1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Узоқ умр кўриб, ёш ўлмоқ керак

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР ЁХУД УЗОҚ УМР КЎРИШ СИРЛАРИ

Инсоният қадим замонлардан буён узоқ умр кўриш сирларини топишга ҳаракат қилади. Америкада истиқомат қилган Испан тадқиқотчиси Понсе де Мон инсон организмида “ёшлик фаввораси”, профессор Мечников “қарилик заҳри”, Циолковский эса “ҳис этувчи ва фикрловчи атомлар” мавжуд деб ҳисоблаб, бу борада кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борган. Биз билан замондош геронтологлар (умрни узайтириш билан боғлиқ фан мутахассислари) билдираётган фикрларга кўра, яқин келажакда инсонлар 200 йил, ҳатто 300 йиллаб умр кўрадилар. Ушбу фикрни тасдиқловчи далиллар бор.

“ҚАРИЛИК ГЕНЛАРИ”

Монреаллик генетик олимлар томонидан қуртларда “гениогенлар” (“қарилик генлари”) кашф қилинди. Олимлар тадқиқот давомида “қарилик генлари”ни олиб ташлашгач, қуртларнинг умри 5 баробарга узайди. Айни пайтда уларининг фаоллиги ошиш билан бирга озиқланишга бўлган эҳтиёжи кескин камайди. Орадан кўп ўтмай инсон аъзоларида ҳам “қарилик генлари” борлиги аниқланди. Эндиликда олимлар мазкур масалага жиддий ёндошсалар инсон умри бир неча баробарга узайиши мумкин.

ОЧЛИК МЎЪЖИЗАСИ

Соҳа олимларининг таъкидлашича, инсон аъзоларида пайдо бўладиган кислороднинг фаол шакллари унинг кексайиш жараёнини тезлаштиради. Кислороднинг фаол шакллари ички организмдаги барча ҳужайралар таркибий қисми ва юрак қон-томир фаолиятини ишдан чиқаради. Бунга қарши ягона чора очликдир. Одам истеъмол қилаётган озиқ-овқатнинг калорияси қанчалик юқори бўлса, кислороднинг фаол шакллари шунчалик кўпаяди. Шунинг учун узоқ умр кўришни истовчилар кам калорияли овқатлар билан биргаликда ҳўл мева ва сабзавотларни кўпроқ тановул қилишлари ҳамда шарбатлар, доривор гиёҳлар дамламалари ва чой ичишлари мақсадга мувофиқдир.

ТАДҚИҚОТ

АҚШдаги қариликни ўрганиш Миллий институти олимлари томонидан очлик билан умрни узайтириш устида олиб борилган тадқиқот натижалари эълон қилинганда, буни кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан қарши олди. Ярим йил мобайнида 48 нафар одам  истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг одатдаги меъёридан тўртдан бир қисминигина тановул қилиш билан чекланди. Натижалар эса уларнинг аъзоларида қаришни тўхтатиш жараёни кескин кучайганлигини кўрсатди.

УЗОҚ УМР КЎРУВЧИЛАР ҚАЕРДА?

Геронтологларнинг фикрича, сайёрамизда энг узоқ умр кўрувчилар Абхазия, Покистондаги Хунза вилояти ва Эквадордаги Вилькабамбе қишлоғи аҳолиси ҳисобланади.  Ҳар учала ҳудуд ҳам тоғли жойлар бўлиб, у ерларда истиқомат қилувчилар бир аср умр кўрсалар-да, руҳан ва жисмонан тетиклиги билан ажралиб турадилар. Олимлар уларнинг ҳаёт тарзини ўрганишганда, бу ерлик аҳолининг болаликдан бошлаб тўйиб овқатланмаслиги ва кўпинча оч юришга кўникканлиги маълум бўлди. Шунингдек улар истеъмол қиладиган озиқ-овқатларнинг аксарият қисмини ҳўл мева ва сабзавотлар ташкил қилиб, асосий вақти эса тоза ҳавода жисмоний меҳнат қилиш билан ўтиши аниқланган.
Маълумотларга кўра, Японияда ҳам 100 ёшга кирганлар сони соат сайин ўсиб бормоқда. 1963 йили бу ерда 153 нафар 100 ёшга кирган одамлар рўйхатга олинган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 36 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

ЎЗБЕКИСТОНДА...

Ўтган 2011 йилда 100 ёшдан ошган қарияларнинг сони 1944 нафарни ташкил этган. Шундан 1755 нафари аёллар, 189 нафари эркаклардир.
Шунингдек, бугунги кунда республикамизда қарияларнинг сони 3 миллион нафардан ортиқни ташкил этади.

ТИББИЙ МАСЛАҲАТ

Узоқ умр кўрувчиларнинг ҳаёт тарзларида айрим ўхшашликлар мужассам. Масалан уларнинг хеч бири ортиқча вазндан азият чекмайди. Маълумки, организмдаги тўпланган ёғлар юрак фаолиятига салбий таъсир ўтказиб, қон-томир склерози хасталигини келтириб чиқариши мумкин. Шу боисдан ҳам узоқ умр кўришнинг гарови парҳездир. Узоқ яшашнинг яна бир шартига кўра, ҳеч қачон жисмоний ҳаракат қилишдан эринмаслик керак.

Интернет маълумотлари асосида Суҳроб тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 86 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ