1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Муҳаббатсиз хотинга ўқилган ҳукм”

Онамдан айрилганимда чамаси 7-8 ёшлар атрофида эдим. Ҳаммасини эслай олмайману, аммо холаларимнинг мени қучиб уввос тортиб йиғлаганлари ҳанузгача эсимдан чиқмайди. Болалик хотираларим чап бермаса, ўша оқшом дадам қаттиқ маст бўлиб келганди. Қолгани умуман эсимда йўқ. Фақат, эртаси куни уйимиздан лапанглаб тобут чиққанию, уйимизга қариндош-уруғлар йиғилишиб айтиб-айтиб йиғлагани ёдимда. Кейин ўзимни холамнинг уйида кўрдим. Уни иккита мендан катта ва битта мен тенги қизи бор эди. Кўп ўтмай онамни соғиндим. Уйга қайтаман, деб йиғлаб, хархаша қила бошладим. Холам сочларини юлиб, кўксига уриб йиғлай кетди:

— Илоҳим, рўшнолик кўрмагин Юнус чўтир. Илоҳим, шу норасидагинанинг уволи кўр қилсин сени. Мурғак гўдаккинани она меҳрига зор қилганинг учун икки дунёда хору зор бўлгин. Илоҳим, ўлигинг итларга ем бўлсин. Бола онасини сўраяпти, нима деб жавоб берай? Унга нима дей, овунсин?... Холамнинг ўшанда айтган гаплари ҳалигача қулоқларим остида жаранглайди. Ўшанда бу гапларнинг маънисига унча тушунмаган бўлсам-да, барибир айтилиш оҳангидан яхши гаплар эмаслигини англадим ва қўрққанимдан бошқа бундай гапларни гапирмадим. Ўша йили холамнинг қизи билан мактабга бордим. Кейинги кунларим оддий ўтаверди. Фақат, ойимни, дадамни қўмсаганимда, кўргим келганида ҳеч ким билмайдиган-кўрмайдиган жойларга бориб, тўйгунимча йиғлаб олардиму, яна ҳеч нима бўлмагандек уйга қайтардим. Холам билан поччам, опаларим ва холамнинг мен тенги қизлари мени жуда яхши кўришарди. Ҳаёт бир текисда давом этаётганди. Ана-мана дегунча йиллар ўтиб болалигимнинг армонли кунлари ортда қолиб ўсмирликка қадам қўйдим. Ҳаётимнинг энг чигал, энг қийин, ғаму изтиробларга тўла кунлари ана шу ўсмирлигимдан бошланди...
— Зулфизар қизим, уйга кир, даданг келибди. У билан кўриш... — бир куни Лайло (холамнинг қизи) билан мактабдан қайтсам, йиғидан кўзлари шишиб кетган холам нигоҳларини мендан олиб қочганча шундай деди. Минг ҳадик ва ҳаяжон билан меҳмонхона остонасидан қадам босдим. Дадам! Уни кўрибоқ кўзларини танидим! Кўзларимга ўхшарди улар. Фақат дадамнинг қарашлари қайғули ва маънисиз. Чўчибгина салом бердим. Дадам ўрнидан даст туриб менга пешвоз чиқди-да, ўкириб йиғлаганча бағрига босди...
Ота-бола тонггача дардлашиб чиқдик.
— Зулфизар қизим, сени олиб кетаман. Энди бирга яшаймиз. Сени ўзим ўқитаман қолган умримни сенга бағишлайман, - деди дадам. Ўзимга қолса ҳам дадам билан кетмоқчи эдим. Бу ҳақда мени етти йил давомида парваришлаб, тарбиялаган холам билан поччамга гапирдик.
— Ҳо, Юнусбой, энди сизга қиз керакми?! Болангизни ўйлайдиган  бўлиб қолдингизми?! Онасини уриб ўлдирганингизда ўйламадингизми? Қизимнинг ҳоли не кечади, унинг тақдири қандай бўлади, деб ўйламадингизми?!
 Холам овозининг борича бақириб, дадамга қараб гезариб кетди.
— Бўлди қил, Хосият. Ота-болани айирма.
— Йўқ! - энди поччамга қараб бақирди холам. - Бу қотилга берадиган қизим йўқ! Энди бола керак бўлиб қолдими, бунга? Боласини ўйлаган одам хотинини уриб ўлдирадими? - Кейин менга қаради:
— Зулишжон, қани ичкари кир-чи. - Унинг амрига сўзсиз бўйсундим. Уйга кираётиб дадамга бир қараб олдим. Шўрликнинг кўзларига ёш қалқди.
— Бизни тинч қўйинг! Ўзи шундоқ ҳам бошимизга кам кунларни солмадингиз!
 Холамнинг овози ниҳоятда қаҳрли эди.
— Синглингиз ҳам оппоқ эмасди. Айби бўлмаганда шу ишлар бўлмасди. Аслида ҳаммамизнинг бошимизга шу мусибатларни солган синглингиз эмасми?
 Холам яна асабий шанғиллади:
— Ўлган одамни тинч қўйинг! Ўлдириб ҳам қутулмадингми, қотил! Юрагинг жойига тушмадими?! Ҳе, умргинанг қамоқда чириб адойи тамом бўлгур. Илоҳим, сингилгинамнинг хуни тутсин сени! Йўқол уйимдан, оёғингни босма бошқа бу ерларга!
 Деразадан дадамни кузатиб қолдим. Шўрлик ортига қарай-қарай кетди. Шу кундан бошлаб негадир, дадамдан эмас холамдан нафратлана бошладим. Назаримда мен билмаган, мендан яширишган сирлар кўпдек туюлди. Аммо у мавҳумликларнинг ечимини қандай топишни билмасдим.
Бир куни қизлар билан мактаб спорт майдончасида гаплашиб ўтирган эдим, кимдир мени чақираётганини айтиб қолишди. Ҳеч ҳам бундай бўлмагани учун аввалига бироз ажабланиб турдим-да, кейин ўрнимдан туриб ўша тарафга қараб кетдим. Почтачи экан. Сумкасидан битта конвертни олди-да, мендан имзо қўйдириб қўлимга тутқазиб кетди. Конверт юзига қараб хат дадамдан эканини билдим. Болалигига борган дугоналарим мени ўраб олиб, хатнинг кимданлигини сўраб кулишарди. Менинг эса кулиш тугул, хатни очиб ўқишга ҳам мадорим етмаётганди. Назаримда, унинг ичида нохушликлардан ясалган бомба бору, конвертни очган заҳотимоқ портлаб кетадигандай эди. Ваҳима ва қўрқувни зўрға енгиб, уни очишга ўзимда куч топдим.
“Жондан азиз қизалоғим Зулфизар! - деган жумлалар билан бошланарди мактуб. - Авваламбор, сени меҳрига зор қилган, болалигингни андуҳларга кўмган отанг (агар шундай дейишга ҳаққим бўлса!)ни кечир. Қисматимиз оғир экан, ягонам, бошимизга шунча мусибат тушди. Ва бунинг оқибатида бегуноҳ бўлишингга қарамай, сен кўпроқ озор кўрдинг.
Қизалоғим! Кел, сенга ўша воқеаларни бошидан айтиб берай. Тўғри, у машъум ва мудҳиш кунларни эслаш мен учун ниҳоят оғир, аммо сен ҳақиқатни билишинг керак. Токи, мен олдингда гуноҳкорлигим боисини сенга билдиришим керак. Ахир, қачондир бу мавҳумликка барҳам бериш керак-ку?!
Хуллас, онанг ниҳоятда кўҳлик қиз эди. Тўғриси, у билан севишиб турмуш қурмаган бўлсам-да, илк бор бизни учраштирганларида кўзларидаги самимият, чеҳрасидаги беғуборлик, ундаги гўзаллик мени тамоман ўзига мафтун этиб қўйганди. Бу никоҳ мени бахтдан бошимни айлантириб қўйгани рост эди. Бироқ, тўйгача ҳам, тўйдан кейин ҳам онангнинг чеҳраси ёришмасди. Уни кўнглини топиш учун қанчалар ҳаракат қилмай, уринишларим зое кетиб, онангни юрагида муҳаббат уйғонай демасди. Ҳеч ким йўқ жойларда, хонасига қамалиб олиб йиғлагани йиғлаган, чеҳраси ёришмасди. Кўнглимга “у мени севмайди. Кимнидир яхши кўради”, деган гап келди. Уни кузата бошладим. Йўқ. Онангни ёмонотлиқ қилмоқчи эмасман. Бундай эмасди ҳам. Кузатганларим шуни маълум қилдики, мени бор-йўқлигим унга мутлақо аҳамиятсиз эди. Бир сўз билан айтганда, фақат одамларнинг кўзидагина ўзининг келинлик, рафиқалик вазифасини бажарарди. Аросатда қолган эзилган бахтиқаро эса мен эдим. Бу орада сен туғилдинг. Дунёга келганингда қанчалар суюнганимни тасаввур ҳам этолмайсан. Фарзандим туғилди. Энди онаси билан орамиз анча илиқ кетади деб, умид қилдим. Афсус... Энди у фақат сен билан бўлиб қолди-ю, мен билан умуман иши йўқ. Ичимни ит тирнайди. Дардимни айтгани бир дарддош йўқ. Бу хўрликлар жон-жонимдан ўтиб, аламимни ичкиликдан оладиган бўлдим. Энди турмушимиздан чинакамига файз-барака ариди. Насиҳат, қиладиганлар, танбеҳ берадиганлар кўпи, “ҳой инсон, нега бу даражада ўзгариб кетдинг?! Ичингда қандай дард бор?” деб ҳол сўрагувчи бағри бутун одам йўқ. Бу орада сен атак-чечак қилиб, боғчага борадиган бўлдинг. Катта бўлганинг сари кўз-қошларинг, қилиқларинг ўзимга тортиб борар, ҳар гал ўзимга келганимда, “шундай ширин қизим бор, яна менга нима керак? Хотиним менга бефарқ бўлгани учун унинг аламини қизалоғимдан оламан-ми?” деб ўзимдан хафа бўлиб кетардим. Лекин, тақдирнинг бешафқатлиги иродамни суст қилиб қўйган экан. Ҳеч ўзимга берган ваъдамнинг устидан чиқа олмасдим. Энди онанг икковимизнинг ўртамизда тез-тез жанжал чиқиб, уйдан ҳаловат ҳам йўқола бошлади. Тан олишим керак қизалоғим, онангни ўрнида бошқасини тасаввур этолмайман. Лекин, кейинги пайтларда онанг ҳаддидан ошиб кетаверди. Энди сал нарсага мени сенсираб, нафсониятимга тегар, кўнглимни оғритарди. Ёлғиз қолган чоғларимда ўксиб-ўксиб ёш тўкардим. Онангни шу қадар кўнглига ўрнашиб, ҳатто оиласига жуфти ҳалолига бефарқ қилиб қўйган одамнинг кимлигини билишга қизиқардим. Хаёлларимда уни бўғизлаб, минг азобга солгим келарди. Аммо, кимлигини билмасам нима қила олар эдим. Ўз ёғимга ўзим қоврилиб, изтироблардан қийналишдан бошқа нима ҳам келарди қдлимдан...?! Ўша мудҳиш кечада ҳам ичиб келган эдим. Онанг худди жирканч бир махлуқни кўргандек ирганиб:
— Бу бетайин пиёнистадан қачон қутулар эканман-а? Яна молдай ичиб келибди, - деди. Бу гаплар ўзи эзилиб қонга айланган юрагимга наштар бўлиб санчилди. Кейин... Кейин айтишиб қолдик. Ўшанда онанг кўзларимга қараб бор ҳақиқатни айтиб ташлади. Мени ҳеч қачон севмаганини, ота-онаси уни севганига узатмай менга беришгани ва энг алам қилгани... айтишга тилим бормайди... у менга нафрат билан тикилиб:
— Сен билан мажбуран яшаяпман, жавобимни бер! Қизимда ҳаққинг йўқ! У сени боланг эмас! - деди. Ошхона олдидаги омборхона вазифасини бажарувчи уйчага кириб қўлимга илинган нарсани олиб унга қараб отиб юбордим. Ўша пайтда ўзимни бошқара оладиган ва руҳиятимни назорат қила оладиган аҳволда эмасдим. Ўшанда қўлимга илинган нарса болта экан...
Қамоқхонада ҳам фақат сени ўйладим. Онангни гапларини эслаб вужудимни алам ва изтироб кемирса-да, унинг ёлғонига - сенинг фарзандим эмаслигингга ишонмасдим. Тўғри, онанг раҳматли менга бирор марта меҳр билан қараган эмас, лекин у хиёнаткор ҳам эмасди. У бундай разолатга ботинолмаслигини яхши билардим. Озодликка чиққанимдан кейин бир муддат қишлоққа умуман бормасликни режалаштирдим. Уч-тўрт кун уёқ-буёқда овора бўлиб юрдиму, яна сени - севганимдан қолган ягона ёдгоримни кўриш истаги устунлик қилди...
Қизалоғим, ягонам! Мана ҳаммасини билиб олдинг. Энди мени кечирасанми-йўқми, буёғи ўзингга ҳавола. Кечаю кундуз сени дуо қиламан, илоҳим, бахт осмонида ойдай балқиб порлагин! “Отаси онасини ўлдириб қўйиб қамалиб чиққан”, деган маломатни эшитганингда беғубор дилгинанг қанчалар ўртанишини ҳис этяпман. Аммо, дунё умид кошонаси. Тақдирнинг бу қалтис ўйинларида сен айбдор эмассан. Қанча азобу жафо бўлса, менга бўлсин. Кўзингдан томчи ёш томса, рози эмасман. Сени  дуо қилиб қолгувчи бебахт отанг”.
Кўзларимдан томган кўз ёшлар мактуб юзини батамом нам қилиб қўйибди. Дарсда ҳам ўтиролмадим. Қандай ўтирай ахир, у ерда дадажоним қон ютиб изтиробларда эзилиб юрган бўлса?! Кўзимга холам ва бошқа яқинларим балодек кўриниб кетди. Шунча йил мендан ҳақиқатни яшириб келишга қандай ботинишди экан-а?! Наҳотки этни тирноқдан айириш шунчалик осон бўлса?!
Менга алам қилгани холам гапларимни эшитиб, яна шўрлик дадамни қарғай кетди. Мен дадам билан яшашимни, ортиқ бу уйда турмаслигимни айтиб нарсаларимни йиғиштиришга тушдим. Холам яна дийдиёларни бошламоқчи эди, поччам овозини ўчириб қўйди:
— Уни ўз ҳолига қўй! Энди ёш бола эмас, 16 яшар қиз у! Энди дадаси бор, қиз у билан яшашга ҳақли!
 Уйга кириб борганимдаги ҳолатни ҳалигача эсласам юрак-бағрим эзилиб кетади. Ота-бола ҳасрату надоматларга тўла дунёдан ўксиб, қисматнинг қинғир қилиқларидан ўкиниб ёш тўкдик. Кўзларимиздан оқаётган оби армон билан бирга бутун кўрган кечирганларимиз, дарду ҳасратларимиз оқиб кетишни истаб йиғладик. Энди менинг ҳам ўз уйим бор эди. Энди менинг ҳам ўз отам бор эди...
...Дадам айтганларидек, дунё УМИД кошонаси экан. Менга ҳам тақдирнинг ёруқ кунлари бор экан. Ўқишга кирдим. Бир пайтлари дадам адабиёт фанини жуда ҳам яхши кўрган эканлару, ўзларига шу фан ўқитувчиси бўлиш бахти насиб этмаган экан. Шу орзулари ҳамон қалбларида экан, мени она тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлишимни истадилар. Мен нима ҳам дердим, дадам шуни хоҳлабдиларми, демак бажаришим керак. Нима бўлганда ҳам дадамнинг кўнгиллари ўксимаслиги керак, деб ўзимга ўзим сўз бериб қўйган эдим. Ҳамиша шу аҳдим хаёлимда мустаҳкам эди...
...Аммамнинг ўғлига турмушга чиқадиган бўлдим. Йўқ, катталарнинг қистови билан эмас, ўзимиз, балоғат остонасига қадам қўйган кезларимизда қалбимиз муҳаббат нурларидан мунаввар бўлгани боис, муносабатларимизни оила аталмиш муқаддас даргоҳда давом эттиришни ихтиёр этдик. Буни эшитган холаларим роса тўполон қилишди. Эътибор бермадим. Мен нима тўғрию, нима нотўғрилигини яхши англайдиган ёшда эдим. Келажагим учун муҳим қарорни қабул қилиб бўлган эдим.
Дадамни ҳар қанча мажбурламайлик уйланишга кўнмадилар. “Мен онангни ўрнида бошқасини тасаввур этолмайман. Сизлар бор экансизлар ёлғиз эмасман”. Ҳар сафарги берадиган жавоблари эди бу. У кишининг ҳалигача онамни унутолмаётганларини билардим. Тўғриси, бундай муҳаббат ҳақида фақат орзу қилиш мумкин эди, холос...
Қизалоғим дунёга келганида ҳаммамиздан ҳам кўпроқ отажоним суюндилар. Кўзларидан қуйилаётган ёшларни тўхтатолмай, биздан унга онамнинг номини беришни сўрадилар... Ҳозир Зебинисо қизим тўрт ёшда. У дадамнинг овунчоғи, таскини. Умид чироқларини қайта ёққан саодати. Дадамнинг синиқ чеҳрасида мамнунлик табассумини кўрган ҳар бир оним мен учун туганмас БАХТ лаҳзаларини туҳфа этади...

Рухшона ФАРРУХ

Ҳозир сайтимизда 95 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ