1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Учинчи гурунг: Дока рўмол қачон қурийди?

 

 

 

Бу мақолни кўпчилик билади, оила можароларида тез-тез тилга олинади: “Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши”. Яъни, уришиб ёки аразлашиб қолган эр-хотин дока рўмол қуригунча бўлган қисқа вақтда ярашиб оладилар, дейилмоқчи. Бошқача айтганда, арзимас гапдан бошланган можарони чуқурлаштирмаслик, кенгайтирмаслик керак. Ғалва бошлангани ҳамон уни бартараф этиш йўлини топиш зарур. Эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам, қайноналар ва қайноталарнинг оқиллиги ҳам айнан шунда! Ахир фарзандга хасталик илашиб, иситмалай бошласа, гап кавлаштириш бошланадими ё шифо чоралари кўриладими?

«Эр-хотин орасидаги арзимас гапдан бошланувчи низо «ажралиш» деган фожиа билан якун топяпти. «Фожиа» деб баҳо беришимизни баъзи биродарлар маъқулламасликлари мумкин. «Талоқ Аллоҳ томонидан руҳсат этилган, оиланинг бузилиши кўнгилсиз ҳол, лекин фожиа эмас», дегувчиларга биз деймизки: «Азизим, соатингиз бузилса неча мароталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи бўлмаса ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?

Муҳтарам дадажонлар, куёв тўралар, тўй арафасида кўнгилни хира қилувчи мавзудан сўз очганимиз учун айбситманг. Лекин ҳақиқатдан кўз юмиб, ҳаёт сўқмоқларидан юриб бўлмайди. Ҳар қандай қувончли тўй арафасида ота-она кўнглининг бир четида “келиннинг қадами қутлуғ келармикин, оиламизнинг чин аъзоси бўлиб кириб келармикин, меҳр-муҳаббатимизга яраша оқибат бўлармикин?” деган хавотир яшириниб ётади. Шундай экан, келажакда содир бўлиши эҳтимоли мавжуд ташвишнинг олдини олиш учун сизларнинг диққатингизни бу масалага ҳам қаратишни лозим кўряпмиз.

“Нима учун оила бузилади?” деган саволга аниқ бир жавоб бериш қийин. Ҳар бир ажралишнинг ўзига яраша сабаби ёки баҳонаси бўлади. Лекин алоҳида-алоҳида сабабларни умумий тарзда бирлаштириб турувчи сабаблар ҳам мавжудким, аввало шулар ҳақида фикрлашсак.

Европа мамлакатларини ҳозир учинчи жаҳон уруши муаммоси эмас, жамиятнинг ичдан емирила бошлагани кўпроқ ташвишга соляпти. Оиланинг мўртлиги, арзимас кичик бир туртки билан парчаланиб кетиши – айнан жамиятнинг ичдан емирилиши демакдир. Ёшлар оиланинг муқаддас эканини тан олмай, енгил-елпи муносабатда бўлишяпти. Уларнинг назарида оила фақат жинсий эҳтиёжни қондириш воситасидан иборат бўлиб қоляпти. Айримлар умуман оила қурмай яшашни маъқул кўришяпти. Оила қурмай туриб бола туғиш турлари ҳам кўпайди. Эркак билан эркак, аёл билан аёл никоҳланиб, “оила” деб аталяпти ва уларга бола боқиб олишга рухсат этиляпти. Хуллас, ҳайвонот оламида учрамайдиган аҳмақона қилиқлар йигирманчи биринчи асрнинг маънавий ўлатига айланиб боряпти. Оқибатда, бу мамлакатларда туғилиш камайиб, ўлим эса кўпайиб, аҳоли сони сезиларли даражада камайяпти.

Россия ахборот манбаида хабар қилинишича, ёш оилаларнинг салкам олтмиш фоизи бир йилга бормай барбод бўляпти. Айрим ҳудудларида бу кўрсатгич саксон фоизгача чиқяпти.

Бир оиланинг бузилиши бир хонадоннинг ташвиши ёки фожиаси эмас. Оилани инсон танасига ўхшатсак, танага кирган кичкинагина зирапча, иситма чиқариб, вужудни ларзага солади. Бузилаётган оилаларнинг кўпайиши содир этилаётган жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўляпти, десак, янглишмаймиз. Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, қасддан одам ўлдириш ёки унга суиқасд қилиш жиноятининг оила даврасида содир этилиши кейинги беш йилда 0,24 фоизга етган. Энди бу жиноятларни келтириб чиқарган сабабларга диққат қилайлик: муросага келишолмаганлик оқибатидагиси – 73 фоиз, мол-мулк талашишдан келиб чиққан можаро сабабли – 13, рашк туфайли – 11, ўч олиш мақсадидаги жиноят – 3 фоизни ташкил этибди. Энди бу жиноятлар кимлар томонидан содир этилганига қарайлик: қариндошнинг-қариндошга суиқасд қилиши, ўлдириши – 38 фоизни, эрнинг хотинни ўлдириши ёки суиқасд қилиши – 33, ака-укаларнинг бир-бирига қотилликлари -10, қўшнилар орасидаги ғавғо туфайли рўй берган қотиллик – 10 фоизни ташкил этган. Ҳайратланарли томони шуки, хотинларнинг эрларига суиқасд қилишлари ёки ўлдиришлари бу жиноятларнинг тўққиз фоизини ташкил этяпти!

Жиноят кодексига биноан нисбатан енгилроқ ҳисобланувчи, одамийлик жиҳатдан эса зулм деб баҳоланувчи баданга қасддан оғир ёки ўрта даражада шикаст етказиш ҳам, кўча тилида гапирилса, аёвсиз дўппослаб уриш ҳам кейинги беш йил ичида 1,33дан 1,62 фоизга етган. Сабабларига келсак, аввалгиларидан ўзгача манзарани кўрмаймиз: оила даврасидаги дўппослашларнинг 68 фоизи муросага келишолмаганлик оқибатида юз берган. Мол-мулк талашиш оқибати- 17, рашк – 11, ўч олиш мақсади 4 фоизни ташкил этган. Ким-кимни урган: эр хотинни – 35 фоиз, қариндошлар бир-бирларини – 28, қўшнилар жанжали – 18, ака-укалар муштлашуви -12, хотиннинг эрни уриши (!)-7 фоизни ташкил этган.

Бу рақамларга кўз югуртириш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Ҳар бир фоиз ортида неча-неча одамларнинг аянчли тақдирлари ётибди. Эр-хотин бир-бирини, қариндош қариндошни дўппосласа, ўлдирса?! Қотил пичоқни бир неча сонияда санчиши мумкин. Милиция ҳужжатларида “қотиллик соат 16.11да содир этилган”, деб қайд этилади. Лекин бу жиноят содир этиш ҳаракати оилада анча ҳафталар, ойлар ҳатто йиллар аввал бошланган бўлади-ку? Оддий шамоллаш асоратига эътибор бермаслик натижасида вафот этган одамининг ўлимига ким айбдор? Битта аксириш билан бошланган хасталик ойлар ва йиллар давом этади-ку?

Шу жиноятларнинг олдини олиш мумкинмиди? Мумкин эди!

Оилаларнинг бузилишини баъзилар иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашяпти. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Бу хулоса бизни оилага хос бўлган асосий масалалардан чалғитиши мумкин. Яқин тарихимизда машаққати жиҳатидан ғоят тенгсиз ҳисобланувчи қаҳатчилик, очарчилик, қимматчилик, уруш йиллари бўлган. Бу балою офатлар машаққатларини ўз бошларидан кечирган отахонлар-онахонлар айтишсин: ўша оғир йилларда оиланинг бузилиши бугунгидай кўп бўлмаган-ку? Мен буни ўз оиламиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Дадам раҳматли Марғилондан, аям раҳматли Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, шу ерда турмуш қурган эканлар. Беш фарзанд кўриб, барчаларини ўқитганлар. Камина бешинчи фарзандман. Қарийб йигирма беш йил мобайнида бизнинг ўз уйимиз бўлмаган. Ижара уйларда яшаб келганмиз. Оиланинг ягона бисоти - эски сандиқ уйдан уйга кўчавериш натижасида шалағи чиқиб кетаёзган эди. Гилам деган матоҳни орзу ҳам қилмаганмиз. Мен ўша ўтмишни эсласам, «ҳаммамиз ижара уйларда туғилганмиз», деб ҳазиллашиб қўяман. Ҳолбуки, бу ҳазил эмас, ҳақиқат эди. Ҳукумат томонидан ҳовли берилиб, бир уй, бир даҳлиз қуриб, кўчиб келганимиздан кейин ҳам машаққатлар давом этган эди. Куз, қиш, баҳор чакка ўтган уйларда дийдираб яшардик. Мен бу ўринда шунчаки хотираларни баён қилаётганим йўқ. Бизга ўхшаб азобланиб яшаган оилалар жуда кўп эди. Лекин «қийинчилик важҳидан оиласи бузилибди», деган гапларни кам эшитардик. Ота-оналаримиз қурган оилани нима ушлаб турарди? Сабр-бардошми? Бир қишлоқда айтиб беришган эди: қийинчилик йиллари қишлоқ раисининг уйида битта атлас кўйлак билан битта тоза тўн сақланаркан. Турмуш қураётган келин ва куёв шу сарпони бир кунга олиб туришар экан. Шундай ҳолатда оила қурганларнинг набиралари энди никоҳга «мерседес», «лимузин»ларда боришни талаб қилишяпти. Майли, боришса боришсин. Биз фарзандларимизга қийинчилик тиламаймиз. Бизнинг уйимизда гилам бўлмаса, уларнинг уйлари қўша-қўша гиламлар билан тўлсин. Лекин бу моддий таъминот нима учун фарзандларимизнинг бахтли турмуш кечиришларини таъмин эта олмаяпти? Биз шу ҳақда кўпроқ ўйлашимиз шартга ўхшаб қолди. «Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди», дейдилар. Ҳудди шуни «Кимнинг уйига яхши келин келса, қизлик бўлибди, ёмон келин келса ўғлидан ажрабди», деб изоҳласак ҳам бўлади. Келин ва куёв танлаш ҳуқуқи биз – ота-оналарда бўлатуриб, нега шошиламиз, нега ўйламай қадам босамиз? Ёшларни-ку, ҳаётни билмайди, ғўр, деймиз. Ўзимиз-чи? Ўзимиз ҳам ҳаётни билмаймизми?

Рўпарамизда ҳар биримизнинг кўнглимизни доғлайдиган ҳақиқат турибди: айрим оилаларнинг ёши бир йилга ҳам бормаяпти. Баъзи ҳолларда ўн-ўн беш йил бирга яшаган эр-хотин ажрашиб кетиб, икки-уч норасидалар тирик етим қолишяпти. Таъбир жоиз бўлса, дока рўмол қуриб, офтобда қовжираб кетяпти-ю, лекин тотувликдан дарак йўқ. Ажралишни хасталикка қиёс қилсак, уни даволашга киришишдан олдин, касалликни уйғотган сабабларни қидириб кўришимиз, “ким айбдор?” деган саволга аниқ жавоб топишимиз керак. Рус адиби Лев Толстойнинг“бахтли оилаларнинг барчаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг ҳар бири ўзича бахтсиздир”, деган фикрига кўра таҳлил этсак, ажралиб кетаётган ёки шу жар ёқасида турган оилалардаги можаролар сиртдан бир-бирига ўхшаса-да, сабаблар бошқа-бошқа. Шу боис оилани даволаш ҳам ўзига ҳос, алоҳида-алоҳида бўлади. Битта оилага шифо бўлувчи дори, иккинчисига эм бўлолмайди. Шаҳарда яшайдиган келинлар билан қишлоқдагиларнинг муаммолари бирми? Ёки: қишлоқда туғилиб, улғайган қиз шаҳарга келин бўлиб тушса, уни қандай қийинчиликлар кутади, у қандай оилавий масалаларни ечиши лозим бўлади. Ёки аксинча, шаҳарлик эркатой қиз қишлоққа келин бўлиб тушса-чи? Муаммолар турлича бўлгани билан, “ким айбдор?” деган саволга битта жавоб бор: оиланинг барбод бўлишига тарбиясизлик айбдор. Тарбиясизлик деганда фақат эр ва хотиннигина эмас, ҳар икки томоннинг оталари ва оналарини, ҳатто қайин эгачи, қайин сингилларни ҳам назарда тутамиз. “Фалончихон эридан ажраб, отасиникига қайтиб келибди”, деган нохуш хабарни эшитганингиз ҳамон беихтиёр “Нега?” деган савол уйғонади. Жавоб: “Эри нобоп экан” ёки “қайнонаси ноинсоф экан”... Қарши томондан ҳам шунга ўхшаган жавоб эшитамиз: “Хотини безбет экан” ёки “қайнонаси ҳамма ишга аралашаверар экан, қизи арра, онаси арра тишларини чархлаб турувчи эгов”...

Совчилар юра-юра, охири муддаога эришган эдилар. Ризолик билан тўй қилиниб эди. Оила бузилай деб турган чоқда, томонлар бир-бирларига таъна тошларини отаётган дамларида мен биринчи галда ҳар икки томоннинг ота ва оналарини айблайман. Дейманки, куёв ҳам, келин ҳам яхши тарбия олмаганлари туфайли оила денгизидаги кичкина тўлқинга ҳам дош беролмай ғарқ бўла бошладилар. Биз оилада кўнгилсизлик зилзиласи бошланганида талвасага тушамиз. Бахтсизлик сели ёпирилиб, оила тўғонини бузиб кетгач, оҳу воҳни бошлаймиз. Орага талоқ тушиб, никоҳ занжири узилган кун оиланинг бузилган куни ҳисобланадими? Йўқ, бу бузилиш анча аввал бошланган. Таъбир жоиз бўлса, мустаҳкам оиланинг мустаҳкам пойдеворига гўдак туғилган кундан асос солинади. Бузилиш нуқтасини ҳам айнан шу кун деб белгилаш тўғридир. Чунки осмондаги дўл бирданига пайдо бўлмайди. Уммону денгиздан кўтарилган сув молекулалари булутга айланиб, неча минг чақирим йўл босиб, жала ёки дўл бўлиб ерга қайтиб тушгунича қанча вақт, қанча жараён юз беради. Гўдак туғилган, қулоғига азон айтилган ондан унинг никоҳига қадар ўтган жараённи ота ва она тарбия деган зийнат билан безай олганми? Сабрга ўргатганми, чақимчиликдан қайтарганми?

Битта оиланинг бузилишига икки-уч одамгина сабабчи бўлмайди. Биринчи галда икки қайнона ва икки қайнота айбдор, деган фикримизга қўшилсангиз, демак, ёш эр-хотиннинг айби иккинчи ўринда туради. Айрим ҳолларда айбдорлар ўрни алмашиши мумкин, бироқ, математиклар тили билан айтганда, “ўрни алмашгани билан қиймати ўзгармайди”. Икки карра тўрт, дедингиз нима-ю, тўрт карра икки дедингиз нима? Демак, бир оиланинг бузилишига олти одам тенг айбдор. Бирининг айбини иккинчисидан кам кўриш адолатсизликдир. Бир оиланинг бузилишидан ҳосил бўладиган гуноҳдан ҳар бирлари ўз улушларини оладилар. Тўғри, қайин эгачилар ёки сингилларнинг норозиликлари, қайсидир қўшнининг фитнаси, қариндошлардан ёки дўстлардан бирининг фисқу фасоди ҳам кимёвий реакцияни бошлаб берувчи катализатор вазифасини ўташи мумкин. Лекин бу ҳолда ҳам асосий олти айбдордан айблари соқит қилинмайди.

Муҳтарама аёлларимиз табиатан тез ёнувчан бўладилар. Бирон гапни эшитсалар, бу фитнами ё ҳақиқатми, деб мулоҳаза қилиб ўтирмай, тутай бошлайдилар. Бундай пайтда қайнотанинг босиқлиги, мулоҳаза билан иш юритиши талаб этилади. Ҳар икки қайнота можаро ёнғинига тезлик билан барҳам берувчи “ўт ўчирувчилардир”. Афсуски, қайноталар орасида ҳам калта ўйлайдиганлар учраб туради. “Ким можаро оловини ёққан бўлса, ўзи ўчирсин”, деб қайсарлик қилувчи қайноталар бу қилмишлари нодонлик эканини билсалар эди... Худо кўрсатмасин-у, лекин биров уйга ўт қўйса-ю, ичкарида фарзанди қолиб кетган бўлса, “ким ўт қўйган ўлса, боламни олиб чиқсин”, деб турмайди-ку? Ахир ёш оиланинг бузилишини хотиржам томоша қилиш ёшларни олов бағрига итқитиш эмасми?

Баъзан маҳаллалардаги қўйди-чиқдига оид йиғинда гувоҳ бўламиз: эр ҳам, хотин ҳам ярашиб, иттифоқликда яшаш тарафдори. Уларнинг кўзларидан, қарашларидан бир-бирларига майл борлиги сезилиб туради. Йигитга “ана, хотинингиз камчилигини тан олиб, кечирим сўраяпти, ярашиб, бирга яшайсизми?” деб сўралса, ота-онасига мўлтиллаб қараб “Ота-онам нима десалар шу”, деб гапни калта қилади. Келиндан ҳам шундай жавоб бўлади. Ҳа, ота-онанинг бу борадаги фикрларини инкор этмаймиз. Фарзандлари тақдири учун бурчли эканлар, келажак бўйича ўз ҳукмларини баён қилишга ҳақлилар. Ёш эр ва хотиннинг ота-оналарига риоя қилишларини яхши одоб деб баҳолаймиз. Лекин, афсуски, айрим ота-оналар бунақа пайтда фарзандлари тақдирини ўйламай, ўзларининг камситилган обрў-эътиборлари қулига айланиб қоладилар.

“Келиним мени кўпчилик олдида “зиқна” деб ҳақорат қилган, энди уйимга қадамини босмасин, мен ўғлимга онаси ўпмаган бошқа қизни олиб бераман”...

“Куёвим телефонда мени сўкди, бети қурсин, қизимни уларга хорлатиб қўймайман, ҳали қизимнинг ўн гулидан бир гули очилгани йўқ”...

Кап-катта одамлар шунақа майда гаплар билан можаро қилиб ўтиришганда оилани тиклашдан умидвор ёш эр-хотин юрагидан неча-неча томир узилиб кетаркин? Ота-оналари, бува-бувилари тўпалонидан безган гўдакларнинг мунгли кўзлари ҳам бу бемеҳрлар кўнглини эрита олмайдими? Кўнгли яримта гўдакларнинг кўзларидан томган бир томчи ёш харсангтошни эритиб юбориши мумкин. Бу бемеҳрларнинг қалблари тошдан ҳам қаттиқми? Вақти келганда, Аллоҳ бу тош қалбларга назар солармикин, гўдакларга ачинмаган, раҳм қилмаганларга Аллоҳ раҳм қилармикин? Шу бегуноҳ гўдакнинг ширин кулгиси учун арзимас гинадан кечиш шунчалик оғирми? Ахир набира кулгисига муҳтож қанчадан-қанча оилалар бор, қанча одамлар келин (ёки куёв) кўриш бахтига етолмай, дунёдан армон билан ўтиб кетадилар-ку? Худо берган бахтни менсимаслик оқибатида бу қайсар ота-оналар қандай саодатга етишмоқчилар?

Тўғри, ёшлар тарбиясизликлари оқибатидами, катталарга баъзан қалтис ёки нохуш гапларни айтиб юборадилар. Тўғри, сўз игна бўлиб кўзни кўр қилиши, ханжар бўлиб, қалбни поралаши мумкин. Айни чоқда, сўз тириклик суви бўлиб, ўлик жонга ҳаёт ҳам бахш этади-ку? Ёшларнинг ўйламай айтиб юборган ханжар сўзларининг дамини катталар тириклик суви билан қайтарганлари яхши эмасми? Ёшлар қайноққон бўладилар, улар билан ўчакишмай, балки озгина ён босиб, қаттиқ гапларига юмшоқлик билан жавоб қайтариш керак.

Эр-хотиннинг арзирли ёки арзимас можаро туфайли ажралишини тушуниш мумкин. Лекин қудаларнинг ўзаро гап-сўзларига ёш оиланинг қурбон бўлишини нима деб изоҳлаш мумкин? Икки эркак қуда зиёфатда кайфи ошиб, сўкишиб қолибди. Эртасига кайф тарқалгану, аммо гина тарқалмай, балки газак ола бошлаган.

“Қизи уйимдан чиқиб кетсин. Керак бўлса, ана, ўғлимни ичкуёв қилиб олсин!”

“Ўғли отасидан ошиб қаёққа борарди, кечдим бунақа куёвдан!”

“Ана, аҳмоқлик!”-десам, фикримга қўшиларсиз, а? Битта гапни кечириш ўрнига ўғлини ичкуёв бўлишига ҳам рози бўлса?! “Кечиринг” ёки “кечирдим” деган битта сўзнинг тилдан учиши шунчалик қийинми? Битта сўзни айтишдан кўра фарзандларини бахтсиз қилиш осонроқми?

Агар хотин эри билан яхши бўлиб, қайнона билан чиқишмаса, кўпинча бу масалани уларнинг рўзғорини бўлак қилиш, баъзан эса уларни бошқа уйга кўчириш орқали ҳал қилишга уринадилар. Қайнона-келин муносабати энг чигал, айни пайтда, мавҳум масалалардан бири. Агар уларнинг даъволарини эшитсак, умумийликни кўрамиз. Қайнона дейдики: келин дангаса, ишёқмас, уйнинг тозалигига яхши қарамайди, муғомбир, онасига гап ташийди, катталарга гап қайтаради... Келин дейдики: қайнонам биринчи кундан мени чиқиштирмайдилар, ҳар қадамимни ўлчайдилар, бир пас дам олишимни ҳам кўролмайдилар, овқатга тузни ўзлари солиб, эримнинг олдида «шўр қилиб қўйибсан», деб уришадилар... Қайнона-келин муносабатида бир нарсани унутамиз: қайнона билан келиннинг ёш жиҳатдан камида йигирма йиллик фарқи мавжуд. Баъзи қайноналар келинлари билан уришиб қолсалар «Мендан ёш-ку, ўзимни ҳурмат қилмаса ҳам ёшимни ҳурмат қилмайдими!» деб нолийдилар. Биз фарқни фақат ёшда, йилларда кўрамиз. Аслида орадаги йигирма йиллик фарқ – дунёқарашдаги фарқ дегани. 40-50 ёшдаги аёлнинг ҳаёт тажрибаси ўзига яраша дунёқарашини шакллантирган. 20 ёшли жувон замоннинг таъсирида бу дунёқарашни инкор этиши ҳам мумкин. Бундайлар орасида «қайнонамнинг фикрлари эскириб қолган», деган гапларни эшитамиз. Бу нуқтада икки шахснинг тўқнашувини шунчаки оилавий можаро эмас, ижтимоий масала сифатида ўрганишимиз ва ҳал этишимиз керак бўлади. Буларни биз бедаво дард эмас, тузатиш имкониятлари мавжуд арзимаган камчиликлар деб қабул қилишимиз керак. Бу камчиликлар туфайли оила бузилса, қайнонани айблашга ҳақлимиз. Баъзан келин камчиликларини тан олиб тузатишга киришса ҳам, қайнона бўш келмайди, талабларини янада кучайтираверади. Шу ўринда бир фикримиз борки, буни баъзилар рад этишлари мумкин. Халқимизда «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақол бор. Бу келин келиб, ўғлимни ўзиники қилиб олди, дегани. Айрим аёлларда ўғлини қизғаниш ҳисси бўлади. Ўғил уйланиб, келин билан ётоғига кириб кетганидан кейин она қалбида бир узилиш бўлади. Яъни, ҳамиша ёнида бўлган ўғил энди ўзганинг иҳтиёрида. Балки шу ҳис онада келинга нисбатан норозилик уйғотар? Бу руҳият муаммоси. Фикрни бирданига рад этмайлигу ўйлаб кўрайлик. Қайнона-келин муаммосини ҳал этишда шу руҳий ҳолатни ҳам назардан четда қолдирмайлик. Айниқса, куёв тўралар шу масалада эҳтиёт бўлишлари керак. Тўйдан кейин онага, хусусан, опа-сингилларга бўлган эътиборни зарра қадар ҳам камайтирмасликлари шарт.

Тилимизда ҳамонки «ёмон хотин» деган ибора мавжудми, демак, ҳаётда ҳам шундайлари бор экан. Лекин биз «ёмон хулқли хотин» деб изоҳ берсак тўғрироқ бўлар. Ёмон ёки яхши хотин деган тушунчалар ҳам нисбийдир. Маълум бир хотин маълум оила учун ёмон ёки яхши туюлиши мумкин. Шунинг учун узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Хотиннинг ёмонлиги кимларга нисбатан бўлиши мумкин?

* хотин эр учун ёмон; * хотин қайнона учун ёмон; * хотин қўшнилар учун ёмон; * хотин эрнинг қариндошлари учун ёмон; * хотин ҳамкасблари учун ёмон.

Нима учун?

*эрини ҳурмат қилмайди, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаради, рашк қилади...

*қайнонасини менсимайди, айтган ишларини вақтида бажармайди, эрига ёмонлайди...

*қўшниларни ғийбат қилади, бир-бирига гап ташийди, хасислик қилади...

*қариндошларининг меҳмон бўлиб келишини хоҳламайди, улар келганда терслик қилади...

*ҳамкасбларини ғийбат қилади, бошлиққа кириб чақади...

Набий алайҳиссалом дейдиларким: «Ҳеч бир мўмин ўз хотинидан нафрат қилиши тўғри эмас. Зеро, хотинининг баъзи одат ва атвори унинг назарида ёмон кўринса ҳам, баъзи одатларидан рози бўлади. Бас, унинг ёмонликларини яхшиликларига бахшида этсин». Агар эрнинг кўнгли кўчадаги жононда бўлса, уни қайтариш анча қийин. Хотиндан биринчи галда сабр этиш талаб қилинади. Эр-хотин бахтли яшашлари учун битта қоидага қаттиқ амал қилишлари керак. Бу қоиданинг номи – БИТТА ГАПДАН ҚОЛИШ! Ҳа, айнан шундай. Битта гапдан қолиш билан олам гулистон! Хўш, ким битта гапдан қолиши керак? Биринчи галда хотин. Эрига гап қайтариб, бахтли бўлган хотинни тарихда - минг йиллардан бери ҳеч ким учратмаган, бундан кейин ҳам учратмаслиги тайин. Эр ҳам битта гапдан қолишга мажбур. Эҳтимол, хотин битта гапдан қолган маҳалда эр иккита, баъзан учта гапдан қолса ўзи учун ҳам яхши. Лекин хотин жаврайверса-ю у индамай ўтираверса, яхшилик бўлмайди. Вақти келганда қайноналар ҳам битта гапдан қолганлари маъқул, деган фикримизни опа-сингилларимиз эҳтимол маъқулламаслар. Лекин баъзан муроса қилиб, келишмовчилик чўғини жанжал алангасига айлантириб юбормаслик учун қайноналар ҳам битта гапдан қолиб турганлари дуруст.

Агар оила бузилса, биринчи галда хотинни айблашга кўникиб қолганмиз. Қайсидир биродаримизнинг ажралишганини эшитсак, «хотини ёмондирда» деб қўямиз. Камдан-кам ҳолларда «ўзи ёмонда» деймиз. Оила бузила бошлаётганини эшитсак «эр-хотиннинг орасига аҳмоқ одам тушади», деб ўзимизни олиб қочамиз. Бу таънани ноўрин деб биласизми? Унда эслаб кўрайлик-чи, қайси оилани ўнглаб қўйишга ҳаракат қилдик? «Баттар бўлмайдими!» баъзан шу тўхтамга ҳам келамиз. Ахлоққа доир кўп китоблар кўришга тўғри келади. Оиланинг бузилиши масаласи кўрилганда уларда ҳам асосий айб хотинлар зиммасига юкланади-ки, мен буни ноҳақлик, адолатсизлик деб биламан. Наҳотки эркаклар фаришта каби беайб бўлсалар? Кунда маст-аласт юрса ҳам эр «яхши». Хотинини дўппосласа ҳам эр «яхши» –хотин яхши бўлса калтак ермиди! Хотини топиб келганини совурса ҳам эр «яхши». Яхши... яхши... минг марта яхши! Ҳатто оиласига хиёнат қилиб, зино устида қўлга тушса ҳам эр «яхши». «Ҳа, энди йигитчиликда шунақа шўхлик бўлиб туради-да!»деб қўя қоламиз. Ҳеч маҳал «Аллоҳ зинони ҳаром қилган эди, бу гуноҳи учун жазоланиши керак», демаймиз.

Эрнинг зиммасига моддий таъминот ва жисмоний ҳимоядан ташқари хотинига адолатли бўлиш, унинг ҳаққига риоя қилиш масъулияти юкланган. Хотин кечки овқатни пишириб қўйиб, эрнинг келишини кутади, эр иши кўплиги баҳона, бузуқликда юрмаса ҳам, ошналари билан чойхонада паловхонтўра билан тиллашадилар. Нима деймиз, бу адолатданми? Эр оилада ҳукмрон эканлигини яхши англайди, ҳукмрон мартабасида туриб, хотинига фақат қўпол муомала қилади. Хотиннинг ширин сўз эшитишга ҳаққи йўқми? Нима бўлганда ҳам «Қарс икки қўлдан чиқади» деган гап ҳам бор-ку! Бузилиш жари ёқасига келиб қолган оилани сақламоқчи бўлган киши ҳар икки томонга бир хилдаги холислик кўзи билан қараши керак. Шунда оилани сақлаб қолиш имкони кенгаяди. Агар айб бир томонга ағдарилаверса, тарозининг бир палласи дош беролмай қолиши мумкин.

Эр-хотиннинг ажраши биргина оилага хос масала эмас. Оиланинг бузилишига жамият бефарқ қараб туролмайди. Ҳар томондан оилани сақлаб қолишга уринишлар бўлади. Шу ўринда эр-хотиннинг жанжалидан ўзларини олиб қочувчи биродарларимизга ҳам Аллоҳнинг амрини эслатиб ўтишимиз жоиз: «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор Зотдир» (Нисо сурасидан). Бу ояти каримада гап ҳам эр, ҳам хотин томонидан келишмовчилик чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетяпти. Шундай ҳолат юзага келдики, энди оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи йўқ. Энди бошқаларнинг аралашуви билан оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши шарт. Эр ўзи рози бўлган қариндошларидан, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошларидан ҳакам тайин этади. Агар оила ҳали ёш бўлса, бу вазифани ота-оналар бажаришади. Муфассирлар бу ўринда «ўзи рози бўлган» деб алоҳида таъкид этишади. Бунга сабаб, улар тайин этган ҳакамлар даъволарни эшитиб, шунчаки насиҳат қилиб қўйиш билан чекланишмайди. Улар ҳукм ҳам чиқарадилар ва эр ҳам, хотин ҳам уларнинг ҳукмига рози бўлишлари керак. Ҳакамлар танланганида ақллари, турмушнинг пасту баландидан ўтиб келган тажрибалари инобатга олинади. Энг муҳими, ҳар икки томоннинг ҳаками адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак бўлади. Агар ўртада тақво бўлмаса, икки томон ўзи томонга оғиб кетаверса, унда адолат қарор топа олмайди. Бу ўринда тақво адолатни юзага чиқарувчи муҳим омилдир. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада «агар улар ислоҳ қилишни истасалар», деб уларга ислоҳчилик нисбати бериляпти. Айрим уламолар «Ҳакамларга фақат яраштириш – ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейдилар. Яна айримлари «Ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, улар тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар. Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имкониятлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Ҳакамликка номзод мўлжаллаганда булар ҳам эътиборга олинмоғи шарт. Эр ёки хотин томон ҳакамликка қариндошларидан бирларини танлашгач, унга ажралишга сабаб бўлаётган ходиса ёки гапни баён қила бошлайдилар. Шубҳасизки, мағзава қарши томонга ағдарилади. Ҳакамларни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳолат ҳам айнан шунда. Ҳакам донишманд бўлса, айтилганларнинг мағзини чақиб кўради, мантиқ тарозисига солиб чамалайди. Аравани қуруқ олиб қочадиганлардан бўлса, қарши томонни айблашдан бўшамайди. Баъзан бир-бирига мутлақо зид равишда фикрлайдиган ҳакамлар учрашиб қоладиларки, ярашишга умид қилиб ўтирган эр-хотин оқибатда тамоман тескари бўлиб кетадилар. Шундай воқеалардан бири: ёш оила ярим йил ичида бузилиш жари ёқасига келиб қолди. Куёв бола ажралишга асосий сабаб деб келиннинг кийиниш маданиятини кўрсатади. Яъни келин шим кияркан, эрнинг ҳижобга кириш ҳақидаги талабини рад этаркан. Бир қараганда талаб тўғри. Хотин эр хоҳлагандай кийиниб юриши керак. Чунки хотин биринчи галда эрига чиройли ва ёқимли кўриниш ҳаракатида бўлиши керак. Бизда кўпинча тескари ҳолат кузатилади: аёлларимиз уйда ўзларига қарамайдилар, кўчага чиқадиган бўлсалар пардоз-андозни бошлаб юборадилар. Хуллас, йигит томон унинг талабларини мутлақо ҳақ деб туришибди. Келин томондан тайинланган ҳакам эллик ёшлардаги гапга чечан аёл замонавий тарзда кийинган. Ёшига ярашмаса ҳам шим кийган, бошда рўмол йўқ. У шубҳасизки, ўз дунёқараши асосида келинни ҳимоя қилади. Куёв томонни феодалликда айблайди. «Шу қиз биринчи учрашувга чиққанида ҳам шим кийиб олган эди, ўшанда нима учун индамадингиз?» деб куёвга савол беради. Куёв кейинроқ тўғри йўлга солиб олишга умид қилганини айтади. Дуруст, куёвнинг шундай яхши нияти бор экан. Аммо бир одамни ўзгартириш учун ярим йил кифоя қилармикин?

Никоҳ эр ва хотиннинг ҳаётда шерик бўлишлари хусусидаги аҳд-паймондир. Аҳд-паймон ва шериклик турли соҳа вакилларида ҳам учрайди. Айтайлик, ҳунармандчиликда, тижоратда, зироатда... Агар шериклар аҳдларига вафо қилсалар, хайрли неъматларга эга бўладилар. Орага хиёнат, ғараз ёки тамаъ аралашса ишларидан барака кетади. Ҳар икки томон ҳам зарар кўради. Никоҳ билан боғланган оила ҳам шунга ўхшашдир. Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса, оилада барака бўлади ва бундай оилани биз «фариштали хонадон» деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса «шайтон васвасасидаги хонадон», деб таърифлаймиз. Агар оиладаги нафрат ўти меҳр ва муҳаббат гулини сўндирадиган даражага етса, никоҳ – дастлабки аҳд-паймон бекор қилинади. Бизни ранжитадиган ҳолат шуки, оила қураётган ёшлар никоҳнинг нима эканини, никоҳ олдидаги бурчлари ва ҳуқуқларини яхши билмайдилар. Билмаганлари туфайли никоҳга доир масъулиятларини ва никоҳ бузилгандаги жавобгарликларини ҳис қила олмайдилар. Бунинг учун ёшларнинг ўзларинигина айблаш инсофдан эмас. Тўй тайёргарлиги мобайнида ота-она фарзандига никоҳнинг муқаддас эканини тушунтира олдими? Агар сепга доир масалада камчилик бўлса, ота ҳам, она ҳам юз югурадилар, минг югурадилар. Камчиликни бартараф қилишга эришадилар. Йигит ёки қиз оиланинг муаззам ва муқаддас сарой эканини тушунадими, бу тушунчаларида камчилик борми – бу билан ишлари йўқ! Ота-она шунчалар лоқайд эканлар, никоҳ ўқувчи домла-имом-чи? Улар араб тилидаги қисқа хутбани ўқиш билан чекланадилар. “Хутба” “хитоб” демакдир, яъни, ёшларга хитоб қилиниб, оилага доир масалалар тушунтирилади. Муҳтарам имомларимиз мана шунга жиддий эътибор берсалар дуруст бўларди. Оиладаги эр ва хотиннинг ўрни, вафо ва бевафолик, талоқ... каби масалаларни ёшлар бир ёстиққа бош қўйишларидан олдин билишлари шарт. Билсалар, никоҳ шартларига амал қиладилар, билмасалар нимага амал қиладилар? Айрим ёшларимизнинг тилларидан “талоқсан” деган ҳукм осонлик билан чиқиб кетадиган бўлиб қолган. Бунинг сабаби ҳам талоқ ҳақида билимлари етарли эмаслигида. Йигитларимизга деймизки, гарчи Аллоҳ талоққа ижозат берган бўлса-да, бу ҳолнинг ўзига ёқмаслигини, талоқ ўрнига эр-хотиннинг иттифоқликда яшаши маъқул ҳам таъкид этган. Шу боис бу сўзни тилдан учирмасликка ҳаракат қилиш афзалроқдир.

Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса, оилада барака бўлади ва бундай оилани биз «фариштали хонадон» деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса «шайтон васвасасидаги хонадон», деб таърифлаймиз. Агар оиладаги нафрат ўти меҳр ва муҳаббат гулини сўндирадиган даражага етса, никоҳ – дастлабки аҳд-паймон бекор қилинади ва бу битим шариат тилида «талоқ» деб аталади. Оиладаги жанжал тоқат қилиб бўлмас даражага етгандан сўнг орада талоқ бўлмаса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам бутун умри ғам ва қайғуга сарф бўлиб қолади. Ислом динида талоқ эр ва хотинни шундай балодан асраш учун қўлланилади. Баъзан шундай бўлади: хотиннинг нияти яхши. Нодонлиги ёки тажрибасизлиги, қайсарлиги ёки уқувсизлиги туфайли уй ишларидами ё бола тарбиясидами ёки эрига муносабатидами хато-камчиликларга йўл қўяди. Бундай аёлларни кечириш, уларга марҳамат кўрсатиш керак бўлади. Лекин хотин эрига адоват ва хусуматини доимий равишда кучайтириб бораверса-чи? Бу ҳолатда ҳам дарров талоқ берилмайди. Бу хусусда Аллоҳ буюрадики: «...аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳат кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (шунда ҳам сизга бўйсунмасалар) уринглар! Аммо сизга итоат этсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар» (Нисо сурасидан). Энди мазкур оят мағзини тушунишга уриниб кўрайлик: демак, хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон ҳолат содир бўлса, эрнинг вазифаси биринчи галда насиҳат қилиб, тўғри йўлга даъват этиши лозим экан. Аёлларнинг кўнгиллари табиатан юмшоқ ва эҳтиросли бўлади. Кўпинча маъқул сўзлар ва дўстона ўгитлардан таъсирланиб, ёмон ишлардан ва амалларидан қайтадилар. Лекин насиҳатлар фойда бермаса-чи? Унда жазо сифатида ўрнини бошқа қилиб, унга икки-уч кеча яқинлашмайди ва шу ҳаракати билан қаттиқ норозилигини билдиради. Ақли бор хотин бу ҳолатни қатъий огоҳлантириш ўрнида қабул қилади. Чунки икки-уч кун ўрнини бўлак қилган эр, оқибатда бутунлай ажрашиб кетиши ҳам мумкин. Демак, бу оддий араз эмас, ажралиш эҳтимолидан огоҳлантириш. Энди дили қотиб қолган аёлга бу восита ҳам таъсир этмади. У вақтда хотинни қаттиқ озор бермаслик шарти билан уриш жоиздир. Ҳар ким англаши зарурки, хотин роҳатланиш учун урилмайди, балки уни тўғри йўлга солиш мақсадидагина қўл кўтаришга ижозат берилади. Лекин табиийки, эрга итоат этишни ўзи учун бурч деб билган аёл ва ўзидан Қудратлироқ бўлган Зот – Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорага етиб келмайдилар. “Уриб, дабдала қиламан», деган фикрдан эр нари бўлиши керак. Унга ҳеч ким хотинини дабдала қилишга ижозат бермаган. (Хотинни уриш фақат бизда эмас, тараққий этган мамлакатларда ҳам бор экан. Яқинда Европанинг бир неча мамлакатида хотинини урганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонунлар қабул қилинди.)

Хотин бу чоралардан кейин бемаъни ҳаракатидан тийилса, эр бошқа баҳона қидирмаслиги, ҳаддидан ошмаслиги керак бўлади. Эркак бўлганидан мағрурланиб, асоссиз гумонларга бориб, аёлига зулм ва жафо қилиши ман этилади. Асоссиз жафо қилар экан, жабр чеккан аёлнинг ўчини Аллоҳ олади. Баъзи биродарларимиз хотинларини тез-тез урадилар ва бу ҳаракатларини оят ҳукми билан изоҳлайдилар. Ўтмишда ҳам шундай ҳолатлар учраб турган экан. Устоз Абдурауф Фитрат бу ҳақда 1914 йилда шундай ёзган эканлар:

«Нисо сурасидаги ўттиз тўртинчи ва ўттиз бешинчи оятлар таржимаси ва изоҳи билан машғул бўлиб ўтирганимда бир дўстим мулоқот учун келди. Мен шу мавзуда мулоқот қилмоқни орзиқиб кутар эдим. Шу масалани унинг ҳузурида баён қилиб, оятни ўқиб бердим.У кулиб айтди: «Эй Абдурауф, хотинларни уруш ва ҳақоратлаш биз бухороликларни умумий одатларимиздир. Лекин бугунгача бу ярамас ҳаракатимиз шариатга мувофиқ эканини билмасдик. Шукрким, бугун сен бунинг мумкин эканини тушунтирдинг. Инша Аллоҳ бундан кейин хотинларимизни кўпроқ ва яхшироқ урамиз». Дедим: “Азизим! Масалани тўғри тушунтира олмадим шекилли!? Ислом дини аёллларни уришни ман қилади, балки эркакларга хотинларингизга марҳамат ва муросаю мадора қилиб, ҳурмат қилинглар деб амр қилган. Юқорида мен бу масалани баён қилган эдим. Лекин сенга баён қилган бу масала алоҳидадир.Фараз қилайликки, бир ёмон хислатли ва бадахлоқ аёл бор. Бечора эр хотинининг унга адовати борлигини билиб, унинг ҳаловатини бузаётганини тушунтиради. Хотин қулоқ солмайди. Икки-уч кун хотинидан узоқлашади. Хотин шунда ҳам хулоса чиқара олмайди. Шунда сиз ҳам биласизки, эрнинг хотинига талоқ беришдан бошқа иложи қолмайди. Бироқ Ислом дини талоқни ман қилмоқчи бўлиб, эрга: «Талоқ беришга шошилмагин», деб амр қилади. Хотиннинг аъзоларини майиб қилмай ва лат бермай уни озгина ургин, зора ёмон ишдан тавба қилса ва муносабати ўзгарса. Менинг изоҳимдан билдингки, Қуръон ҳукми маслаҳат юзасидан бўлиб, аҳли Ислом оилалари учун, хусусан, мусулмон аёлларига буюк марҳаматдир». Мен бу шахсий суҳбатни шунинг учун ёздимки, бошқалар ҳам менинг баёнотимни шу дўстимга ўхшаб тушуниб, хотинларини уриш учун баҳона қилиб олмасинлар».

Тўқсон йил аввал баён этилган бу фикр ҳалигача қадрини йўқотмаган ва Қуръон ҳукмини нотўғри англаб юрган биродарларимизга ҳали ҳам ибратдир.

Эр оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўрди, аммо фойдаси бўлмади, бирга яшашнинг сира иложи қолмади. У ҳолда, начора, ажралишсин, талоққа рухсат берилади. «Агарда эр-хотин тинчлик ва розилик билан ажрашсалар, Аллоҳ кенг марҳамати ва карами билан уларни бир-биридан беҳожат қилади» (Нисо сурасидан). Аммо заруратсиз, балки нафс ҳавосининг тақозоси билан талоқ берилса, албатта, гуноҳ ва ҳаромдир, албатта, гуноҳкор жазосини олади. Демак, талоққа ижозат бор. Лекин Ислом динида хуш ёқмайдиган мубоҳ (мумкин) амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ олдида энг ёмон мубоҳ – талоқдир».

Баъзан оиладаги ёмон шароит, эрнинг зулми ва бошқа қабих одатлари хотиннинг силласини қуритади ва унинг ўзи эридан талоқ талаб қилади. Бу жараён тез бўлмайди. Ҳар қандай аёл аввалига сабр қилади. Эҳтимол йиллар бўйи бардош берар. Охири сабр-бардош тўғони ўпирилиш даражасига келгач, талоқ сўрайди. Лекин унинг талаблари ҳам асосли бўлиши керак. Бирорта миш-миш ёки гумонларга ишониб ёки бошқа эркакка кўнгил қўйгани сабабли ўз эри билан ажрашни қасд қилмаслиги керак. Бу хусусда саҳоба Суҳбон (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Қайси хотин безарурат ва эҳтиёжсиз эридан талоқ талаб қилса, жаннат ва Аллоҳнинг раҳмати унга тегмайди».

Никоҳ ўқиётган домламиз ёшларга талоқнинг маъносини ҳам англатиб қўйишлари керак. Кўпчилик талоқнинг маъносини билмай яшайди ва кунларнинг бирида ғазабланиб «уч талоқсан!» деб юборади. Шу бир оғиз ҳукм билан оила бузилади. Кейин ярашмоқчи бўлиб боришса, домламиз «уч талоқ» дебсиз, қайта никоҳланмайди, деб қаттиқ туриб оладилар. Бу масалада озгина мулоҳазамиз бор: бу оила шаръий ҳукмлар асосида яшамади, шариат нималигини билмайди, шунинг баробарида эр ҳам, хотин ҳам талоқ тушунчасидан бехабар. Эрнинг билгани: «уч талоқсан, уйингга жўна!» Хотин ҳам битта бўғчасини тугиб, боласини етаклаб, йиғи-сиғи билан отасиникига қайтаверади. Уларда «идда», «маҳр» деган тушунча ҳам йўқ.

«Уйланишдан олдин иккала кўзингни катта оч, уйланганингдан кейин биттасини юм», деган тагдор бир ҳикмат борки, кўпчилик унга амал қилмайди. Аввало, йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам кўзларини катта очишларига ота-оналари йўл қўймайдилар. Кейин эса ёш хотиннинг ҳаракатларини кузатишда битта кўзни юмиш ўрнига тўрт-бешта кўз билан қарай бошлайдилар. Аҳмад Дониш айтган эканларким: «Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар эканлар, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади».

Йигит ва қиз ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва руҳиятларини мукаммал ўрганишмаса, оилани бахтиёрлик пойдеворига қуришлари осон бўлмайди. Чунки яхши оила қуриш учун биргина муҳаббат кифоя эмас. Орада дўстлик ва ишонч ҳам бўлиши керак. Шундай оилаларни учратамизки, эр-хотин бир-бирини севади, турмуш қуришни эса билмайди. Оила қуришда маълум босқичларда биргаликдаги кураш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш талаб этилади. Дейдиларки: «Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади». Яъни бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қиз унча-мунча хато ва камчиликларни сезмайдилар, сезсалар ҳам эътибор бермайдилар. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса, оиланинг кўзлари ҳамиша очиқ бўлади. У ҳатто тунлари ҳам юмилмайди. Илгари арзимас ҳисобланган камчиликлар жиддий аҳамият касб эта бошлайди. Ота-оналарнинг эса бошлари қотади: ахир бир-бирларини яхши кўришарди-ку? Йигит «шу қиздан бошқасига уйланмайман», деб қанча «номзод»ларни рад этган эди-ку? (Қиз ҳам бошқа йигитларни хушламаган эди!)

Бир-бирини билиш – бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билиш эмас. Бу бир-бирига нисбатан ишончли ва ёқимли муносабатда бўлиш, бир-бирига ишониш демакдир. Одам бошқа шахснинг руҳий оламига бостириб киришга уринмаслиги керак. Аёл билан танишиш учун бир неча дақиқа етарли, уни яхши билиш учун эса йиллар керак. Айрим «доно»ларнинг фикрича, аёлни тўлиқ билиш учун у билан ажралиш керак экан. Албатта, биз бу фикрни ҳазил маъносида қабул қиламиз. Лекин, айрим эр-хотинлар ажралишиб кетишганларидан сўнг, айниқса бошқа оила қурганларидан кейин бир-бирларининг қадрларига ета бошлайдилар. Аксарият яхши эрнинг қадрига етмаган хотинга Аллоҳ янада золимроқ эрни, солиҳа аёлнинг қадрига етмаган эрга эса куйдиргувчи хотинни рўпара қилиб қўяди.

«Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмасдир», дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айш-ишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун уйланмайдиларми? Шу ниятда энг сулув қизларга етишмоқ учун не-не шумликлар қилмайдилар? Бу шумликнинг оқибатини биз «оила» дея олмаймиз. Баъзилар эса бой бўлиш мақсадида бой хотинга тузоқ қўядилар. Бунинг натижаси ҳам «оила» эмас. Яна бир ҳил одамлар фарзандталаб бўладилар ва шу мақсадда оила қурадилар. Баъзи одамлар гуноҳдан сақланиш учун уйланадилар. Яна бир қанчалари уй-рўзғор, саранжом-саришталиклари учун уйланадилар.

Оила қуришда улуғ савоблар борлигини яна таъкид этамиз. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланишади, савоб истагида турмушга чиқишади. Бир илмли одам бир қизни сўраб совчи юборади. «Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ қизингизга уйланмоқчилар. Биз розилигингизни олмоққа келдик», дейишади совчилар. «У киши жонимни сўрасалар, жонимни берай, аммо қизим у зотга муносиб эмас. Чунки қизимнинг икки оёғи шол. У муҳтарам зотга эса хизматларини адо этувчи соғлом жуфти ҳалол керак», дейди қизнинг отаси узр билан. Совчи қўйган киши қизнинг аҳволидан хабардор эди. «Бу қиз ногирон бўлгани сабабли унга ҳеч ким уйланмайди. Мен шу бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай», деган қароридан қайтмайди.

Оила саройининг устунлари мустаҳкам бўладими ё қурт тушган ёғочданми, бу ўзимизга боғлиқ.

Куёв тўра, оилани сиз қандай тушунасиз, уни дўлу бўронлардан қандай ҳимоя қилмоқчисиз? Саволга жавоб беришингиздан олдин бу ҳикматга диққат қилинг-а.

Бир йигит гўзал ва оқила қизга ошиқ бўлиб қолди. Қизнинг ҳам унда кўнгли бор эди, унаштириб қўйилдилар. Аммо тўйдан аввал қиз хасталикка чалинди, юзларига чечакка ўхшаган нимадир тошиб кетди, табиблар унинг чорасини қила олмадилар. Оқибатда қиз аввалги гўзаллигини йўқотди ва йигитга турмушга чиқиш аҳдидан қайтди, ўзини дунёдан ёлғиз ўтишга ҳукм қилди. Иттифоқо йигит ҳам касалликка чалиниб, бир неча кун қимирламай ётди. Кейин оёққа турди-ю бироқ кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йигит қизга уйланиш аҳдидан қайтмади. Қиз ҳам ноилож кўнди. Икковлари шу тарзда анча йил бахтиёр умр кўрдилар. Вақти-соати келиб, аёл вафот этди. Унинг жанозасидан кейин эрнинг кўзлари кўр эмаслиги маълум бўлди. Бу ривоятдан мурод - оила бахти учун эр ҳам фидойи бўлмоғи керак. Бугунги ёш эрлар бундай жасоратга қодирларми?

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу «жамиятча»нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайсики жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади. Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди. Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганида эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғу саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами – ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам минг йиллар давомида Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлганлар. Пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этганлар. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишманд файласуфларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан «Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради», деган аҳмақона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса, «Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!» деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр! Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: «Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?» деб сўралса «Аввал пахта мавсуми ўтиб олсин», деб жавоб беришарди. Йигит бечоранинг то кеч кузгача, эҳтимол қишга қадар юлдуз санаб, ёстиқни қучоқлаб ётишдан ўзга чораси йўқ... Агар севган қизи сулув бўлса-ю, бирон чапдаст йигит чиқиб, пахта мавсуми охирлашини кутиб ўтирмай, уни илиб кетса!? Урди Худо! Бу ҳозир бизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.

Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ эканда? Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар бир вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.

Ҳозир Европада “Оилада ким биринчи шахс, эрми ё хотинми?” деган бахс қизиган. Бизда бу саволнинг аниқ жавоби бор. Аёллар эрларини “хўжайиним” деб иззат қиладилар. Эр қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат бузилган онларда шу оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга интилишади. Эр чақирганда «ҳозир» деб қўядилар-да, ишларини қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин телефондаги узундан узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай ўтиришлари айб саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан шу айб айтилади. Бу ўринда «демак, эр хўжайин, хотин – чўри мартабасидами?» деган фикрдан узоқ бўлиш керак. Эрга хизмат қилиш чўрилик эмаслигини тўйдан олдин қизларимизга яхшилаб тушунтириб қўйишимиз керак. Айни чоқда эр қулдор мартабасида эмаслигини ҳам билиши зарур. Оиладаги эр ўрнини тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: «Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингким, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти Каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Фарзанд тарбиялаётган ота-она буларни билсалар ва билдирсалар яхши.

Куёв тўра, эрнинг хотиндан талаблари бўлганидек, хотиннинг ҳам эрдан ҳақли талаблари мавжуд. Моддий, маънавий таъминот билан бир қаторда муҳаббат лаҳзаларига ҳам садоқатли бўлиши, юриш-туришда хотин фахрланса арзийдиган даражада бўлишга мажбур.

Исломда инсон табиатига, фитратига, яратилишига ғоятда мос бир ҳатти-ҳаракат мавжуд. Эрнинг хотини ёнига узоқ муддат яқинлашмаслиги ҳам дуруст эмас. Чунки у аёлнинг ҳам жинсий хоҳишлари бор, унинг ҳам эҳтиёжларини қондириш керак, деган маънода адолат қилишга чақирганлар. Шунинг учун исломда шаръий жинсий муаммога эътибор беришган, бу ҳақда гапиришни, ёшларга ўргатишни айб санашмаган. Баъзан эр-хотиннинг ажралиши сабабларини диққат билан ўргансангиз, оилани бузилишига олиб келувчи жиддий ҳолатларни учратмайсиз. Бизда оиланинг бузилишига айнан жинсий муносбатлардаги етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги эса сира айтилмайди. Бу айб саналади. Ҳатто айрим эрларнинг ёки аёлларнинг зинога юриб кетишларига ҳам бир-бирларидан қониқмаганлари сабаб бўладики, буни эътибордан четда қолдириш мумкинмас.

Шаъбий (р.а.) айтадилар:

«Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: «Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар», деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: «Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг», - деди.

- Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.

Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сур (р.а.) дедилар:

- Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.

- Аёлнинг қандай шикояти бор эди?

- Аёл эридан «завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир», деб шикоят қилмоқчи эди.

Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:

- Ораларида сен ҳакамлик қил-, дедилар.

- Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?

- Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар ҳалифа.

Шунда Каъб халиги одамга:

- Аллоҳ субханаҳу ва таоло эрларга хитобан: «агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар», дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.

Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:

- Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир, - дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар».

Бу ривоятда гўзал бир донолик ҳам чарақлаб турибди: ҳазрати Умар эрга тўғридан-тўғри «эрлик вазифангни бажар», деб амр қилмадилар ва буни доно биродарларига топширдилар. Каъб ҳам ўта нозиклик билан тушунтирди. Чунки у киши ҳам «ибодатингни йиғиштириб, хотининг билан бирга бўл», дея олмасдилар.

«Онангни отангга бепардоз кўрсатма», деган гап бор. Орасталик, ўзига меъёр қадар зеб бериш яхши. Биз нима учундир ўзига қараб юришни фақат аёлларга хос, деб биламиз. Айрим биродарларимиз хотини, қизларини чиройли кийинтириб қўядилару ўзлари офтобда куйиб кетган дўппида, ёқаси буралиб кетган куйлакда юрадилар. Бу йўқчиликдан эмас, кўпроқ бефаросатликдан бўлади. Бефаросат деганда биз эрни ҳам, хотинни ҳам назарда тутамиз. Эр кийим-бошга эътиборсиз бўлса, хотин зийрак бўлиши керак, эрига қараши керак. Шундай ривоят қиладилар:

Бир куни ҳазрат Умарнинг (р.а.) ҳузурларига бир хотин эри билан бошлашиб келди-да эрини кўрсатиб:

- Ё Амирал мўъминин! Бу киши менинг эрим бўладилар. У билан қурган турмушимизни ўйлаб кўрдим. Уч ойдирки, тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримда рағбат кўрмадим. Уч ой давомидаги турмушимиздан бир нарсага ақлим етди: биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.

Ҳазрати Умар (р.а.) қаршисида индамай турган одамдан сўрадилар:

- Сен нима дейсан?

- Ё Амирал мўъминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Мен ажралишни истамайман, - деди эр.

Ҳазрати Умар эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни яхши тушундилар.

- Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин келгин. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.

Хотин кетгач, ҳазрати Умар у одамни ҳаммомга олиб боришни, ювинтириб, тоза кийимлар кийинтиришни буюрдилар. Эркак покиза бир ҳолга келтирилди. Пича вақт ўтгач, хотин келиб башанг кийимдаги озода эрини кўриб, қувониб кетди. У ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Мўъминларнинг халифаси ҳазрати Умар (р.а.) шу ерда ҳозир бўлганларга қараб дедилар:

- Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сизни яхши ва покиза кийинганингиздан завқ оладилар, сизларни ясанган бир ҳолда кўришни истайдилар.

Куёв тўра, сиз ҳозир яқинлашиб келаётган тўйни, чимилдиқ ҳаяжонларини ўйлаяпсиз. “Қўша қаринглар!” деган дуони ҳар куни эшитяпсиз. Ниятингиз ҳам шу экан, саодат сизга ёр бўлсин! Лекин... орамизда қўшхотинлилар ҳам бор. Улар ҳам қачондир сиз каби ҳаяжонда турганлар. “Фақат шу хотин билан бахтли бўламан!” деб умид қилганлар. Хўш, уйда гулдек хотини бўлатуриб, яна уйланишга (яна яширинча уйланишга!) нима сабаб бўлди. Куёв тўра, сизнинг улар сингари бўлишингизни ота-онангиз истамайдилар, мен ҳам хоҳламайман.

Шу сабабли оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритишни лозим топдик. (Аниқлик киритамиз: оиласи бузилиши натижасида талоқ бериб, сўнг иккинчи ёки учинчи марта уйланганлар эмас, балки айни бир вақтда икки ёки ундан кўп хотинга эга бўлувчилар назарда тутилади.) Русларда «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас», деган мақол бор. Шуни сал ўзгартириб айтсак, иккита хотин олишни орзу қилмаган эр эр эмас, деган маъно чиқиши ҳам мумкин. Гарчи бу гап ҳазил тариқасида бўлса-да, лекин шундай орзу кўпгина эрларда мавжуд. Айрим эрлар учун хаёл орзу бўйича қолиб кетади, айримлар эса орзуни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Камбағаллар учун бу муаммо йўқ, десак ҳам бўлар. Камбағал эрнинг иккинчи хотин олишга ҳаракат қилиши осмондаги қуёшни узиб олишга уринишдай гап. Чўнтакка тушган пул нафсни қитиқлайди. Бу нафсни қондириш учун мусулмон эрлар учун тайёр баҳона бор: Аллоҳ тўрттагача уйланишга ижозат этган, дегувчи эр қандай ҳолатларда хотинни кўпайтириш ҳаракатига тушади?

* ўз хотини билан нафсини қондира олмаса, ташқаридан лаззат излайди.

* ота-онасининг зўри билан уйланган хотини кўнглига ёқмайди, ўзига ёқадиганини истайди. Гўё «Ўткан кунлар»даги Ҳомиднинг маслаҳатига амал қилади: «Жиян, - деди Ҳомид Раҳматка қараб,-бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр кишининг иши эмас». Бу маслаҳатга амал қилганларни биз «адашганлар» деб атасак ранжимасинлар.

* Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари, деб иккинчи, учинчи марта уйланадилар. Ажабки, суннатга амал қилишни айнан шу соҳада бошлайдилар. Қолган ўнлаб суннатлар эса бажарилмай қолади. Бу биродарларимизда андак жоҳиллик бор. Бу борадаги суннатнинг маъносини яхши англаб етмаганлар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳисалом нафсни қондириш учун эмас, беваларга меҳрибонлик қилиш учун уйланганлар.

* биринчи оиладаги фарзандсизлик оқибатида бошқа турмуш қуришни ҳеч ким рад этолмаса керак (Иброҳим алайҳиссаломнинг турмушларини эслайлик).

* ота-онасини беҳурмат қилувчи хотинни қўйиб, ҳурматлайдиганига уйланувчилар ҳам бор. Аммо иккинчи ёки учинчи хотин ота-онасини ҳурматлайди, деб ким кафолат беради? Эҳтимол ҳурматсизликда кейингилари аввалгисидан ошиб тушар. Балки «ота-онани ҳурмат қилмаслик» нафс талабини яширишдаги бир баҳонадир?

* уйланишдан илгари зино қилган эр яна бегона аёлни қўмсайверади. Бу нафсини қондириш учун маблағи бўлса бирон қизни ёки жувонни шаръий никоҳига олади, пули камлик қилса, фоҳишаларнинг хизматидан фойдаланади.

Ҳар бир эркак номусли, ҳаёли қизга уйланишни истайди. Бу фазилатни қиз энг аввало ўз оиласида ўзлаштиради. Агар оиладаги ота-она тарбияли, одобли ва бир-бирларига хушмуомалали бўлишса, фарзандлари ҳам улардан ибрат олиб, шундай фазилатлар эгаси бўладилар. «Онасини кўргину қизини ол», деб бекорга айтмаганлар. Совчилар борган уйларининг ҳашаматига лол қолиб ўтирмасдан уй бекасининг саришталигига, муомаласига диққат қилсалар адашмайдилар. Агар ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар»нинг аввалидаёқ уйланиш машаққатидан сўз очадилар:

«-Манимча уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, - деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. - Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.

Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.

- Сўзингизнинг тўғрилигига шубҳа йўқ, - деди,-аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ(таъбига мос) бўлсин.

- Хотинга мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, - деди Ҳомид эътирозланиб,-хотинларға «эр» деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.

Раҳмат кулиб, Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳзоли табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади..

- Уйланишдаги ихтиёримиз, - деди Раҳмат,- ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладиган келинлари ўғилларига ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангувчи йигит билан эр қилғувчи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим.... аммо хотиним ота-онамға мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас.Сиз айткандек, эҳтимол мен ҳам хотинимга мувофиқ эмасдирман...»

Китобдаги бу сатрларни батафсил эслашимизнинг боиси, эътибор қилган бўлсангиз, ўтмиш ва бугунги кун ҳолатида ўзгариш кам. Орамизда Ҳомидга ўхшаб чакки фикрловчилар ҳам учраб турибди. Фарзандларини уйлантиришда уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмаётганлар ҳам кўп. Демак бу хусусдаги баҳсларга чек қўйиш вақти ҳали келмабди.

Суриштираман, десангиз сабаб ва баҳоналар қайнаб чиқаверади. «Нечта хотин олган маъқул?» деган саволни кун тартибига қўйсак, бир хил жавоб ололмаймиз. «Ўткан кунлар»ни ўқишда давом этайлик:

«Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди:

- Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин?-деди. - Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.

- Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, - деб кулди Ҳомид. - Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчинингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйганимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас.»

Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчилар ҳозир ҳам топилади. Фақат айрим фарқлар бор. Чунончи: кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.

Устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларидан фойдаланиб фикрларимизни давом эттирамиз.

Одамлар аввал оила шаклида жам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласи саодатли ва бахтли бўлмасалар, ўша қавмни бахтиёр ва саодатли дейиш хатодир. Ҳамда оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, «оздан кўпга» дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.

Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринли. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бу бахти қароликдир.

Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб, ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигини ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд вужудга келади. Аёлнинг таровати ва ёшлиги эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлгандан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима, дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда бу ваъда унутиладими?

Хуллас, Фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами, ишқилиб уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлар буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратланадилар. Вақт ўтиши билан янги хотиндан ҳам бир-икки фарзанд туғилгач, бу ўзаро нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолари орасида муҳаббат кўтарилса, вайронлик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади. Агар бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса, улар ва уларнинг болалари ўртасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келади, Фалончи ўзини бахтсиз сеза бошлайди, фарзандларининг хулқи эса ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр этганимиздек, ҳозирги кундошлар бир ҳовлида яшамайдиларким, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча осон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласида ёнаётган нафрат ўтини заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга нисбатан бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга етгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.

Давлат қонуни қўшхотинлиликни ман этади. Ислом ижозат беради. Айрим европаликлар Исломнинг шу жиҳатини маъқуллайдилар. Эркак фоҳишахонага боргандан кўра яна битта хотин олиб покиза яшагани маъқул, дейдилар. Дарҳақиқат, қўшхотин олишнинг бу томони ҳам бор. Айрим эркакларда шаҳват иштиёқи кучли бўлади. Ўз аёли билан қўшилиш мумкин бўлмаган кезлари у кўчадан нажот излайди, гуноҳга ботади. Агар никоҳида яна битта хотин бўлса, бу гуноҳдан сақланади. Ундан ташқари бу ўринда аёлларнинг тақдири ҳам бор. Аввало, ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ туғиларкан, ундан ташқари турли уруш ёки фожиалар туфайли эрлар кўп қирилади. Демак, бир эрга икки ё уч аёл тўғри келади. Шундай экан, аёллар нима қилишсин?

* ҳаром йўлга юрсинларми? Ҳаром бола орттирсинларми?

* бировнинг оиласини бузиб, хотинидан бутунлай ажратиб, болаларини тириклай етим қилиб унга тегиб олсинларми?

* ҳалол ва поклик, рози-ризолик йўли билан бир кишига никоҳланиб, оила қурсинларми?

Албатта, барчамиз шу учинчи йўлни маъқуллаймиз.

Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимасида ўқиймиз: «Агар етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқсангиз, уларни ўз никоҳингизга олманг, балки никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳаққига зулм етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир». Нисо сурасида келган мазкур оятни ақлимиз етганча ўрганишга ҳаракат қилайлик. Тарихдан маълумки, жоҳилият даврларида аёллар ҳуқуқи бағоят даражада поймол қилинган. Бир эрга ўнлаб аёллар тутқун бўлган. Кейин эса урушлар туфайли кўп аёллар тул қолардилар. Ислом ана шу аёллар тақдирини одилона ҳал қилиб беради.

Ояти каримадаги етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқилса иккитами, учтами, тўрттами хотин олишга ижозат берилиши ўқиган одамга ғалати ва тушунарсиз туюлиши мумкин. «Тафсири ҳилол»да бу мураккаб масала яхши тушунтириб берилган. Имоми Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоятда шундай дейилган экан: «Менга Урвату ибн Зубайр хабар бердики, у Ойиша онамиздан «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар», ояти ҳақида сўраган экан у киши (розийаллоҳу анҳо) дебдиларки: «Эй жиян, бир етим қиз кафилнинг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, улар уйланишдан қайтариладилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилинадилар». Демак, оятда «етимлар» дейилганда етим қизлар назарда тутилган экан. Етим қизларга уларни ўз кафолоти (ҳимояси)га олган киши уйланмоқчи бўлса-ю аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган бошқа аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлари орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин.

Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қанақа адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керакдир. Жумладан, эр бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Бу ҳам адолатсизликка киради.

Уламоларимиз оятдаги «етимлар» сўзини шундай талқин қиладилар ва бунга эътироз қилиш қийин. Бизда улар билан баҳс юритишга етарли илм бўлмаса-да, шу хусусдаги тушунчамизни баён этишга журъат этамиз. Таъкид этамизки, бу фикр баҳс йўсинида эмас, балки бир банданинг ақли етган даражасидаги тушунчасидир. Билишимизча, Қуръони Каримда мавҳум кўрсатмалар берилмайди. Масалан, масхара қилишдан қайтарилган оятда эр ва аёллар алоҳида таъкид этилади. Ёки илм олиш ҳақида ҳам «илм олмоқлик муслим ва муслималар учун фарздир» деб буюрилади. Ёки «Ёсин» сурасини айрим тафсирларида «Антокия» шаҳри тилга олинади. Баъзи муфассирлар эса «Агар шу шаҳар бўлганида Аллоҳ уни ўз номи билан атарди», дейишади. Аллоҳ билгувчидир. Нисо сурасининг биз ўрганаётган оятида ҳам «етим қизлар» деб алоҳида таъкид этилиши мумкин эди. Эҳтимол, бу ўринда бошқа маънолар ҳам бордир? Яъни, етимлари билан бева қолган аёлларга меҳрибонлик қилишга даъват бордир? Яъни, етимларга меҳрибонлик қилинг, лекин ташқаридан туриб уларнинг ҳақини адо этишга кўзингиз етмаса, уларнинг оналарига, яъни беваларга уйланинг, деган маъно йўқмикин? Бизнингча, тўрттагача уйланиш ижозати нафсни қондириш учун эмас, балки айнан беваларни ўз паноҳига олиш учун бўлса керак. Бу ўринда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кимларга уйланганларини яна бир эсга олсак жоиз бўлар.

Ким тўрттагача хотин олиши мумкин? Албатта, бой одам. Камбағал орзу қилмаса ҳам бўлади. Демак, бу имтиёз фақат бойлар учунми? Юқорида кўпхотинлиликнинг фойдаси ҳақида ҳам айтиб эдик. Демак, хотини билан қўшилиш мумкин бўлмаган дамларда бой одам бошқага уйланиб, нафсини қондириши мумкин. Камбағал-чи? Унинг уйланишга пули бўлмагани билан, унда ҳам нафс бор, шаҳват бор. Ҳа, биз ундан сабрни талаб қиламиз. Бойга эса сабрнинг кераги йўқ, шундайми?

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина «Ўткан кунлар» романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса, улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: «Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан руҳсат олиш шарт эмас». Дуруст, биринчи хотиннинг руҳсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? «Маълум қилгани дуруст». Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Ҳолбуки, никоҳ – ҳалол равишда оила қурганини барчага ошкор этиб қўймоқликдир. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига «узоқ сафарга кетяпман» , деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни, ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилади. Биз икки хотинлик биродарларимизни айбламоқчи эмасмиз, иккита хотин олиш мумкин эмас, деб таъқиқлаш ҳуқуқи бизда йўқ. Биз фақат икки ёки ундан кўп хотинга уйланган ёки шундай фикрда юрган биродарларимизни Аллоҳнинг адолат хусусидаги огоҳлантиришини унутмасликка чақирмоқчимиз. Шу огоҳлантиришдан келиб чиқадиган маъно: уйланган эрнинг хаёлида иккинчи хотин олиш орзуси бўлса, адолат қилиш ёки қилолмаслигини аввалдан аниқ билмоғи даркор. Агар адолат қила олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлса, иккинчи хотинга уйланиш хаёлидан воз кеча қолганлари дуруст. Аммо икки хотин ўртасида адолат ва инсоф ўрната олса, уларнинг оғирлигидан чўчимаса, ихтиёри ўзида. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу - адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишга мажбур. Яъни, еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир ҳил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Ислом фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.

«Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг барчаларига баробар меҳр кўсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўйманг (муаллақа аёл – эри бедарак кетган аёлдир. Эрим бор, деса – йўқ, беваман, деса – эри талоқ қилмаган). Агар (ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, Меҳрибон Зотдир» (Нисо сурасидан).

Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: «Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, қиёматда танаси яримта бўлғай» (Муҳаммад ат-Термизийнинг «Ал-жомеъ, ус-сағир» китобидан).

Оила асосини муҳаббат ташкил қилишини айтиб эдик. Муҳаббатда адолатни ўрнатиш қийин, эр ҳамма хотинларини бир хил сева олмайди. Эр ёш ва гўзалроқ бўлган иккинчи хотинини биринчисидан кўра кўпроқ яхши кўради. Аллоҳ таоло эса хотинлар ўртасида адл ва инсоф ўрнатишни талаб этяпти. Нима қилиш керак? Ислом йўлидаги эрга Аллоҳ таълим берадики: «Ҳақиқатда инсоф юзасидан ҳамма хотинларингизни бир ҳил севмоқчи бўласизлар. Лекин муҳаббатда адолат ўрнатмоқ сизларнинг иқтидорингиз доирасидан чиқади. Шундай экан, кўпроқ севадиган хотинингизга камроқ майл қилинг, токи бошқа хотин ранжимасин. Севмайдиган хотинни муҳаббат ва ҳурмат чегарасида тутиб турингиз, аслида севмасангиз ҳам зоҳирда шундай муомала қилингки, у ҳам севади, деб ўйласин».

Бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в.) хулқлари бизга ибратдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамизни (р.а.) бошқа хотинларидан кўпроқ севганлар. Аммо хотинлари ўртасидаги адолат мезонига риоя қилиб айтарканларким: «Ё Аллоҳим, иқтидорим борича хотинларим ўртасида адолат қилурман. Аммо ихтиёримда бўлмаган нарсага мени гирифтор этмагин, яъни ҳаммаларини бир хилда сева олмайман, мени авф этгин, чунки менинг қўлимда эмас». Ўз хотинларига қай даражада адолат қилиши лозимлигини билмай юрган эр учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шу муборак гаплари кифоя қилар? Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз (р.а.) шундай дейдилар: «Пайғамбарнинг аҳволлари оғир бўлганда, улар менинг хонамда қолишлари учун бошқа хотинларидан изн сўрадилар. Улар рози бўлдилар». Ислом дини кўп хотинлиликка шундай оғир шартлар билан ижозат беради. Шундай шартларга амал қилмай ёки аҳамият бермай икки ёки ундан кўп хотинга уйланган эрлар билиб қўйсинларки, уларнинг ишлари Қуръон ва ҳадисга хилофдир. Фарзандлари қалбига зулм қилганлари учун бу дунёнинг ўзида жазо олишларини унутмасинлар. Бу жазодан ташқари яна ҳисоб-китоб куни кутаётганини ҳам эсдан чиқармасинлар.

Ожиз ақлимизнинг хулосаси шуки, бу кунда ҳеч бир эр талаб қилинмиш адолат талабига жавоб бера олмайди. Шу боис битта хотинга кифоят қилсин ва қиёмат азобидан ўзини ҳимоят этсин.

Мавзу сўнггида кўпхотинлиликнинг жамиятга зарарини айтиб ўтмасак бўлмас. Тарихга назар ташласак, қудратли давлатларнинг парчаланиб кетганларига гувоҳ бўламиз. Нега шундай? Бунинг турли сабаблари мавжуд. Шу сабабларнинг энг асосийси подшоларнинг шаҳват балосига учраганларидир яъни тўхтовсиз ва беҳисоб уйланишларидир. Подшоларнинг хотинларидан туғилган фарзандлар расман ака-ука ҳисоблансалар-да, тож-тахтга ким ўтиради, деган муаммо кўтарилганида, жигарбандликни унутганлар. Ҳеч бўлмаса Мўъмин мирзо фожиасини эслайлик. Мўъмин мирзо Бадиуззамоннинг ўғли, яъни аввал зикр этганимиз Ҳусайн Бойқаро ажрашган хотиннинг набираси. Ҳусайн Бойқаро бу набирасига Астробод вилоятини инъом қилган, кейин эса Хадичабегимдан туғилган ўғлига ҳадя этди. Оқибат Бобур мирзо ёзганларидай: «Муҳаммад Мўъмин мирзони анинг (яъни Хадичабегимнинг) саъйи билан ўлтурдилар». Ҳусайн Бойқародан ўн тўрт ўғил ва ўн бир қиз қолган эди. Қизларни ҳисобга олмасак, бу ўғилларнинг қайси бири кўнглида тахт эгаллаш истаги бўлмаган? Амир Темур салтанатини кимлар ҳароб қилди? Темурзодалар...

Оила, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари хусусида адоқсиз равишда фикр юритиш мумкин. Чунки ҳар бир оила - ўзига хос бир олам. Бу оламнинг эса ўзига хос олам-олам қувончлари, олам-олам ташвишлари, олам-олам муаммолари мавжуд. Бу муаммоларни шариат ҳукми асосида ҳал этиш эса оила бошлиғи – эрнинг бурчи. Биз шу муаммоларни ҳал этишда унга холис бир маслаҳатчи бўлишга уриндик халос.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 404 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ