1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сен бахтга лойиқсан, азизам!

 

 

 

Насиба уйқудан кўзини очиб, ётоғи олдидаги ойнага қараб қотиб қолди. «Ё, Худойим, бу не ҳол?! Бу қанақаси?! Кўзгудаги қиз менманми?! Ким, ким қилди бу ишни!? Наҳотки… Наҳотки булар Хуршиднинг иши бўлса?!..» Насиба бўйнидаги қалин тилла занжир, қулоғидаги бошмалдоқдек зираклар ва ўрта бармоғидагаи узукка тикилиб тўймас, аммо бу саховатпешалик кимнинг иши эканини ўйлаб ўйига етмасди. У ўйга толган куйи ўрин-тўшагида ярим соатча қолиб кетди. Сўнг ётоқ диванининг тепасига осиғлиқ тақвимга кўзи тушиб, ойнакка яна-да яқинроқ ўрнашиб ўтирди. Хаёллари Насибани поёни йўқ ўйлар, адоғи кўринмас, исмсиз туйғулар қўйнига ташлаб юборди. Қиз байрам кунидаги кутилмаган совғалар ким томонидан туҳфа этганини ўйлаб-чамалаб охирига етолмас, таниш-билишларига қўнғироқ қилиб, бу сюрпризни ким уюштирганини сўрашга ботинмай, боши очиқ, мусофир қизнинг ижара  уйига тунда  келиб, қулоғи, бўйнию бармоғига тақинчоқ тақиб кетадиган валломат ким экан, деган кинояли, масхаромуз истеҳзоларга дохил бўлажагини билиб ўша инсоннинг қўнғироғини кутишдан ўзга чораси йўқлигига амин бўлди. Насиба тиқ этса эшикка термулиб, қўнғироғи чалинса, эшитмай қолишдан чўчиб, телефон аппаратини маҳкам тутиб ўтирарди…

Насиба институтни тамомлаган йили ота-онаси остонани бузиб юборгулик бўлиб турган совчилардан бирига розилик беришди. Аввало орага яқин қариндошлар тушди, сўнг икки оила бир зумда иноқлашиб тўйни тезлатишди. Қудаларнинг обрў-эътиборли, бадавлат хонадонданлигини айтиб чарчамаётган ота-онанинг ҳам, синглисини тезроқ узатилиб, одамларнинг «қачон узатасизлар, ёши ҳам ўтиб кетяпти» деган гапидан тезроқ халос бўлишни хоҳлаган опалар-акалар ҳам, қайнсингилнинг эркалигидан қутулиб, енгил нафас олишни астойдил истаган янгалар ҳам, жиянининг тўйида тўйиб тансиқ егуликларни мазза қилиб еб, нафсини ором беришни кутаётган амма-холалар ҳам қуда бўлмишларнинг таг-тугию, куёв тўранинг феъл-атворни сўраб-суриштиришни хаёл қилишмади. Сандиқ-сандиқ сепларини кўздан кечираётиб, ўзини тилло-зарлар аро маликадай соллонаётганини тасаввур қилиб, булутлар устида учиб юрган Насибага ҳам, бу нарса аҳамиятсиз эди. У турмушга чиқяпти. Ҳамма дугоналари, дўсту душманларни ҳасадда ўлдириб шаҳарнинг казл-казолари даврасида ўзига яраша нуфузи бор оилага, ўзининг таъбири билан айтганда, «богатый»ларга келин бўлаётганди. Муҳими шу! Бундан бошқаси ҳеч кимни, ҳатто янги ҳаётга кириб бораётган олий маълумотли қизни ҳам қизиқтирмади.
-    Оббо, бир кечада иккита келин туширишармикан? Бизга бунақа дейишмаганди-ку бошида?!
-    Шунақа ният қилишган экан-да, энди онаси. Қўяверинг, ирим қилманг. Ака-укаларга  бир кечада келин туширишса, қўшалоқ келин-куёвлар даврани тўлдириб ўтиришса бунинг нимаси ёмон экан?- Насима холага эътироз билдирди  эри.- Қизингизни дуо қилинг-да, тўйда яйраб ўйнаб-кулинг.
-    Шунақа дейсизу, дадаси, элда ирими бор-да, қўшалоқ келин тушса, бири бахтсиз бўлади, дейишади. Ўзим ҳам бунақаларнинг қанчасини кўрганман. Кейин, қизим бир-икки йил овсинсиз, тинч яшаса, дегандим…- хотинининг гапни чўзиб, эзмаланиши Субҳон отанинг ғашини келтирди:
-    Бўлди-да, энди-е! Менга заҳрингни сочасанми? Куёвни ўзингникилар топган, бой экан, бадавлат экан, деб очилган оғзингни ёполмай ўтирувдинг, энди чидайсанлар-да! Ўзи, бекорга, «келинни ўзингдан бир поғона баланд оиладан тушир, қизингни ўзингдан бир поғона паст оилага узат» деб айтишмаган. Мени бошимни оғритмаларинг. Нима гапингиз бўлса, ўзаро айтиб-эшитасан. – Насима хола кўзларини ёшлаган бўлди-ю, ҳартугул қизларининг таскини билан, ҳаммасини унутиб юборди.  
Тўй бўлиб ўтди. Тўғрироғи телевизору радиоларни «ўзиники» қилиб олган бирровчи қўшиқчиларнинг гала концертидан, тўйнинг тўйлигини тўрдаги келин-куёвлар ўтирган саҳна билинтирмаганда, меҳмонлар ашулачиларга гулдаста кўтариб келишмаганига хижолат ҳам бўлишарди.
Насибага овсин бўлаётган қиз қайнона бўлмишнинг жияни-синглисининг қизи экан. Келинчак ёшгина бўлиб, институтнинг иккинчи курсида ўқиркан. Насибанинг куёви тижорат билан шуғулланар, қайниси эса аллақандай хорижий Университетда ўқияпти экан.
«Юзочар»га борганларнинг оғзи карнайдай очилиб қолди. Ҳавас қилган ким, ҳасадда ғимирлаб қўйган ким. Машҳур ҳофиза сел бўлиб, эшилиб келин салом ўқияпти, икки томонда товусдай товланиб келинчаклар салом қиляпти. Расм-русумлар тугаб, янгалар қайтадиган пайт, Насибага ҳамроҳлик қилганларнинг «шивир-шивир»идан нималарнидир англаган қудағай тилла тишларини ярқирратиб, илжайди:
-    Қудажонларим, қариндошларим, ўзим айланиб кетайин сизлардан. Ҳеч хавотир бўлманглар. Ёшлар чарчашгандир, толиқишгандир. Худо хоҳласа, ҳаммаси бадастир бўлади. Энди бориб бемалол дамингизни олаверинглар.
Янгалар хотиржам тортиб ортга қайтишди. Аммо Насибанинг опаларию холалари нимадандир ҳадикда эдилар. Опа-сингиллари ичида бесабр жизакироқ бўлган Наргизахон, уйга қайтишдан аввал чимилдиқли уйга кириб синглисига нишини санчиб қўйди:
-    Қиз ўлгур, ўзингга маҳкаммисан ишқилиб?! Нега бу кеча алоҳида ётдиларинг? Билиб қўй, агар бир гап бўлса, сени нақ бўғизлайман-а?!- дағ-дағ титраётган Насиба опасига мўлтиллади:
-    Опа, бу нарсанинг ёмонлигини мен ҳам биламан. Аммо, хавотирланманг, сизларнинг юзингизни ерга қаратадиган иш қилмаганман. Куёвнинг ўзи нариги уйга кириб кетганича, қайтиб қорасини ҳам кўрсатмади. Негадир юрагим ғаш…- Наргизахоннинг ичидан қиринди ўтган бўлса-да, синглисига сездирмай, нималарнидир уқтира-уқтира хайрлашиб чиқиб кетди.
Эртаси куни кечки пайт тўрт беш чоғли аёллар исириқ тутатиб, нималарнидир ўқиб, куф-суф қилиб куёвни ичкарига киргизиб юборишди. Насибанинг қўрқа писа берган саломига истамай алик олган куёв, чуқур уф тортдию, тўшакка ўзини ташлаб, донг қотиб ухлаб қолди. Келинчак ярим тун қадар не қиларини билмай қараб тураверди. Кўзи қачон илинибди, билмайди-ю, бир пайт белига ташланган йўғон қўлдан чўчиб уйғонса, ёнидаги куёв «Замира, Замир, жоним» деб алаҳсираётган эди…
Насибанинг  куёв уйидан уч кунда қайтгани маҳалла куйда кўп гап сўзларни чиқишига сабаб бўлди. Қиз пойтахтдаги танишлари ёрдами билан Токентга келиб, ишга жойлашиб олди. Ҳамкасбларидан бири қариндоши икки хонали уйига ижарачи излаётганини, уйни саранжом саришта тутиш учун талаба ёки ишлайдиган қиз кераклигини айтиб, қизнинг мушкулини осонлаштирди. Кейинчалик Насиба ижарачиларнинг ўғли билан танишиб, дўстлашиб қолди. Бора-бора бу яқинлик кўнгилларни бир-бирига боғлаб бораверди, бироқ Насиба кўнгил измидан, юрак истагидан ўзини олиб қочишга уринарди… 
-Мен ёш бола эмасман! Адашдим, хато қилдим! Олий маълумотли бўла туриб ҳаётимни аллақаердаги амма-холаларимга ишондим! Умримни, бахтимни бойликка тикдим! Оқибатда ютқаздим, шундай ютқаздимки,  ёнимдаги катталар, ўз яқинларим, туғишган жигарларим, мени йўлдан адаштиришди! Мен бахтга муносиб эдим. Бундайин таҳқирга, абгорликка лойиқ бўлгулик қалтис қадам қўймаган эдим. Аммо… адаштиришди. Ҳаётимни ўйин қилишди. Бошида қайноам ҳам, қайнотам ҳам ўғлининг суюқ оёқ хотини борлиги, ҳаттоки ундан фарзанди борлигини билишган. Лекин уйлантириб қўйсак, ундан кечади, ҳаёти яхшиланади, деб ўйлашган экан. Тасаввур қиляпсизми, ота-онаси тарбиялолмаган, тўғри йўлга сололмаган йигитни бир ожиза қандай ўзгартирисин?!.. Хуллас, эркак зотидан кўнглим тамоман қолиб кетган, Хуршид. Қўйинг, мени бу номаъқулчиликка бошламанг. Мен қиз бола бўлсам-да, тўй кўрган, чимилдиқ кўрганман. Тўғри, келин бўлиб келинлик гаштини сурмадим, уч кун деганда кўч-кўроним билан ота уйимга қайтдим. Не-не орзуларда тиктирган, харид қилган кийимларимни ёқиб юбордим, орзу-ҳавас кўрмадим, бироқ тақдирим шу экан. Агар бахтга муносиб бўлганимда Аллоҳ менга иқбол ато қиларди.
-    Насибахон, барибир бу дунёдан шундай ўтиб кетмайсиз-ку? Бир бевафо, номард барбод қилган ҳаётингизни қайтадан тиклаш имкони бор-ку!
-    Хуршид ака, бу гапларнинг нима кераги бор?! Сиз ҳаётимда пайдо бўлдингизу, осмонимда қуёш кўринди. Инкор этмайман. Қувонч, шодлик нима эканини англадим. Бироқ бу сизга турмушга чиқаман, дегани эмас! Сиз бўз йигитсиз, ота-онангизнинг орзу умиди бор, қолаверса, уч кунда куёв уйидан қайтган қиз ҳақида қанча гап-сўз болалаганини биласизми?! Мен ўша гап-сўзлар залворини кўтаролмай, шу ерларда мусофир бўлиб юрганимни биласизми? Сиз чидай оласизми, эртага кўтара оласизми маломатлар юкини?! Ота-онангиз-чи, улар дош берадими? Нега қийнайверасиз мени а? Истамайман, сиз билан ортиқ учрашишни ҳам кўришишни ҳам гаплашишни ҳам, истамайман! Эртагаёқ ижарага бошқа квартира топаман. ўзи бошидаёқ, бу уй сизникилигини билганимдаёқ чиқиб кетишим керак эди. Аммо сизни ўз акамдай кўргандим. Сизга шундай суяниб қолган эдимки, бу уйни тарк этсам, умрнинг изтироб  дунёсида бир ўзим, ёлҚиз, сарсон бўлиб юришдан қўрқдим.  Лекин… Сизни ёр сифатида кўролмайман, Хуршид ака… Мен сизга муносиб эмасман… Буни тушунинг ва кўникинг. Ахир сизга ҳеч қандай умид бермадим-ку…- Хуршидбек қизга термулиб қолди. Унга туйҚуларини, ҳиссиётларини тушунтиролмаётганидан, нияти жиддий эканини, бу ҳақида ҳатто ота-онасига ҳам маълум қилганини айтолмаётганидан қийналиб кетди.  Насиба гап тамом, дегандай стол устидаги кўчмас мулк олди-сотдиси ва ижараси ҳақидаги эълонлар чоп этиладиган газетани варақлай бошлади. Хуршидбек бир муддат қизга илинж билан тикилиб турдида, сўнг чорасиз алпозда хонани тарк этди…

-     «Бугун байрам. Хуршид менга байрам совғаси уюштиргани аниқ. Аммо ухлаб ётган аҳволимда қулоғимга, бўйнимга теккани қандай жазм қилди экан!? Эҳ, сиз эркаклар, нега бунчалик тубансизлар-а!?» Насиба бир он аввал бежирим тақинчоқлар оғушида ўзини маликалардек ҳис қилаётганини унутиб, энди шу матоҳлардан ҳам, ўзидан ҳам нафратлана бошлади. Шу пайт коридор узра қадам товушлари эшитилди. Насиба шоша-пиша халатини эгнига илиб, сочларини тузатган бўлди. Эшик секингина очилиб, бўсағада ижарачи аёл-Хуршиднинг онаси кўринди.
-    -Узр, мен ҳозир уйғондим. Ҳали ювинмагандим…- Шошилганча ваннахонага йўналган қиз, ижарачи аёлга қарамасликка уринарди.
Холида опа табассум билан лекин айбдорона қиёфада Насибага сўз қотди:
-    Қизим, яхши дам олдингизми?.. Байрамингиз муборак бўлсин. Яхши кунларингизга тақинг, буюрсин, она қизим. Умид қиламанки, сизга ҳам ёқди…
-    Раҳмат…- Насиба хижолатланган куйи ерга кўз тикди. Сўнг титраётган бармоқлари билан тақинчоқларни ушлаб кўрди.- Аммо, бу оворагарчилик нима учун эди? 
-    Насибахон, илтимос қизим, рози бўлинг…- Қиз чўчиб кетгандай ялт этиб, қаршисида умидвор турган аёлга қаради:
-    Нималар деяпсиз?… Холажон, ахир… мен… Биз бир-биримизга тўғри келмаймиз…- Насиба йиғлаб юборди.- Мени нега қийнайсизлар…
-    Қизим, сиз ўзингизни ҳам, Хуржиджонимни ҳам, мени ҳам қийнаяпсиз… Сизга нима бўлибдики, ўғлимга лойиқ эмас экансиз?! Тақдирингиз, бошингиздан кечирганларингиздан хабардорман. Сиз бахтга муносибсиз, қизим! Сизни келиним эмас, қизим ўрнида кўришимга имкон беринг. Йўқ, деманг, қизим…- Насибанинг киприкларидан ёш томчилади. Қиз ўзига қучоқ очиб турган аёлнинг бағрига отилди:
-    Майли… Майли, ойижон… Мен розиман…

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 452 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ