Сайт бўлимлари
Бегим сизга айтаман...
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 26 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бегим! Биз энди бир бутун эканмиз, истардим сизна айтмоқчи бўлганларимни малол олмайсиз. Бизни дунёга келтириб, камолимизни орзулаганлар олдида масъулиятимиз улкан. Қолаверса, оила аталмиш қурилажак жажжи мамлакатимизнинг шаъни иккимизни-да сергакликка ундайди. Буни рўзғор деб қўйибдилар, бегим. Яхшисидан ёмони кўп, енгилидан оғири бисёр.Биз кираётган қўрғоннинг бир девори сабр, бир девори қаноат, яна бир девори бардош аталмиш “заҳар”дан, фақатгина бир девори бахт отлиқ асалдан иборат экан. БИз турмушнинг тўрт муштига сабр билан елка тутиб, рўзғорнинг машаққатларига бардошли бўлиб, йўқчилигу камчиликларни қаноат совути остидан енгсак, суюнаверинг, бахт қуёши нурларига еврилиб умргузаронлик қилиш насибамиз муқаррар.
Бир қўшнимиз ўн олти ёшида узатилди. У пайтлари қизларни ҳозиргидек жуда эрта узатиш «урф» эмасди. Шунинг учун ҳам, қўни-қўшни, маҳалладошлар ота-онанинг бу ишига унча қойил қолишмади. Қолаверса, қизнинг уйланиш ёшидаги икки бўйдоқ акаси бор эди. Одамларнинг тагдор саволларига жавобан она қош чимириб:
— Қизим акаларининг уйланишини пойлаб ўтирса, қариб қоларди. Йигирмадан ошган қариқиз кимга керак?! — деди.
Бу гапга кимдир қўшилди, кимдир қўшилмади. Яна биров истеҳзоли кулди, ким эса, «кейинини кўр» дегандек бош ўйнатиб қўйди.
Орадан бир ҳафта ўтиб келин саломга келган келинчак бир панада онасига кўз ёшини оқизиб илтижо қилаётганига кўзим тушди. Ўшанда, чамаси 10-11 яшарлик пайтларим эди, она-боланинг пинҳона суҳбатини тасодифан эшитиб қолиб, сабабини унча яхши англамаган бўлсам-да, мурғак кўнглим бузилганди.
— Онажон, илтимос, қудаларингизга айтинг, сизни, уйимизни жудаям соғиндим. Ҳеч бўлмаса бир кечагина сиз билан ёта қолай. У ерда кунларнинг ўтишини, тонг отишию, тезроқ бир ҳафта ўтиб, сизни кўришни қанчалар илҳақ кутишимни билмайсиз...
Мен суҳбат давомига қулоқ осмай, онамга чопдим:
— Ойи, ойижон, ҳу анави ерда Гулсара опам ойиларига осилиб йиғлаётган эканлар. Уларга жуда раҳмим келди. Ойиларидан бир кечагина уйларида қолишларини сўраб йиғлаяптилар...
Онам ўшанда қўлларидаги юмушларини ташлаб, оғир тин олдилару, кейин нималарнидир узоқ ўйладилар-да, «Ҳали ҳамма гап олдинда», деб қўйдилар.
Чиндан ҳам ҳаммаси олдинда экан. Ўша қиз турмушни оқ либос кийиб, орзу-ҳавасларда ширин севги изҳорларидан маст бўлиб яшаш, деб хаёл қилган экан чоғи, йигирма икки ёшида оиласи бузилиб, ота уйига қайтиб келди. Икки боланинг кўнгли яримлиги, тенгдошларидан камлиги, она меҳрига, эркалашлари, суйишларига зорлиги ҳақида айтмасам ҳам жуда яхши биласиз. Ўша бесабр жувоннинг кейинги аччиқ қисмати, яқинлари ва қавм-қариндошларининг иснодига айлангани тўғрисида Сизга гапиргани хижолат чекаман. Фақат, демоқчиманки, унинг феълидаги бу ноқисликни тузатмаган, жуфтини қаноатли, тоқатли бўлишга ўргатмаган ўша йигит ҳам оиласининг бузилиб кетиши ва рафиқасининг эгри йўлларга тушиб қолганида айбдор саналади.
Мени авф этгайсиз, эркакнинг бепарволиги аёлнинг бепардалигига сабаб бўлади. Турмушнинг ҳар куни сабоқ, ҳар они имтиҳон. Бу синовлардан аъло ўтиш учун эса, биз бир тан бир жон бўлмоғимиз шарт! Бирида устоз, бирида шогирд бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирмоғимиз лозим, токи, бизнинг кемтигимиз ташқаридагиларга аён бўлмасин. Дарвозамиз тирқишидан бир оғиз нохуш калом, кўчага бўйламасин. Бунинг исноди оғир. Номуси қаттиқ...
Бегим, юқорида эрнинг бепарволиги — хотиннинг шўри эканидан гап очдим. Ўрни келганда кўрган-кузатганларим асносида фикримни исбот этсам.
Бундан икки йилча олдин бир курсдошим турмушга чиқди. Дугонам билан анчайин яқин бўлганимиз боис, турмуш қурмасларидан олдин ҳам куёв болани билардим. Шу сабабдан курсдошимни у йигит билан оила қуриши унчалик кўнглимга ёқмаган эди.
Қарангки, куёв бола ниҳоятда беғам, бепарво йигит чиқди. Дугонам ярим тунгача ишда қолиб кетса ҳам у кишининг парвойи палак. Нима бўлганда ҳам ишлаб, рўзғорга пул топиб келса бўлди, поччамизнинг ҳакалак отган нафсларига тансиқ егуликлар ором беради. Дугонамнинг қўлида доим рўзғор халтаси. Ҳали ошхонасида бир нима йўқ, ҳали музлатгичида ҳеч вақо қолмаган. Кечки пайт ишдан чиқиб бозорга югуради. Зил-замбил халталарни кўтариб уйига чопади. Чамамда, боқибеғам поччамиз эрлик масъулиятини дастурхоннинг тўрига ўтирволиб, хотин олиб келган неъматларни паққос туширишу телевизордан футбол томошасини кўриб, дам олиб яшаш деб ўйлаганлар, шекилли. Энди улардаги бу бепарволик «хаста»лигини даволаш анча мушкул. Бир устозим, «шаклланган шахсни тарбиялаб бўлмайди», деб такрорлайдилар. Дугонам ва турмуш ўртоғи ҳақида ўйласам, шу эшитганим қулоғим остида акс-садо берганча жаранглайверади.
Бегим, сиздан илтимос, тоифадошингизнинг бу ҳаракатини айб сананг! Бу турфа масъулиятсизликдан ор қилинг!
Унутманг бегим, рўзғор машаққатлари, турмуш синовлари менинг биргина қобирғангиздан яралган муштипар жисмимга оғирлик қилади. Буни иккимиз бирга тортмоғимиз керак. Ахир, кексаларимиз бежизга «эр-хотин қўш ҳўкиз» дейишмайди. Бу дегани — эр билан хотин ҳамиша, ҳар он, ҳар сонияда бир-бирини қўллаб-қувватлаб бир-бирига ҳамроз, ҳамфикр бўлиши керак дегани.
Бегим, аввал-бошидан Сизга айтганларимни яна бир бор таъкидлаб ўтишни жоиз санадим. Қурилажак оиламизни бир қўрғон мисолида биладиган бўлсак, уни мустаҳкам тутиб тургувчи устуни Сиз! Яхши биласиз, иморат устуни мўрт бўлса, кўпга бормай, ерпарчин бўлиши аниқ. Бундан Худо асрасин! Сиз шундай СУЯНЧИҚ бўлингки, мен ҳар қандай чигалликларни табассум билан қарши олиб, ғалабанинг қаҳ-қаҳ овози билан мушкул вазиятлардан чиқай. Сиз шундай бир парда бўлингки, у мени ҳаммавақт ачиниш ва раҳм, нафрат ва важоҳат назаридан пана қилиб турсин. Сиз қўрғонимизнинг шундай дарвозаси бўлингки, ундан фақат биз ҳақимизда яхши гаплар чиқиб, ижобати бахтимиз бутунлигини билдиргувчи дуолар кирсин!
Бегим, эрта-индин барпо бўлажак митти «мамлакат»имизнинг ҳукмдори ўзингиз. Ундаги ўрнингиз, зиммангиздаги масъулиятингизни бир дақиқа бўлсин, асло унутманг! Билинг, инсон қачон мувозанатдан чиқиб, тубанликка юз тутади. Ўрнини унутганида! Масъулиятини англамаганида! Ва бу эътиборсизлиги оқибатида жамиятнинг бир бўғинида кемтиклик пайдо бўлади. Кимнингдир бахти ярим, яна кимдир ота ё она меҳридан мосуво бўлади. Бундай изтиробларга тўла ҳаёт жафосидан Ўзи асрасин! Аллоҳнинг ризолиги, ота-оналаримиз розилиги, фаришталарнинг дуоси остида никоҳимиз ўқилиб, фотиҳамиз Аршда садо берган ондан бошлаб, Сиз менга шундай жуфт бўлингки дунёдаги энг бахтиёр инсонлар рўйхати тузилаётганда биринчи бўлиб бизнинг номимиз қайд этилсин! Ва бизга муяссар бўлган порлоқ иқболдан жумлайи жаҳон ҳавасда бўлсин. Бу, сизнинг менга қилган энг олий, энг бебаҳо туҳфангиз бўлади, бегим...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 652 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар