1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хафа бўлиш ҳуқуқи

 

 

 

Куз. Ставропол шаҳрида одатдагидек навбатдаги “Оқ Ҳасса” куни ўтказилмоқда. Фестивалдан мақсад, кўрларнинг муаммоларига омманинг эътиборини тортиш. Ёшларнинг нашрларидан бири ўз чиқишларини фестивалга бағишлаб бирорта кўзи ожиз йигит ёки қиз билан суҳбат қилишга қарор қилди.Улар мени танлашди. Яширмайман ҳаяжонландим. Чунки ўз муҳитимдаги ожиз одамларга кўникиб қолган эдим. Айни дамда эса уйимга нотаниш соғлом қиз келмоқда... Тўғри, мен уйга қамалиб ўтирадиган одам эмасман, шунчаки бу учрашув зерикарли ўтишини истамасдим.
Учрашув белгиланган пайтда учрашдик, савол берди жавоб бердим, шу билан барчаси тугаб, у мақола ёзарди мен эса ўша газетани сотиб олсам бўлди эди. Бироқ...
Суҳбатдан сўнг у якшанба куни мен билан бироз сайр қилишини айтиб хайрлашди. Қиз, ўзи билан итини олволишини, уни мен билан таништиришини ҳам айтди. Мен жон деб рози бўлдим. Тан оламан, якшанбагача бўлган кунлар давомида бу учрашувга тайёрландим. Сайр қандай ўтишини тасаввур қилиб ўзимни қандай тутиш, нима дейиш, қандай гапиришни ўйлардим. Одатда мен ҳасса билан эмас, ёнимда одам билан юрардим, шунинг учун балки қизнинг қўлини пайпаслашимга тўғри келар. Ҳар хил кўнгилсизликлар ҳақида ҳам ўйлардим; балки олдимиздан кўлмак чикиб қолар ёки пиёдалар йўлакчасида машина турган бўлса уни айланиб ўтишимга тўғри келар. Ожиз ва бечора кўринишни истамас эдим. Эҳтимол бирорта танишим соғлом қиз билан кетаётганимни кўриб қолар... Бир сўз билан айтганда сайргача бўлган кунларни умид билан ўтказдим. Ўзимга ўзим савол берардим; у ҳам кутаётганмикан учрашувни ё менга ваъда берганидан пушаймонмикан?
Шанба ва кетидан якшанба ўтди. Бироқ у ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади. Менда хафагарчилик туйғуси уйғонди, бу туйғуни йўқотишга уриндим, аммо у янада ўт ола бошлади. Қизни бирор нимада айблаш мумкинми? ҲА ва ЙЎҚ.
Ҳа, чунки уни ҳеч ким мени сайрга таклиф қилишга мажбур қилмади. У ўз вазифасини битириб ҳаётимдан буткул чиқиб кетса бўлар эди-ку.
Йўқ, чунки бизнинг жамиятда ҳеч ким кўр билан етаклашиб ёки ногиронлар аравачасини сургаб юришни истамайди.
Ота-оналаримиз бизга ёшлигимизда санашни, ўқиш-ёзишни ўргатада, бировнинг дардини ҳис этишни эса ҳеч ким ўргатмайди. Деярли ҳар доим соғлом одамларга дуч келганимда улар менда ногирон қиёфани кўриб ўзларини четга олишади. Мен уларнинг бу одатларини муҳокама  қилмайман. Балки мен ҳам умримнинг озгина қисмида кўзим кўрган маҳалларда улардек йўл тутгандирман. Агар инсон нуқсонли одамни учратса у билан ҳамма қатори муносабатда бўладими? Соғлом ва кўзи ожизлар орасидаги тўсиқни ҳис этмаслик учун нима қилиш керак?
Биринчидан биз ўзимиз  эътиборли ва ёқимли бўлишимиз лозим. Иккинчидан албатта ташқи кўринишимизни назорат қилишимиз шарт. Шахсан менга бу борада укам ёрдам беради. Яқинда мен бош қаҳрамонлари кўрлар бўлган бир нечта китоб ўқиб чиқдим. Улардан бири Р. Кинлингнинг “ Чироқ ўчди” деган китоби эди. Бош қаҳрамон мусаввир бўлиб, яраланиш оқибатида кўз нурини йўқотади. Мутолаа икки баробар қизиқ бўлди. Чунки мен кўрнинг ҳаётига очиқ кўз билан қарай олдим.Бир саҳнасида кўр мусаввир қизнинг ёнида кетаётиб тиззалаб йиқилиб тушади. У ўрнидан турмасдан гиламнинг қайрилиб қолган жойини пайпасларди. Нонушта қилаётган саҳнасида қиз шуни кўрадики, у пала-партиш овқатланиб ёқасини увоққа тўлдирди. Бу манзаралар мени даҳшатга солди. Мен ўз ҳатта-ҳаракатларимни қаттиқ назорат остига олдим. Шундай хулосага келдимки, одамлар бизга ачиниб ёки жирканиб қарашларига ўзимиз айбдормиз. Ва яна кўзи ожизлар ҳар доим изланишда бўлишлари шарт. Улар адабиёт ва кино янгиликларини кузатиб бориб қизиқарли суҳбатдош бўла олсин.
Шу воқеадан сўнг 11-синфда ўқиётган укамга савол бердим: Сенинг бирорта синфдошинг кўзи ожиз йигит билан сайрга чиққан бўлармиди?
Жавобини фараз қилиш қийин эмас. Нима учун қизлар ичиб олиб барчани ўзига қаратаётган йигит билан юришга уялмайди-ю, кўзи ожизлар билан юришга уяладилар? Балки дугоналари устидан кулар, балки ўтган- қайтган бошқача қарар, эҳтимол келажагига путур етишидан қўрқар? Умуман олганда ожизлар ва соғломларнинг никоҳларини ҳам учратиш мумкин. Аммо таниш-билишларимнинг орасида бундайлар кам.
Нима учун одамлар ожиз бўла туриб соғлом жуфт қидиришдан тўхтамайдилар?  Аммо бошқалар муаммолари ўзлариникига ўхшашларни қидирадилар. Баъзилар умрини охиригача тоқ ўтадилар. Айримлар кўр бўлиб қолгунга қадар турмуш қуришга улгурган бўлади. Мен шундай воқеаларни биламанки, эри кўр бўлиб қолгач хотин боласини олиб уни бир умрга ташлаб кетган. Хаёлимдан шуларни ўтказар эканман буларнинг бари ўша инсоннинг шахсияти эканлигини тушуниб етдим. Қачонлардир бир танишим менга шундай деган эди: Агар йигит қизга фақат ўзининг маммолари ҳақида гапирса қиз ундан тез  зерикади. Биз нафақат соғломлар билан бир сафда бўлиш, балки улардан ўзиб кетишга ҳам ҳаракат қилишимиз керак. Бунга эришганлар ҳам бор ҳаётда. Масалан, Россияда Хизмат кўрсатган ўқитувчи И. Труфан, шахмат устаси А. Гимадеев, массажчи ва бард В. Климов. Лекин барибир кўрларнинг хотинларини ҳақиқий қаҳрамон деб биламан! Ге Де Мопассаннинг “Мажруҳ” деган ҳикояси бор. Унинг бош қаҳрамони ўзига шундай савол беради: “ Аёл кишига ўзингнинг қўлингдан келмайдиган ишни таклиф қилиш мумкинми?” Мен бунга қўшиламан. Тўғрисини айтсам мана шу аёлларнинг ҳар бири тўғрисида ёзгим келди. Бироқ улар бунга рози бўлмай, бу қаҳрамонлик эмас, дейишди. Ўйлайманки уларнинг эрлари бу фикрга қўшилмайди.
Тахминан бир ойдан сўнг худди ҳеч нима бўлмагандек журналист қиз менга яна сим қоқди; у ўз ваъдасини унутгандир? Аммо мен унутмадим-да. Шунинг учун ҳам у билан ўтган мавзуда иложи борича камроқ гаплашиб тезроқ хайрлашдим. Истасангиз мени кек сақловчи денг, заррача қарши эмасман. Тўғри, ҳафагарчилик ортда қолди. Аммо мени ҳам бир савол қийнайди, хафа бўлишга ҳақлиманми?

Дмитрий Гостишев
Рус тилидан Муаййада Раҳмон таржимаси

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 811 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ