1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эрим сўконғич, нима қилай?...

— Алло, ассалому алайкум…
— Ваалайкум ассалом, сизни эшитамиз.
— Мени нотўғри тушунманглар, илтимос. Тўғриси, бошимга тушган мушкулотни маҳаллага кўтариб боргани, ота-онамга айтгани хижолат бўлиб, сизларга қўнғироқ қилдим.
Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган мухлисамиз нимадандир қаттиқ чўчигандек, титраб-қақшаб гап бошлади.
— Сизни ҳеч ким нотўғри тушунмайди. Ҳеч хижолат бўлмай, кўнглингизни беҳузур қилаётган муаммоларингиз, ўй-хаёлларингиз билан ўртоқлашинг.
— Опажон, турмушга чиққанимга беш йил бўлди. Ўзим йигирма тўрт ёшдаман. Иккита болам бор. Эрим ҳеч қаерда ишламайди. Ёлланма ишчилик қилади. Ундаям эримнинг феъл-атворини билганлар уни уйига йўлатмайди. Эримнинг оғзи шалоқ. Оддий гапни ҳам оғиз тугул, оёқ билан босишга арзимайдиган ҳақорат билан қўшиб айтмаса, тили танглайига ёпишиб қолади. Янги келинлик пайтларимда уни бунақанги бетамизлигидан ҳам уятдан титраб кетардим, ҳам ҳайратдан қотиб қолардим. Менинг акаларим бор, улар ҳам эркак киши, аммо бирор марта тилга олиб бўлмайдиган сўкиш сўзлар нари турсин, оддий ҳақратларни ҳам бизнинг олдимизда ишлатишмаган. Хуллас, эримнинг ҳақратлари жон-жонимдан ўтиб кетди, опа. Икки гапнинг бирида онамни сўкади, ўзимни ҳақрат іилади. Ҳатто, бузуқ, фоҳиша деган сўзлар билан ҳам ҳақорат қилди. Дардимни кимга айтишни билмайман. Ўзи онам бояқиш отасизликда бизни боқиб катта қилиб, одамлар орасига қўшдилар. Уларга куёвларининг бу қилиқларини айтишга юрагим бетламайди. Қандай қилиб онамнинг қийналишларини томоша қилиб ўтираман?! Акаларимга айтсам, бир зумда эримнинг кавушини тўғирлаб қўйишади, аммо иш шу даражагача бориб, куёву қайноғалар юз кўрмас бўлиб кетишмасин, деб тилимни тийяпман. Сиз қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Қайнона-қайнотангиз билан гаплашдингизми? Бу борада улар билан маслаҳатлашинг. Ўғилларини тартибга чақиришсин.
— Шунақа дейсиз, деб ўзим ҳам ўйловдим. Ўчоқдан мўрига шикоят қилгандай бўламан, опа. Қайнотамнинг ўзи шунақа беҳаё гапларни дастурхон бошида, келинларию қизларининг олдида гапираверади. Ўғиллари отасига тортган-да. Эндигина тили чиққан ўғилчам ҳам тилларини чучук қилиб, ўша ҳақорат сўзларни айтяпти. Ёш болалигига қарамадим, аямай дўппосладим. Тўғриси, ҳозир ўғлимни чирқиллатиб йиғлатганимдан кейин, сизга қўнғироқ қилиш фикримга келди. Бунақа эрдан тезроқ ажрашиб кетсаммикан деб ўйлаяпман. Болаларимнинг тарбияси нима бўлади, бунақада?! Эрта отасига ўхшаб тилига эрк бераверса, ким кўтаради?! Бир одамга шунақа гап қилса, нақ тилини узиб қўлига беради. Отасидан-ку ҳеч рўшнолик кўрмадим, жилла қурса болаларимдан кун кўрай!
— Тез хулосага келмаяпсизми? Хўш, ажрашдингиз ҳам дейлик. Онангизга, акаларингизга, яқинларингизга буни нима деб изоҳлайсиз? Ҳозир ўзингиз, онамни хафа қилгим йўқ, акаларимни эримга қарши қайратгим йўқ, дедингиз-ку. Энди айтаётган гапингизни тушунмаяпман.
Мухлисамиз ҳўнграганча йиғлаб юборди:
— Бу бармоғимни тишласам, буниси оғрийди, бунисини тишласам, униси оғрийди, опа. Нима қилишга бошим қотган. Менга маслаҳат беринг, илтимос…
Бу мухлисамизга маслаҳат бергани биз ҳам ожиз қолдик. Азиз муштарийларимиз, кўпни кўрган юртдошларимиз бу галги қаҳрамонимизга қандай маслаҳат беришни маъқул кўрадилар? Таҳририятимизга қўнғироқ қилиб ёки мактуб йўллаб, аёлга маслаҳат беришингиз мумкин.

ХОНЗОДА суҳбатлашди.

Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ