1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бахтингни авайла, дугонажон...

 ... “Қизим, бахт ҳеч кимга мукофотдек тутқазилмайди. Унга ўзинг эришасан. Қачонки, сабр-қаноат ва шукрни унутмасанг...” Бувим раҳматли айтган бу гаплар ҳаётим ҳикматига айланган.
Одатда, биз кексаларнинг гап-сўзларини эшитамизу, ҳар доим ҳам маъносига аҳмият беравермаймиз. Ҳаёт уммонида сузганинг, умр майдонида курашганинг сари доно элнинг ҳар жумласи ўрни билан айтилганига иқрор бўласан  киши. 
Бугун ишга келаётганимда сен қўнғироқ қилиб қолдинг.
-    Яхшимисан, дугонажон? Ишларинг жойидами? Жуда ҳам зерикиб кетдим. Қайнонамнинг  кўнглига қарайми, эримнинг инжиқлигини кўтарайми. Бир томонда болалар. Эҳ, жонимга тегиб кетди ҳаммаси...
 Сенинг доимий ёзғиришларингга, нолишларингга кўникиб қолганман. Сени ўзгартиришга, ҳаётда бундоқ оптимистроқ бўлишга ўргатишга ҳар қанча уринмай барибир ҳеч фойдаси бўлмаяпти...
-    Ношукрлик қилмаяпсанми? Сенга неча марта айтганман-а, фарзандлари бўла туриб зерикдим, дегани аёл нафратга лойиқ. Нега зерикасан-а? Шукр қилмайсанми, бошингда эринг, қучоғингда фарзандларинг бор.  “Жонимга тегди” деган иддао яхшиликка эмас...
 Сенга узоқ гапирдим. Ҳамма гапларимни айтиш учун тушадиган бекатимдан  анча олдинроққа тушволиб, гаплашиб келдим. Ҳаётнинг гўзаллигини, дунёнинг омонатлиги, неъматларнинг қадри... Куюнганим сари энсанг  қотаверди:
-    Нега тушунмайсан, ахир, ҳаётим бир хил. Ранги йўқ, мазмуни йўқ... Эр дегани бундоқ романтик бўлса, байрамларда эрим билан ёлғиз айлангани борсак, чиройли гуллар совға қилса, ўзи  бежирим кийимлар олиб келса... Концертгами, театр томошасига чипта олиб келса “онам билан борасан” деб қайнонамга қўшиб юборади. Бундоқ гул кўтариб келишни билмайди. Байрам ё туғилган кунлар бўлса, қўлимга пул бериб, “ўзингга ёққан нарсани оларсан” дейди. Шу ҳам ҳаётми?!..

“Шуям ҳаётми?!”...
Ҳаммасини мураккаблаштирадиган, ҳаётимизни чигаллаштирадиган иддао. Айтгин, сен қандай ҳаётни орзу қилгандинг? Ҳашаматли уй-жойинг, савлатли, топармон-тутармон, меҳнаткаш эринг, ширингина фарзандларинг, дуогўй ота-онанг, сен ва фарзандларингнинг хизматига шай турган қайнона-қайнотанг...
Дугонажон, ҳар икки-уч ойда нималарнидир баҳона қилиб жанжал кўтарасану, лаш-лушингни йиғиштириб онангникига жўнайсан. Аслида ўзинг ҳам яхши биласан, уч бола билан ота уйингга сиғмайсан. Кафтдеккина ҳовлида икки келинойинг, болалари билан яшашяпти. Тўхта, дугонажон, келинойиларингнинг ҳаётига разм солганмисан? Ҳеч қачон уларнинг тилидан ношукрлик, нолиш, ёзғириш учганми? Бир солиштир-чи, сенинг турмушинг билан уларнинг турмуши орасида қанча тафовут бор экан? Катта аканг беш йилдан бери хорижда ишлайди. “Уйланиб олган, болаларига, келинойимга онда-сонда пул жўнатишини айтмаганда, деярли рўзғор келинойимнинг бошида” дейсан. Шу келинойинг бирор марта тиш ёриб, бировга дардини дастурхон қилганми? Ҳаётидан нолиб, ёзғириб юрганини ҳеч кўрганмисан? У бундай қилмайди. Чунки, билади, ношукрлик аҳволни баттар абгор қилади. Қўлингдаги бор нарсанинг ҳам баракасини кеткизади. Келинойинг шукр қилади. Тан-жони соғ, қўлида дипломи бор, ишлаяпти, куч-қуввати бор. Фарзандлари соғ-саломат. Биласанми, дугонажон, бу дунёда  инсон учун энг муҳим нарса- соғлиқ! Соғлиқ бўлмаса ҳеч нарса татимайди. Ким бахтли, соғлом киши бахтли. Кимнинг кўнгли хотиржам, ўзи ва яқинлари, фарзандлари  соғлом кишининг кўнгли хотиржам.  Ким бой, ўзи ва яқинлари соғлом, ҳар куни дори-дармон учун дорихоналарда сарсон юрмайдиган киши бой. Сен мана шу неъматлар қадрини унутиб қўймаяпсанмикан? Майли, сен айтганингча бўлсин, турмушингда ўзинг айтмоқчи, романтика бўлмасин, эринг сени хиёбонларга айлантиргани олиб чиқмасин, томошаларга қайнонангга қўшиб жўнатсин. Хўш, буни нимасини ёмонликка йўйиш керак? Эринг романтикани билмаса бу унинг айби эмас, аксинча, ютуғи. Қолаверса, сенинг ҳам бахтинг, суюнавер. Шундай “романтик”ларни биламан, хотини – болалари уйда тишини сўриб ўтиради, романтик жаноб эса бегоналарга пул сарфлаб, қиммат қаҳвахоналарда базмлар уюштириб юради. Нима эмиш, у киши  “яшашни билар”мишлар. “Яшаш” дегани шу эканми? Сени қадрлайдиган, яхши кўрадиган инсонлар қолиб, пулингга, таомингга шайдоларнинг кўнглинии олишми? Шуми сен айтаётган романтика, дугонажон? Турмушда романтиканинг ҳожати йўқ, сен буни мендан ҳам яхшироқ билишинг  керак.  Турмушда, рўзғорчиликда камини яшириб, кўпини ошириб яшайди аёл. Айниқса, бизнинг ўзбекчилигимизда оилавий ҳаёт романтикаю, “ўлдим-куйдим”лардан узоқ бўлади. Сен буни жуда ҳам яхши биласан.
Маҳалламизда бир онахон яшайдилар. Турмуш ўртоқлари оламдан эрта ўтиб, онахон олти болани беваликда бир ўзлари камолга етказдилар. Тақдирнинг қалтис ишларини қара-ки, маҳалладош аёлнинг тўнғич ўғли мактабни тугатиш арафасида, руҳий касалликка чалиниб қолди. Кимдир “ножоиз жойлардан ўтган экан, кўзига алланималар кўринибди” деди, биров “уруғида жинни бор эди, насл сурди” деди, бошқа бир одам “жуда билимдон бўлгани учун кўз тегди” деди, хуллас Худонинг тақдири экан, шу дардга йўлиқди. Битта қизи бор,  уям туғма ногирон. Узатилмади. Иккинчи ўғлини уйлантирди аёл. Кейин учинчисини. Кутилмаганда иккинчи ўғил ҳам хасталаниб қолди ва вафот этди. Маҳалладош аёлга тақдирнинг синовлари шу билан тугамади. Бир ўғлининг хотини фарзандини дунёга келтира туриб, вафот этди. Кенжа ўғли ўн йил деганда фарзандли бўлди... Унинг аянчли қисматини нега сенга гапиряпман? Негаки, шу онахон бошидан шунча оғир кунларни ўтказиб, бирор марта ғамгин юргани, кўз ёшини одамларга кўрсатгани, нолиб-ношукрчилик қилиб юрганини ҳеч ким кўрмаган! Энди ўзинг ўйла, нолиб юришинг нечоғли ярашиқли экан?..
“Эртага байрам, яна нима каромат кўрсатаркин? Қўлимга пул тутқазиб, бирор нима оларсан, деса керак” деяпсан. Хўш, шундай қилса нимаси ёмон экан? Шукр қилмайсанми, бошқаларнинг эрига ўхшаб зиқналик қилмаса, рўзғорга сарфлаган бир сўмини, юз марта миннат қилмаса, “сен уйда ўтирибсан, мен ишлаб оила боқяпман” демаса, “шу болаларимни эпласанг, ота-онамнинг кўнглига қарасанг бўлгани” деб ҳатто бир қадам жойга ҳам пиёда чиқармаса... Дугонажон, бахтга ношукрлик қилиш яхшиликка эмас. Айт, сен муаммо қилаётган, сен фожиага айлантиришга уринаётган кам-кўстлар бошқа аёлларнинг ҳаётидаги кемтикликлар олдида ғубор гардидек куюнишга арзирмикан?..
Ҳаётга теранроқ қара, дугонажон. Оилавий ҳаёт ҳар куни минг битта тўсиқни енгиб ўтишни тақозо қилади. Турмушда “фақат мен!”, “ўзимники тўғри” деганлар муҳаққақ хатоликка йўл қўядилар.   Бахтли ҳаётнинг асл мазмуни – ўзини бағшловдир. Турмушда ўзини ўйлаган, “ўзим” деган кимса  жуфтига ҳеч нарса ҳадя этолмайди, фақат ўзига олишни, жуфтидан кутишни ўйлайди. Шу тариқа ундайлар никоҳнинг гўзал хусусиятларига путур етказадилар ва бу билан ҳам ўзларига, ҳам яқинларига қийинчилик пайдо қиладилар. 
Айтмоқчи бўлганим, бахт ёнгингангда, дугонажон. Бахтингни борида қадрла ва уни яна-да мустаҳкамла. Турмушингни обод қилиш масъулияти эрингдан кўра сенга кўпроқ боғлиқ. Унутма, сен турмуш ўртоғингга, жуфтинг эса сенга керак. Умид қиламанки, сен нима демоқчилигимни тушуниб етдинг. Бахтингга кўз тегмасин, дугонажон!..

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 844 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ