1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Чекаётган аёл…

Кўпгина ривожланган мамлакатларда аёлу эркак онгли равишда чекишни ташлаётган бир пайтда бизда акс ҳолат ташвишланарли ҳолдир. Дам олиш кунларимдан бири эди. Тирикчиликнинг айби йўқ, дея енгил автомобилимда кира қилиб юрибман. Уч нафар қиз тўхтатиб, фалон фалон ва фалон жойга борамиз, сиз ҳар тўхтаганда 5-6 дақиқа кутасиз, йўлда ишларимиз бор, дейишди. Айтганларидек, уч манзилга олиб боришга тўғри келди. Ҳар тўхтаганда улар машинани тутунга тўлдириб роса чекишар эди. Каттароқ ёшдаги қизлар бўлганида ҳам майли эди, чунки ҳозир уларда чекиш худди эркаклардаги каби оддий ҳолат бўлиб кетган. Лекин буларнинг ҳали жуда ёш экани кишини ўйга толдиради.
«Нега чекасизлар, чекмасаларинг, нима бўлади?» дея савол бераман машинада шерикларини кутиб ўтирган икки қизга. «Замонавий» қизларнинг ўта «замонавий» жавоблари жуда оддий ва тушунарли:
– Жуда яхши бўларди-я, афсус, буни эплай олмаймиз.
– Уйда ота-оналаринг билишадими чекишларингни?
– Вой, нима деяпсиз, агар билиб қолишса, нақд осишади-ку!
– Менинг дадам ов милтиқлари билан отиб ташлаган бўлардилар, – дея ҳиринглайди иккинчи қиз.
– Наҳотки, уйларингга борганларингда сигарета тутунининг ҳиди келмаса? – уларга яна савол бераман.
– Бунинг олдини олиб борамиз, кетма-кет «Орбит» чайнаб оламиз, йўқса, ҳақиқатда билиб қолишлари мумкин. Эҳтиёт бўлмаса – бўлмайди!
– Қандай қилиб ўргангансиз чекишни?
– Ҳаммаси оддий: чекадиган дугоналаримизга ҳавас қилиб синаб кўрганмиз. Кейин ўрганиб қолганмиз.
– Буни ташлашга ният бор, – дейди машинанинг орқа эшигини катта очиб қўйиб сигарета тутунини ташқарига учираётган қиз. – Бир неча кун чекмай ҳам юрдим. Кейин эса чидолмадим. Ҳаётингизда ҳар хил муаммолар чиқиб туради, уларни енгиш учун жуда қулай бу чекиш. Ғам-ғусса кетади, мия дам олади.
Мана азиз ота-оналар, сизлар билмаган ҳолда қизларингиз қандай ишлар билан шуғулланиб юришибди. Еру-кўкка ишонмайдиган фарзандларингиз сизларни шундай усталик билан алдаб юрган экан, улар сизга билдирмаган ҳолда бундан-да ёмонроқ йўлга кирмайди, деб ким кафолат бера олади?
Мутахассислар фикрича, мамлакатимизда сўнгги пайтларда ёшлар ҳамда аёлларнинг чекишлари сезиларли даражада кўпайган. Voanews.com сайти тарқатган хабарга кўра, юртимизда ҳар йилда 30 мингга яқин киши тамакининг салбий оқибатлари туфайли ҳаётдан кўз юмаркан.
Кашандалик аёллар учун ўпка ва кўкрак саратонига (рак) олиб борадиган асосий омиллардан биридир.
Физиотерия ва пулмонология илмий тадқиқот институти директори, академик Абдулла Убайдуллаев шундай дейди: «Рак касаллиги ошқозон-ичак, тилда бўлиши мумкин. Аёлларда эса бачадонда, кўкрак безида ҳам кузатилади. Охирги пайтларда Ўзбекистонда ҳам кўкрак безининг раки кўпаймоқда. Хўш, сабаб айнан ўша чекувчи аёллар сонининг ошганидир».
Кейинги пайтларда, айниқса, вояга етмаганлар орасида чекишга ружу қўйиш кўпайиб бормоқда. Бу нарсанинг оддийгина тақлиддан келиб чиқаётгани ниҳоятда афсусланарли ҳолдир. Ёшлар катталарга тақлид қилишдан ўзларини тия олишмайди. Яхшиямки, охирги пайтларда сигаретани реклама қилувчи роликлар бироз камайган. Акс ҳолда, аёлларнинг чекиш кўрсаткичи янада юқори бўлиши тайин эди. Яна академик Абдулла Убайдуллаевнинг гапларига қулоқ тутамиз: «Ўзбекистонда чекувчилар кўпроқ ёшларни ташкил қилади. Қизларимиз ҳам бор. Шогирдларимдан бири мактабда 4 ва 10-синф ўртасидаги болалар орасида шундай текширув ўтказди: «Тўғридан тўғри мулоқотда чекасанми?» дея савол берсангиз, болаларнинг деярли 97 фоизи, қизларимизнинг эса ҳаммаси «Йўқ», дея жавоб беришади. Лекин аноним саволлар бор, яъни сўровнома қўлига берилади-да, фамилия ёзилмайди. Шунда 17-18 фоизгача болаларимиз, 3-5 фоиз қизларимиз чекиши маълум бўлди».
Эътибор қилаяпсизми, бу фақатгина мактаб кўрсаткичи ва бор-йўғи бир сўровнома, холос! Аслида эса, реал кўрсаткич бундан-да ёмонроқ бўлиши мумкин.
Болалар институтга киришлари билан ёки иш жойида фаолият бошлаганларидан кейин чекиш баттар кўпайиши табиий ҳолдир. Яна бир гувоҳнинг айтганлари: «6-7-синфларни кўраман, қизлар мактаб ҳовлисида бемалол чекиб ўтиришади. «Нега бунга ўқитувчилар эътибор беришмайди?!» дея ҳайрон бўламан. Ёшлар ўзича маданиятлимиз, савиямиз баланд, дейишади, лекин бу билан ўзларини ҳалок қилаётганларини билишмайди. Кўпинча отанинг чекиши болаларга ҳам ўтади. Отанинг одатий ҳолга айланган чекиши бола учун ўрнак бўлади. Шу билан бирга боланинг қаровсиз қолиши ҳам шунақа оқибатларни келтириб чиқаряпти».
Азизлар, тамаки тутунида 4000 га яқин заҳарли модда бор. Бу моддалар энг биринчи навбатда ўпка ракини келтириб чиқаради. Деярли 80-90 фоиз ўпка ракининг асосий сабабчиси чекишдир. Тамаки тутуни юракни, асаб тизимини ва ошқозон-ичак фаолиятини ишдан чиқаради.
Азиз ота-оналар, яна айтамизки, сизлар билмаган ҳолда қизларингиз қандай номақбул ишлар билан шуғулланиб юришибди! Еру кўкка ишонмайдиган фарзандларингиз сизларни шундай усталик билан алдаб юрган экан, улар сизга билдирмаган ҳолда бундан-да ёмонроқ йўлга кирмайди, деб сизга ким кафолат бера олади?

Бекзод Аҳмаджонов

Ҳозир сайтимизда 839 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ