1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Изҳор ортидаги хавотир

 

 

 

Оммавий ахборот воситаларида қизларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги кўп ва хўп ёзилди. Бу чиқишларнинг таъсир доираси нечоғлик бўлмоқда, билмадигу бизни қизларимизнинг маънавий дунёқарашга оид яна бир жиҳат ўзига тортди. Аслида бу тўғрида ёзиш ҳам бироз ноқулай. Шундай бўлса-да, матбуот нашрларини кундан-кун «безаб» бораётган дил изҳорлари кишини безовта қилади. Кўпчиликнинг ҳафталик ҳамроҳига айланган  нашрларда турли қизиқарли мавзулар билан бирга «Муҳаббат бекати», «Дил изҳори» каби саҳифалар ҳам борки, ёшларимиз унга бефарқ қарай олишмайди.

Бундай газеталарни варақларканмиз, улардаги мактубларнинг аксарияти қизлар томонидан ёзилганини кўрамиз. Бир саҳифада 8 та хат берилган бўлса, шундан 7 таси қизларники. Очиғи, улардаги дил розларидан огоҳ бўлиб, бугунги қизларимизнинг тарбияси ҳақида жиддий бош қотириш зарурлигига амин бўлдик.

«Фарҳод билан интернет орқали танишганмиз. Бир-биримизни кўрмаган бўлсак-да, ўртамизда муҳаббат уйғонганига ишончим комил» деб ёзади бир қиз.

Бор-йўғи интернет тармоғи орқали танишган йигитни севиб қолганига «ишончи комил»лиги бу қизнинг дунёқараши ҳаминқадар эканлигини кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, ёшларнинг эрмагига айланган «чат»лардаги севги мактублари, улардаги маълумотлар ҳаққонийлигига ким кафолат беради?

«Қиз боланинг изҳори ғалати туюлса керак. Аммо... Юрагимдаги ғалаёнга ортиқ чидолмайман. Фахриддин, мен сизни яхши кўраман. Кимлигимни вақти келганда билиб оласиз...» деб ёзади кейинги мактуб соҳибаси. Ҳақиқатан ҳам, қиз боланинг севги изҳор қилиши ҳар қандай йигитни ҳам ҳушёр торттиради. Аммо турмуш ўртоғининг ҳатто уйланганини эшитганда ҳам ўзбекона ибосини унутмаган Кумушнинг оғзидан бирор марта «Севаман» деган сўз чиққанмиди? Бир неча ойлаб севгилисини кўрмаса-да, «Чидолмайман» деганмиди у?

Шу мазмундаги дил номаларини ўқирканмиз, уларда «Энди севги азобидан қандай қутулай, энди нима бўлади?» каби саволлар кўплигини сездик. Хат ёзаётган қизларнинг онаси улар билан суҳбатлашармикан, уларнинг ўй-хаёлларидан бохабармикан деган саволлар дилга тикандек қадалади. Ахир балоғат остонасидаги қизларга ҳаммадан ҳам кўра онаси яқин бўлиши лозимлиги ҳаммамизга маълум-ку. Мактабларда ташкил қилинган қизлар клублари фаолиятида ўқувчилар билан қайси мавзуларда суҳбатлар уюштирмоқда? Таълим муассасасида қизлар мажлиси ўтказилганда ҳозирги кунда нима масала кун тартибига қўйиляпти? У ҳақиқий маънода қизларнинг йиғинига айланаяптими? Тарбиявий сабоқларимиздан самарани ололаяпмизми?

Дил изҳорлари орасида энг кўп тарқалганлари хонандаларга аталган мактублардир.

Биз фақат қизларни тан­қид қилиш фикридан йироқмиз. Ўз ўрнида, қизларимизнинг миллатимизга хос тарбиясига оилада ва мактабда жиддий эътибор бериш лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Баъзан контсертларда эркак хонандаларга қизларимизнинг муносабатини кўриб уялиб кетасан киши. Уларнинг ўзини тутиши олдида бояги қўшиқчи ҳам хижолат тортади.

«Севимли хонандам...! Қўшиқларингиз, табассумингиз мухлислар дилини сел қилади. Нега сўнгги пайтларда телевидениеда ҳам, газетада ҳам интервю бермай қўйдингиз? Биз томонларга қачон гастрол сафари билан келасиз? Бораман дегандингиз. Қанча кутайлик?»

Қанча кутайлик? Сўроқнинг ўзи жуда ғалати. Мухлиса қизимиз хонандадан нима кутаяпти, нима талаб қилаяпти? Илгари аҳдлашган йигитни ҳарбийга кузатган, у йўғида совчи келганида отасига бир оғиз сири ҳақида гапира олмай турмушга чиққанларни кўп эшитганмиз. Балки, ана шундай иболи аёлнинг набираси ёзгандир бу мактубни?

«...нинг «...» филмидаги ролини кўриб, унга нисбатан қизиқишим янада ошди. Кўзлари, ажойиб табассуми, ёқимли чеҳраси қизларни беЪетибор қолдирмаслиги аниқ.» Аслида Яратган ҳар бир ишда эркакни ташаббускор қилиб яратган. Наҳотки,  бизнинг номусимиз саналган қизларимиз табиатнинг ана шу қонунига қарши чиқиб бўлмаслигини уқмаганлар?

«Висол борлигига ишонаман, энди қандоқ чидайман» каби яланғоч сатрларни ўқиб, улар орасида бизнинг ҳам синглимиз, қўшнимиз, танишимиз йўқмикан, деб хавотирландик.

Зуҳра Рўзиева

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 844 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ