нарса қийнайди: аёлларимиз узоқ шаҳарларга маҳрамсиз, бегона эркаклар билан бир транспортда қатнашяпти. Яқинда маҳалламиздан бир эркак Хоразмга савдогарчиликка борган хотинидан шубҳаланиб, учта боласи билан талоқ қилиб юборди.

Оминахон Бекмирзаева, меҳнат фахрияси: Сир эмас, айрим хонадонларда ёш келинлар қариндош эркаклар, куёвнинг дўстлари, қўни-қўшни ҳузурида бадани кўриниб турадиган ҳарир либосларда, кўкси очиқ, енгсиз кўйлакларда, хушбўй атирларга «чўмилиб» бемалол юришаверади, ҳатто бир дастурхон атрофида ўтиришаверади. Ҳатто қайнота ва келинлар қучоқлашиб, ўпишиб кўришадиган хонадонлар ҳам бор эмиш. Ахир, «шайтон ҳамиша ҳамроҳ», деганларидай табиатан қизиққон, эҳтиросли ўзбек йигитлари бундай ҳолатлар олдида ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олишлари мушкул-ку!

Қодирхон Абдураззоқов, масжид имом-хатиби: Динимиз аёлнинг номаҳрам эркак билан муносабатида ҳатто уларга назар солишдан ҳам қайтаради. Қуръони каримнинг Нур сурасида бундай дейилган: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (91-оят мазмуни). Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда: «Бир эркак билан бир аёл ёлғиз қолишса, учинчилари албатта шайтон бўлади», дейилган. Шунинг учун муслима опа-сингилларимиз номаҳрам эркаклар билан қўл бериб сўрашиш ёки ўпишиб кўришиш каби ҳаром амаллар уёқда турсин, ҳатто агар жиддий зарурат бўлмаса, мулоқотга киришмай, иффатларини асрашлари лозим.. Бир вақтлар момоларимиз эшикларидан чақириб келган эркакларга фақат томоқ қириб қўйиш билан жавоб қайтаришган экан.

Рислиқхон Мажнунова, журналист: Мен аёлларнинг бошвоғи ечилиб кетишида асосан эркакларнинг айби бор, деб ҳисоблайман. Улар аёлларининг уйдан чиқиб кетгандан кейинги юриш-туриши билан деярли қизиқишмайди. Айримлар хотинини бегона назарлардан мутлақо қизғанмайдиган бўлиб қолган. Улар «эскилик сарқити» деб рашкни қоралашади. Шахсан мен бунга умуман қўшилмайман. Чунки инсон энг аввало ўзига тегишли ва яхши кўрган нарсасинигина бировлардан қизғанади. Қизғаниш асносида уни ҳимоя қилади, асраб-авайлайди. Рашк – муҳаббатнинг заволи эмас, балки асосидир. Кўпни кўрганларнинг айтишларича, тирик мавжудотларнинг ичида фақатгина тўнғиз деган махлуқ ўз жуфтини бошқадан қизғанмас экан. 

Фотимахон Сулаймон қори қизи, Ислом олимаси: Ҳозирги шароитда мусулмон аёлларга турли сабабларга кўра ишлаб чиқаришда, шифохоналарда, тарбия муассасаларида ишлаш эҳтиёжи ортиб бормоқда. Аёл уйдан ташқарига чиқиши билан вазифа соҳасининг ташқарисига чиққан ҳисобланадики, бу ҳолда ҳаракат қилиши баъзи шартларга мувофиқ бўлиши керак. Олимлар аёлнинг иш-ҳаракатларини эрининг ҳаққига зарар берадиган ва зарар бермайдиган шаклда иккига ажратишган. Биринчисини ман этиб, иккинчисини жоиз кўришган. Ҳанафий фақиҳлардан Ибн Обиддиннинг айтишларича, қайси бир иш аёлга эрининг ҳаққини чекласа, бу хил ишлар ман этилиши керак, аммо бундай зарарларга ўрин бермайдиган ишларни ман қилишдан маъно йўқ. Шунингдек, фарзи кифоя бўлган доялик, тикувчилик, муаллималик, шифокорлик каби ишлардан ҳам аёллар қайтарилмайди. Лекин ишхоналарда аёлларимиз иффат-ҳаёларини қаттиқ сақлашлари, эркаклар билан ёлғиз қолмасликлари, заруратсиз улар билан мулоқотга киришмасликлари керак. Эркаклар ҳам ўз навбатида аёллар билан муносабатда исломий талабларга оғишмай риоя қилишлари даркор.

Аҳмад Турсун суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 866 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ