Сайт бўлимлари
Собиқ талабанинг гуноҳи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Боши айланиб, қулоқлари битиб қолди. У хотинининг бир-бирига ёпишиб-ажралаётган лабларини кўрарди, холос. Бир муддатдан кейин кўзлари тиниб, оёғи остидан ер узилгандай бўлди. Кейин бир оз руҳи осойиш топди. У гўёки туш кўраётган эди. Оппоқ булутлар устида учиб юрганмиш. Қанотлари ҳам оппоқ эмиш. Пешвозига бир қиз чиқибди. У ҳам бош оёқ оппоқ кийинганмиш. У қизга етай-етай деганда уни йўқотиб қўярмиш. Сўнг яна олисларга учармиш, бир зум кўз ўнгида намоён бўлган қизнинг ортидан ором излаб учармиш…
- Эрингиз инфарктни бошдан ўтказганлар. Уларга имкони борича тинчлик, осойишталик керак. Ортиқча ҳаяжонланиш, сиқилишдан сақланишлари керак. Шунингдек, энди спиртли ичимликлардан ҳам тамоман тийилсинлар.- Кўзларини очганида ним очиқ эшикдан аёл кишининг мулойим товуши элас-элас қулоғига чалинди. Бир муддат кимлигини, қаердалигини билмай эсанкираб қолди. Сўнг бояги мулойим овоз энди бош устида янгради:
- Тузукмисиз?.. Кўзингизни очганингиздан хурсандман. Ортда қолгани рост бўлсин…- У хира кўзларини зўр базўр очиб руҳини аллалаган овоз томонга қаради. Қарадию… юраги орзиқиб кетди. ўша таниш овоз, таниш чеҳра ва таниш… кўзлар… Аммо таниш нигоҳ унга ортиқча илтифот кўрсатмади. Аксинча лоқайдгина, аммо хайрихоҳлик билан, бепарвогина лекин ҳамдардлик билан шифо тилаб, хонани тарк этди. У ҳозиргина тушида кўрган ҳурлиқони тўхтатишга уринар, бор овози билан ундан ёнида қолишини ўтиниб сўрамоқчи бўлар, аммо минг тиришмасин кўнглидаги туғён бўғзидан нари чиқолмади. Сўнг яна бемажол, бемадор ёстиққа чўкди. У яна қаттиқ ухлаб қолишни, тушида ўша барқут булутлар устида учишни, яна ўша соҳир товуш соҳибасига йўлиқишни ва у билан олис-олисларга учиб кетишни истарди. У кўзларини юмиб-юммай яна туш кўра бошлади. Тушида айни навқирон йигит ёшида экан. Аллақандай шаҳарда юрганмиш. Одамларга тескари юриб борармиш, ёнида ўша оппоқ кийимли, юзлари ойдин, кўзларига ғам чўккан, киприкларида ёш қотиб қолган чиройли қиз эмиш. Бир пайт қизнинг момиқ қўлчаларидан тутиб олган қўллари бўшаб, ҳавода муаллақ осилиб қолибди. У жон ҳолатда ўзини ўнглаб қизни изламоқчи бўлармишу тош қотган жойидан ҳеч жилолмасмиш…
Улар балоғатнинг нурафшон лаҳзаларида, талабаликнинг энг унутилмас, олтин дамлари бўлган пахта-йиғим теримида танишишганди. У курсдош йигитларнинг барчаси Тиббиёт институтда ўқийдиган, сочлари узун, ширмойдек қирмизи юзига ярашиқли қора холи бор, киприклари узун қизга шайдо бўлиб юрганидан хабардор эди. Пачаққина, кўримсиз, боз устига отасизликда ўсган йигитнинг ундай парирухсорларга ҳуши ҳам, иши ҳам йўқ эди. Инчунин, у ўзини ўша таърифи дунёларни тутга ҳурлиқога муносиб билмасди ҳам. Аммо… Етимликда кўп машаққату меҳнат ичида улғайган йигит, кузнинг изғирин ёмғири остида пахта терган куни иситмалаб ётиб қолди. Педагогика институтининг тўртинчи босқич талабалари ва тиббиёт институтининг иккинчи курс талабалари бир жамоа хўжалигининг шийпонию кичкинагина клубини эгаллашган эди. Йигитнинг бахтига қишлоқ дўхтирлари ёппасига бошқа туманга пахтага олиб кетилгани учун, унга жиллақурса ҳамшираликни эплайдиган тиббиёт институтининг талабаси- ўша шайдолари сочидан кўп санамни рўпара қилишди. Ҳуркак, мағрур, гўзал аммо ниҳоятда содда, самимий сулув билан танишуви ўшандан бошланганди. Кейин кўпнинг орзусига айланган малак унинг севгилисига айланди. Тунда ой нурлари остида ширин суҳбатлар, анҳор бўйларида сўзсиз термулишлар… Сўнг эса… Сўнг жиловланманган эҳтирос… Ақлни доғда қолдирган ҳиссиёт… Кейин эса…
—… Энди нима қиламиз?..- дардчил оҳангда сўради қиз.- Нега бундай бўлди ўзи?.. қайғуларимнинг чеку чегараси йўқ…- Изтироб дарёсига чўкди қиз. У индамай тураверди. Қаттиқ қаршилик қилмагани учун, эҳтиросларга тез берилгани, ўзини ўнглолмай қолгани учун қиздан нафратланди. Бошини кафтлари орасига олиб ғамбод ўтирганида қиз, маҳзун жилмайиш билан:
- Бунча чўкиб қоляпсиз? Кўп куйинманг, нари борса тўй қиламиз-да,- деди. Унинг шундоқ ҳам ловиллаб турган ғазаби баттарроқ авжга чиқди:
-Тушунмадим, қанақа тўй?! Кимга тўй?! Мен сенга қандай уйланаман?! Мени бир кўз билан, не-не умидларда боққан онамга нима дейман, ўзини асраб билмай бир кечада ихтиёрини топшириб қўйган қизга уйланаман дейманми?! Кўзимдан йўқол!- Қиз индамади. Узун сочларини танғиб қўйган дуррачасига кўз ёшларини арта-арта учрашув жойини тарк этди. Шундан кейин у қиздан ўзини олиб қочиб юрди. Қиз ҳам уни безовта қилмади. Шу кетган бўйи бошқа қорасини ҳам кўрсатмади.
Йигит ўқишни тамомлаб юртига қайтди. Онаси кўз остига олиб қўйган, оиласига кўп ёрдами теккан раис тоғасининг қизига уйланди. Хотининг қоп-қора, йўғон гавдасини қучганида, дуркун, оппоқ танада қолган қўл излари уни таъқиб қиларди. Ёнидаги аёлнинг қисиқ, кўримсиз кўзларига ҳиссиз тикилганида, меҳр билан ёниб турадиган мафтункор кўзлардаги надомат уни қарғарди. У эса парво қилмай яшайверди. Гўёки юраксиз эди. Меъдасидан сал тепароқда жунбушга келаётган туйғулари, муҳаббатини енгишга уринар, тунлари виждон сўроғига жавоб тополмай уйқусизликдан тўлғониб чиқарди. Балки юргагига ўрнашган оғриқ аслида виждон азобидир? Негаки, у бугун расмий равишда юрак хасталиги билан касалхонага тушган бўлса-да, бир неча йилдан бери чап кўксида дард симиллаётганини ҳис қилиб турарди. Биринчи марта бу оғриқни, хотинидан отаси қуриб берган уй борасидаги таънани эшитганида сезганди.
-Синглимнинг ўғли, синглимнинг ўғли, жигарим, деб, дадам мени хўп куйдирди. Яна икки гапнинг бирида, ўқимишли, дейиши-чи! Ўргилдим сиздақа ўқимишлидан, китоб қўлтиқлаб, калтак кўтариб юрасиз, чўнтагингиз қачон қарамай қуп-қуруқ! Мен етим қайниларни боқиш учун эрга текканман-да!
Кейинчалик бу дашномлар тез-тез жаранглайдиган, ҳар бир жаранги унинг кўнглига адоқсиз дард, алам ва ўкинч тўлдирадиган бўлди. У ўтмишдаги кечмиши ҳисобини беряпман, деб ўйларди. Ҳатто бир неча бор, гарчи кечиккан бўлса-да, ҳаётини изга солишга, шанғи хотин билан ажрашиб, бу юртлардан олисларга кетишга, ўша ҳаётидаги ягона муҳаббати, янглиш қадами, кўнгил хатосини излаб топишга, унинг пойида хору хас бўлиб ёлворишни, кечирим сўраб ўтинишни, агар у изн берса, кеч бўлса-да хатосини ислоҳ қилишни- унга уйланишни ҳам мўлжал қилди аммо… Ожиз ва суст иродаси унга ҳар гал панд берар, қолаверса, у ичкиликка берилиб, диёнатдан тобора узоқлашаётганди. Бирин-кетин туғилиб улғаяётган қизу ўғилларига қараб бир пайтлари ўзи қилган гуноҳини такрор ва такрор эсларди. Тўнғич қизи бир оёғи калта туғилди. Мана ўн бешга тўлибдики, ҳар куни эшикдан кўз ёшини селоб оқизиб: «эртага мактабга бормайман, ўғил болалар калака қилишади, маймоқ, чўлоқ деб ҳақорат қилишади, қизлар мен билан дугона бўлишни истамайди, энди кўчага чиқмайман» деб кириб келади. Иккинчиси ўғил, ҳарна тўрт муччаси соғлом… деб ўйлашган экан. Чақалоқ сал бундайроқ бўлган эди, шифокорлар унда тутқаноқ хасталиги аломатлари сезилаётганини айтишди. Шундан бери бола шўрликнинг умри касалхонада ўтяпти. Бор умиди учинчи фарзандидан эди… Дўмбоққина, ширингина болакай улғайгани сари унинг кемтик кўнгли тўлгандай бўлар, ҳеч бўлмаганда биттагина ўғлининг соғлом эканидан, фарзандим бор, деб элга кўрсатгули сабаби борлигидан таскин топарди. Бироқ… болакай катта бўлиб, мактаб ёшига етганида кўрикдан ўтказган шифокор, гўдакнинг кўз нурларида муаммо борлигини айтди. Сўнг у борини сарфлаб, топганини харжлаб шу ширин ўғлини даволамоқчи бўлди. Даволади ҳам… аммо боласининг тобора пастлаб бораётган кўз нури тўрт йилдан кейин тамоман хиралашиб, шўрлик болакай кимнингдир етовисиз бир қадам ҳам ташлолмайдиган бўлиб қолди. Хотини, мени қариндошга бердингиз, на болаларим соғлом, на бахтим бор, на давлатим, деб отасига ёзғирса, у ичида армон қилади: «қариндошларнинг турмуш қургани камми?! Қариндошлик дейилса, биттаси бўлар, иккитаси бўлар, уччови ҳам дард устига чипқон бўлмайди-ку! Йўқ, менинг тўрт муччаси соғлом, онасига ўхшаган гўзал фарзандим бор. Аммо қаерда у? Ким билан у? Кимни дада, деб бағрига отилади? Ўғилми у ё қизалоқ? Кимнинг ярим кўнглини тўлдиряпти? Ё валади зиносан, деб бояқиш боламни нари итаришадими? Бегона одам уни ўз фарзандидек кўролмай, болам отаси бағрига бош қўйишни армон қилиб яшаяптими? Қаерда у? Қайларда у?..» Ҳасрати ҳам, ўкинчу изтироби ҳам ичида эди. Унинг дардларидан бир Худо, бир юраги бохабар эди. Юраги уни кечиролмай бедаво дардга мубтало этиб қўйди. Худо-чи, у кечирармикан? У Яратгандан астойдил узр сўраб тавалло қилиш ўрнига, у ҳаром қилган шайтон сувини маъқул кўрди. Оллоҳга юзланиб, ундан тавфиқ, ёрлақаш ўтиниш ўрнига, вақтинчалик шайтон оромини танлади. Эртага унинг даргоҳига борганида бу қаро юзларини қайга яширар экан?!.. У-чи, у бу номардни, ҳаётини барбод қилган, кўнглини синдирган нотавонни кечирармикан?.. Кечирармикан?..
- Эртага мен тушгача ишга келолмайман. Бош шифокорнинг хабари бор, агар беморга муолажаа зарурати пайдо бўлса, дарҳол Азамат Шокировични чақирасизлар. Агар бундайроқ тадбир бўлганда бормай қўя қолардим, лекин иложим йўқ, эртага Ёдгорахоннинг коллежида ота-оналар йиғилиши бўларкан. Худо хоҳласа, эртага йиғилиш тугаган заҳоти қайтаман.- У ўша соҳир товушдан чўчиб уйғонди. Уйғондию илкис қулоғига «Ёдгора» деган исм урилди. Қулоғида жаранг берган исм, юрагида акс берди: «Ёдгора?! Нега энди Ёдгора?! У менинг қизим бўлиши керак… Менинг…бир пайтлари тан олмаган, ташлаб кетган, ҳозир бўй етиб қолган қизим… У соғломмикан?..»
Опа қизларини жуда яхши кўрадилар. Уни деб, ўгай ота қизларини хор қилмаслиги учун ёлғиз ўтиб кетяптилар.- Ҳамшира пичирлаган куйи ёнидаги навбатчи даволовчи шифокорга қаради.
- Турмушлари ҳақида ҳеч гап очмайдилар, нега ажрашишган экан-а, шундоқ сулув, оқила, мулойим хотиннинг қадрини билмаган қандай ношукр экан?!..- Унинг бошида ўтирган шифокор билан ҳамшира доктор опанинг «эр»ини тоза пўстагини қоқишди. У эса бу суҳбатдан англагани, унинг қизи ўзининг пуштикамари эканлигию, унинг танҳоликда умр ўтказаётгани бўлди. «Ҳаммасига мен айбдорман, мен. Ҳар не қарғишингиз бўлса, менга ёғдиринг, лаънатлар айтинг, мен шундай аёлни бахтиқаро қилдим…» деган сўзларни тилига кўчиролмай, хаёлида ҳайқирганча кўзларини юмган эди, яна чап кўксида аёвсиз оғриқ уйғонди. Бу гал у ҳушидан кетмади, балки кўнглининг туб-тубида шукроналик ҳисси уйғонди. Демак, унинг фарзанди бор. Соғлом, онасига ўхшаган гўзал, ақлли. У албатта бахтли бўлади. Онаси учун ҳам, бахтли бўлади…
Унинг жисми оғриқдан осойиш топди. Барқут булутлар аро учишга шайланди. Ва кўринмас қанот билан уча бошлади… Энди у ёлғиз эди… Само узра учаётган руҳи жигарбандини излаб, чор-атрофда зор айланарди…
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 834 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар