1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Холецистит ҳақида

Холецестит ўт пуфагининг яллиғланиши бўлиб, нотўғри овқатланиш, сурункали қабзият, турли хил инфекцион хасталиклар туфайли келиб чиқади. Ўз вақтида даволанмаган холецистит сурункали турга ўтади ва кейинчалик ўт-тош касаллигига айланиб кетади.
Белгилар бошланса…
Беморнинг ўнг биқинда – қовурғаси остида тўсатдан қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Кўнгли айнаши, қусиши мумкин. Тана ҳарорати бироз кўтарилади. Баъзида оғриқ кучайиб, ўнг қўл ва ўнг куракка тарқалади. Кўп ҳолларда касалликнинг иккинчи ё учинчи куни тери ва кўз оқи сарғаяди. Сийдик қизғиш-сариқ ранга киради.
Ўткир холецистит аксарият вақтларда ёғли таомларни кўп егандан кейин бошланади. Бемор оғриқ бошланиши биланоқ уйга врач чақиради, у келгунча грелка қўйиши, меъдасини ювиши ёки сурги дорилар ичиши асло мумкин эмас. Ўткир холецистит билан оғриган беморлар касалхонада даволанишади.
Сурункали холецистит кўпинча ўткир холециститнинг бир неча бор хуружидан сўнг кузатилади. Бунда беморнинг ўнг қовурғаси остида ғижимловчи оғриқ туради. Айниқса, ёғли овқат истеъмол қилгандан сўнг оғриқ зўраяди. Қориннинг юқори қисмида оғирлик сезилади. Кўнгил айниб, кекирик пайдо бўлади. Сурункали холециститни шифохоналарда, санаторийларда даволаш яхши наф беради. Шифокор тавсия этган дори-дармонларни тўғри қабул қилиш лозим. Агар бемор даволанмасдан бепарво юраверса, унда ўт-тош касаллиги юзага  келади.
Ўт-тош касаллиги
Секин-аста ривожланадиган бу касалликда бемор ўнг қовурғаси остида бир неча йиллар давомида кучсиз оғриқни ҳис қилиб юради. Оғзи тахирлашиб, жиғилдони қайнайди. Баъзан ўнг қовурға остида санчиқ туриб, оғриқ қорин, ўнг кўкрак, ўнг елка, ўмровга тарқалади. Бу аломатлар ўт пуфагида тош пайдо бўлганини билдиради.
Қовурилган, мариновка қилинган ва дудланган маҳсулотларни истеъмол қилганда беморнинг кўнгли айнаши ва қорни соҳасида оғирлик сезиши мумкин. Қорин дам бўлиши ва қабзият ҳам ўт-тош касаллигига туртки беради. Чунки бундай ҳолларда ўт пуфагида ўт димланиши юз бериб, бора-бора ўт халтасида тош йиғилишига олиб келади. Ўт-тош касаллиги кучайганда фақат жарроҳлик усули қўлланади.
Нима қилмоқ керак?
1. Холециститга чалинган беморлар, айниқса, кечқурунлари аччиқ ва ёғли таомларни истеъмол қилишни чекланишлари керак.
2. Таомлар янги пиширилган бўлиши шарт, бемор ўта тўйиб овқатланмаслиги лозим.
3. Гўшт ва балиқнинг ёғли турлари, қўй ва мол ёғи, какао ичимлиги, шоколадлар, тухум сариғини ейишдан сақланинг.
4. Сутли таомлар ва творог, ёғсиз қатиқ, сузма, шунингдек ҳўл мева ва сабзавотлар тавсия этилади. Ичнинг равон келишига аҳамият беринг.
5. Семириш ва моддалар алмашинувининг бузилишига йўл қўймаслик керак. Камҳаракат бўлманг, эрталаблари енгил бадантарбия қилишга одатланинг.
6. Танадаги инфекция манбалари (касал тишлар, томоқ оғриғи, яъни, фарингит ва тонзиллит кабилар)ни ўз вақтида даволатинг.
7. Гўштни қайнатиб ё буғда пишириб истеъмол қилинг.
8. Овқатни ўсимлик ёғида тайёрлаш лозим. Оз-оздан тез-тез овқатланган маъқул.
9. Спиртли ичимликлар ичиш ва чекиш ҳам касалликни баттар оғирлаштиради. Бадҳазм овқатлардан сўнг ишқорли минерал сувлар ичишингиз мумкин.
10. Агар оила аъзоларингизнинг бирортасида (бобо ё буви, ота-она ва яқин қариндошларда) холецистит ёки ўт-тош касаллиги бор бўлса, сизда ҳам шунга мойиллик кузатилади, демак, касалликни бартараф этиш мақсадида юқоридаги барча маслаҳатларга амал қилишингиз шарт.
Халқ табобатидан
- Холециститни даволашда маккажўхори попуги ёрдам беради. Ундан қайнатма тайёрлаш усули: 2-4 қошиғи бир ярим стакан қайноқ сувда ярим соат милдиратиб қайнатилади. Кейин докада сузилади. Уч-тўрт соатда бир марта икки ош қошиқдан ичилади.
- Ўт пуфагида тош йиғилганда кашнич ва унинг илдизини қайнатиб ичиш лозим. Ушбу қайнатма ўт ҳайдайди, ўт пуфагидаги тошни туширишгаям ёрдам беради.
- Ибн Сино эрмон ўсимлигининг ер устки қисмидан тайёрланган дамламани ўт пуфаги касалликларида ичишни буюрган. Дамламани тайёрлаш учун икки стакан қайнаб турган сувни бир чой қошиқ майдаланган эрмон устига қуйиш ва оғзи ёпиқ идишда дамланади. Сўнг докада сузиб олинади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади.
- Ўт пуфаги хасталанган бор беморлар наъматак, ёнғоқ, лимон, апельсин, карам, картошка, помидор, шивит ва кашнични мумкин қадар кўпроқ истеъмол этсалар, фойдаси бор.

Ҳозир сайтимизда 111 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ