1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўғил туғиб қадр кўрмаган онам...

Оилада етти ўғил, беш қиз – ўн икки фарзанд улғайдик. Раҳматли ота-онам серфарзанд оила бўлсакда биз фарзандларини ҳеч нимага зориқтирмай ўстириб, маълумотли қилдилар. Тўрттамиз олий маълумотли, саккизтамиз ўрта махсус маълумот олиб, жамиятга керакли одамлар бўлиб етишдик. Айни пайтда ҳаммамиз уйли-жойли, ўғил-қиз, келин-куёвли, невара кўрган, олдимиз кексалик гаштини суриб юрган пиру бадавлат, кейинимиз бугун - эрта пенсияга чиқиб оёқ узатиб дам олишни мўлжаллаётган кишилармиз.
Четдан қараганда оиламизга ҳамма ҳавас қилади. Ҳамма нарса бадастир, ҳаммаси кўнгилдагидек. Аммо... Дилимдаги оғриқ бошқа нарсадан. Қиз бола палаҳмон тоши экан. Биз тўрт опа-сингил вилоятимизнинг тўртта туманига келин бўлдик. Фақат кичик синглим туғилиб ўсган қишлоғимизга келин бўлди. Ота-онам кексайиб қолгач, биз ака-укаларимиз, келинойиларимизнинг ҳақиқий қиёфасини кўра бошладик. Онамга бир пиёла чой дамлаб беришни, бир қошиқ иссиқ овқат тутишни ўзлари учун энг оғир юмуш ҳисоблашарди. Мен яшайдиган туман билан қизлик туманим орасида масофа саксон километрни ташкил этади. Бир опам мендан ҳам узоқ туманга келин бўлганлар. Хуллас, аёл киши бировнинг хасми, қайнона-қайнотаси, эрининг изнидан ташқари бирор иш қилолмайди. Шунда ҳам йўлини қилиб, эримиз ё қайнонамизнинг кўнглини топиб онамга қараб тургани борардик.  Еттита келиндан ақалли биттаси кўнгилдагидек чиқмаса, одамга алам қилар экан. Онамнинг вафотларидан кейин отам қийналдилар. Уруш ва меҳнат фахрийси бўлганлари учун катта миқдорда пенсия пули олардилар. Отам катта акам билан яшардилар. Салкам ўттиз сотихли ҳовли жой, боғлари билан бирга акамга қолди. Лекин келинойим ота-онамнинг шунча меҳнатига эга чиқиб, андишасини қилмади. Қачон борсам отам кир-чир ўрин-кўрпаларда, уст-бошлари ҳам ҳидланиб-кирланиб ётган бўлардилар. Келинойим билан уришиб, йиғлаб-сиқтаб бир-икки кун қолиб отамнинг кийимларини ювардим, ўрин-тўшакларни алмаштирардим. Акамнинг хотини билан ёқалашиб аранг отамнинг пенсияларидан олиб егулик опкелтирардим. Отамга бирор суюқ овқат тайёрлаб бериб, яна кўз ёшимни оқизиб, икки кўзим ортимда қолиб уйга қайтардим.
Келин танлаш ҳам илммикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. Ахир онам қайнона бўлиб, отам қайнота бўлиб бирор марта келинларига бир оғиз қаттиқ гапирганларини эшитмаганмиз. Ҳамма нарсанинг яхшиси, ҳамма нарсанинг энг аввали келинларига бўларди. Аммо, негадир, келинлар ота-онамга вафодор бўлишмади. Ҳатто ўзлари  ҳам келин тушириб, қайнона бўлиб ҳам хатоларини тушуниб етмадилар, деб ўкинаман.
Яқинда онамнинг қазо қилган кунлари ўтди. Ака-укаларимдан бири хатми-Қуръон қилиб, тўрт-беш кишига бир коса ош бериб онамнинг руҳига бағишлармикан, деб кутдим. Ҳеч йўқ еттитови бир бўлиб  кичикроқ эҳсон дастурхони ёзар, деб ўйлагандим. Чучварани хом санаган эканман. Ҳеч қайсинисидан садо чиқмади. Болалигимиз ўтган уйда яшаётган катта акамга қўнғироқ қилгандим келинойим жавоб берди.
—    Келинойи, акам ёнингиздамилар? Бугун онамнинг вафот этган кунлари. Мен ота уйимизда хатм-Қуръон қилмоқчи эдим. Акамга айтинг, қори-домлани чақирсинлар, туш пайтига маҳалладагиларни эҳсонга айтиб қўйсинлар,- дедим. Ичимда, ишқилиб Худо бунга инсоф берсин, эҳсонингни уйингда қилавер, деса эримнинг олдида ким деган одам бўламан, деган ўйда юрак ҳовучлаб ўтирибман.
—    Хўп. Қачон келасизлар?- Ҳартугул келинойим эътироз билдирмади. – Ҳозироқ йўлга   чиқаётганимизни  айтдим. Дадаси иккимиз уйдан эҳсон дастурхони учун зарур нарсаларни олдик. Ўғилларим ҳам  келинлар билан бирга бизга ҳамроҳ бўлишди. Қизлик уйимизга борсам, келинойим қайгадир  чиқиб кетган. Акам кўзларини мўлтиратиб домла чақирганини, маҳалладагиларга эҳсон ҳақида билдирганини айтди. Дарҳол келинларим билан ош-овқат, пишириқларга уннаб, дастурхоннинг ҳаракатини бошладик.  Ош дамлаб, ис чиқардим. Бир пайт ака-укаларим хотинлари ибилан етаклашиб,  гўё бегонадек меҳмонлар билан бирга кириб келишди. Хатми-Қуръонни ўтказдик. Кўнглим хотиржам бўлди. Уйга қайтаётиб эримдан хижолат чекдим. Еттита ўғил туғиб тарбиялаган  онанинг вафоти кунига ҳатто битта ўғил юз-хотир қилиб иккита одамга дастурхон ёзмаса... Одам қорнига эмас, қадрига  йиғлар экан-да...

Олима ая, Бухоро вилояти.

Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ