Сайт бўлимлари
Агар уялмасанг...
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 24 Февраль 2015
- (Нашр қилинган санаси)
Европаликларда «эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эрлар учун сўнггиси бўлишни орзу қиладилар», деган гап бор. Бир қараганда ақлли гапга ўхшайди. Аммо бу ўша томон учун ақлли, уларнинг оила ҳақидаги бузуқ тушунчаларига мос келади. Дейилмоқчики: эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига ҳалол юрса, бас. Хотин эса «эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин», деб орзу қилади. Эътибор беряпсизми, орзу қиляпти! Исломда эса бундай бузуқ ҳолда оила қуриш ман этилади. Оила номусига гард ҳам қўнмаслиги керак.
Ҳозирги кунимизда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетган. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас деб ҳисобланган. Оилага «эркинлик» мартабасини берилиши жамиятни бора-бора издан чиқаради. Чунки «эркинлик» тушунчаси «нима истасанг қилавер», дегани эмас. Аллоҳ «мендан уялмасанг, нима истасанг қилавер», деб бекорга огоҳлантирмаган. Аллоҳдан уялмадими, демак, ота-онасидан ҳам, қариндошлари, атрофидаги бошқа одамлардан ҳам уялмайди, кенгроқ маънода олсак, жамиятдан уялмайди. Уялмадими, жамият олдидаги бурчини унутади. Жамият қонунларидан юз ўгирган оилалар кўпайса, бу жамиятнинг ҳолига вой эмасми!
Ғарбда бугунги кунда оила бобида бир қанча бузилишлар мавжуд:
* одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг қўшилувини англаймиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг қўшилувини «оила» деб аташ одамзотни ҳайвонот олами билан теппа-тенг қилиб қўймайдими? Бу фикрни иккинчи бор қайта таъкид этишимиз бежиз эмас. Бу ҳолатни ҳайвонот оламига ўхшатяпмизу, аммо урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ. Эркакнинг эркакка интилиши юз йиллардан бери мавжуд, бироқ, жамият бундайлардан нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган. Лут алайҳиссалом қавмларига юборилган офатни эсласак кифоя қилар? Эндиликда эса бундай «оила» қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат беришга интилиш бор. Энг даҳшатлиси шундаки, уларга бола боқиб олишга ҳам рухсат этиляпти. Улар боқувидаги бола қандай тарбия кўради, ким бўлиб етишади?
* оила қурмай якка-ёлғиз яшашга интилиш кучли. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйича америкаликлар бу соҳада ҳам пешқадам экан. Эркакнинг ёки аёлнинг оила қуришдан бўйин товлаб, ёлғиз яшаши ҳам оқибатда жамиятни жар ёқасига келтириб қўяди. Илгарилари собиқ иттифоқнинг европа қисмида шундай одамлар рағбатлантириларди. «Мать одиночка» деганлари бўларди. Яъни боланинг онаси бору отаси йўқ. Бу хонимча мутлақо оила қурмасдан кимдандир бола орттирган. Шу учун унга навбатдан ташқари уй беришгача борганлар. Мана энди Россияда аҳоли кескин камайиб кетяпти, деб бонг уриб ўтиришибди. Ўтмиш ғарб файласуфларидан Энгелс хотиннинг эрга бўйсуниши фақат иқтисодий қарамликка боғлиқ. Яъни, эр моддий таъминотчи, агар хотин ўзини ўзи таъминлай олса, эрга бўйсунмай қўяди, деган ғояни илгари сурган эди. Бу ғоя орадан юз йил ўтиб, ўша томонларда ўз исботини топяпти. Лекин бу ғояни ҳаётий ҳақиқатга асосланган, деб бўлмайди. Қайсики оилада руҳий-маънавий тушкунлик ҳукмрон бўлса, бу ғоя ҳам яшайди. Танҳо яшовчи одамнинг (у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ҳаёти, қанчалик яхши таъминлаганидан қатъи назар, қашшоқликдан иборатдир.
* биз томонларда оила бузиладиган бўлса, эр талоқ қилади ёки хотинни ташлаб кетади. Европада эса акси: эрни хотин ташлаб кетади. Русларда «Брошенний муж» деган ибора бор. Уларда хотини ташлаб кетган эр нима қилиши керак, деган муаммо ҳам мавжуд. Хотин эрни ташлаб кетди, дегани отасининг уйига бориб турибди, дегани эмас. Хотин эрни нима учун ташлайди? Севмай қолгани учун. Уларда севиб қолиш ҳам осон, севгидан айниш ҳам осон. Хотинга бошқа эркак ёқиб қолса, эрига: «ранжимагин, мен бошқани севиб қолдим», деб кетаверади. Бу ўринда оила фақат бузуқлик туфайли бузилади.
Биринчи ҳолат ҳам, иккинчи-учинчиси ҳам юқимли хасталикка ўхшайди. Тез тарқалади, давоси эса ғоят мушкул. Оқибат эса миллатнинг йўқ бўлиб кетишигача олиб бориши ҳеч гап эмас. Бизда ҳам бу касаллик нишоналари кўриниб қоляпти. Зийракликни бой берсак, кечикиб қолишимиз мумкин. Қишлоқларда сезилмайди, аммо шаҳарларда эрдан ажралганидан кейин «агар эр шунақа бўлса, бети қурсин, жонимни қийнамай, эрсиз ўтаман бу дунёдан», деб бошқа турмуш қурмай яшовчи аёллар сони камаяётгани йўқ. Биз бу аёлларни бузуқликда айблашдан йироқмиз. Лекин оила билан яшасалар, ўзлари учун ҳам, жамият учун дурустроқ бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, ким «фалончининг қизи эрдан ажраб кўп қаватли уйда ёлғиз яшаркан», деб эшитса, хаёлига дарров шум фикр келади. Қўшни аёллар ҳам ёлғиз яшовчи хотинни тинмай кузатишади, ғийбат қилишади. Агар бирон бегона эркакнинг меҳмон бўлганини билишса, тамом, «достонлар» битилаверади.
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 835 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар