Сайт бўлимлари
Муддао
- Подробности
- Бўлим: Куёв болаларга...
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолога
иймон келтирган, Унинг марҳаматларига
умид қилган ҳолда сўз бошлаймиз.
“Парвардигор қудратининг нишоналаридан яна бири-
сизларни ўз жинсларингиздан таскин топишларингиз учун жуфтлар яратди ва ўрталарингизда муҳаббат ва меҳрибонлик пайдо қилди.
Парвардигорнинг бу ҳикматларида
фикр қилувчи одамлар учун ажойиб ибратлар бордир”.
(Қуръони Каримнинг Рум сурасидаги
оят маъносининг таржимаси.)
Ассалому алайкум, ардоқли ўғлон! Бугун сиз мунис онажонингиз мақтаган қиз билан учрашдингиз. Қизнинг ширин сўзлари дилингизни эритди, ширин жилмайиши ақлингизни олди, чиройи сизни ўзига ром этди. Сиз шундай гўзал, шундай иболи ва ҳаёли, шундай ақлли ва одобли қизга уйланишни орзу қилиб яшаётган эдингиз, мана, Аллоҳга шукр, ниятингизга етай деб қолдингиз. Бугунга қадар сиз қутлуғ оиланинг ардоқли ўғлони эдингиз, энди файзли оиланинг суюкли куёви бўлиш арафасида турибсиз. “Куёвни пайғамбарлар сийлаган”, деган гап бор, шунга кўра, халқимизда сиз кабиларни эркалатиб, “куёв тўра” деб шарафлайдилар. “Куёв тўра”ни “хонадон шаҳзодаси” деган маънода ҳам қабул қилишимиз мумкин. Ҳа, бугун шаҳзода мартабасидасиз, эрта-индин эса, улғайиб “оила” деб аталмиш салтанатнинг султони бўлажаксиз. Тўйдан кейин сиз ҳақингизда сўз кетар бўлса, “турмуш қурди”, дейдилар. Ҳа, оилани муаззам саройга, тўйдан кейинги ҳаётни эса шу саройни қуришга ўхшатадилар. Демак, сиз ҳам, суюкли келинпошшамиз ҳам қурувчи мақомидасизлар. Яшаётган уйингизни бобонгиз ёки дадангиз қуриб беришган. Лекин “оила” аталмиш саройни сизларга биров қуриб бермайди. Ғишт терувчи ҳам, сувоқчи ҳам ўзингизлар. Дурадгор ҳам, бўёқчи ҳам ўзингизлар. Бошқалар – устоз мақомида “ғиштни бундай тер, тўсинни бундай ташла”, деб маслаҳат берадилар холос. Бу маслаҳатлар кўпинча дуо кўринишида бўлади. Дуолар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам, ўзингизда бу бахтга интилиш бўлмаса, етолмайсиз. Амир Темур ҳазратлари бир шаҳарни қамал қилибдилар. Аъёнлари дебдиларки, “Эй амирим, дуо қилинг, шу шаҳарни олайлик”. Соҳибқирони акбар бунга жавобан дебдиларким: “Агар ҳар бир иш фақат дуо билан битса, Бадр жанги бўлмас эди”. Бу жавобда улуғ ҳикмат бор. Дуо ижобат бўлмоғи учун банданинг ўзи жону-жаҳди билан ҳаракат қилмоғи зарур. Агар сиз бахт қалъасини забт этмоқни ният қилган экансиз, ёпиқ дарвоза олдида тиланчи каби қўл очиб ўтираверсангиз, йиллар давоми емай-ичмай, ухламай, бедорлик билан кўз ёшлари тўкиб дуо қилиб чиқсангиз ҳам муродингиз ҳосил бўлмайди. Забт этмоқнинг шарти – ҳужум қилиш, тадбир ишлатиш, бир-икки ҳамла билан иш битмаса, тушкунликка тушмаслик, сабр қилиш ва кейинги ҳужумга тайёргарлик кўриш.
Қурадиган саройингиз “бахт” дея шарафланмоғи учун унинг пойдевори – иффат, ҳаё, ғиштлари – сабр ва шукр, девори иймон, томи – ақл ва иродадан; безаклари – фаросат, саховат, меҳрдан иборат бўлиши шарт... Одамлар сизга бахту омад тилашади, холос. Биров сизга битта ғишт олиб узатмайди. Аксинча, бахт саройини қуришингизга ҳалақит берадиганлар ҳам топилади. Агар сиз умрингизни улар билан олишишга сарфласангиз сарой қурилиши чала қолади.
Уйингизда тўй тадориги бошланган. Сизни бу жараён унча қизиқтирмайди. Ақлу хаёлингиз тўй куни келинсалом билан кириб келгувчи гўзалда! У остона ҳатлаши ҳамон назарингизда хонадонингиз осмонида саодат қуёши чарақлаб кетадигандай. Илоҳим шундай бўлсин! Лекин... ҳаётни фаслларга қиёслар бўлсак, тўй кунини эҳтимол, наврўзга ўхшатганимиз жоиздир? У ҳолда баҳор осмонига назар ташлайлик: қуёшли кун ҳам, юлдузли кеча ҳам фусункор. Лекин осмон қуёши юзини тўсгувчи булутлар бор, тўс-тўпалон билан ҳамла қилувчи шамоллар бор, тупроқни титиб юборувчи жалаю дўллар бор...
Сиз ҳаёт баҳоридаги бу ўзгаришларни енгишга тайёрмисиз? Табиатнинг ҳукмини ўзгартиришга инсон зотининг ақли ҳам, кучи ҳам етмайди: қуёшни осмонга михлаб қўя олмайди, булутларни эски чойшабни қоққандай тозалаш қўлидан келмайди. Ҳаёт баҳорининг осмонига эса сиз умр йўлдошингиз билан бирга ҳукмронсиз. Бу осмонда доимо ҳаловат қуёши порлаб турадими ё булут босиб, сел келадими – икковингизнинг ақл-заковатингизга, тарбиянгизга боғлиқ.
Ақлингиз тўлиша бошлагани билан ҳаёт тажрибаси бобида ҳали анча нўноқсиз. Афсуски, буни тан олгингиз келмайди. Ўзингизни ҳамма нарсани биладигандай, ҳамма муаммоларни бир пасда ечиб ташлайдигандай кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Бу даъвони инкор этманг, хўп денг. Шу сатрларни ёзаётиб, сизнинг хомушроқ чеҳрангизни кўз олдимга келтиряпман. “Хомушроқ” дейишимнинг сабаби, сиз ва сизнинг тенгдошларингизга ёши улуғроқ бир киши насиҳат қила бошласа, пешонангизни тириштирмасангиз ҳам, нохушлик либосига ўралиб оласиз. Феълингизни билганим учун қўлга қалам олган пайтимда насиҳат қилишни мақсад қилиб қўймадим. Аксинча, сиз билан яқин дўст сифатида суҳбатлашгим келди. Ҳозир қарияларнинг “бугунги ёшлар бузилиб кетяпти”, деган норози гаплари қулоққа чалиниб қолади. Буни сиз ҳам эшитгандирсиз, кўнглингиз оғригандир. Мен муҳтарам оқсоқолларимизнинг бу даъволарини тўғри дея олмайман. Худога шукр, ёшларимиз тўғри йўлдалар. Меҳр-оқибатдан узоқлашмаганлар. Агар “бузилиб кетиш” ҳақидаги даъволарини маъқуллаган тақдиримизда ҳам, энди уларнинг ўзларига даъво қилиб дейишимиз мумкинки: “Азизлар, агар ёшлар бузилиб кетаётган бўлса, демак, бунга биз-катталар айбдормиз. Чунки улар бизларнинг азиз фарзандларимиз. Улар осмондан тушгани йўқ. Уларни биз тарбия этдик. Улар бизларнинг гап-сўзларимизни эшитиб, ҳатти-ҳаракатларимизни кузатиб вояга етдилар. Сўканғич бўлсалар, сўкишларни гўдаклик чоғидаёқ унга ким ўргатган? Ғийбат хасталиги кимдан юққан?!”
Ҳа, азиз ўғлон, бундай даъволар чиққан пайтда мен сизларнинг шаънингизни кўксимни қалқон қилиб ҳимоя қиламан. Шунинг учун ҳам сиз билан ғойибона бўлса-да, сирдош дўст сифатида юзма-юз ўтирибман.
Ҳақиқат шуки, мен ҳам қирқ йил аввал сизнинг ёшингизда бўлганман. Мен ҳам ўзимни ақлли ҳисоблар эдим. Шу туфайли каттами ё кичикми хатолар қилинган. Озми-кўпми пушаймонлар бўлган. Мен бу гапларни ўз мисолимда айтяпман. Ҳолбуки, эллик-олтмиш ёшдан ошганларнинг барчаси ўтган умрига ўгирилиб қараса, армонли, ҳатто афсусли кунларни кўриши мумкин. Тенгдошлар билан учрашиб ёшлик эсланган дамда хатолар ёдга тушса, “агар катталар тўғри тарбия беришса, шу кўйга тушмас эдим”, деган гапни эшитиб қоламиз. Ёки: “биринчи хотиним яхши эди, ота-онам яраштиришга астойдил уринишганда яшаб кетардим, кейинги хотиним бошга битган бало бўлди”, деган таъналарни эшитамиз.
Албатта, дадангиз ёки бобонгиз ёки ёши улуғ қариндошларингиз сизга ҳаёт сабоқларини беришган. Тарбия ҳам олгансиз. Лекин тарбия – жонли жараён. Бу соҳада етилдим, деб тўхтаб бўлмайди.
Сизга кимдир биров камчилигингизни айтса, ранжийсиз-а? Ҳа, ранжийсиз, кўнглингиз ғашланади. Агар бу гап кўпчилик орасида айтилса, жаҳлингиз чиқиб, ғазаб тошларини ота бошлаганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Бировнинг камчилигини айтишнинг одоби бор: ёлғиз ўзига ҳилмлик билан билдирлиб, бу камчиликдан қутилиш йўллари кўрсатилади. Суҳбатларимиз давомида йигитларнинг камчиликлари ҳақида тез-тез гапиришга тўғри келгани боис, асосий мавзуга ўтишдан олдин бу ҳақда мухтасар тарзда сўзлашиб олганимиз маъқул.
Ҳазрат Алишер Навоий таъбирлари билан айтилса, кўнгил - бадан мулкининг подшоҳидир. Кўнгилнинг саломатлиги - баданнинг ҳам саломатлиги, унинг нотоблиги - бунинг ҳам нотоблигидир. Донолар демишларким: «Сен ўзингни кўрмоқ истайсанми? У ҳолда кўзгудаги ташқи қиёфангга эмас, ичингдаги кўзгуга боқ.» Биз эса... кунда неча бор кўзгуга қараймиз. Қалбимизга-чи?
Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қиладики: «Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорва кабидурлар, йўқ, улар (беақл ва бефаҳмликда) чорвалардан ҳам бадтардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.» (Аъроф сурасидаги оят маъносининг таржимаси.) Аллоҳ субҳонаҳу таолонинг бу сўзлари биз - бандаларни энг муҳим ишдан огоҳ этади. Яъниким, мусулмон киши қалбига эътибор бермоғи, қалбини кузатмоғи, қалбини ўнгламоғи ва турли маразлардан сақламоғи жоиз. Кимки ўз қалбини маразлардан сақлашга эътиборсиз экан, унинг билган-билмаган дардлари янада кўпаяр. Зеро, солиҳ амалларнинг ажри ҳам қалбга боғлиқдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Огоҳ бўлинг! Танангизда бир парча гўшт бор. Агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у - қалбдир!» - деб бекорга хитоб қилмаганлар. Ибн Масъуд ҳазратлари деган эканларким: «Жисмингиз қанчалик соғлом бўлмасин, қалбингиз мараз экан, билингким, Аллоҳ наздида, сиз митти қўнғиздан ҳам ҳақирроқдирсиз».
Ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолий «Мукошафат ул-қулуб» (Қалблар кашфиёти) китобларида дейдиларким: «Билки, Аллоҳ бир бандасига хайр ато этмоқчи бўлса, унга ўз нафсининг қусур ва айбларини кўра оладиган басират беради. Кимнингки басирати ўткир бўлса, қусур ва айблари ўзига албатта кўринажак. Киши ўз айбларини билганда эса, уларни даволаш имконига эга бўлади. Лекин, афсуским, инсонларнинг кўпчилиги ўз қусур ва айбларини кўрмайди. Аҳвол шундайки, баъзан киши бир мўъмин қардошининг кўзидаги тариқдай кирни кўради-ю аммо ўз кўзидаги ёнғоқдай доғни кўрмайди. Кимки ўз нафсининг айбларини кўрмоқчи бўлса, бениҳоя тўғри, басиратли киши билан дўст тутинмоғи жоиз. Токи бу дўст унинг аҳволини, ҳаракат ва атворларини кўз остида тутсин. Зоҳирий ёки ботиний хунук бир феълини кўрса, унга танбеҳ берсин.»
Улуғ алломанинг фикрларига қўшимча қилиб дейишимиз мумкинки, «басиратли дўст» атамасини китобларга нисбатан ҳам қўлласак бўлади. Бу ўринда китобларнинг энг улуғи, Аллоҳнинг биз - бандаларига берган улуғ неъмати - Қуръони Каримни, ҳадиси қудсийни ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳиҳ ҳадислари жамланган китобни ҳамда буларга асосланиб ёзилган доноларнинг битикларини назарда тутяпмиз. Буларни ҳамиша ўқиб юрувчи, тушуниб, тўғри англовчи ва ўқиганларига амал қилғувчи киши ҳеч қачон адашмайди.
Қадим-қадимдан комиллик мартабасига етгганлар шундай йўлни тутганлар, яъни: Қуръон ва ҳадисларга амал қилганлар ва пок ниятли дўстларининг насиҳатига қулоқ солганлар. Ҳазрати Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, «Менга айбларимни кўрсатувчи кимсага Аллоҳ хайр берсин!» деб дуо қилар эканлар. У муҳтарам зот кўпинча Солмон Форсийга, Аллоҳ ундан рози бўлсин, мурожаат қилар эканлар. Бир куни «Менинг айб ва қусурларимни айтинг», деганларида Солмон Форсий аввал у ҳазратдан узр сўраб кейин: «Эшитишимча, дастурхонга икки ҳил зиравор қўйдирармишсиз. Бири кундузи, иккинчиси кечаси киядиган махсус икки шимингиз бор эмиш?» - дебдилар. Ҳазрат Умар бу дашномни эшитиб: «Булардан бошқа яна айбим борми?» - деб сўрабдилар. Солмон Форсий «Йўқ», - деб жавоб қилганларида у шарафли зот: «Шу иккиси ҳам менга етарли», - деган эканлар. Ҳазрати Умар Ҳузайфадан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ҳам ўз қусур ва айбларини сўраб турар эканлар. Ҳатто бир куни у кишидан: «Сен мунофиқлар масаласида Аллоҳ Расулининг сирдоши эдинг. Менда мунофиқлик аломатларидан бирон белги кўрасанми?» - деб сўраган эканлар. Ҳазрати Умар ўз қадр-қимматларининг юксаклигига ва мартабаларининг баландлигига қарамай, ўз нафсларини ҳамиша шундай шубҳа остида тутар эканлар. Ғаззолий ҳазратлари таъкид этмишларким: «одам қанчалик ақлли ва даража жиҳатидан қанча юксак бўлса, кибр ва ҳаво жиҳатидан шу даража кичик бўлади. Нафсини энг катта шубҳа остида тутадиган инсон ҳам шудир».
«Лекин, очиғини айтганда, бундай ҳислатларнинг баҳоси ошиб кетди. Жуда оз кишилар бундай феъл-атворларга эгадирлар. Дўсту улфат, ошна-оғайнилар орасида бир-бирига лаганбардорлик қилмайдиганлар, бирининг айб ва қусурларини наридан бери ёймайдиганлар, ҳасад қилмайдиганлар жуда озайиб кетди. Дўст-улфат, ошна-оғайнилар ичида, ҳеч шак-шубҳасиз, ҳасадгўйлар, ғаразгўйлик билан иш юритиб, айб ва қусур бўлмаган бир ҳаракатингни айб ва қусур деб гап тарқатувчилар ёҳуд табиий лаганбардорлиги туфайли қусур ва айбларингни юзингга айтмайдиганлар бор. Мана шундай сабабларга кўра Довуд Тоий инсонлардан ажрашиб кетган эди. Ўзидан: «Нега инсонлар билан ош-қатиқ бўлмайсан?» деб сўралганида у шундай жавоб берганди:
- Менга айб ва қусурларимни айтмайдиган инсонлар билан яқин юриб нима қиламан? Диндор кишилар учун энг севимли нарса - бошқаларнинг танбеҳи билан ўз қусур ва айбларидан воқиф бўлмоқдир.
Мана, буюкларимизнинг ҳоли!.. Афсуски, бизнинг замонамизда иш терсига қараб кетди. Аҳвол шу даражага етдики, энди бизларга насиҳат қиладиган, айб ва қусурларимизни айтадиган кишиларни энг ёмон инсонлар ўрнида кўрадиган бўлиб қолдик. Бу - иймонимиз заифлашганининг аломатидир. Чунки ёмон феъл-атворлар - чақонғич илонлар ва чаёнлардир. Агар либосимиз этагига бир чаён ёпишиб, чақай деб турганда бизга биров бундан хабар берса, албатта унга миннатдор сўзларимизни айтамиз, севинамиз ва чаённи чертиб ташлаб, ўлдиришга чоғланамиз. Ҳолбуки, бу чаённинг зарари бадангадир, берадиган азоби эса бир кун, ярим кун давом этади. Ёмон ахлоқнинг қалб софлигига берадиган зарари эса қўрқинчлироқдир, ўлимдан кейин эса абадиян ва ё мингларча йил давом этадиган қўрққуликдир. Шуни биламизми? Билсак, нечун биров бизга қусур ва айбларимизни айтса, бундан севинмаймиз, бу қусур ва айбларни йўқотиш билан машғул бўлмаймиз. Аксинча, биз ҳам у кимсага насиҳат қилишга киришамиз ва шундай деймиз:
- Ўзинг ҳам шундай-шундай қиласан. Ўзингнинг ҳам шундай қусурларинг бор!
Унинг насиҳатини шу тариқа қабул этамиз ва тескарисини қилиб, орада душманчилик туғилишига сабабчи бўламиз. Бу ҳол - гуноҳлар кўплиги сабаб бўлган қалб қашшоқлигидандир. Буларнинг асли эса иймоннинг заифлигидандир...»
Ардоқли ўғлон, мазкур сатрларни ўқиб «Тўғри гаплар...» дегандирсиз? Ҳа, баракалла! Лекин нима учун қўштирноқ орасида баён қилдик, шунга аҳамият бердингизми? Гап шундаки, бу ақлли гапларни биз тўқимадик, балки Абу Ҳомид Ғаззолийнинг китобларидан кўчирдик. Қаранг, бундан салкам минг йил муқаддам айтилган фикрлар бугунги кунга мос келиб турса? Бу нима, асрлар давомида инсонлар яхшилик сари силжимадиларми? Иймон заифлиги то ҳануз сақланиб қоляптими? Йўқ, бундай хулосага бормаслик керак. Бадбинликка берилмоқ ҳам ўринсиздир. Ҳар замонанинг ўзига яраша фазилатлари ва ўзига ҳос қусурлари мавжуд. Бу фоний дунё - имтиҳон дунёси экан, ҳар бир авлод бу имтиҳондан ўзига ҳос тарзда ўтади. Ҳар бир авлоднинг афзалликлари ва гуноҳлари ҳам бўлади. Шайтон алайҳилаъна то қиёматга қадар одамзотга душманлик қилар экан, то қиёматга қадар унга қарши жиҳод - руҳий жиҳод давом этажакдир. Агар бир биродаримизни безори ураётганини кўрсак, унга ёрдам беришга шошиламиз. Аммо не учун шайтон васвасасига тушиб қолган қариндошимизни, қўшнимиз ёки дўстимизни қутқаришга шошилмаймиз?
Ҳазрат Навоий таъкид этганларидек: «шафқатли насиҳатгўй гапини тингламаганнинг жазоси - афсусланмоқ ва ўзини койимоқдир». Ҳазрат Ҳофиз Шерозий дейдиларким: «Доно қарияларнинг насиҳатига бахтли ёшларгина қулоқ соладилар». Абдураҳмон Жомий эса бундай дейдилар:
«Қулоқдан дилингга гар кирмаса нур
Сичқон кавагидан не фарқи бўлур?»
Донолардан бири деган экан: «Эй дўстим, агар сенда фазл дарёсининг дур-гавҳари бор бўлса, уларни насиҳатларингни қабул қилиб, шу насиҳатларга амал қилувчи яхшиларнинг оёқлари остига тўк. Насиҳатларинг зое кетмайди».
Халқимизда «Гапни гапир уққанга - жонни жонга суққанга» деган ибратли мақол бор. Маълумингизким, ҳазрати Сўфий Оллоҳёр «Саботул ожизийн» асарларини аввал форс тилида ёзиб сўнг туркий тилда ҳам баён қилганлар:
Ўзимдек хасталар бўлғайму деб шод,
Насойиҳдин ҳам андак айладим ёд.
Демоқчиларким: «Бу китобни туркий билан ёзганимнинг яна бир сабаби шуки, ўзим каби хаста кўнгиллар уни ўқиб қувонсинлар. Бунинг учун бир оз насиҳат сўзлар ҳам айтдимки, ўқиганлар ўгитлансинлар. Зероки, эси бор киши оз насиҳатдан кўп ибрат олар. Аммо бир аҳмоқ учун ваъздан катта китоб ўқиб берсанг ҳам зарра фойда олмайди».
Насиҳат тингламас дили сахт маҳжуб,
Кўкармас, тошга йағмур ёғса ҳам кўп.
Демоқчиларким: «Тош устига қанчалик кўп ёмғир ёғиб сув тушса-да, ўт чиқиб кўкармагани каби кўнгли қотган кишиларга қанчалик ўгитлар қилсанг ҳам қулоқларига олмаслар. Ўзлари учун бирор фойда ола билмаслар».
Бу гаплардан кейин ёшларга хос камчиликларни очиқ-ошкор баён қилсак, ранжимайсиз, аксинча, тузатиш чорасини топасиз, деган умиддаман.
Энди каминани бу суҳбатга чорлаган сабаблар хусусида:
Эҳтимол, бу суҳбатдан аввал ҳам сиз билан қайсидир китоб баҳонасида ё ғойибона ё юзма-юз учрашгандирмиз. Тарбияга доир бир неча китоблар нашр қилдирганимиздан хабардордирсиз. Балки “Одамийлик мулки”, эҳтимол “Келинлар дафтарига”ни ўқигандирсиз. “Келинлар дафтарига”ни ўқиган суюкли қизларимиз ҳам, ота-оналар ҳам йигитлар, яъни куёв тўралар билан ҳам суҳбат қилишга даъват эта бошладилар. Китоб “Келинлар дафтарига” дб номлангани билан унда куёвларга, қайнота-қайноналарга тегишли гаплар ҳам бор эди. Мухлисларимизга бу камлик қилибди. Таклифни ўйлай-ўйлай куёв тўраларимизга аталган бошқа гаплар ҳам борлигига ишонч ҳосил қилдим ва алоҳида суҳбатга тайёргарлик кўрдим. Тайёргарлик ниҳоясига етиб, Аллоҳдан бу ишимизнинг ҳам хайрли оқибатини беришни илтижо қилган ҳолда қўлга қалам олдим. Гарчи бу китоб куёв тўраларга аталган бўлса-да, унда суюкли келинларимизга, талабчан ва меҳрибон қайнона-қайноталарга айтадиган гапларимиз ҳам бўлади. Шу боис бу рисолага “оила китоби” деб сифат беришни маъқул кўрдим. Китобни “Куёвлар дафтарига” деб номлаш ҳақидаги таклифларни инобатга олмаганимнинг сабаби бор: кундалик дафтар тутиш қизларга хос, йигитларимиз бу борада анча эринчоқлар. Улар гурунгни хушлашгани учун рисолага шу тарзда тартиб бердик. Суҳбатимиз давомида аввалги китобларда баён этилган оятлар, шарафли ҳадислар, ҳикматлар ёки айрим фикрлар ҳам тилга олинадиги буни хотира заифлиги оқибатида юзага келувчи такрор камчилиги деб айбламагайсиз. Бу такрорлардан мақсадимиз ўша мавзуларга яна бир диққатни қаратишдир, унинг зарур аҳамиятини таъкид этишдир.
Азиз ўғлон, суюкли куёв тўра, суҳбатга кўнглингиз очиқ бўлса, гурунгни дадангизга, умуман, барча оталарга мурожаат қилиш билан бошлайман. Зеро, сиз ҳам яқин орада ота бўласизки, айтилажак гаплар сизга ҳам тўла ҳолда тегишлидир.
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 863 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар