1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ота-она розилиги – бахтнинг калити

— Ассалому алайкум, сайт таҳририятими?
—    Ваалайкум ассалом, адашмадингиз. Сизни эшитишга тайёрмиз.
—    Мен  журналист билан мулоқот қилмоқчи эдим...
—    Бемалол, сизни эшитишга муштоқмиз.- Одатда, асосан аёл муштарийларимизнинг қўнғироқларини қабул қилиб ўрганиб қолганимиз учунми, эркак муштарийнинг алоҳида таъкид билан исмимизни тилга олганларидан сергак тортдик.
—     Биласизми, мен муаммо ёки бирор бир маслаҳат сўраб эмас, мана шу ўттиз йиллик ҳаётим мобайнида ўзим англаб етган ҳақиқатлар ҳақида гапирмоқчи эдим. Балки,  кимлар учундир фақат менга тегишли бўлган нарсалар ҳақида гапиришим, эриш туюлар, аммо, ҳаёт мазмунини алланималардандир излаб ўзини ҳам, бошқаларни ҳам оввора қилиб юрганларга сабоқ бўлармикан, бошимдан ўтган кунлар, деган ўйда сизларга қўнғироқ қилдим.
—    Хўш?
—    Ёшлигимдан адабиёт, санъат ва шеъриятга қизиқаман. Бундан нозиктаъб кишиларнинг севги-муҳаббатга ошнолиги, умуман, романтикага ўчлигини ўзингиз яхши биласиз. – Мухлисимиз кулиб юбордилар.
—    Ҳа, албатта. Кўнгил кишиларида устунлик кўнгилда бўлади-да.
—    Шундай экан. Хуллас, севги менинг ҳам қалбимга кириб келди. Севги кўзни кўр, қулоқни кар қилади, деган гап ҳақ экан. Мен шу жумлага тафаккурни ҳам заифлаштиришини қўшган бўлардим...
—    Қизиқ...
—    Ҳа, айнан шундай экан. Сизга айтсам, мен ўзимдан тўрт ёш катта қизни севиб қолдим... Сизга ғалати туюлиши мумкин, аммо ўшандаги ҳолатимни эслашга ҳам уяламан...
—    Адашиш одам боласига хос хусусият...
—    Шундайкуя, лекин адашганлигингни била туриб яна қайсарлик билан йўлда давом этиш бориб турган аҳмоқлик-да. Хуллас, ота-онам севгимга қатъий қаршилик қилишди. Орзу-ҳавас билан шаҳарга ўғлини ўқишга юборган ота-онам, боласининг уёқдан бир қизни етаклаб келганини қабул қилолмади. У қизга қўшиб мени ҳам уйдан ҳайдаб  чиқаришди...
—    Ҳм...
—    Ота-онамга аччиқ қилиб севганимни етаклаб чиқиб кетдим. Шаҳарга келдик. Бирга яшай бошладик...
—    У қизнинг ота-онаси-чи, улар индамадими?
—    Меникилар индаб ним топишдики, улар бирор нарса қилишса? Қисқаси, фарзандли бўлдик. Қизалоқ. Қизим ота-онамнинг тош кўнглини эритармикан, деб ўйлагандим. Хато ўйлаган эканман. Барибир кечиришмади. Қолаверса, севги-муҳаббат деганлари ҳам тўқ қоринга экан. Қорин оч бўлса романтика ҳам кетмасэкан. Ҳалиги севиб, уйидан опқочиб уйланган хотиним билан кунда кунора жанжаллар туфайли бир-биримиздан совуб кетдик. Бунинг устига бир ўзим ишлайман, ҳали ижара ҳаққи, ҳали рўзғор ташвиши... Энг муҳими, шу гапларимни иложи бўлса катта ҳарфлар билан газетагга ёзинг, ОТА-ОНАНИ НОРОЗИ ҚИЛИБ, ДУО ЎРНИГА ҚАРҒИШ ОЛИБ ОСТОНАДАН НАРИ КЕТГАН ФАРЗАНД КЎРКАРМАС ЭКАН! Итдай ишлардим, лекин рўзғорнинг ками тўлай демасди. Хуллас, севги-муҳаббат билан қурилган оиламизнинг умри бир ярим йилга ҳам етмади. Ажрашдик. Мен уйга қайтдим.
—    Табиийки, уйингиздагилар сизни қабул қилишди..
—    Ҳа. Аммо менинг дардимда онам кўп уриниб қолган эканлар... Уйга қайтганимдан сўнг уч ой ўтиб онамдан   айрилиб қолдик... Инсоннинг хушбахтлиги ота-онасисиз тўкис бўлмаслигини онамнинг вафотидан кейин англаб етдим. Мен нобакор фарзанд онамнинг дийдори менга ғаниматлигини билмаган эканман. Онам менга илҳақ бўлиб қанча қийинчиликка, дардга бардош берганини ўша севги-муҳаббатдан “маст”лигимда ҳис қилмаган эканман.
—    Қурбонликлар, йўқотишлар эвазига кишининг кўзлари очилади. Ҳаётга қарашлари ўзгаради...
—    Аммо яна бир гап бор: Ақлли одам ўзгаларнинг ҳаётдаги хатоларини кўриб тажрибаси ошади...
—    Сизни тушуниб турибман. Лекин ҳаётнинг ўзи ҳар қандай ҳақиқатини инсонга  англатмаса, инсонга бировнинг тушунтиришлари бекор! Давом этинг.
—    Иккинчи бора уйландим. Ҳаётим бироз изга тушди. Онажонимнинг йўқликларига иложсиз кўникдим. Аллоҳнинг иродаси... Ўғил фарзандли бўлдим. Оила, турмуш, фарзанд қадрини тшунча йўқотишлардан кейин англаб етдим! Иккинчи турмушимдан кўрган фарзандларим менга ҳаётнинг асл моҳиятини тушунтириб берди! Мен айни пайтда болаларим учун яшаяпман. Аёлимни қадрлайман, негаки унинг ёрдами билан дунёқарашим ўзгарди.  Оилам, фарзандларим менга ҳақиқий бахтни инъом эта олди.
—    Ҳа, оиласида бахтли бўлган инсон чинакамига батиёрдир.
—    Айни кўнглимдаги гапни айтдингиз. Бахтни ҳис-туйғулардан эмас, шундоқ ёнгинамиздаги, ОТА-ОНАМИЗ ва Яратган тақдир қилган жуфтимиздан, жаннат райҳонлари бўлмиш ФАРЗАНДларимиздан топиш билан бахтиёр бўламиз.
—    Шу билан бирга сиз айтаётган нарсалар оила мустаҳкамлиги ва  турмуш ободлигини ҳам таъминлайди.
—    Айни ҳақиқат!..
—    Ҳа, юртимизда ана шундай оилалар ва саодатли жуфтлар кўпайсин.
—    Илоҳим. Мени эшитганингиз учун раҳмат. Ижодий муваффақиятлар тилайман.

Хонзода суҳбатлашди.

Ҳозир сайтимизда 98 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ