1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Машина минган аёл

Тахминий маълумотларга кўра Тошкент шаҳрининг битта туманига 10 мингга яқин ҳайдовчи тўғри келар экан. Шуларнинг 4 мингдан ошиқроғи - аёллар. Аёл ҳайдовчиларнинг 64 фоизини қирқ ёш атрофидагилар, 15 фоизини ёш қизлар ва 6 фоизини эллик ва ундан катта ёшлилар ташкил этар экан. Агар пойтахтимиз 14 та тумандан иборатлигини ҳисобга олсак, аёл ҳайдовчилар (Тошкент миқёсида) 55 мингдан ошиқроқ экан. Болалигимда инсоният тамаддунига бағишланган бир мултфилм бўларди. Ғордаги ибтидоий ҳаётни кўрсатиш билан бошланган бу филм инсоннинг космосга парвози билан тугайди. Аммо унда бир лавҳа ҳеч ўзгармас эди: тарихий тараққиёт ўзининг қайси босқичига етмасин, аёл қўлида дасмол билан қозон тозалаётган бўларди. Ўшанда бола онгим филм ижодкорлари етказмоқчи бўлган ғояни қамрай олмаган эди. Кейинроқ одам қанчалар юксалмасин, жамият қанчалар тараққий этмасин, аёл уй бекаси, ошхона эгасилигича қолаверади, демоқчи бўлишганини англаб етдим.

Ҳамиша қизғин баҳс-мунозаралар уйғотиб келган аёлларга бундай қараш ҳозир ҳам мавжуд. Ва бу ижтимоий ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларида акс этади. Илгаригидай ўткир бўлмаса-да, аёлларнинг ижтимоий юк касб этиши ҳамон баъзиларнинг ғашини келтиради. Илгари «ичкари»-ники бўлган аёлларнинг «ташқари»даги фаолияти уларни машина чамбарагига келтириб қўйди. Неча йиллардан буён муҳокама этилаётган, аммо қатъий ечимини топмаган ва шу боис ҳам қизиқтиришда давом этаётган мавзу юзасидан турфа қарашли одамлар билан суҳбатлашдим.

Маҳмуда Алиева, тадбиркор (43 ёш):
-    Мен энди машина ҳайдай бошлаган пайтимда аёл ҳайдовчилар жуда кам эди. Шунинг учун ЙПХ ходимлари бизнинг кичик қоидабузарликларимиздан жентелменларча кўз юмишарди. Аёл киши сифатида бир қанча имтиёзларга эга эдик. Аммо кейин аёл ҳайдовчилар кўпайиб кетиб, бизга ҳам эркакларга бўладиган муносабат қилина бошлади. ЙПХчиларнинг кўзи аёл ҳайдовчига кўникди, шекилли-да.

Сиддиқ Саидов, ЙПХ ходими, (51 ёш):
-    Гап унда эмас. Тўғри, дастлаб бунга «экзотика» дея ёндашган ЙПХчилар кўп бўлди. Аммо аёл ҳайдовчиларнинг ўзи талтайиб кетишди. «Аёл кишига нима ҳам қила оларди» деган фикр билан қоидани тап тортмай бузишади. Бузганга яраша, қулоқ солишса экан. Йўқ, тўхташ ишорасини қилсангиз, кўрмаганга олиб, ғизиллаб кетаверади. Аччиғинг чиқади-да. Аммо, ҳақиқатдан ҳам аёл киши билан тенглашиб ўтирмаймиз. Қоидабузар аёлларни қувиб юрмаймиз. Мен эркак сифатида ҳам, ЙПХ ходими сифатида ҳам аёл кишининг машина ҳайдашини ёқламайман.

Мансур Носиров, ЙПХ ходими, (27 ёш):
-    Менинг практикамда ҳали қоида бузган аёл бўлмади. Аксинча, улар бироз қўрқиб ҳайдашади машинани. Светофорда ҳам то яшили ёнмагунча кутиб туришади. Эркаклар эса сариқ чироқ ёнар-ёнмас газни босишади. Бирор сабаб билан тўхтатсангиз, дарҳол тўхтайди, жанжаллашмайди. Улар билан муомала қилиш, иш битириш осонроқ. Аёл ҳайдовчилар кўпайгани яхши.

Шаҳноза Соатова, журналист, (29 ёш):
-    Мен машина ҳайдашга азалдан қизиқардим. Кун келиб ҳайдашимга имоним комил эди. Машинани албатта ўзим сотиб оламан, дердим. Ўзим сотиб ҳам олдим, ҳайдаб ҳам кўрдим. Қизиқишга сабаб - машина ҳайдаш ўткир ҳис уйғотади, мустақиллик туйғусини беради, ўзига ишончни орттиради. Бояги гапга келсак, аёл киши сифатида маълум бир имтиёзларга ҳам, чекловларга ҳам эга бўласиз. Имтиёз - машина бузилиб қолса, кўчада қолиб кетмаслигимиз аниқ, ҳар қандай одам тўхтаб, ёрдам беради. Чеклов - шу машина бузилиб қолганида ўзимизнинг тузата олмаслигимиз. Албатта, машинангиз бўлгани яхши. Кўп ишларингизни бировга илтимос қилмай, ўзингиз битириб оласиз, катта имконияту қулайликларга эга бўласиз. Шу билан бирга унга қараш, доим у ёқ-бу ёғини кавлаштириш керак. Тузаттирмоқчи бўлсангиз, билмаслигингиздан фойдаланиб, арзимаган ишига катта ҳақ сўрайдиган усталар бор. Ҳайдовчи аёл экан, қани бир кўрайчи, дея эрмакка тўхтатадиган мелисалар бор. Қоидага риоя қилмоқчи бўлсанг, тез юрмайсанми, дея сўкиниб кетадиган эркак ҳайдовчилар бор.

Тўлқин Баратов, техник, (35 ёш):
- Менга қолса, аёлларнинг умуман машина ҳайдамагани маъқул. Нега? Чунки машина оғир темир, мураккаб технология. Дейлик, кимсасиз йўлда бузилиб қолди. Эркак одам бир амаллаб тузатиб олади. Тузата олмаса, хотиржам машинада тунайверади. Аммо аёл бундай қила олмайди. У кимгадир рафиқа, кимгадир она. У кўчада ётиб қола олмайди, у уйига бориши керак. Шу билан бирга машинани ҳам ташлаб кета олмайди. Ёки кечки пайт йўлда турган бирор кишига раҳми келиб тўхтаса, уни манзилига етказиб қўймоқчи бўлса. Аёлга, раҳми келади. Унинг қанақа одамлиги, бу ишининг оқибати ёмон тугаши мумкинлигини ўйлаб ўтирмайди. Ўша раҳми келган йўловчи маняк ёки ўғри бўлса-чи? Ё кайфи ошиб қолган бўлса, асли ёмон одам бўлмаса ҳам хунук ишлар қилиб қўйиши мумкин. Мастда, уни қоралаб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди. У ўша пайт қилаётган ишига жавоб бера олмайди. Шунинг учун аёлларнинг машина ҳайдамагани тузук.

Албатта, ҳар бир томон ўзича ҳақ. Зотан, Ницше айтганидай, дунёда воқелик эмас, унинг талқинларигина мавжуд. Аммо машина тараққиёт маҳсули бўлгани сингари аёл ҳайдовчилар ҳам шиддатли глобал ривожланиш оқибатидир. Бунинг ўзига яраша ёмон жиҳатлари ҳам, яхши тарафлари ҳам бор. Асосийси, олтин ўрталиқни ушлаб туриш, меъёрни унутмасликдир.

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ