1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Куёвнинг келин ҳузурига дастлабки кириши

Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалиб кетгандан сўнг, одатда, куёвнинг алоҳида тайёрланган хонада кутиб ўтирган келин ҳузурига дастлаб киришига алоҳида эътибор берилиши турган гап. Албатта, бир умрлик савдо бўлмиш никоҳли ҳаётни амалий бошлаш ҳодисаси алоҳида ҳис-ҳаяжон, орзу-истаклар билан тўлиб-тошган бўлиши муаррар. Бундай пайтда қилинадиган ҳар бир иш, босиладиган ҳар бир қадам ва айтиладиган ҳар бир сўз умр бўйи эсда қоладиган бўлиши ҳам табиий.
Шунинг учун бўлса керак, одамларда бу ҳодисага алоҳида аҳамият бериш одати бор. Ушбу муносабат ила келажак ҳаётнинг бахтли бўлишига оид деб ўйланган ирим-сиримлар ҳам кўпайган. Айниқса, аёллар ичидаги гап-сўзлар, келин-куёвга бериладиган маслаҳатлар ҳам кўпайиб кетган.
Баъзи жойларда авваллари, келиннинг ризқи ўзи билан кирсин деб, янги уйга кириб келаётган келиннинг бошига нон боғлаб қўйишар, келин билан куёв ўз хоналарида дастлаб кўришганда ким иккинчисининг оёғини олдин босиб олса, оилада ўшанинг гапи ўтадиган бўлади, дейишарди. Яна, келин-куёвга ойнани кўрсатиб, қандайдир саволлар беришар ва ўша саволларга мос жавоб беришни талаб ҳам қилишарди. Ҳатто баъзи китобларда куёв уйнинг бурчагида оёғини ювиши ва яна нималардир қилиши кераклиги ҳақида ёзилган ҳам экан. Одамлар ўша ёзилган нарсаларга амал қилиш ёки қилмаслик борасида саволлар ҳам беришганди.
Эҳтимол, бундан бошқа гап-сўзлар, бидъат- хурофотлар ҳам бордир. Эҳтимол, кўплари йўқолиб ҳам кетгандир. Лекин шаръий тушунчаларда бу ҳақда қандай кўрсатмалар борлиги билан ҳар бир мусулмон шахс қизиқиши турган гап. Уламолар куёв келиннинг олдига биринчи бор кирганида нималар қилиши кераклиги ҳақида унча кўп гапларни айтмаганлар ва ривоятларни келтирмаганлар. Бу тўғрисида ушбу сатрларни ёзишдан олдин ҳозирги воситалар орқали ҳам қидириб кўриб, унчалар кўп нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилинди. Яъни, маълумот кўплигидан қай бирини олиш қийинлашадиган даражада эмаслиги аён бўлди. Ўзимиз аввал ёзган баъзи нарсаларга кейин топган маълумотларни қўшиб, тақдим этишга ижозат бергайсиз.
Дастлабки маълумот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо олдиларига тўйдан кейин биринчи киришларидан олдин уларга қилган ишлари ва дуолари ҳақидадир.
«Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Алий ибн Абу Толибга:
«Эй Алий, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.
Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Менда бир қўчқор бор!» – деди.
Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди. Зиёфатдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толибга:
«Менга учрамагунча бир нарса қилмай тур», – дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳа турган жойга бордилар-да, у кишига:
«Менга сув келтир», – дедилар.
Келинликка тайёрланиб олган Фотима розияллоҳу анҳо бир идишда сув келтирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан Фотима розияллоҳу анҳонинг кўксиларига ва бошларига сепдилар-да:
«Аллоҳим, мен Сендан бунга ва бунинг зурриётларига шайтони рожиймнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», – дедилар.
Сўнгра у зот яна сув келтиришни талаб қилдилар. Бу сафар Алий ибн Абу Толиб бориб, ҳалиги идишда сув келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам худди Фотима розияллоҳу анҳога қилган ишларни ва дуоларни қилдилар ва:
«Аллоҳим, икковларига барака бергин, икковларининг устиларидан барака нозил қилгин ва икковларининг зурриётларини баракали қилгин», – дедилар.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки муаввизатайнни тиловат қилдилар ва:
«Ўз аҳлинг олдига Аллоҳнинг исми ва баракаси ила киравер», – дедилар».
Ушбу иқтибосдан куёвнинг келин олдига биринчи бор киришидан олдин қавмнинг катталари қиладиган ишлар ва дуолар ҳақида маълумот олишимиз мумкин.
– Куёв келиннинг олдига биринчи бор киришида хурсанд¬лик, очиқ чеҳра ва мулойимлик билан кириши кераклиги китоб¬ларимизда тавсия қилинган. Чунки, келин ҳис-ҳаяжонда, хавфда, хижолат ва ўзгача ҳолатда туради. Куёв «бисмиллаҳ»ни айтиб, ўнг оёқ билан салом бериб киради. Сўнгра келиннинг пешонасига қўлини қўйиб туриб, қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди.
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилишади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Аллоҳумма! Иннии асъалука хойраҳаа ва хойра маа жабалтаҳаа ъалайҳи. Ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва мин шарри маа жабалтаҳаа ъалайҳ», – десин».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман».
Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга, уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам жуда яхшидир. Албатта, ўшандай бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб дуо қилмоқ муҳимдир.
Сўнгра икковлари биргаликда – куёв имом бўлиб, келин орқада иқтидо қилиб – икки ракъат намоз ўқисалар, жуда ҳам яхши бўлади. Ҳар ким ўзи ўқиса ҳам бўлаверади.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракъат намоз ўқисин, у(келин)га ҳам ортида икки ракъат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир».
Баззор ривоят қилган.
Албатта, бу каби намозлар хайрга, баракага, яхшиликка сабаб бўлиши турган гап. Мусулмон инсон учун намоз унинг ҳаётидаги энг азиз нарсадир.
Юқорида келтирилган нарсалар куёв ва келинлар учун уларнинг биринчи кечаларида яхши ният ила ихтиёрий қилинадиган ишлар ва дуолардан иборатдир. Яхши умид ила қилса, гўзал иш бўлади. Аммо қилмаса, шаръий жиҳатдан ҳечқиси йўқ. Буларни қилмаганлар «бу ишларни қилмаган эдик, энди нима бўлади?» деган хаёлларга бормасликлари лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 704 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ