1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёл аёл бўлгани яхши

Кўча-кўйда нега эркаклар ерга қараб юрадиган бўлиб қолди? Бу ҳаммаси мода туфайли. Кўзингни кўтаришинг билан майкаси киндигидан кўтарилиб, шимининг таранглигидан ҳамма жойи билиниб турган дўндиқчага беихтиёр қарашга тўғри келади. Яна ерга қараб ёнидан ўтиб кетаётганингда модапараст мода майкасини киндигига қараб икки марта тортиб ҳам қўяди...
Аллоҳ таоло инсонни жуфт-жуфт қилиб яратиши ажиб бир ҳикматдир. Жуфтликдан муҳаббат яралди. Муҳаббатдан қалб яралди. Агар жуфтлик бўлмаганида на қалб бўларди ва на муҳаббат! Худди шунингдек инсон ўз жуфтидан ажраб туриши учун кийимни кашф этди. Жуфтлик бўлмаганида кийим ҳам бўлмасди, балки.
Кийимнинг биринчи вазифаси танани ёпиш бўлса, иккинчиси қарама-қарши жуфтдан ажралиб туришдир. Ибтидода кийимлар ҳам оддий эди... Кейинчалик инсон кибрни кашф этди. Шунинг билан кийимлар ҳам ўзгара борди. Аста-секин либоснинг функцияси алмашди. Энди одамлар модага қараб (эҳтиёжга қараб эмас) кийина бошладилар. Ҳар хил либослар пайдо бўлди. Миллатлар, халқлар ўз кийимларини танладилар. Кимдир узун, кимдир кенг, кимдир тор, яна кимдир ...

Африкада бир қабила бор экан. Уларнинг “маданияти”да кийиниш деган тушунча йўқ экан: қип-яланғоч жамият... Бу фактни бекорга келтирганим йўқ. Негадир тараққий этган давлатларнинг “ақлли” жамоалари ўша Африкадаги қариндошлари “маданиятлари”га тобора эргашмоқдалар.
Яқинда Австралияда яна ўша қип-яланғочлар намойиши бўлиб ўтибди. Улар кўчаларда ҳам шундай юришни тарғиб қилишибди. Яхшиям полициячилар бор экан. Бўлмаса нима воқеалар рўй бериб кетарди...
Ғарб жамиятларида кийим танани ёпиш воситаси эмас, намойиш этиш воситаси бўлиб бормоқда. Инсон истаганини амалга оширяпти. У жуда кўп нарсаларни хоҳлаяпти. Энди савол туғилади: эркак эркакни, аёл аёлни хоҳлаётган жамиятлар учун кийимнинг нечоғли аҳамияти бор экан?
Оддийдек туюладиган бу муаммони франциялик Жан Мартин деган олим шундай изоҳлайди:
“Агар Европада шунақа ҳолат давом этаверса, яқин йиллар ичида Ғарб жуда катта маънавий бўхронга учрайди. Европа эркаклари ва аёллари бир-биридан тўйиб бўлди. Кўча-кўйда ҳам матбуот-журналлар, телевиденияда яланғоч аёл ва эркаклар бижғиб ётибди. Кўчаларда беҳаё кийинган аёллар ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди.
Эркаклар потенцциали айнан шу аёллар ҳаракатлари орқали сусайиб бормоқда. Бунга Европа жамиятларидаги аҳоли кўпайишининг камайиб бораётгани мисол бўлади. Мана мисол учун, дунёдаги энг совуқмижоз германиялик оилаларнинг 3/4 қисми фарзандсиз ўтмоқда. Бу ҳолатни бошқа давлатларда ҳам кузатиш мумкин. Энди эркак аёлдан, аёл эркакдан тўйгандан сўнг ўз жинсига нисбатан қизиқиш ортмоқдаки, бундай бесоқолбоз ва лезбиан жамиятлари тобора кўпайиб, ўз ташкилотлари, қонуний ҳимояларига эга бўлмоқдалар. Албатта, инсон ҳуқуқлари ҳамма нарсада устун. Лекин маънавий қадриятларимиз топталишида инсон ҳуқуқларининг баъзи бандлари четга сурилса яхши бўларди.
Ҳозирда Европа эркакларининг камида 20 фоизи импотентдир. Мен бунга сабаб қилиб, беҳаё кийинган аёлларни кўрсатаман. Мен христианман. Лекин бу борада мусулмонлар анъаналарини ҳурмат қиламан. Чунки мусулмон жамиятларида кийиниш, айниқса, аёллар кийинишлари яхши тартибга туширилган. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятларида аҳоли кўпайиши кучли, саломатлик даражаси ҳам нормал даражада.
Гарчи инсон ҳуқуқларига тўғри келмаса-да, кийинишни тартибга тушириш керак. Шундагина Европа тарихдаги муваффақиятларига яна эришади”.
Ғарблик олимнинг фикрлари билан танишдингиз. Бу ҳолат Франциядан бошқа давлатларда ҳам кузатилади. Бир йил олдин, Англияда эркаклар намойишга чиқишди. Уларнинг талаблари аёлларнинг либослари билан боғлиқ эди. Ҳатто намойишчилар эркак ва аёлларнинг алоҳида транспорти бўлишини ҳам талаб қилдилар.
Чет-элни таҳлил қилиб чиқдик. Хўш Ўзбекистонда ҳам бу муаммо мавжудми? Бу ҳақдаги фикрларни ўрганишга ҳаракат қилдик:
Шоҳида, 24 ёш:
— Тенгдошларим менга ҳам нега шим киймайсан, дейишади. Мен эса: аёл аёл каби бўлмоғи лозим деб айтаман.
Фаррух, 20 ёш:
— Қизларнинг ҳозиргидек кийинишларига қарши эмасман, уларга қараб завқ оламан. Ўзбекларнинг бошқа миллат қизларидан нима ками бор? Улар ҳам “модний” кийинсалар бошқаларни ортда қолдирадилар.
Абдуғани, 37 ёш:
— Қизларнинг ҳозирги шим, миниюбка, тор кийимлар кийишига қаршиман. Лекин... мен ҳам 5-синфда ўқиётган қизимга шим сотиб олиб бердим. Бунга эса қуйидаги воқеа сабаб бўлди: бир куни қизим мактабдан йиғлаб келди. Нима бўлди деб сўрасам, дугоналари “Аданг сенга шим олиб берса бўмийдими, пули йўқми? Мана мани адамлар шунча шим олиб берганлар”, дейишибди. Шундан сўнг мажбур бўлдим. Мен бу муаммонинг келиб чиқишига ота-оналар сабабчи деб биламан.
Абдулфаттоҳ, 21 ёш:
— Бу фақат аёллар муаммоси эмас. Йигитларимизнинг ҳам баъзи кийимлари ахлоққа тўғри келмайди. Қизларимиз эса баҳор келиши билан жуда “очилиб” кетишади. Баданга жуда ёпишиб, тананинг энг нозик аъзоларигача шундоқ билиниб турадиган кийимларни, афсус, ўзбек қизларимизда ҳам кўриб турамиз. Авваллари фақат фоҳиша аёллар шундай кийинишарди... Ҳозир эса...
Фикрлар билан танишдингиз. Бу мавзу ҳақида ёзилган бошқа мақолалардан иқтибос келтирамиз:
“Ҳидоят” журнали, 2003-йил. “Гуноҳлар йўлини тўсайлик” мақоласидан. Муаллиф — Зиёуддин Раҳимов:
— Аёллар тор, юпқа, калта ва ҳарир нарсаларни кийганларида энг нозик, номаҳрамдан пана бўлиши керак аъзоларигача шундоқ билиниб туради. Бу билан ўзлари гуноҳ қилганлари ҳолда бошқаларни ҳам гуноҳга ботиряптилар. Қолаверса, бундай кийиниш соғликлари учун ҳам кони зарар, туғилажак фарзандлар учун ҳам хавфли. Бунга аёлларнинг ўзларигина эмас, эркакларимиз ҳам айбдордир. Ахир шундай шармандали ва беҳаё кийиниб кўчага чиққан қиз, аёллар қайси биримизнинг опамиз, синглимиз, қизимиз, хотинимиз эмасми?
Трибуне-уз.инфо мустақил интернет нашри. “Шимсиз қолган эркаклар” мақоласидан. Муаллиф: Нурулло Остонов:
— Кўча-кўйда нега эркаклар ерга қараб юрадиган бўлиб қолди? Бу ҳаммаси мода туфайли. Кўзингни кўтаришинг билан майкаси киндигидан кўтарилиб, шимининг таранглигидан ҳамма жойи билиниб турган дўндиқчага беихтиёр қарашга тўғри келади. Яна ерга қараб ёнидан ўтиб кетаётганингда модапараст мода майкасини киндигига қараб икки марта тортиб ҳам қўяди... Илгари стриптиз кўриш учун одамлар махсус ресторанларга киришарди. Энди бунга ҳожат ҳам бўлмай қолди. Кўчага чиқсанг бас, стриптиз!
Ислом.уз интернет нашрига берилган саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай жавоб берадилар:
— Кийинишда умумий қилиб айтадиган нарса шуки, бошқа бегона кишиларга кўриниши имкони бўлган вақтида муслима аёллар юзларини ва қўлларини, яъни кафтларини очиб юришга рухсат берилган. Энди кийимга келсак, бундай кийимлар чиройли, саришта бўлиши ниҳоятда яхши бўлади. Лекин чегара шуки, баданнинг тўсилиши лозим бўлган жойларга кийиладиган кийим, биринчидан, ўта юпқа бўлиб кийим тагидаги баданнинг кўринишига сабаб бўлмаслиги керак. Иккинчидан ана шу кийим ўта тор бўлиб тананинг шаклини кўрсатадиган бўлмаслик керак. Асосий шартлар шу, аврат ҳисобланган жойларни тўсиб туриши керак. Шу билан бирга уламоларимиз айтадики, “жуда ола-була бўлиб эътиборни тортадиган ҳолда бўлмаслиги ҳам одобдан бўлади“, дейдилар. Бу кўчага чиққанда кийиладиган кийимнинг васфи бўлди. Уй ичида, маҳрамларини олдида бундай кийиниш шарт эмас. Шимга келсак, бу торлиги учун баданни васф қилгани учун тўғри келмайди ва шариатга мувофиқ эмас. Лекин уйда ва кийимини остидан кийса, аёллар учун тикилган шим бўлса бўлади, дейишган уламоларимиз.
Кийиниш билан боғлиқ бўлган муаммоларимизнинг ўзи бир қанча экан. Жамиятимизда ахлоқ-одобни яна-да мустаҳкамлаш йўлида, албатта, бу муаммони ҳам ислоҳ қилиш даркор. Бу борада яна ўша миллий анъаналаримизга қайтсак яхши иш бўларди.
Хулоса чиқариш эса сиздан.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

Ҳозир сайтимизда 845 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ