1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркак қачон йиғлайди?

Мана бу эркакнинг гапларига эътибор беринг-а:
“... Фарзандсизлик сабабидан  биринчи турмушим бузилди. Аёлим билан она томондан қариндошчилигимиз бор эди. Ажрашиб, бошқасига уйлангунимча “Сиз қилдингиз, мени қариндошингизга уйлантириб бахтсиз қилдингиз. Тенгдошларимнинг икки-учта фарзанди бор, мен эса бошимни эгиб юраман” деб онам бояқишни ҳам кўз очирмадим.  Иккинчи турмушимдан фарзандли бўлдим. Бирин-кетин ўғил-қизларимиз туғилди. Аммо аёлим билан ҳеч муносабатимиз ўнгланмади. Хотиним на мени, на қариндошларимни одам ўрнида кўрмайди. Оилавий уруш-жанжалларимиздан қариндош-уруғ, ота-онам, жишгарларим безиб кетишган. Уйимизга ҳам келишмайди. Опа-сингилларим мени соғинишса, укаларимникига келиб чақиртириб кўришади. Аянчли аҳволимни ўйлаб эзиламан. Ажрашай десам, бир пайтлари туғмади деб биринчи оиламдан ажрашганман. Энди уч бола билан хотин қўйсам, эл-юрт бетимга тупирмайдими? Чидашдан бошқа иложим йўқ. Бу бировга айтгулик дард ҳам эмас. Ўзимдан ўтгани Ўзига аён. Кўз ёшларим ичимга оқади...”
Аксарият аёллар эр олдидаги аёллик вазифаси деганда рўзғор юмушларини тушунишади. Камдан кам аёллар рафиқалик масъулиятини ҳис қиладилар. Эрга, жуфти ҳалолига дўст бўлиш, кўнгилдош бўлиш, эрнинг яқинларига мурувват, оқибат  кўрсатиш илмини олмаган аёллар саодат калитини умрбод тополмай ўтадилар. Вовайлоки, бундайлар қўрс, тангу тор феъллари билан ўзларига жаннат эшикларини ёпишади.
Эркак- пир дейди кексалар. Эрнинг дилини оғритиб, жуфтига озор бериб хотиржам тортадиган аёллар

Фарзандларининг душманидир!

Жанжал, шовқин-сурон, зиддиятлар ичида ўстирган болалари билан жамиятга зарар етказадиганлар ҳақида аввалги мулоҳазаларимизда кўп гапирганмиз.Балки, кўнгли ўксик, нигоҳлари маъюс, кўз ёшлари юрагига оқаётган эркаклар ҳам бир пайтлари беҳаловат оилада вояга етган болалардир, деб ҳам ўйлаб қолади киши.
Таҳририятга навоийлик йигитдан мактуб келган экан. Мактуб муаллифининг айтишича, отаси вафот этгач, ука-сингилларини боқиш, онасига ёрдам бериш учун йигит мактабдаги ўқишини ҳам чала ташлаб, пул топиш учун кўчага чиқиб кетган экан. Бир муддат кишиларнинг ишини қилиб, гоҳ бозорда аравакашлик, гоҳ мардикорчилик қилибпул топиб онасига қарашиб юрган йигит ўн етти ёшида кўчадан ортирган танишлари билан Россия давлатига иш излаб кетади. Чет элда ҳам “мана сенга нон” деб ҳеч ким текин ошни тутқазиб қўймайди. Қанча пайт сарсону саргардонликда юриб бир амаллаб иш топади. Ишлари ўнгланиб, оиласига пул жўнатиб, рўзғорнинг кам-кўстини  бутлашга киришган йигит нақ ўн беш йил Россияда ишлаб қолади. Бу орада онасининг қабатига кириб, ўзи бошчилик қилиб сингилларини узатади, укаларини уйлантиради. Ўғил жигарларига алоҳида уй-жойлар, ҳатто енгил автомашиналар қилиб беради. “... Ука-сингилларим отаси бор тенгдошларини кўрганда ўксинмасин, отам тирик бўлганида биз ҳам яхши яшардик, ҳеч кимдан кам бўлмасдик, деб армон қилмаслиги учун бегона юртларда кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилдим,- дейди йигит хатида.- Уйга келганимда, уёқлардан телефон қилганимда онам уйланишни қистайверардилар.Мен ҳар гал турли баҳоналар билан уйланишни пайсалга солардим. Сабаби, кўп аёлларни кўрганман, эрининг яқинларига астойдил дўст бўлолмайди. Эри жигарларига қайишишини, ёрдам беришини хоҳламайди. Минг хотиним оқила бўлсин, туғишганларимга меҳрибон бўлсин деб орзу қилганингиз билан хаёл бошқа, ҳаёт бошқа экани айни ҳақиқат. Қисқаси, жигарларимни ўйлаб, уйлансам уларга ёрдам беролмаслигимдан чўчиб вақтида оила қурмадим. Бир йил аввал Россияда иш жойимда бахтсиз фожиа юз бериб, ногирон бўлиб қолдим ва ишга яроқсиз  аҳволда юртга қайтдим. Айни пайтда онам билан яшаймиз.  Бир пайтлари Россияда топаётган пулимга ишониб, пенсияга чиқишни,куч-қувватдан қолишни ўйламаган эканман. Эндиликда онамнинг қарилик пенсияларига қараб қолганман. Оғир ишларга ярамайман, баъзан ўзимни эплаб юрганимга ҳам шукр қиламан. Бир куни тасодифанонамнинг укаларимга “акангга мос бирор қиз топайлик, ахир у ҳам дунёга умид билан келган-ку. Шундоқ ўтиб кетаверадими” деб зорланганларини эшитиб қолдим. Укаларим эса онамнинг кўз ёшларига парво қилмай, “акамга ким ҳам тегарди?! Энди бир ками, ногирон, ўз қорнини тўйдиришга ярамайдиган акамга қизингизни беринг деб одамларнинг остонасига бош уришимиз қолувди” дейишди истеҳзо билан. Юрагимга заҳарли ханжар урилди, гўё. Миннат қилмайман, аммо мен жигарларим бировдан кам бўлмасин деб шу аҳволга тушдим-ку.Наҳотки, оғир кунимда яқинларим мени қўллаш ўрнига тепкилашдан тойишмаса?! Мени ўйлашмаса ҳам, онамни андишасини қилса бўлармиди. Она фарзандининг қисмати маломат қилинишига чидолмайдику... Укаларимнинг оқибатсизлигини кўриб ич-ичимдан хўрсиниқ бўғади. Онамга сездирмай йиғлаб ҳам оламан...”
Мактубни ўқир эканман, қадри учун куйиниб, ори учун ўксиниб ёш тўкаётган йигит гавдаланди кўз ўнгимда. Йигитнинг жигарлари туғишган биродарларининг  маҳзун нигоҳларида қалқиётган ёшни пайқамайдиган даражада жоҳил эканмилар...
Эркак қачон йиғлайди? Қачонки, иззат –нафси топталса. Қачонки, қадр-қиймати оёқ ости қилинса. Қачонки, ўзи учун энг қадрли, энг азиз ва энг мътабар кишисидан айрилса. Қачонки, у  ҒУРУРли бўлса. Ориятли, ғурурли эркаккина номус учун ёш тўкади.  Ва... эркакнинг кўнглига қарата узилган ўқ ҳам унинг кўз ёшларига сабаб бўлади.
“Кулишни билмайдиган одам- бахтсиз одам. Йиғлашни билмайдиган одам эса икки ҳисса бахтсиз одамдир” деган экан қайсидир аҳли дониш.Хоҳ эркакдир, хоҳ аёлдир баъзида йиғлаб тургани, кўз ёшлари билан кўнгил ғуборларини ювиб тургани маъқул. Лекин ҳеч ким бевақту бемаврид йиғига рўпара келмасин. Яна эркакнинг номус учун, топталган қадру ғурури учун ёш тўкканига ҳеч қачон гувоҳ бўлмайлик. Бир сўз билан айтганда, йигит йиғламасин дунёда...

ФАРЗОНА

Ҳозир сайтимизда 680 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ