1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Адашганни тепкилаш керакми?

“Оилада тўрт нафар фарзандмиз. Дадам биз ёшлигимизда қазо қилганлар. Онам уй бекаси. Раҳматли дадам кўп ичарди. Мастликларида ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ҳаммамизни қўрқитардилар. Мен болалигимда нима сабабдан бунчалик қаттиқ маст бўлиб, йиғлашларининг сабабини тушунмасдим. Кейин англасам, дадам Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган эканлар. У ерларда кўп ваҳшийлик, қотилликларни кўрганлар, бунинг устига бошларидан ўқ еб, миялари чайқалган ҳам экан. Хуллас, укамнинг ногирон туғилганини кўтаролмадиларми, ичкилик ўзининг “вазифа”сини қойиллатиб бажардими, дадамдан эрта ажрадик, жойлари жаннатдан бўлсин.
Онам бизни минг бир азоблар билан боқиб катта қилди. Аёллар орасида мардикорчиликни бошлаган яъни, одамларнинг уйида, чойчақа ишлаб, болаларини оёққа турғазишни менинг онам бошлаб берган, десам ёлғончи бўлмайман. Тўққизинчи синфни тамомлаганимдан кейин, машҳур ўқув марказида ўқиб тикувчиликни ўргандим, сал туриб яна бориб пишириілар тайёрлашни ҳам эгаллаб қайтдим. Қишлоқда озми кўпми ишлаб насибамни топаётган, оиламизга, онамга ёрдам бераётгандим. Ўзим пиширган ширинликлар ва салатларни шаҳардаги гавжум бозорларда олиб сотарлик қилаётган аёлларга кўтарасига сотиб келардим. Фақат ва фақат, бой бўлсакгина одамлар бизга ҳам одамдай қарашади, укамни ҳам тузатишимиз мумкин. Менинг онам ҳам бежирим кийимларни кийиб, бахтиёр яшашлари керак, деб ўйлардим. Балким мени ана шу хаёлларим ўша нокас, виждонсиз, номуссиз Зуля билан таништиргандир...
Бозор куни эди. Одатдагидек пиширган пирожний, тортларим тайёрлаган салатларимни кўтариб бозорга бордим. Таниш аёлларни кўзим билан қидираётсам, башанг кийинган бир аёл обдон менга тикилгач, ширинликларимнинг нархини сўради. Мен уларни сотадиган одамим борлигини айтгандим, аёл тилла тишларини ярқиратиб илжайди: «Ҳа сотавермайсизми асалим, бугун меҳмондорчилигим бор эди. Ҳаммасини, салатларингизни ҳам ўзим сотиб олардим».  Менга нима бўлса-ю, қимматроққа сотиб, уйга кўпроқ пул билан қайтсам. Кўндим. Аёл пишириқларни ким қилганини сўради, ўзим тайёрлашимни айтгандим, лаби-лабига ёпишмай мақтай кетди. Хуллас одамфурушлар домига шу тахлит тушиб қолдим. Зуля мени авраб-алдар, қачонгача “шундай ҳусн”им билан ўчоқ-қозон қилиб юришимни, ундан кўра чет элда ишлаб келиб, бадавлат яшашимни, бир “круг” ишлаб қайтганимдан кейин укамни ҳам ўша ерларда даволатишим мумкинлигини айтиб чарчамасди. Айни ўша пайтлар маҳалламиздан хорижга ишлагани кетган аёлларнинг машина ҳайдаётгани, қўш қаватли уйлар қураётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалаётган пайтлар эди. Шундай қилиб, онагинамнинг минг зорланиб қаршилик кўрсатганларига қарамай Зуля билан хорижга ишлагани кетдим...
Мол-дунёга ўчлик, шоҳона ҳаётга интилиш, умуман нафс жиловини эркин қўйиш, киши бошига балолар ёғдириши тайин экан.  У ерда кўрган изтиробларим, хўрликларим, таҳқир ва камситилишлар, бажарган ифлос ва чиркин ишларим ҳақида гапириб сизни ҳам, ўзимни ҳам диққат қилмоқчи эмасман. Бўлди, хато қилдим, афсусларда ёндим, адашдим ва тақдиримдаги ўша қора кунларни кўрдим. Яна ҳам Аллоҳнинг раҳми келиб, яхши одамларнинг ёрдами билан юртимга, онажонимнинг, сингилларим, оиламнинг бағрига іайтдим. Яна қишлоғимнинг сўлим ҳавосидан нафас олиш, уйимиз олдидан оқиб ўтувчи ариқчанинг зилол сувида юз-қўлимни ювиш, буғдой нонидан, майизу туршаклардан ейиш бахти насиб этди. Аммо... Буларни мусофирчиликда,  минг таҳқиру изтироб ичида кун санаётганимда орзу қилган эдим. Қайтганимдан кейин эса... Худо кечирсину, ўша ерларда ўлиб кетмаганимга ҳам афсусланяпман.  Онам, сингилларим тўғри тушуниб, хатойимни юзимга солмай кўнглимга қараб муомала қилишяпти. Лекин укам... У ҳатто қайрилиб ҳам қарамади менга... Яна маҳалла-кўйдагиларнинг гап-сўзи, маломатлари. Шармандалик юки оғир келиб, кўчага ҳам чиқмаяпман. Бироқ одамлар шу аҳволимга ҳам қўймай, уйга келиб қўлини бигиз қилиб кўрсатишяпти. Камига “бу маҳалламизнинг обрўсини тўкяпти, энди бизнинг қишлоғимиз қизларини ҳеч ким келин қилмайди. Қизингизнинг исноди қизларимизга ҳам бир умр ҳамроҳлик қилади” деб, онамнинг кўнгилларига ҳам озор беришяпти. Ўзимни ўлдирсамми, дейман. Мени деб онагинам, рўшнолик кўрмаган мунисгинам, сингилларим, укам азият чекишяпти. Илтимос менга ёрдам беринглар. Адашганга тўғри йўл кўрсатиб, суяш керак, аксинча уни яна тепкилаган билан бирор нима ўзгарармиди?.. Иложсиз қолдим...
Ҳуснида, Когон тумани.
Таҳририятдан: Тушкунликка тушманг! Сингилжоним, ўзингизни қўлга олинг! Ҳаётда ҳамма ҳам адашади, хато қилади. Сиз кўра била туриб ўша ёқларга бормагансиз, мақсадингиз эзгу бўлган,  қалтис қадам қўяётганингизни билмагансиз. Аввало ўзингизни ўзингиз кечиринг, шунда сизни бошқалар ҳам кечиради. Иш билан, меҳнат билан овунинг. Одамларга тик боіинг, токи айбдор одамдай ўзингизни олиб қочаверсангиз, сиз ҳақингиздаги салбий тасаввурлари шунча ошаверади. Ўзингизга ўзингиз янги ҳаёт қураман, деб сўз беринг ва сўзингиз устидан чиқишга интилинг. Эсингизда бўлсин, ҳаёт курашлардан иборат. Ҳар қандай мусибат кези келиб вақт қанотида учиб кетади. Сизга омонлик, сабр ва бахт тилайман.
Шу ўринда ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам икки оғиз сўзимиз бор эди. Жойлардаги маҳалла вакиллари, маслаҳатчи опалар нима қилиб юришибди, ҳайронман?! Синглимизнинг оналари маҳалла маслаҳатчисидан ёрдам сўраганларида, опахон “Ўтмишидан қолган оғриііа бир куни малҳам топилади” деб жавоб қилибдилар. Қачон?! Нега шунча пайтдан бери топилмади ўша малҳам?! Нега қиз ўз жонига қасд қилишни ўйлашгача боради?! У маҳаллада битта бўлса ҳам ўқимишли, зиёли, тушунган одам топилмадими?! Нега бизда адашганларга нисбатан батарроқ хўрлик ва камситиш кўрсатилади?! Синглимизнинг қўлида гулдай ҳунари бор экан. Маҳалла вакиллари бош бўлиб кичкинагина цех очиб беришса, шу билан бироз овунар, элга ёрдами тегишини ҳис қилиб ҳаётга қайтар, деб ўйлашса бўлмайдими?!
Билмадим, аслида орамиздан меҳр-оқибат, яхшилик кўтарилиб бораётгани учун Зуляга ўхшаган нокаслар таҳририятимизга мактуб йўллаган мухлисамиз каби покиза, содда, беғубор қизларнинг ҳаётини издан чиқаришяпти. Майли, бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди халқимиз. Одамфурушлар қонун олдида ҳам, Аллоҳ даргоҳида ҳам гуноҳига яраша жазога лойиқ кўрилади, аммо улардан қолган дил яраларининг битиши мушкулроқ.

Рухшона Фаррух мактубни нашрга тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 102 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ