1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Турмуш қурмаган муслималарга 10 та насиҳат

Агар сиз ушбу сатрларни ўқиётган бўлсангиз, хотиржамлигингизни ўғирлаётган саволларга жавоб қидирмоқдасиз, эҳтимол. Тахминимиз тўғри бўлса, қуйидаги маълумотлар сизга фойдали бўлсин дея Аллоҳдан сўраймиз.

1. Ўз тақдирингизни қабул қилинг.
Атрофиингиздаги аксар одамлар бошқалар билан бемалол учрашиб юрган бир вақтда булар сизга қийин бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ муаммога энг оқилона ёндашишнинг бир йўли, Аллоҳ сизнинг тақдирингизни сиз туғилмасингиздан битиб қўйганини ҳис қилишдир. Тақдирингиз Аллоҳ измида ва сизнинг вазифангиз – тўхтаб қолиш ё келажакдан хавотирланиш эмас, балки яшашда давом этишдир. Агар сизга турмушга чиқиш ёки чиқмаслик ёки турмушга чиқиб ажрашиш ва яна қайта турмушга чиқиш ёки бева қолиш тақдир қилинган бўлса, шак-шубҳа қилманг, бари юз беради. Ҳали яшалмаган умр бўлган келажакдан хавотирланишингиз сизга тушкун кайфиятдан бошқа ҳеч нарсани бермайди. Ойнинг қай ўн беши – хоҳ ёруғи, хоҳ қорунғуси бўлсин, ёдда тутинг, унда сиз Аллоҳ хоҳлагани учун ва Унинг бирор ҳикмати туфайли яшамоқдасиз. Сиз билмайсиз, балки турмушга тайёр эмасдирсиз ва бундай алоқалар ҳозир қурилса, мустаҳкам бўлмас, Аллоҳ эса ўта билувчидир. Аллоҳга таваккул қилинг, чин қалбингиздан ўзингизни Унга топшириб қўйинг. Ишонинг, у Зот ўта раҳмдил ва меҳрибондир.

2. Ўзингизни мажбурдай ҳис қилманг.
Сиз бирор ким билан учрашиб юришга мажбур эмассиз. Нафас олиб турганингиз ҳаво ҳам, сизга мос ва хос бўлган турмуш ўртоқ ҳам – Аллоҳнинг неъмати эканлигини унутманг. Миллионлаб одамлар оила қуришга тайёр бўла туриб, улгурмай оламдан ўтган, ёҳуд кўплаб йигитлар билан учрашгану, аммо умрининг охиригача ҳақиқий муҳаббат нималигини билмай ўтганлар ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири “ал-Ваҳҳоб” (тақдим этувчи)дир ва бандасига ўзи хоҳлаган нарсани беради. Шунинг учун сиз яхши йигитга муносибсизу, лекин Аллоҳ сизга адолатсизлик қилмоқда деган (Аллоҳ сақласин!) фикрдан воз кечинг. Шундай қилсангиз, бўш қолган фикру зикрингизни У қилаётган бошқа меҳрибончиликларга ҳамд айтиш учун йўналтира оласиз.

3. Бошқалар билан ўзингизни таққослашни бас қилинг.
«Қиёслаш – шодлик ўғрисидир» (Теодор Рузвельт).
Кўпинча бошқаларнинг яхшироқ ҳолатини ўз ҳолатимиз билан солиштириб, тушкунликка тушамиз. Агар сиз ҳам бирор марта шундай қилган бўлсангиз, биринчи пунктни қайта ўқиб чиқинг. Сиз ўзингизни солиштираётганларингизнинг ўз тақдир ва вазифаси борлигини англаб етишингиз билан қиёсдан ҳеч қандай маъни қолмайди. Ҳақиқатдан ҳам, бу ишингиз олма билан апельсинни солиштиришдай гап. Таққослаш қопқонларидан бўлган жойлардан бири ОАВдир. Кимнингдир ижтимоий тармоқ лентасида шод-хуррамликка тўла янгилик - унаштирилиш, тўй, фарзандли бўлиш ва бошқа хабари пайдо бўлса, айримларимизнинг ўзига бўлган ишонч туйғуси йўқолиб қолади. Дарҳақиқат, «ёлғизлик»дан ноқулай аҳволда бўлган кишига бундай суратлар, ё статуслар ҳиссий жароҳатларига туз сепиши турган гап. Лекин бировларни ўз шодлигини оммага очиқ тақдим қилганидан нолишга тушмасдан, ўзингиздан сўраб кўринг, нега бу сизга ёмон таъсир қилмоқда? Айнан нима сизнинг, хоҳ ғам, хоҳ рашк, хоҳ жаҳл бўлсин, бундай ҳислар оқимини олиб келди?
Ўзгалар билан ўзингизни солиштириш ўрнига ҳиссиётингизни жиловлашга кўпроқ эътибор ажратинг – бу ёлғизлигидан ўзига ишонмаётганлар учун соғлом фикрлиларнинг ҳаракатидир. Ҳа, айтганча, бундай хабарларни кўрсатувчи компьютер ва бошқа жиҳозларингизни ўчириб қўйинг.

4. Ёлғизликда ўзингизни қулай ҳис қилинг.
Ёлғиз қолишдан ёмонроқ нима бор? Ёлғизлиги учун қайғуда қолиш. Юқорида Аллоҳ белгилаб қўйган тақдир бўйича яшаётганингизни аниқлаб олган эканмиз, унга тан беришдан ташқари, уни яхши ҳам кўринг. Тан оламан, мен то турмуш қурган жуфтликлар билан суҳбатлашмагунимча, никоҳ ва оилавий алоқаларга ўта идеал ўлчамлар билан ёндашганман. Шундан сўнг тушуниб етдимки, ёлғизлигим - омадим экан! Биламан, бу ғалати эшитилади, бироқ, жуфтликлар қандай муаммолардан ўтишини, бола тарбиясидаги ҳақиқий қийинчиликларни эшитиб, ҳозирги ҳаёт тарзимга шукр қиладиган бўлдим. Мен бўш вақтим борлигидан ва кунимни қандай хоҳласам, шундай режалаштиришимдан қўнглим мутлақо тўқ. Ўз яшаш тарзимнинг қулайлигини ҳис қилишим билан ҳаётим сифати ҳам ўнлаб маротаба ошиб кетди! Барчасидан муҳими, мен ҳаётга реал фикрлар билдирадиган бўлдим: менга шу каби чигал йигит-қиз муносабатлари ҳозир керакми? Фарзандли бўлишни хоҳлайманми? Турмуш алоқаларини қуришни эплайманми? Қолган бутун умримни бирга ўтказишга тайёр бўлган йўлдошимни танлашга тайёрманми?
Ушбу саволларга идеал эр ва фарзандлар ҳақидаги ҳаёлларни бир четга суриб, ўзингизга рост жавоб беринг. Аминманки, сиз шундан сўнг, ҳозирги босқичдаги ҳаётингизни ўзингизга мосроқ эканлигига ишоч ҳосил қиласиз.

5. Сизнинг хоҳишингизга қарши кутилаётган ишни қилманг.
Қуйидаги муҳим нарсани ўзингиздан сўраб кўринг: Мен турмушга ўзим хоҳлаганим учун чиқмоқдаманми ё бошқалар шуни истагани туфайлими? Аёл сифатида, бизнинг ролимиз чекланган патриархал ижтимоий-сиёсий ҳаётда яшаётганимизни эслатиб турувчи омма, маданият, дўст, оила ва ҳатто ўзимиз ёзадиган ҳаётий сценарийнинг мавжудлигини англаб етишимиз керак. Агар турмуш қуриш ўз истагингиз туфайли эмас, ташқи босим сабабли юзага келаётган бўлса, ўзингизни тўхтатиб, савол беринг: бу ҳол ўзингизга ва бўлажак умр йўлдошингизга нисбатан ноҳақлик эмасми? Афсуски, эрта қурилган никоҳ қанчалик жозибадор кўринмасин, аҳд қилган икки ёш ўз алоқаларини шу қадар идеаллаштириб юборадиларки, оқибатда ўттиздан энди ошиб ажрашган, болали жувонлар кўпайиб кетган ва улар турли гап сўзлар остида қолганлар. Мен кўплаб қизларни биламан - улар ижтимоий босим туфайли «турмушга чиқишга мажбурман» деган ўйдалар. Чунки агар қизнинг бўйи етиб, турмуш қуриши сал кечика бошласа, одамлар уни ва ота-онасини худди сазойи бўлган оиладай гап қиладилар. Бундан-да ёмони, ёлғиз аёллар ҳақида турли миш-мишлар урчишидир: балки у фарзанд кўрмаслиги учун ёлғиздир ёки ишга ўта берилиб кетгандир ва ҳоказолар каби. Таассуфким, кўпчилик «балки у ҳозирча ёлғиз бўлгиси келгани учун ёлғиздир» деган фактга юзланмайдир. Аёлнинг айни дамда эрга тегиш ё тегмасликни танлашга шаръий ҳуқуқи борлигини тан олмаган мусулмонлар ўзининг жоҳил эканлигини намоён қиладилар. Шу туфайли ижтимоий соҳаларда аёллар кам роль ўйнаётганини тан олишимиз муҳим (одатда, хотин ва уй бекаси ролларини бажаради), бу эса аёлларнинг қабул қилиши керак бўлган ҳаётий қарорларига қаттиқ таъсир қилишини билдиради. Ахир аёл фақат бола кўрувчи орган эмас-ку? Алҳамдулиллаҳким, Аллоҳ бизга бундан бошқа кўп хислатлар ҳам ато этган!

6. Ўз устингизда ишланг.
Кўпинча турмуш қурган аёллар, айниқса, фарзанд кўрганлар, таълим олгани вақти йўқ эканлигидан шикоят қиладилар. Шунинг учун биз ёлғиз муслималар айнан шунга етарли вақтимиз борлигини тушунишимиз керак! Ушбу имкониятдан ҳозирнинг ўзидаёқ фойдалантб қолинг: диплом ва сертификатлар олинг, Қуръондан суралар ёдланг, янги ҳунар ва тилларни ўрганинг. Ахир сиз оила қуришга умид қилаётган бўлсангиз, кейин сизнинг буларга вақт топишингиз амримаҳол бўлади. Шунинг учун ўз имкониятларингизни илм олиш билан кенгайтиринг. Мени ёш, оқила ва илмли муслималарнинг ёлғиз эканлигидан афсусда эканликлари ҳайрон қолдиради. Ахир уларда бундан яхшироғи – ўзлари ва умматга фойда берувчи илм-интеллекти бор эмасми? Масалан, машҳур ислом олими имом ан Нававий р.а. онгли равишда никоҳсиз ўтди. Чунки у ўзининг илм билан бу қадар машғуллиги аёли олдидаги бурчларини бажаришга имкон бермаслигини англаган эди. Субҳан Аллоҳ, мен турмуш қуриш ёмон деган фикрдан йироқман! Бироқ имом Нававийнинг (у зот қариликка етмай вафот этган) ўзига нисбатан бу қадар тўғрисўзлигини ва ўзини илмга бағишлагани ҳайратланарлидир.  Сингилларим! Агар сиз турмуш қурмаган бўлсангиз, сизни илм-ҳунар ўрганиб олишга чақираман: барча билимларингиз, тарбия ва хулқингиз, Аллоҳнинг иродаси билан бўлажак оилангизда акс этади. Бу йўл мувафаққиятсизликка учрамайдиган йўлдир.

7. Жинсий майлнинг пайдо бўлгани, турмуш қуришга тайёрлигингизни билдирмайди.
Мусулмонларни турмуш қуришга ундайдиган сабаблардан бири эркагу аёлда бўлган жинсий майл эканлигини рад этсак, кулгули бўларди. Мен жинсий ҳаётга фақат жисмоний жиҳатдангина тайёр бўлганини тан олувчи айрим муслималарни танийман. Мусулмонлар орасида Аллоҳ Таоло бизга зинога яқинлашмасликни амр этганини ҳисобга олсак, жинсий фрустрация ҳолатлари оз эмас. Тасаввур қилиб кўринг, қанча мусулмонлар – эркагу аёл – ўз шаҳватларини тийиш билан бирга уни ҳалол йўл билан қондириш учун ўзига мос умр йўлдошни қидирмоқдалар? Эҳтимол, бу энг катта синовлардан биридир, айниқса, эркаклар учун. Фурсатдан фойдаланиб барча ўқувчилардан бундай ҳалол йўлда юрган ака-ука ва опа-сингилларимиз ҳаққига чин кўнгилдан дуо қилиб қўйишларини сўрар эдим. Аллоҳ уларнинг мушкулини осон қилиб, солиҳ ва солиҳа жуфтини ато этсин, омин!
Шундай қилиб, биргина қарама-қарши жинс билан яқинлашишга жисмоний тайёрлик, ҳиссий ва руҳий тайёрликни англатмайди. Қўполроқ айтадиган бўлсак, жуфтлашиш истаги борлигининг ўзи хотиннинг шаръий ҳақларини адо этишга барча асос борлигини англатмайди. Шахсан ўзим никоҳ алоқаларига тайёр бўлмаган, аммо шаҳватини қондириш учунгина турмуш қурган инсонларни биламан. Агар жинсий алоқа ўзаро алоқаларнинг чўққиси бўлса, нега унда зино қилаётганлар бир кишининг ўзида тўхтаб қолмаяпти? Ана шу чўққи шаҳват тумани тарқаб, нафснинг жазаваси кетгач, ўзлари қолувчи икки кишининг бир-бирига қилинажак муоамаласи эмасми? Дарҳақиқат, жинсий майл устига қурилган алоқалар доим бўлган ва бўлади. Бироқ бу муҳаббат эмас, ёинки, унинг асосида никоҳ қуриб бўлмайди. Ахир ўз майлларини никоҳда қондираётган мусулмонлар ҳам ажрашадилар-ку! Кўриб турибсизки, никоҳ жисмоний алоқалардангина иборат эмас. Сизни билмадиму, аммо эрим мен билан фақат жинсий эҳтиёжини қондириш учунгина яшаши керак деб фикрлашдан нафратланаман. Менимча, бундай фикрлаш эрим мени шахс сифатида қарамаслигига олиб келган бўларди. Худди шунингдек, аёл ҳам эр билан шундай муносабатда бўлганда, у ҳам эрининг шахсини кўрмай қолади. Шу ҳақида тафаккур қилиб кўринг, қадрли сингиллар! Фикримча, турмуш қурмаган муслималар жинсий майл ва истакларини ҳаёлидан чиқариб, ўзининг исломдаги ҳуқуқларини ўрганиши керак. Дунёқарашимизни эса контрацептив воситалар, ҳомиладорликнинг олдини олувчи таблеткалар ва бошқа аёлларга хос дақиқ масалаларнинг ҳукмини ўрганиш ҳисобига кенгайтириб боришимиз зарур. Шунингдек, исломнинг жинсий алоқага доир ҳукмлари, яъни унда нима қилиш ҳалол, қайси иш ҳаром эканлиги ҳақида тасаввурга эга бўлишимиз зарур.
Жинсий майлни тийишни турмуш қурмаган мусулмонларнинг жуда кўпчилиги зўрға эплайдилар. Бу масала юзасидан ҳеч кимни айбдор демоқчимасман. Бунинг ўрнига, барчага таниш, чалғиш қийин бўлган шаҳвоний ҳаёллардан узоқлашишга ёрдам берувчи воситалар рўйхатини келтираман: 

1) Доим бирор нарса билан машғул бўлинг.
Менга ёқадиган ҳикматлардан: «Бўш қолган фикр – шайтон учун ўйингоҳ». Бир ўзингиз қолганингизда шайтоннинг шивирлаган васвасаларига учманг. Бирор жойга йўл олинг: дўстларингиз олдига, кутубхонага, масжидга (мақола муаллифи - россиялик муслима), ўзингизга ёққан иш билан шуғулланинг, сайр қилинг, хуллас бўш ўтирманг!
2) ОАВ таъсирини чегараланг.
Шубҳасиз, телевидение, интернет, мусиқа, клиплар ва рекламалардан қабул қилаётган маълумотларимизнинг кўпчилиги – оз-моз бўлса-да, шаҳвонийдир. Сизга бундай майлни уйғотувчи кунлик маълумотларни чеклашни қатъий маслаҳат бераман. Улар ҳақиқатдан ҳам руҳиятимизга таъсир қилиб, шууримизда яшириниб ётади ва сал бўшашдик дегунимизча тоза сувнинг остида қўзғалган қумдай фикримизни лойқалайди.
3) Турмушга чиқинг. Аммо юқорида айтган гапимиз ёддан чиқмасин, никоҳ – эҳтиёжни қондиришдангина иборат эмас. Майл келадию, кетади, никоҳ эса бир умрга деган умидда тузилади.
6) Энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тавсияларига амал қилинг. Рўза тутинг, шунингдек нафлларини ҳам. Боз устига, ҳозир қисқа қиш кунлари пайти.
Аллоҳга имкон қадар кўпроқ дуо қилинг. Шунда ал Фаттоҳ – йўлларни очиб қўювчи Зот, мушкул вазиятдан чиқиш йўлини, албатта, кўрсатади!

8. Ўз талабларингизни озайтирманг.
Азиз сингиллар! Ўзингизга стандарт талаблар ўрнатиб олинг! Яъни никоҳда сиз рози бўлмайдиган нарсалар рўйхатини тузиб олинг. Бунда реалистик фикрланг, аммо шу билан бирга қадрингизни ҳам билинг!
Мисол тариқасида ўз рўйхатим билан бўлишмоқчиман.
Шахсан мен учун эрдан узоқлаштирувчи сабаблар:
а) ёлғон (ёлғончи ва айёр кишилар билан келиша олмайман)
б) чекиш (ошиқча гапиришга ҳожат йўқ).
Ўз талабларим ва Исломни тушунишимдан келиб чиққан ҳолда мен эримда кўришни истамайдиган айнан шу икки нарсанигина аниқлаб олдим. Бироқ сиз ҳам адолатли бўлишингиз кераклигини унутманг. Кейинчалик пуч умидларга дуч келмаслик учун талаблар даражасини ўта юқори кўтариб юбормаслигингиз керак. Шу билан бирга, ўзингизнинг одил талабларингизга қарши ҳам борманг. Агар эр никоҳдан олдин қўйган бу талабларингизни бузишга чоғланса, дарҳол чора кўринг! Ўзингиз нимани қабул қила олишингиз-у, қабул қила олмаслик ҳиссингизга ишонинг. Айтганча, умидсизликка тушманг. Биринчи учраб қолган кимсани деб ҳаётингизнинг оёғини осмондан қилманг. Уни деб оилангиз, дўстларингиз, умуман, ҳақни айтувчидан юз ўгирманг. Аллоҳ ҳаққи, талабчан бўлинг! Ҳолатга тўғри баҳо беринг! Бу билан чексиз эр танлашга ўтиб кетинг демоқчимасман, балки Хадижа онамиз р.а. каби бўлишингини сўрайман. У зот розиёллоҳу анҳонинг ҳам ўз талаб ва стандартлари, бўлажак эрининг сифатлари ҳақида тасаввурлари бор эди. Бу сифатлар ҳалоллик билан тўғрисўзлик эди ва буни Расулуллоҳ с.а.в.да кўрдилар. Шундан сўнггина, ўша давр таомилига кўра ўзларини таклиф этдилар. Ахир умидсизлик доим ошкорадир, ноумид аёлга боқиш эса қайғулидир. Аллоҳга таваккул қилинг ҳамда ўзингизнинг қадрингизни пасайтириб ҳам, ўта кўтариб ҳам юборманг (яъни, «йўқ» дейишдан қўрқманг).

9.  Бахт манбаларини қайта кўриб чиқинг.
Агар сиз эрим ва фарзандларим бўлса, ҳаётим тўлиқ маънога эга бўлади деб ўйласангиз, илтимос, вақт топганингизда бир ўтириб, бахтингиз сабаб-омилларини қайта кўриб чиқинг. Буни аниқлашнинг осон йўли бахт сиз учун ички омилга боғлиқми ё ташқи омилгами - билишдир. Агар сиз ташқи омилларга - эр, фарзанд, уй ва ҳ.к.ларга боғланиб қолган бўлсангиз, эсланг, бу фоний дунёдаги барча нарса ўткинчидир ва юқоридаги рўйхатдан биронтаси ўчиб кетса, сиз қаттиқ ноумидликка тушиб, чуқур тушкунликка тушиб қоласиз. Демак, сизнинг бахтингиз ички омиллар билан, айниқса, сиз ва сизни ҳамда барча нарсани яратган ягона Аллоҳ ўртасидаги муносабатларингизда экан. Ҳеч қачон охирги нафасингизгача бу ички бахтдан ажралманг. Бошқа нарсаларга юзланишнинг бахти ўткинчи бўлса, Аллоҳга юзланишнинг бахти доимийдир. Инша Аллоҳ, у сизга қаноат ва бахт туйғуларини беради.

10. Ўзингиз учун қайғуринг.
Ва ниҳоят, азиз сингиллар, ўзимиз ҳақимизда кўпроқ қайғуришимиз кераклигини ҳис қилишимиз керак. Ўзини яхши ҳис қилиш ва яхши кўринишга эга бўлиш кўпчилик учун муҳим нуқта ва бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ! Асосийси, ўзингиз ҳақида қайғуришни тасаввурингиздаги бўлажак эрингиз учун эмас, Аллоҳ учун амалга оширинг. Яқинда бир танишим турмушга чиқишдан аввал озиши зарурлиги ҳақида менга гап очди. Бу гап кайфиятимни тушириб юборди. Чунки мен барча ўзини парваришлаш ишлари фақат ўзи учунгина бўлиши лозимлигига қаттиқ ишонаман. Лекин бу худбинлик дегани эмас, балки ўзини ҳурмат қилишдир. Шунинг учун сизнинг кўринишингиз ва руҳий ҳолатингизни яхшилашга ёрдам берадиган сабаблардан қочманг. Бу иссиққина кўпикли ванна, ёқимли қаҳва, жисмоний тарбия, қизиқ китоб, дўстлар ёки қариндошлар билан учрашув, соч парвариши, макияж бўлиши мумкин. Ўзини парваришлаш, ўзига эътиборли бўлиш – инсон психикасига ҳайратланарли даражада таъсир қилувчи ҳаёт элементидир. Масалан, мен учун энг ёқимли иш мақола, шеърлар ёзиш каби ишлардир. Бу иш билан  бир-икки соат шуғулланиш менга хотиржамлик келтиради. Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, ўзингиз ҳақингизда қандай қайғуриш кераклигини энг яхши билувчи киши - сиз ўзингизсиз.

Манба: SuhaibWebb
Ибн Маъруф таржимаси

Ҳозир сайтимизда 809 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ