1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муносиб келин

 

Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга киришади. Куёв тарафдан қизга совчи қўйилади. Ўша пайтда куёв, унинг ишбошилари ва совчилари келинликка номзоднинг қандай тарафларига эътибор беришлари керак? Бу саволга жавоб ахтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мурожаат қиламиз. Зотан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандай бўлишини баён қилиб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифларда келинликка номзоднинг қуйидаги сифатларига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинган:

1. Дийндорлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дийни учун. Бас, дийндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дийну диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам дийндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки, молдорлик вақтинчалик сифатдир. Бир лаҳзада молу мулкдан ажраб қолганлар қанча. Агар келиннинг молига қизиқиб, унга уйланилса ва унинг моли бақосизлик қилиб, уни тарк этса, мазкура келинга қизиқиш қолмайди. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган ҳолатда бойлик кўпинча ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши келин бўлади. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолари яхши одамлар бўлса, жуда ҳам яхши, лекин улар ўз уйларида қоладилар, куёвникига келиннинг ўзи келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасабу насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўз ҳолича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчидир. Маълум муддатдан кейин ҳар қандай инсоннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Агар келин ўзининг жамоли учун қизиқилаётганини билса, бу омилни куёвни ўзига мубтало қилиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга ишлатиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дийндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақийқий ва бардавом гўзал сифатдир. Бунинг устига диндорлик сифати вақт ўтиши билан зиёда бўладиган нодир сифатлардан биридир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади, оиланинг ҳақийқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келган, унинг тарбиясини олган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар, иншоаллоҳ.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича оиладаги ўз бурч ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақийқий бойликдир!
Диндорлик ҳақийқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақийқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз лозим.

2. Солиҳалик.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дунёнинг ҳаммаси матоъдир ва дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир».
Насаий ва Муслим ривоят қилишган.
«Матоъ» сўзи «баҳра олинадиган нарса» деган маънони билдиради.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсаларинг ҳаммаси ҳам «матоъ» экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Бу билан аҳли солиҳ бўлиш жуда ҳам яхши экани, аёлларнинг ичида ҳам энг афзали солиҳаси бўлиши таъкидланмоқда.
«Солиҳ инсон» дегани шариат томонидан буюрилган амрларни бажариб, қайтариқлардан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган инсон деганидир.
Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг ҳилқатида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатиш маъносида ишлатилади.
Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бўлишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёнинг энг яхши матоъи солиҳа аёлдир, деганлари айнан мана шу маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига эътибор бериш керак. Бу эса, яратилишда ҳам, хулқу одоб ва бошқа сифатларда ҳам етук бўлишдир.
Келиннинг шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай, нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.

3. Болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсаси хусусида энг риоялидир», – дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
«Туя минган аёллар» деганда Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишлари экан. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.
Дарҳақийқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл дея олади. Ундай бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса, оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.
Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан қандай яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан бошқа яхшиликларни кутиш мумкинми?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёлларнинг қариндош болаларга қандай қарашлари, эрларини қандай риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш керак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик устига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.

4. Қиз бўлиши.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қандоққа уйландинг?» – дедилар.
«Жувонга», – дедим.
«Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан бокира қизга уйланиш афзал эканлиги келиб чиқади.

5. Муҳаббатли ва серфарзанд бўлиши.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, жамолли ва ҳасабли бир аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» – деди.
«Йўқ», – дедилар. Кейин У зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида:
«Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматлар олдида кўплигингиз ила фахрланувчиман», – дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифдан эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги англанади.
Келинликка номзоднинг бу каби сифатлари унга яқин қариндош бўлган аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, уларнинг зотида бўлган ёшлар ҳам кўпинча ўша сифатларга эга бўладилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан баъзилар яна қуйидагилардан иборат:
1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўрашнинг яхшилиги.
2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам, уйланмаган маъқул эканлиги.

 6. Сурур бағишлаш, итоаткор бўлиш ва хилоф қилмаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулаллоҳ, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», – дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани.»
Демак, эр назар солса, кўнглини хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.
Бу таъриф аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрларининг кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани.»
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, бу ерда шаръий рухсат берилган ишлар доирасидаги итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас. Чунки Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин, оила аъзолари, жумладан, аёл киши унга итоат қилиши керак. Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани.»
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлишни истаган аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу хилоф туфайли оилада уриш-жанжал чиқиши, эр-хотиннинг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.
Яна, аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлларнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этишлари лозим. Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши. Шунда эрнинг кўнгли тўқ бўлади, муҳаббат қўяди, бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.
8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик. Чунки, кўпхотинлиликнинг машмашаси ҳам кўп бўлади, шартларини бажо қилиш ҳам осон эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 840 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ