Сайт бўлимлари
Беванинг тинчини бузган ёрдам
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 25 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳаётни кузата туриб, айрим одамларнинг ғалати қилиқларидан таажжубга тушаман, ғашланаман, ўйламан. Дунё ташвишлари, рўзғор, турмушидан ортиб бировларнинг ҳаётига аралашиб, суқилиб гап-сўз қилиб юрадиганлар шундай тиғиз замонда қандай вақт топар эканлар а? Бизга ўхшаганлар бўш пайтида ҳам банд бўлиб, юмушларга кўмилиб юрган бир пайтда, айрим одамларнинг, айниқса, эркакларнинг одамлар орқасидан ғийбат гапларни тарқатиб юрганини кўриб асабларим қақшайди. Билмадим, балки бу гаплар матбуотга олиб чиққулик даражада эмасдир, балки мен ҳам майда гаплик қилаётгандирман. Аммо бугун эркаклар ҳақида кўп салбий гаплар чиқаётган пайтда, мен эркак қавмининг бир вакили сифатида айни шу иллатга чалинган жинсдошларимнинг фитратига назар ташлашни инсоний бурчим деб билдим.
Ҳамкасблар билан бир жойда кўп ишлайверсанг, худди ака-укадек яқин бўлиб қоларкан киши. Биз тўрт ҳамкасб дўст ўн икки йил бир жойда ишлаб, қадрдон бўлиб қолгандик. Ўтган йили тўсатдан бир дўстимиз вафот этди. Оила паноҳидан айрилиб, аёли уч бола билан ёлғиз қолди. Биз қолган уч дўст ҳар икки-уч ойда ойлик олганимизда кам-камдан йиғишиб, марҳум оғайнимизнинг оиласига ёрдам қилиб турардик. Ҳеч қачон бир киши бормаганмиз. Албатта икки киши бўлиб бориб, дарвоза олдидан дўстимизнинг тўнғич ўғилчасини чақиртириб, атаган ёрдамимизни бериб, ҳол-аҳвол сўраб қайтардик. Ҳеч қачон раҳматли дўстимнинг аёли ёлғиз ўзи олдимизга чиқмас, албатта ёнида ўғилчаси бўларди. Бир йил мобайнида дўстимизнинг оиласидан хабар олиб турдик. Яқинда Қурбон ҳайити муносабати билан арафа куни дўстимизнинг болаларидан хабар олгани дарвозасини тақиллатсак, аёли ғамгин бўлиб ўғилчасини етаклаб чиқди.
- Сизларга мингдан минг раҳмат,- деди жувон ердан кўз узмай шикаста товушда,- шунчалик раҳматли дадамизни ҳурмат қилар экансизлар. Болаларим билан ҳамиша ҳаққингизда дуодамиз. Фақат сизлардан илтимос, энди бошқа келиб юрманглар. Одамлар нотўғри тушунибди. Маҳалла-куйда менга тагдор гап қилишяпти. Айрим аёлларнинг кўз қараши ҳам ўзгарган. Маҳалламизда сизлар билан бирга ишлайдиган бир одам бор, биласизлар... Ўшаларнинг аёллари қўни-қўшниларга ҳар хил гапларни гапирибдилар... Энди овора бўлманглар, илтимос. Ўзимиз бир амаллармиз. Ортиқча гап-сўзга тоқатим йўқ. Бошимга тушган мусибат юкини кўтарайинми, одамларнинг маломатиними...
Бу гаплардан ёрдам олиб борган дўстим иккимиз донг қотиб қолдик. Бу қандай гап бўлди, энди?! Раҳматли дўстимизнинг аёли айтган – биз билан бирга ишлайдиган уларнинг маҳалладоши бўлган кишини кўз олдимга келтириб, нафрат ва ғазабдан қақшаб кетдим ўша топда. Эркак деганлари ҳам шунқанги мунофиқ, икки юзламачи бўлар экан-да!? Бизга:
- Раҳматли Икромжоннинг оиласидан хабар олиб яхши қиляпсизлар. Ишхона ҳам байрамларда раҳматлининг болаларидан хабар олиб турса яхши бўларди, -деганди. Наҳотки, уйидагиларга бошқа гап гапирган бўлса!
Марҳум дўстимизнинг уйидан хижолатчиликми, хафачиликми, хуллас, алланечук юракни ғаш қиладиган ҳис билан қайтдим. Уйга келиб хотинимга бор гапни гапирдим.
- Мендан бир оғиз маслаҳат сўрамабсиз-да, дадаси,- деб гап бошлади аёлим ҳам мулоҳазали оҳангда.- Ўзи Замира келин- раҳматли Икромжон дўстинингизнинг аёли тунов куни менга қўнғироқ қилиб, “опа, муллакамларга айтиб қўйинг, ёрдам шарт эмас, одамлар нотўғри тушуняпти. Улар билан бирга ишлайдиган Умар аканинг аёли қайси куни дўконга чиқсам, эрингизнинг оғайнилари сизникига жуда серқатнов бўлиб қолишибдими, фалон қишлоқлик писмадончи раҳматли бўлган оғайнисининг аёлини никоҳига олиб, кам-кўстидан хабар олиб юрган экан, дегандай гап қилди. Менга ортиқча гапнинг кераги йўқ, Худо етказган ризқимизни ошаб, насибамизга рози бўламиз. Фақат тинчимизни бузишмаса, бўҳтон қилишмаса бўлди” деганди. Мен жаҳлингиз чиқмасин, деб сизга индамагандим. Аслида бошидан хато қилгансизлар. Дўстингизнинг оиласига ёрдам қилиш кўнглингизда бўлса, уни ишхонангиздаги аёллар биланми ё мен ёки бошқа ходимларингизнинг аёли орқали юборишингиз керак эди. Савоб қиламан, деб бир бечора аёлнинг кўнглини синдириб қўйганларингиз ёмон бўлибди. Ҳозир одамларни биласиз-ку, салгина тайрилсангиз, йиқитиб, тепиб ташлашади. Жамоадошингиз ҳалиги Умар аками, ким деганига ҳам қойил қолмадим. Эркак кишига нима зарил, бева аёлга маломату бўҳтон қилиш...
Хотиним нималарнидир тинмай жаврай кетди. Унинг гаплари бир-бирда қулоғимга кирар, чап кўксим қаттиқ-қаттиқ санчди. Тўғриси... ўша нусха билан бир ҳаводан нафас олаётганимдан нафратланиб кетдим. Раҳматли ҳамкасб дўстимиз билан қанчалик яқин эканимизни, жойи келганда бурда нонни баҳам кўришимизни биларди. Вафотидан кейин дўстимизнинг оиласига ёрдам бераётганимизни, болаларидан хабар олиб туришимизни жамоада ҳамма биларди. Бефаросат хотинига маломат гапларини қайси тил билан айтди экан, ҳайронман...
Бу воқеа менга яхшигина сабоқ бўлди. Одамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини, ҳамма кўнгли тоза эмаслигини уқтирди бу сабоқ. Меҳр-мурувватли бўлиш яхши экан, аммо киши ўзи ва ўзи билан мулоқот қилаётган томоннинг шаънини ўйлаб қадам ташлаши шарт эканини англатди бу ибрат. Қолаверса, яна бир аччиқ ҳақиқатни англатдики бу- эркак турқидаги кимсаларнинг ҳаммаси ҳам ЭР, МАДР деган шарафга лойиқ эмас экан...
Шарофиддин, Фарғона вилояти.
Баҳор оққа кўчирди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 834 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар