Сайт бўлимлари
Рулдаги аёллар
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 06 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Наманган шаҳрида бор-йўғи икки нафар аёл ҳайдовчи бор эди. Бири такси ҳайдар, иккинчиси эса ихчамгина юк машинасини бошқарар эди. Бу ҳол шаҳарда ажабтовур воқеа (“экзотика”) бўлгани учун уларни кўрган эркак ҳайдовчилар сигналларини “па-пап”латиб, “саломлашиб” ўтишарди. Ҳозирги пайтга келиб, аёлларнинг автомобил ҳайдаши деярли урфга айланиб бўлди. Соҳа билимдонларининг ҳисобига кўра, ҳозир биргина Тошкент шаҳрида 55.000 дан ортиқ аёл ҳайдовчи бор экан. Бу пойтахт аҳолисининг салкам олти фоизига тенг келади. Бигизпошна туфли тасвири туширилган машиналарни бошқараётган ҳайдовчиларнинг асосий қисми ўрта ёшли аёллар, қолган етти-саккиз фоизи эса ёш қизлар экан.
Хўш, аёлларнинг машина рулига ўтиришига ким қандай муносабатда бўлмоқда? Бу ҳақдаги савол билан бир неча кишига мурожаат қилдик.
Дилбархон Ҳошимова – тадбиркор, 39 ёш:
– Биласизми, аёллар эркаклар билан барча масалаларда тенг ҳуқуқли бўлгач, уларни машина ҳайдашдан нима тўсиши мумкин? Масалан, ўзимни олайлик. Йўлга анча тушиб қолган бизнесим бор, шундай бўлгач, кунимнинг кўп қисми кўчада ўтади. Олдинига машинамизни хўжайиним ҳайдардилар. Мени машинага ўтқазиб олиб ҳали у фирмага, ҳали бу банкка чопавериш жонларига тегди шекилли, бир куни “Менга қара, ўзинг ҳайдовчиликка ўқий қолмайсанми?” деб қолдилар. Ўзим ҳам қизиқиб юргандим, жон деб рози бўлдим. Мана олти йилки, машина ҳайдайман. Бошда қийин бўлди, бир неча марта янги машинани уриб олдим. Ҳозир ўрганиб кетганман. Аммо шунча ташвиш ичида яна машина ҳайдаш одамга оғир келаркан. Кўчада баъзан айрим эркаклар аёлларга нописанд муносабатда бўлиб, жаҳлимизни чиқариб қўйишларини ҳисобга олмаса, барибир рулда ўзинг бўлишингнинг кўп афзал томонлари бор.
Қурбонали Мамиталиев – такси ҳайдовчиси, 52 ёш:
– Майли, аёллар ҳавас қилган бўлса, ҳайдайверсин, ҳеч қанақа қаршилигим йўқ. Фақат бир нарсани ҳисобга олиш керак. Аёллар табиатан ўта эҳтиёткор бўлгани учун машина ҳайдашда ҳам шу феъли билан эркак ҳайдовчиларнинг жиғига тегишяпти. Масалан, йўлчироқнинг сариғи липиллай бошладими, шартта тўхтаб олишади. Орқадаги ҳайдовчи ўтиб кетишни мўлжаллаб келаётгани учун ё қийиллатиб тормоз босишга, ё аёлнинг машинасини “чўқиб қўйиш”га мажбур бўлади. Олдинда кетаётган машина одатдан ташқари, ғайритабиий “манёвр”лар қила бошладими, демак, унинг рулида албатта аёл киши ўтирган бўлади.
Икром Алиқулов, ЙҲХХ ходими, 34 ёш:
– Ҳамма аёл ҳайдовчиларни эркакларга қараганда анча интизомли, дейди, аммо мен бу фикрга қўшилмайман. Кўпгина аёллар ўзларининг машина ҳайдашларини қандайдир имтиёз деб тушуниб, истаганча қоидани бузишади. Кўп ҳолларда уларни тўхтатсак, кўрмаганга олиб кетишаверади. Тўғри, биз эркаклар улар билан тортишиб ўтирмаймиз, қочиб қолишса, ортларидан ҳам қувмаймиз. Аммо аёллар бундан талтаймай, қоидага риоя қилишлари керак, чунки қонун олдида ҳамма баробар! Шахсан ўзим айлларнинг машина ҳайдашларини ёқтирмайман. Чунки аёллар йўлда анча эътиборсиз ҳаракат қилишади, атрофидагилар билан унча ҳисоблашишмайди. Руҳшунослар тажрибасига кўра, аёл ҳайдовчилар аварияга олиб келувчи ҳолатларда эркакларга ўхшаб уни бартараф этиш ҳақида ўйлаш ўрнига шартта кўзларини юмиб олиб, ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйишар экан...
Умид Ботиров, ЙҲХХ ходими, 29 ёш:
– Назаримда, эркакларга қараганда аёллар машина ҳайдашда анча тартибли бўлишади. Ҳаётда қоида бузувчи аёлларни кам учратдим. Уларнинг битта камчилиги бор: машинани бироз қўрқиб ҳайдашади. Светофорда ҳам то яшили ёнмагунча кутиб туришади. Эркаклар эса сариқ чироқ ёнар-ёнмас газни босишади. Бирор сабаб билан аёл ҳайдовчини тўхтатсангиз, дарҳол тўхтайди, ғижиллашиб асабингни бузмайди. Улар билан муомала қилиш, иш битириш осонроқ. Менга қолса, аёл ҳайдовчиларнинг кўпайгани яхши.
Мукаррама Болтаева, уй бекаси, 36 ёш:
– Ўзим аёл бўлсам ҳам, аёлларимизнинг машина ҳайдашларига мутлақо қаршиман. Нега дейсизми? Айтайлик, унинг машинаси йўлда бузилиб қолди. Хўш, эркак-ку, уни бир амаллаб тузатади ёки уста топгунча машина ичида ухлайверади. Бундай ҳолатларда аёл киши нима қилади? Кўчада тунайдими ёки бирор бегона эркакдан ёрдам сўрайдими? Ёки кечқурун қайтаётганида бир бегона эркак қўл кўтарди, дейлик. Унга раҳми келиб манзилига олиб бориб қўядими? Бордию ўша эркакнинг феъли бузуқ, нияти қабиҳ бўлса-чи? Мана шундай вазиятлардан келиб чиқиб аёлларнинг машина ҳайдашларига қўшила олмайман. Чунки улар нафсларининг сўзига кириб рулга ўтиришяпти, ҳар қанча машинага эҳтиёжлари бўлса, эрлари ёки бир маҳрамлари бемалол буни қондира олади.
Аёлларнинг машина бошқаришларига муносабат ана шундай хилма-хил ва бири бирига ихтилофли. Бундан бир неча йил олдин “Аёлларнинг машина ҳайдашларига қандай қарайсиз?” деган савол билан одамлар орасида сўров ўтказилганида респондентларнинг 33 фоизи “Мутлақо қаршиман”, 22,2 фоизи – “Майлию, лекин аёллар йўлда хавф туғдириши мумкин”, 15,6 фоизи – “Тўла маъқуллайман”, 13,3 фоизи – “Аёллар энг одобли, тартибли ҳайдовчилар”, 8,9 фоизи – “Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман”, 6,7 фоизи – “Менга барибир” деб жавоб қайтарган экан. Агар ушбу сўров бугун ўтказилса, саволлар салмоғи қайси тарафга қараб ўзгараркин?
Хулласи, кимлардир учун аёлларнинг машина ҳайдашлари давр ва шароит тақозоси бўлса, бошқалар бунда аёлларнинг ўзгалардан қолмаслик учун кимўзарга қилаётган тантиқликларини кўряпти. Кимдир жамиятдаги бу янгиликни чин дилдан маъқулласа, кимдир бунга тиш-тирноғи билан қарши чиқяпти. Нима бўлганда ҳам, бу нарса воқеъликка айланиб бўлди. Биз эса аёлларнинг машина ҳайдашларига динимиз қандай муносабатда экани билан таништириш ҳам муҳимлигини инобатга олиб, бу ҳақдаги маълумотларни муҳтарам журналхонлар билан баҳам кўришни лозим топдик.
Аёл киши транспорт ҳайдаши мумкинми? Аслида, улов миниш, жумладан, транспорт воситаларини ҳайдашнинг мубоҳлиги эркакларга ҳам, аёлларга ҳам баробар тааллуқлидир. Аммо ундан келадиган натижа ва таъсирлардан келиб чиқиб, уламоларимиз аёл кишининг транспорт воситаларини бошқариши, хусусан машина ҳайдаши ҳақида турлича фикр билдиришган ва улар бугунги кунгача ҳам ҳали бир тўхтамга келганларича йўқ. Бунга уларнинг ҳар бирлари ўзлари яшаб турган муҳит ва шароитдан келиб чиқиб фатво бераётганлари ҳам сабаб бўлмоқда.
Уламоларимизнинг аёл кишининг транспорт воситасини ҳайдаши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва фатволарини биз машина миниш мисолида кўриб чиқар эканмиз, уларнинг муноқашаларидан уч хил хулоса келиб чиққанининг гувоҳи бўламиз: 1) жоиз, яъни мубоҳ; 2) ножоиз, яъни ҳаром; 3) иккисининг ўртаси, яъни макруҳ.
“Аёлларнинг машина ҳайдаши жоиз” дейдиганлар ўз сўзларига қуйидагича далил келтиришади: а) Қуръони Карим оятларидаги улов минишнинг мубоҳлигига далил бўлувчи оятлар умумийдир. Уларда ҳеч қандай қайд йўқ. Шу билан бирга, уларни қайдловчи бошқа оят ё мутавотир ҳадислар ҳам топилмайди; б) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва ундан кейинги пайтларда аёлларнинг улов минганлари ҳақида бир қанча далиллар мавжуд. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан равоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш аёллари туя минган аёлларнинг энг яхшисидир», деганлар. Бугунги кундаги машиналар у вақтлардаги уловларга нисбатан анча ҳимояланган, тўсилган; в) бугунги кунда машинада юриш ҳаёт заруратига айланган. Ҳамма вақт ҳам хонадондаги машина аёлларнинг ўз ҳожатлари учун кўчага чиқмоқчи бўлганларида хизматларига шай турмайди, эркаклари эса доим ҳам вақт топа олмайди. Баъзи вақтларда оилада умуман бирорта ҳам эркак бўлмаслиги ҳам мумкин. Ана шундай вақтларда аёл киши бегона эркакнинг машинасига чиққанидан ёки жамоат транспортида эркак-аёл аралаш кетганидан кўра ўзи машина мингани яхши. Чунки, аёл бегона эркак билан машинада холи кетиши ёки ёнма-ён ўтириб кетиши дуруст эмас. Бунда турли фитналар келиб чиқиши эҳтимоли бор. Агар аёл ўз машинасида бўлса, бундай муаммо ва машаққатлардан қутулади. Бу эса шариат мақсадларига ҳамоҳангдир; г) Исломда аёлларнинг маконати баланд. Уларга махсус ҳоллардагина эркаклардан фарқли аҳкомлар жорий қилинган. Машина минишдан аёлларни қайтариш уларнинг шариат рухсат берган ҳақларини чеклашга олиб бориши мумкин; д) баъзи уламоларнинг аёлларга машина ҳайдашни ҳаром ё макруҳ дейишларига сабаб, машина минган аёлнинг кўпинча Ислом одобларига риоя қилмаётгани, Исломга мувофиқ кийинмаётгани ва бошқа ношаръий ҳатти-ҳаракатларга йўл қўяётгани учундир. Аммо аёл мазкур нарсаларни бартараф этиб, барча жойини тўсиб, шариатга мувофиқ кийинган, виқор ва иффатини сақлаган ҳолда, ўйин-кулгу учун эмас, зарурий мақсадларда машина минса жоиздир; е) агар аёл кишининг машина миниши натижасида юзага келадиган зарар ва ёмон ҳолатлар билан унинг бегона кишининг машинасига ёки жамоат транспортига чиқишидаги зарар ва ёмон ҳолатлар солиштирилса, бугунги кундаги кўпчилик мамлакатлардаги вазиятни инобатга олганда, ўзи машина мингандаги зарарлар шаръий ва ақлий ўлчовларга кўра енгил ва камроқ бўлиб чиқади. Шариатда эса «Иккита зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолганда, зиёни камроғи ихтиёр қилинади». Бугунги кунда кўплаб мусулмон ўлкаларида, хусусан Ғарб мамлакатларида мана шунга фатво берилган.
Бунга қарши ўлароқ, аёлларнинг машина ҳайдашини ножоиз санаган уламолар ўз сўзларига қуйидагича далил келтирадилар:
1. Аёлларнинг машина минишини тақиқловчи асос Қуръон ёки ҳадисларда очиқ келмаган бўлса-да, Исломнинг умумий мақсадлари, аҳкомлари ва баъзи фиқҳий қоидалар асосида уни қайдловчи усулий қоидалар мавжуд. Биринчи қоида: «Фасод, бузғунчилик омилларини бартараф этиш, агар улар манфаатлар билан тенг бўлса ёки улардан катта бўлса, манфаатларни жалб қилишдан муқаддам қўйилади». Ушбу қоида уламолар ижмоъ қилган шаръий қоида бўлиб, Қуръон, ҳадис ва ақлий далиллар билан асослангандир. Аёлларнинг машина ҳайдашида айрим манфаатлар топилса-да, унинг орқасидан келадиган зарарлар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп.
Иккинчи қоида: «Зариъа»ларни тўсиш вожиб». «Зариъа» бу – ҳар бир зоҳири, ташқи кўриниши мубоҳ бўлиб, оқибати ёмонликка, фасодга олиб борадиган нарсадир. Аёл кишининг машина ҳайдаши асли мубоҳ бўлса-да, бир қанча ёмон ҳолатларга олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва кейинги даврларда аёлларнинг уловга минганлари ҳақида келган ривоятларни ўрганилса, аксар ҳолатларда уловга минган киши аёл бўлса ҳам, уни бирорта эркак бошқариб борганини кўрамиз. Хусусан, аёллар кўпинча «ҳавдаж» деб аталган саватга ўхшаш, атрофи ўралган махсус ўриндиқларда туяга миндирилганлар.
3. Ислом аёлларнинг хизматларини эркакларга вожиб қилган. Улар ҳар қандай шароитда бу хизматга масъулдирлар. Агар ўзлари вақт топа олмаган тақдирда ҳам бирор маҳрами ё бошқа бир аёлни шерик қилиб, уларга қулайлик яратиб беришлари керак. Демак, аёлларнинг бу борадаги муаммоларини ҳал қилиш учун уларга машина миндириш эмас, балки эркаклардан уларнинг ҳақларига риоя қилишларини талаб қилиш ўринли.
4. Аёлларнинг бегона ҳайдовчи эркак билан машинада холи қолишларини бартараф этиш учун ҳам уларга машина миндириш шарт эмас. Ёнларида маҳрам эркак ё унинг ўрнини боса оладиган бирор аёл кишининг бўлиши муаммони ҳал қилади. Зотан, «зарар – зарар билан қайтарилмайди».
5. Биз аёлларни машина минмаслигини ёқлаш билан уларнинг ҳақларини чекламоқчи эмасмиз, аксинча, уларнинг эркаклар устидаги ҳақларини ҳимоя қилмоқчимиз. Исломда аёллар бошқа халқларнинг маликалари каби мақомга эга. Эркаклар уларнинг барча оғир ишларини ўз зиммаларига олади. Уларни онаси, опа-синглиси, жуфти ҳалоли ва қизи сифатида ҳимоя қилади, уларнинг хизматида қоим бўлади. Бинобарин, аёлларга машина миндириш уларни эҳтиром қилиш эмас, балки ана шундай улуғ мақомдан ҳайдовчилик мартабасига тушириш, ўз аравасини ўзи тортишга мажбур қилиш бўлади. Бугунги кунда Ғарб аёлларининг айрим вакиллари ушбу ҳақиқатни эътироф этишмоқда, муслималарга чин дилдан ҳавас қилишмоқда.
6. Ислом фитрат – соф табиат дини. У ўзининг барча аҳкомларида айнан ушбу мақсадни эътиборда тутган. Хусусан, аёлнинг аёллигини, иффатини, аёллик қадрини ҳимоя этиш учун бор имкониятни ишга солган. Аёлларга хос ҳукмларнинг барчасида бу ҳақиқат ўз аксини топган. Машина миниш бугунги кунда айнан ушбу мақсадга таҳдид солмоқда. Машина ҳайдаган аёлларда латофат, ибо ва ҳаё сифатлари камайиб, унинг ўрнини дағаллик, чўрткесарлик, шаддодлик каби аёл фитратига зид сифатлар эгаллаб бормоқда. Аёлларнинг машина минишларида яна ўзларини эркакларга ўхшатишлари, эрларига нописандларча муносабатда бўлишларига олиб келадики, динимиз бу нарсани ҳам қоралайди.
7. Ислом иффат, ор-номусни муқаддас санайди. Унга дахл қиладиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларни тақиқлайди. Шунинг учун ҳам, аввалда айрим вақтларда бир аёлнинг номусини ҳимоя қилиг учун, керак бўлса, ҳукмдор бошчилигидаги мусулмон қўшини бошқа бир давлатга ҳарбий юриш қилган ҳолатлари ҳам бўлган.
ЮНЕСКО тадқиқот марказининг хабар беришича, аёллари машина ҳайдаган жамиятларда зино, номусга тажовуз, ноқонуний фарзанд кўриш, ажрашиш каби ҳолатлар аёллари машина ҳайдамайдиган жамиятларга нисбатан анча ортиқ экан.
8. Охирги вақтда олиб борилган тадқиқотлар машина минишнинг аёллар соғлигига зарар эканини тасдиқламоқда. Британияда олиб борилган тадқиқотларга кўра, машина минадиган аёлларнинг 58 фоизи қирқ ёшга етмасдан вафот этаётгани, 60 фоизи турли шаклда руҳий касалликларга чалинаётгани аниқланган. Тадқиқот ўз хулосасида «машина ҳайдаш аёл кишига лойиқ эмас, унга муносиб келмайди» деб эълон қилган. Ислом шариати ҳукмларни жорий қилишда «зарарни баратараф этиш ва фойдани жалб қилиш»ни мақсад қилади.
9. Йўл-транспорт ҳодисалари бугунги кунда замонамизнинг энг фожиали муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Бундай ҳодисалар натижасида ҳар йили тақрибан 1,3 млн. одам ҳалок бўлади ва 20-50 млн. киши жароҳатланади. Аёлларнинг машина ҳайдаши уларнинг ана шундай ҳодисаларга кўпроқ дуч келишларига ва жиддийроқ талофат кўришларига олиб келади. Айниқса, агар йўл транспорт ҳодисасига аёл ҳайдовчи сабаб бўлган бўлса, қанчалар машаққат ва ноқулайликлар келиб чиқишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Аёлларнинг машина ҳайдашларининг бундан бошқа жуда кўп муаммо ва машаққатлари бор. Баъзи уламолар аёлларнинг машина ҳайдашларини “жоиз” деган ва буни ҳаромга чиқарган ҳар икки томоннинг мулоҳазалари, ҳужжат-далилларини эътиборга олиб, аёлларнинг машина миниши макруҳ, деган хулосага келишган.
Хулоса ўрнида бир мулоҳаза: аввалига қизиқиб машина минган аёллар кейинроқ бу ишнинг ўз табиатларига зидлигидан қийналиб, серташвиш ва ҳаловатсиз бўлаётганларини, бу нарса ўзларининг аёллик латофатларига дахл қилаётганини айтишмоқда. Қувайтдаги «Оилам» журналида чоп этилган журнал таҳрир ҳайъати раисаси Ғанима Фаҳднинг мақоласида жумладан қуйидаги дил сўзлари берилган: «Кибор бўлиб кетдик... Орзуларимиз, интилишларимиз ҳам катталашиб кетди, тавсифдан юқори даражада илм-маърифатга эга бўлдик, тамоман эркак бўлиб қолдик: машина ҳайдаймиз, хорижга бир ўзимиз сафар қиламиз, шим киямиз, банкда сармоямиз бор, бошқарув мансабларига ҳам етишдик. Сўнгра... эркак қандай бўлса, ўшандоқ қолди, аммо аёл эркакка айланди... Барча нарсага эришганимиздан сўнг, эрлар устидан қозонган ғалабамиз қалбларимизни музлатганидан кейин мен сизларга тўлиқ ишонч билан айтаманки, «Аёллик нақадар гўзал! Аёл нақадар гўзал! Эркак билан ҳимояланган аёлга эркак ўз қувватини ҳис қилдириб туради, уни бир ўзи сафар қилишидан ман қилади, ундан ўз уйида ўтиришини талаб қилади... Бу нақадар гўзал! Аёл ўз болаларини тарбия қилса, ўз мамлакатига эга бўлиб, уни кузатиб турса... Эркак эса кучли раҳбар бўлиб турса... Ҳа, мен тажрибалардан сўнг айтаманки: «Ҳаёт ва иш майдонидаги жадал ҳаракатларим асносида йўқотган аёллигимга қайтишни истайман!»
Аҳмад МУҲАММАД
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 764 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар