Сайт бўлимлари
“Отам бизни тушунмаяптилар...”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Қўнғироққа жавоб берар эканман, гўшакдан келган эркак кишининг асабий товушидан дастлаб чўчиб кетдим.
- Алло, бу таҳририятми?
- Ассалому алайкум, эшитаман, хизмат?
- Мен бир муаммо борасида қўнғироқ қилаётгандим. Ҳозир тўғриси кимга гапириб, кимдан маслаҳат сўрашни билмай, асабларим қақшаётганида қўлимга газетангиз тушиб қолди. Аввалига кўп иккиланиб қолдим-да, кейин нима бўлса бўлар, деб қўнғироқ қилдим.
- Яхши қилибсиз. Асабийлашманг. Асабларингизни асранг. Хўш, сизни нима изтиробга солаётир?
- Сизга айтадиган бўлсам, оилада уч фарзандмиз. Икки опам ўзидан тиниб тинчиб кетган. Мени ҳам ширингина оилам, иккита фарзандим, меҳрибон, пазанда, ширинсўз аёлим бор. Ўзим тадбиркорман, маҳалламиз гузарида шахсий дўконларим, чойхонам ишлаб турибди. Худога беҳисоб шукр, қўлимиз узун. Бошимизда дуолари билан кўнглимизни кўтариб турган падаримиз ҳаётлар.
- Аллоҳ зиёда қилсин, шундай одамда яна қандай муаммо бўлса экан-а?
- Ўзим ҳам шундай дейишингизни билгандим. Хуллас, онамизнинг вафотларига икки йил бўлди.
- Жойлари жаннатда бўлсин.
- Айтганингиз келсин. Биласизми, шу икки йил ичида отам ниҳоятда инжиқ бўлиб қолдилар. Йўқ жойдан гап чиқариб ҳали келинлари — аёлим билан жанжаллашадилар, ҳали менга аччиқ-тирсиқ қиладилар. Тўғриси, уларнинг кўнгилларига қандай йўл топишни билмаяпман.
- Фарзанднинг ўз отасидан шикоят қилиши…
- Энди сиз гапларимни шикоятга йўйманг-да, синглим. Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчларини мен ҳам яхши биламан. Айни пайтда улардан шикоят қилмаяпман, аксинча нима қилсам дадамнинг кўнглига йўл топаман, деб маслаҳат сўрамоқчи бўляпман холос.
— Балки онангизнинг вафотларига кўниколмаётгандирлар. Анча йиллик жуфтидан айрилиш, ёлғизлик киши руҳини чўктириб қўяди. Дадангизга ҳозир меҳр керак.
— Гапингиз тўғри, аммо ўша меҳрни қандай беришни, қандай қилиб уларнинг кўнгилларига йўл топишни билмаяпман-да.
— Сизни тушунмаяпман, очиғи. Бундоқ тушунтириброқ гапирсангиз бўларди.
— Қисқаси, дадам уззукун уйга кириб ўтирадилар. Келинлари овқат олиб кирса ҳам емай-ичмай, ўринларига чўзилиб ётаверадилар. Ишдан келиб олдиларига кирсам, “мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ, онангдан кейин ёлғизлатиб қўйдинг”, деб таъна қиладилар. Аслида маҳалламиздаги чойхонани дадам учун очдим. Шу ерга чиқиб тенгдошлари билан гаплашиб ўтирсинлар, уйда зерикмасинлар, деган мақсадим бор эди. Дадам чойхонага чиқсалар ҳам мени маҳалладошларга ёмонлаб «кечқурун ишидан кеч қайтади, бундоқ мен билан гаплашиб ўтирай ҳам демайди», дебдилар. Ёши катта қўшниларимиз гап орасида танбеҳ бергандай қилиб, отамга ҳурматсизлик қилаётганим ҳақида гапиришганди, тўғриси ҳозир жаҳлим чиқиб кетди. Биласизми, ўн йилдан бери келинойингиз билан турмуш қуриб бир-биримизга баланд товушда гапирмаганмиз. Лекин шу дадамни деб кейинги пайтларда кўп сан-манга боряпмиз. Аслида ўйлаб қарасам, хотинимда ҳам айб йўқ. Уни жуда яхши биламан. Бир пайтлари дадамнинг ўзлари уни маъқул кўриб келин қилганлар. Отасиз ўсгани учунми, дадамга жуда ҳам меҳрибон. Ўз отасидек кўради. Уям дадамнинг ўзгариб қолганларидан ҳайрон. Баъзан, «қаерда хато қиляпмиз», деб кўз ёши ҳам қилиб қўяди. Тушунмадим-да, нима қилишга ҳайронман.
- Тадбиркор экансиз, ўша чойхонангизни дадангизга бериб қўйинг. “Мени ишим кўп, сиз бош бўлиб турсангиз, хотиржам бўлардим”, денг. Одамлар орасида юрсалар ёлғизликдан бироз чалғийдилар. Қолаверса, ёши каттароқ қариндошларингиз орқалими, дадангизнинг оғайнилари орқалими уларга муносиб бирорта бевани топиб уйлаб қўйсангиз, менимча мақсадга мувофиқ бўларди. Тушунинг, онангизнинг ўрнида бегонани кўриш сиз фарзандларга қанчалик оғир бўлишини яхши тушунаман, аммо ёлғизлик одамни эзиб ташлайди. Умрини қияди. Одам ҳаётга кўниб, тақдирига бош эгиб яшашни ўрганиши керак. Агар бу дунёда ҳаммаси биз хоҳлагандек бўлганида эди, эҳ-ҳе ер юзига хурсандчилик сиғмай кетарди. Балки унда ҳаёт ҳам қизиқ бўлмасмиди, ахир яшаш — кураш, дейишади-ку. Хуллас, айтганларимни мулоҳаза қилиб кўринг. Умид қиламанки, дадангиз билан орангиздаги тушунмовчилик барҳам топиб, яна аввалгидек тинч, хотиржам яшаб кетасизлар.
- Ўйлаб кўраман. Эҳтимол сиз айтганча ҳам бордир…
- Саломат бўлинг.
- Сизга ҳам катта раҳмат.
Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар