1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“БИР БОРА ИМКОН БЕРИНГ!” ёхуд мўъжиза

 

 

 

(Ўн учинчи мактуб)

Аёлингни авайла, элим,
Алпомишлар туғиб беради.
Муаллиф

Ассалому алайкум, Баҳодир ака!
Соғ-омонмисиз? Ўқиш, ишларингиз яхшими?
Сизга мактуб йўллаётганим учун “Об-бо, бу Осиё деганлари туғруқхонадаям “учёный”лигини қўймас экан-да! Барака топгир, ҳеч бўлмаса шу ерда журналистлигингни қўйиб тургин”, демайсизми ишқилиб? Нималар бўлаётганини ҳатто ўзим ҳам ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Бу ерда асло кутмаганим бир муҳитга рўпара келдим. “Аскар мактублари”, “Сафар мактублари” ва ниҳоят “Муҳаббат номалари” борлигини билардим-ку, “Туғруқхонадан мактублар” борлиги ҳақида шу ерга келибгина хабар топдим. Аммо билганим ёмон бўлмади — менга жудаям ёқди. Айниқса, одамлар ўша хатлар орқали туғруқхона ҳаёти билан танишиш имкониятини қўлга киритадиган бўлишгани жудаям қувонарли!
Мактубларнинг “тарихи”га келсак, а-а-анча узоқ экан. Бу ҳақда сизга уйга қайтганимда батафсил гапириб бераман. Шунингдек, то менгача ёзилган ўн икки мактуб ҳақидаям билиб оласиз. Энг қизиғи шуки, мактуб ёзишни давом эттириш сиз ҳамиша “журналист хоним” дея устидан куладиган одамингизга ишониб топширилди. Бу ҳуқуқ менга энг аввало сизнинг олдингизда ўзимнинг ҳақиқий журналист эканимни исботлаш имконини беради. Аммо ёзажак мактубларимни ўқиб, қаламимга холис баҳо беришингизга ишонаман.
У ҳолда бошладикми? Бўлмаса, эшитинг.
Кеча тун ярмида бешинчи палатага жойлаштирилган аёл билан танишиб олдим. Унинг учинчи ҳомиласи экан. Бугун эрталабдан тўлғоғи бошлангани боис, туғруқ хонасига олишди. Зуҳра опа исмли менинг ширинсўз шифокорим текшириб кўргач, ҳаммаси яхши эканини, бир-икки соат ичида “қутилиб” олишини айтди. Аммо пешана, унга қарайдиган дўхтир бошқа эди. Нигора исмли ўша танноз жувон келди-ю, текшириб: “Кесарево қилишимизга тўғри келади. Ўзингиз туғолмайсиз!” деди осмондан тараша тушгандек дўқиллатиб. Аёл умидли кўзларини унга тикиб: “Нигора опа, мен аввалги иккита фарзандимни ўзим туққанман. Наҳотки бунисиниям туғолмасам?..” деркан, овози титраб кетди. “Ман сизга ҳозиргина нима дедим? Гап уқмайдиган келин экансизми? Барибир ту-ғол-май-сиз!” гапни шарт кесди Нигора. Шу билан жувоннинг ҳам юрак тубида асраб келаётгани умид дарахтининг томирлари чўрт кесилгандек тушкунлик ичра чуқур хўрсинди. Оҳиста кўзларини юмаркан, юзидан икки томчи ёш юмалаб кетди...
Шу пайт йўлакда Зуҳра опа кўринди. Унга кўзи тушиши ҳамоно жувоннинг кўзларида ҳозиргина қилинган совуқ ва қўпол муносабат сабаб сўнган умид учқуни қайтадан ялтиради: “Зуҳра опа?..” Унинг гапи оғзида қолди: “Нега йиғлаяпсиз? Қўрқманг, асал қизим! Биринчи ҳомилангиз эмас экан-ку? Иккита болани эсон-омон туғиб олган экансиз. Шундай бўлгач, нимадан қўрқасиз? Ўзим ёнингизда тураман”.
Уларнинг суҳбатларига Нигорахон қўшилди:
–    Зуҳра опа! Ман етти йил ёстиқдек китобларни тинимсиз ёд олиб, шифокор бўлганман. Керак бўлса, профессорларга дарс беришга билимим етади. Нега энди сиз ўзи туғолмаслиги кўриниб турган беморни алдаяпсиз?
–    Нима деб алдабман, Нигорахон?
–    Тос суягини ўлчаб кўрдим — 40 сантиметр. Бунинг устига, боласи йирик — нақ тўрт кило! Бу туғиш учун хавфли. Тос суяги тор аёллар кесарево билан туғдирилиши керак! Фикрим ҳақ эканини исбот қилиб бера оламан. Бошқа саволлар борми?
–    У иккита болани операциясиз туққан, ахир! Шошилмайлик, кесарево қилишга улгурамиз, аввал ўзи бир уриниб кўрсин. Балки доцент чақирармиз?
–    Манга деса, профессор чақиринг! Яна қайтараман — ўзи ту-ғол-май-ди! Гап тамом — вассалом! Ундан кўра, вақтни йўқотмай, тезроқ жарроҳлик хонасини тайёрлаш ҳақида ўйланг. Кечиксак, она ҳамда бола ҳаётини ҳатто кесаревоям қутқазолмаслиги мумкин!
Баҳодир ака, икки шифокор ўртасида бўлиб ўтган қисқа, аммо беаёв тафаккур жанги мени довдиратиб қўйди. Бу нима билан тугашини билишдан бошқа энди мени ҳеч нарса қизиқтиролмаслиги аниқ. Назаримда, Зуҳра опанинг гаплари ҳақдек.
Кўзим аёлга тушди. Унинг мендан баттарроқ аҳволга тушгани докадек оқарган юзидан кўриниб турарди. Лаблари титраган кўйи пичирламоқда — дуо ва илтижо қилаётгани аниқ...

Дунёга сиғмай кетяпман. Аёлнинг тақдири нима бўларкан?.. Палатамда ўтиролмаганимдан йўлакда у ёқдан-бу ёққа бориб-кела бошладим. Орадан бирор соатлар вақт ўтди ҳамки, ҳеч қандай хабар йўқ.
Бир маҳал туғруқ хонасидан пешанасида маржон-маржон тер билан чиққан Зуҳра опа келиб мени маҳкам қучиб олди. Юз-кўзимдан аёлнинг тақдиридан хавотирда эканимни ҳис қилди чоғи:
–    Осиё, йигирма йилдан буён туғруқхонада ишлайман. Аммо кесаревосиз туғолмайди, дея ташхис қўйилган аёлнинг ўзи туққанини биринчи марта кўриб туришим. Худойимга беадад шукр, юзимни ёруғ қилди. Унга берган ваъдамда ёлғончи бўлмадим.
Агар Нигора унга “Ту-ғол-май-сан!” дея руҳий зарба етказмаганида, шундоқ ҳам ўзи туға олишига ишонгандим. Бироқ аёлга ўтказилган руҳий босим уни ҳолдан тойдиргани боис жудаям қийинчилик билан туғди. Биласизми, нима бўлди?
–    Айтинг, – дедим.
–    Мен қаттиқ туриб олганим боис жувонга туғиш учун имконият берадиган бўлдик. Лекин ҳадеганда бола келавермади. Бошида “Ўзим туғаман!” дея курашган аёл охирига бориб, буткул чарчаб, қуввати кетиб қолди. Энди туғиш у ёқда турсин, кучанишгаям ҳоли етмайди. Худди ўлимини кутаётган жониворга ўхшаб, теп-текис ётганини кўриб, қўрқиб кетдим. Доцент чақиртирдик. Доцент текширгач, “Туғолмайди. Шошилинч операцияга олиш керак!” деган қатъий қарорни айтди. Нигора: “Зуҳра опа, ман ҳақ эканманми?” деди баланд овозда. Мен жавоб беролмадим...
Жарроҳлик хонаси тайёрлаб қўйилган. Насилка чақирдик. Шу пайт аёлга кўзим тушди. У кўзларини юмиб ётар, фақат тинимсиз оқаётган ёш юзларини юварди. Насилка эшикдан кириб келаверсин, жувонда ҳеч кутилмаган бир ҳаракат бошланди. У кўзларини катта-катта очганча, қорнини ушлади. Ҳаммамиз унга яқинлашдик. Фақат биргина доя унинг оёқ томонида турибди. Бир маҳал аёлда кучли кучанч бошланди ва боланинг боши кўринди. Шошиб қолган доя қўлларини тутди. Ва кўз юмиб-очгунчалик лаҳзада лўп этиб, гўдак туғилиб берди! Яхшиям доя яқинроқ тургани, йўқса, чақалоқни ушлаб қолиши қийин бўларди.
Туғруқ хонасидаги саккизта дўхтир қотдик-қолдик!
Довдираганимиздан, анча пайтгача чақалоқнинг киндигини кесишниям унутибмиз. Ўзимизга келиб, тарозида ўлчадик. “Йирик” дея “башорат” қилинган гўдак бор-йўғи уч кило икки юз грамм вазнда бўлиб, бунисиям ўғил экан.
Нигорага кўз ташладим. У ердан нигоҳини узолмай турарди...
Тиб илмининг билимдони бўлган Ибн Синодек табиб: “Касалликни даволашда биз уч кишимиз, мен, бемор ва касаллик. Агар бемор касаллик тарафга ўтса, мен ёлғиз қолиб, улар билан курашишга кучим қолмайди, бемор мен тарафга ўтса, биргаликда касалликни енгишимиз осон кечади”, деб турган бўлса-ю, беморга имконият бермаслик ноҳақлик эмасми? Икки болани туққан соғлом аёлга учинчисиниям ўзи туғиши учун бир бор имконият бериш керак эди. “Туғолмайсан, туғолмайсан!” дея юрагига ғулғула солгандан кўра, аксинча, далда бериб, унда етишмаётган ирода кучини орттириш шифокорнинг бурчи эмасми?

Баҳодир акажон, суюнчи беринг! Аёлнинг илтижолари Яратганга етиб, у гўдагини соғ-омон дунёга келтирди — кесаревосиз! Ҳаётда ҳақиқий мўъжиза билан илк бор юзлашиб турганимдан қаттиқ ҳаяжондаман... 
Заҳро опам ҳақ — ёзувчи худди Шерлок Холмсга ўхшаб, ўта синчков ва кузатувчан бўлиши керак. Бўлмаса, у аҳамиятсиз санаб, кўринишдан майда, аммо маънан улкан ва теран ҳолатларни эътиборсиз қолдириши мумкин. Бу эса у дилига туккан улкан эзгу ғоянинг кўнгилдагидек амалга ошишига тўсқинлик қилади. Ўйлашимча, Шерлок Холмснинг иши бизникидан анча енгил бўлган. Чунки унинг доктор Ватсондек ишончли ёрдамчиси, дўсти учун кўксини қалқон қила оладиган шериги бўлган. Мана шу фидойилик сабаб “Шерлок Холмс ҳақида ҳикоялар” то бугунга қадар мухлисларининг юракларида оташин муҳаббат оловини ёқиб келган ва яна неча асрлар ўз ўқувчиларини ҳайрат денгизига ғарқ этажак.
Бугунги воқеа сабаб, юрагимга бир оғриқ ўрмалади...
Яхшиям, қоғоз бор экан, яхшиямки қалам бор экан. Негаки, нимадандир таъсирланиб, юрагингиз тўлиб, кўзларингиз ёшланиб, мужгонларингиз намланган кезларда бўғзингизга аччиқ бир нима тиқилади-ю, сўзлашга йўл бермайди. Овозингиз титрайди. Шундай пайтларда юрагингизни қоплаб, қалбингиз қирғоғидан асов уммон тўлқинларидек тошаётган ҳисларингизни, дардларингизни оппоқ қоғоз узра тўхтамасдан тўкишингиз мумкин, қалам сизга мунтазир, у — дардкаш дўст. Бу нозик туйғуни фақат умрида бир бор бўлсин кимгадир мактуб битганларгина ҳис қила оладилар.
Ҳа-я, муҳим бир нарсани айтишни унутибман. Тушлик пайти йўлакда Нигорахон билан тўқнаш келиб қолдим. Менга кўзи тушиши билан нигоҳларини олиб қочди. Мен эса унга қаттиқроқ тикиларканман, кўзларидан унинг жудаям ғамгин ва безовталигини пайқадим. Тахминимга кўра, бу безовталикнинг иккита сабаби бўлиши мумкин. Бири — уят, андеша. Яъни, салгина аввал профессорларга дарс бериш даъвосида турган “билимдон” одамнинг бутун бошли туғруқхонада шарманда бўлиши юзидан. Иккинчиси эса пул... Яъни қўлга кирмай қолган “кўкат”лар туфайли... Иккинчи тахминим ҳақиқатга яқинроқми, дейман?
Нима дедингиз?
“Ҳамманинг фикри бир хил бўлган ерда фикрлаш бўлмайди”, деб айтган экан Вольтер. Аммо адашмасам, фикрларим ҳақ. Сиз ҳам қўшиларсиз?
Шу ерда хайрлашамиз. Кейинги мактубим орқали дийдорлашгунча!

ОСИЁнгиз

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 859 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ