Сайт бўлимлари
“Дадажон, уйга қайтинг!...”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 02 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Охирги пара “Маънавият соати” эди. Дарсда устозининг оила муқаддаслиги, ота-онани ҳурмат қилиш, фарзандлик бурчи ҳақидаги гаплари Дилоронинг кўнглига наштардай ботарди. “Оила муқаддасмиш. Устоз, сиз шу гапларингизни бувим, дадам ва аммамга ҳам бориб айтинг. Улар ҳам билиб қўйишсин, оиланинг бебаҳо гўшалигини. Ҳар кунги уруш-жанжаллардан безиб кетганимизни, рўзғорнинг оғирлиги, турмушнинг қаттиқ мушти онажонимни тамоман эзиб қўяётганини улар ҳам англаб етишсин. Биз болаларнинг ўз уйимиздан безиб кетганимизни, бошқа болалар каби дадамизга эркалик қилиш, дам олиш куни ота-онамиз билан қариндош-уруғларимизникига боришни исташимизни дадамларга тушунтиринг. Йўқ, ҳеч кимни бизга ёрдам бергиси йўқ. Ҳамма қуруқ гап билан ваъзхонлик қилишни яхши кўради. Амалда ҳеч бири бирор ишни қойиллатган эмас...»
Дилоро дарс тугашига қўнҚироқ чалиниб чалинмай эшикка отилди. Йўқ уйига бориш учун эмас, маънавият соатидаги ўқитувчининг маърузаси ёқмагани учун дарс охирини пойлаётганди у. Дугоналаридан айрилиб қолиб бир муддат нима қилишни, қаерга боришни билмай тентираб юрди. Бирор соатлик мақсадсиз кўча кезишдан сўнг, уйида муштипаргина онаси уни кутиб хавотирланишини ўйлаб уйига ошиқди...
Жамила хола қишлоққа опасиникига тўйга бориб, тўйхонда елиб-югуриб хизмат қилаётган қўшни қиз Сурайёни ёқтириб қолиб, тўнғич ўғлига келин қилган эди. Меҳнат ичида ўсган қишлоқ қизи Сурайё, шаҳарда ҳам тиниб-тинчимади. Кафтдеккина ҳовличанинг бир четида катак қилиб, тўртта товуқ боқди, бир бурчакда иккита қўй боғлаб қўйхона қилди. Бу ерда бекорчиликдан зерикиб қоламан, деб зардўз аёлга шогирд тушиб, ҳунар эгаллади. Бирин-кетин бир қиз, бир ўғилли бўлиб, қайнона-қайнотаси, эрининг хизматини қилиб юрган жувоннинг укаси пойтахтдаги ўқишини тамомлаб қайтди-ю, тинчи бузилди. Қайнонаси Сурайёга укасига қайнсинглисини келин қилишларини айтавериб қулоғини тинчитмасди. Бир куни ота уйига йиғламоқдан бери бўлиб борган Сурайё ота-онасига қайнонасининг гапини етказган эди, Аҳмад ака ҳам, Мастура хола ҳам қудаларининг гапини маъқуллашди:
— Қайнонанг барака топсин болам, айни кўнглимиздаги гапни айтибди. Ўзимизнинг ҳам ўша Комилахонда кўнглимиз бор эди, - ота-онаси ҳам қайнонаси томонда эканини билиб, Сурайёнинг капалаги учиб кетди:
— Ая, дада, наҳотки сизлар қарши қуда бўлишни истасангиз?! Ахир қарши қуда бўлишса, фарзандлардан бирови бахтсиз бўлади, дейишади-ку?!
— Э, қизим, булар бекорчи хотинларнинг чиқарган ирим-сиримлари. Ҳаммаси Аллоҳнинг ихтиёрида. Сен унақа гапларга эътибор бераверма. Қайнсинглингни албатта келин қиламиз.
- Укам-чи, у рози бўлармикин? - Сурайёнинг бор умиди укаси Анвардан эди. У «Укам барибир Комилага уйланмайди, шунча йил Тошкентда ўқиди, кўнгил қўйган қизи бордир», деб ўйларди. Йўқ, ҳайтовур Сурайё ўйлагандек бўлиб чиқмади. Укаси ҳам Комилага уйланишга розилигини билдирди.
Сурайё бир ўзи ҳеч нима қилолмади. У қайнсингилларининг феълини яхши билар, уларнинг ишёқмас, эрка-тантиқ, урушқоқлигидан кўп азият чекканини ота-онасига айтолмади. Жувон ота-онаси ва укаси қайнсинглисининг ҳуснига учяпти, деб ўйлаётганди. Аммо шу ерда Сурайё янглишаётганди. Мастура хола ҳам, Аҳмад ака ҳам қизининг қайнонаси ва у тарбиялаётган қизларнинг феъл-атворини яхши билишарди. Сурайё ота-онаси ўргатганидек эр уйидаги гап-сўзларни ота-онасига етказмаса ҳам, борди-келдилар мобайнида улар оиланинг туриш-турмушидан бохабар бўлишганди. Қуда бўлмиш Жамила хола бир-икки марта қизини келин қилиш ҳақида келинининг ота-онасига гап қилгандай ҳам бўлганди. Зукко кишилар гап нимадалигини дарҳол фаҳмлашган ва рози бўлишмаса, қизларининг тинчи бузилишини ўйлаб, ўғиллари келиши билан қуда қиз — Комиланинг таърифу тавсифини келтириб, унга уйланишга кўндирган эдилар.
Турган гапки, Сурайёнинг бу режалардан хабари йўқ, у ота-онам қайнсинглимни келин қилишга орзуманд, эканлар деб ўйларди. Келинчакнинг қаршилиги, норозилиги дилидан тилига кўчмади.
Қарши қудаликнинг низолари тўй арафасидаёқ юзага чиқа бошлади. Аввал, Жамила хола куёв томоннинг келинга атаган сарпо-суруғидан айб топиб дилсиёҳлик бошлаган бўлса, кейинроқ фотиҳа тўй, қиз оши, қиз базми, никоҳ каби маросимларда ҳам ҳали мой кам, ҳали гуручни яхшисидан олмабсизлар, деб қудаларини хўп югуртирди. Бир дунё келишмовчилигу кўнгилхираликлар билан бошланган тўй, куёв томоннинг оғир-босиқлиги сабабми ҳартугул яхшилик билан ниҳояланди.
Сурайёнинг куёв укаси Анваржон уйлангач, шаҳарда, яхши бир жойга ишга жойлашди. Ишлари юришиб, тез орада лавозими ҳам кўтарилди. Сурайёнинг илтимослари ўлароқ, бирор жойда қўним тополмай юрган поччаси Камолни ҳам ишга қўйди. Аммо қарши қудалар орасида кундан-кунга бўлмағур, арзимас гапларни деб, низо оралар, Жамила хола бетидан андишаю юз-хотирни сидириб ташлаб, ҳафтада икки-уч бора қудалари, куёви билан жанжаллашар, уйига келиб келинини ўғлига ёмонлаб урдирар, калтак беайб Сурайёнинг бошида синарди. Ўзидан ўтганни ўзи ва Худодан бўлакка билдирмайдиган жувон ота-онаси ва укасига бошидан кечаётган қора кунларни билдирмас, кунда кунора эшикдан уввос солиб кириб келадиган қайнсинглисига ва арзимаган гапдан фожеа ясаб орага совуқчилик туширадиган қайнонасига инсоф кириб қолишидан умидвор бўларди. Қайнсингил ва қайнонага инсоф кириши, ёзда қор ёғиши билан баробар эди.
Сурайё учинчи фарзандига ҳомиладор кезлари эди. Ҳовлидаги сўри устига тоғорани қўйиб, сўлохмондай қайнилари, кап-катта қайнсингиллари, қайнона-қайнотасининг кирларини юваётганди. Бир маҳал укасига теккан қайнсинглиси қорнини тандирдай қилиб, эшикдан йиғлаб келса борми! Жувоннинг нақ ўтакаси ёрилаёзди. Қайнсинглисининг шунақа бемаврид “ташриф”ларидан сўнг албатта қайнонаси сочларини ёйиб олиб қарғашга тушади ва бу орада Сурайё бояқиш ҳам эрининг тепкию муштларидан “бенасиб” қолмайди. Шу сабаб ҳам Комила келинининг уйга келишларидан юрак олдириб қўйган жувон титраб-қақшаб унга пешвоз чиқди:
— Нима бўлди, Комилахон, тинчликми? — Қайнсингилиси нималарнидир ғудраниб-қарғаниб, салом-аликни ҳам нася қилганча, онаси ўтирган хона томон қараб кетди. Сал фурсатдан кейин Жамила хола ташқарига чиқиб, атай келинига эшиттириб қудасини, куёвини қарғаб кетди. Сурайё бақир-чақир ва қарғишлар орасидан билиб олгани шу эдики, укаси уч кундан бери ишга дазмолланмаган кўйлакда борар экан. Бугун эрталаб ухлаб ётган хотинини уйғотиб, кўйлагини дазмоллашни сўрабди. Келин уялмай-нетмай ҳомиладорлигини пеш қилиб:
— Аҳволимни кўриб туриб менга иш буюрасиз-а?! Ана, сингилларингиз қилсин, онангиз қилсин, — деб ўшқиради. Хотинининг юзсизлигидан оғринган Анвар:
— Киримни онам билан сингилларим ювса, овқатимни ҳам улар тайёрласа, кийимларимни ҳам дазмолаш ўшаларга қолган бўлса, унда сен бу ерда нима қиляпсан?! Демак сени керагинг йўқ экан-да! — дебди.
Шундан кейин жанжал шўрлик Сурайё билан давом этди. Қайнона билан қайнсингилнинг айтмаган гаплари, отмаган маломатлари, оғизларидан чиқмаган қарғиш қолмади. Жувонга алам қилгани қайнонаси унинг ҳали турмушга чиқмаган сингилларини бахтсиз бўлсин, деб қарғагани бўлди. Ахир у бояқишларда нима айб?! Дардини, кўз ёшларини ичига ютган аёл, ўзини қўлга олиб укасига қўнғироқ қилди ва келинни “хафа қилгани” учун уни койиб, ҳозироқ Комилани уйга олиб кетишини уқтирди...
Орадан ўн беш йилча муддат ўтиб Сурайёнинг ўғил-қизлари улғайиб қолишди. Бу орада сингиллари узатилиб, тинчиб кетишди. Қайнсингиллари ҳам узатилди-ю, бири олти ойда, яна бири уч ой яшаб- яшамай ажрашиб келишди. Бу орада икки қайнисининг ҳам турмуши бузилиб, овсинлари чиқиб кетишди. Фақат у, фақат Сурайё яшаяпти, сув келса симириб, тош келса кемириб, эри, қайнонаси ва эрдан чиқиб келган қайнсингилларининг зуғумларига чидаш бериб. Қайнонаси бировларга отган ноўрин қарғишлари тошидан ўзи азият чекаётганини фаҳмламайди. Ўғилларини ташлаб кетган келинларни уйига қайтариш нияти ҳам йўқ. “Менинг қизларимга кун бермаган келинларнинг кераги йўқ” деб, ўғилларининг ҳам оиласини бузиб ўтирибди. Фақатгина укасига турмушга чиққан қайнсинглисигина эр уйида яшаяпти. У ҳам бўлса Сурайё ва онасининг вазминлиги боис. Бўлмаса унақа келиннинг, қўлидан тузукроқ бир юмуш келмайдиган хотиннинг ҳоли аллақачон вой бўлган бўларди. Ҳали-ҳануз қайнсинглиси уйидаги майда-чуйда гап-сўзларни ота уйига кўтариб келади. Яна тўс-тўполон, қарғишу сўкиш. Болаларнинг дили вайрон, уйда файз-барака йўқ. Мана йил ошяптики, эри уйга келмайди. Онаси ва синглисининг гапига кириб, оиласини ташлаб онасиникида яшаяпти. Болаларидан хабар ҳам олмайди. Рўзғорнинг бутун бор ташвиши, машаққати Сурайёнинг бўйнида. Бахтига болалари ақлли чиқди. Онасининг қабатига кириб қизлари чеварлик қилишади, каттаси бу йил институтнинг иккинчи курсига ўтди. Кичик қизи тайёрлов курсида ўқияпти. Ўғли ҳам коллежда ўқийди, ҳам нонвойга шогирд тушган, кунда тўртта нон билан эшикдан кириб келади. Ҳозирча бирор нимага зориқишгани йўқ. Лекин барибир болаларнинг кўнгли кемтик. Улар бошқа болалардек дадасига, бобо-бувисига эркалик қилишолмайди. Кўзлари мунгли, нигоҳлари маъюс. Сурайё шунга эзилади. Бошида ота-онасининг қарши қуда бўлишларига қаттиқ норози бўлмаганига афсусланади. Энди ортга йўл йўқ. Худо эрига инсоф бермаса бу изтиробли ҳаёти изга тушиб кетиши даргумон...
Уйига етай деб қолганда Дилоронинг калласига туйқус бир фикр келди: «Ҳозир бувимникига бораман. Дадам билан гаплашиб оламан. Ахир нега аммам уйидаги муаммоларини бизнинг оиламизга аралаштиради?! Ана у ўзининг оиласи билан яшаб юрибди. Тоғам унинг еганини олдига емаганини кетига қилиб қўйган. Рўзғорининг кам-кўсти йўқ. Биз эса уларнинг касрига қолиб, дадамдан айрилиб яшаяпмиз. Агар тоғам ҳам аммамнинг бошига дадам билан бувим онагинамнинг бошига солган кунларни солса, билмадим нима бўларди. У уйда ҳеч ким аммамнинг мушугини “пишт” демайди. Аёл бўлиб қўлини совуқ сувга урмайди. Тоғам ҳамма нарсани тўкин қилиб қўйганлар. Бояқиш онагинам эса рўзғор деб югурадилар. Ҳамма оғирлик бир ўзларига. Камига дадамнинг бунақанги қилғиликлари, бувимнинг зуғумлари адо қилаёзди. Ҳаммасини айтаман, дадамнинг меҳрларига шунча пайт зор ўсганимизни, ота бўлиб биттамизнинг бошимизни силамаганларини, ҳамма-ҳаммасини айтиб келаман. Дадам аммамдан катта, қолаверса эркак киши. Наҳотки, онаси билан синглисининг қилмишларини кўра била туриб яна онамни қийнаса?! Аммам арзимаган гапни акаси билан онасига келиб айтади, икки оила орасига низо солади. Аммо шунча пайтдан бери онам бирор марта ҳам дадамнинг дўппослаганларини, бувимнинг зуғумларини уйига бориб айтмаган. Тоғамнинг ҳам бунақа гаплардан хабари йўқ. Айтаман, ҳаммасини дадамга айтаман. Қачонгача дадам ҳам эрдан чиққан сингилларига қўшилиб онасининг ёнида юради?! Ахир унинг оиласи, фарзандлари бор. Дадамга ҳаммасини тушунтиришим керак. Этни тирноқдан айириб бўлмайди...»
Дилоро бувиси яшайдиган маҳалла томон жадал юриб кетди...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар