1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Интернетда боғланган тақдир

 

 

 

Опам билан ёшимиздаги фарқ олти йил бўлса-да, биз худди дугоналардек бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Хонамиз ҳам бирга, баъзан опамнинг жуссаси кичкина бўлгани учун уларнинг бежирим кийимларини мен ҳам кийиб ўқишимга кетавераман. Чечак опам уйимизга ўзини сўраб келадиган совчиларни хушламас, учрашган йигитларидан ҳадеб айб топавериб аямдан дакки ҳам эшитарди. Умр шошқин дарё, ана -мана дегунча, опамнинг ёши йигирма олтидан ошиб, у тенгиларнинг боласи мактабга борадиган бўлди. Аммо ҳануз опамнинг кўнглига ўтирадиган шаҳзодадан дарак йўқ.
Бир куни уйимизга аямнинг узоқ қариндошлари меҳмон бўлиб келиб, гап орасида опамга қачон тўйлиги ҳақида сўрабди.
— Худо қачонки бахт йўлини очса, ўшанда тўй қиламиз-да, — деб хушламайгина жавоб берибдилар аям. Кейин ўша бефаросат қариндошлари бошқа бир аймоғининг уйига бориб:
— қизи ўттизга бориб қолди, энди уни ким ҳам оларди?! Олса ҳам бир хотини ўлганми, Хотин қўйганми олади-да, — деб  сасибди.
Одамлар шунчалик бетамиз, киши кўнгли билан ҳисоблашмайдиган бўлиб кетишганки, бу гапни эшитган одам ҳам оқизмай-томизмай аям билан опамга етказибди. Ўша куни аямнинг йиғидан шишиб кетган кўзларидан ўпганча, Чечак опам:
— Ҳали қараб туринг аяжон, шу гапларни гапирганларни тилини тишлатиб, бўз йигитга тегиб ҳаммадан бахтли, ҳаммадан тахтли келинчак бўлмасам, юрган эканман, — деб қатъий гапирди.
Чечак мен билан сирдош бўлгани учун аям кунда кунора мени ёнларига олиб, опамдан гап олиб  беришимни, ўзининг ёқтирган йигити бор-йўқлигини билиб беришимни сўрайдилар.
— Йўқ ая, бунақаси кетмайди, — уларга эътироз билдирдим. - Опамни кўнглига ҳар қандай гап келиши мумкин. Синглим эрсираб қолибдими, деб ўйлайди. Муаммоларингизга мени аралаштирманг.
Шундай деб ўқиётган китобимга шўнғиб кетгандим, аям бир чимирилдилару, ҳартугул индамай хонамиздан чиқиб кетдилар. Тўғриси, улар чиқиб кетганларидан кейин бироз жаҳлим ҳам чиқди. Аям ҳам қизиқлар-ей, опамдан олти ёш кичкина бўлсам, улар олий маълумотли, оқ-қорани мендан кўра яхшироқ, аниқроқ таниган қиз бўлса, нуфузли бир жойда раҳбарлик қилаётган бўлса, мендай иккинчи курсда аранг ўқиётган сингилчаси унга насиҳатгўйлик қилармидим?! Тавба…
Шу куни опам бошқача ҳолатда уйга кириб келди. У ҳар галгидек ҳорғин, толиққан эмас, хушчақчақ ва мамнун қиёфада эди. Мени биласизку, нима гаплигини дарров фаҳмлагандай бўлдиму, лекин опамдан сўрашга ботинмадим. Агар менга айтадиган гап бўлса, кечки овқатдан кейин хонамизга биқиниб олганимизда, ўша «нима гап»ни албатта гапириб берадилар. Унгача эса сабр қилмоқ лозим. Овқатдан кейин мен идишларни олиб секингина ошхонага сирғалиб ўтдим. Дадам билан укаларим севимли футбол жамоасига экран қаршисидан туриб бўлса-да, ишқибозлик қилиш учун ичкарига кириб кетишди. Бувим билан аям севимли машғулотлари — опамга «шу кетиши бўлса, эрсиз қолиб кетиши мумкин»лиги ҳақида маърузаларини бошлаб юборишди. Чечак мен ошхонани саранжомлагунимгача амаллаб уларнинг ёнида ўтириб турди-да, хонамизга кирган заҳотим ўзини ичкарига олди:
— Гулшан, қалайсан? — Опамга қараб кулиб юбордим:
— Кечирасиз, опажоним, аслида мен сиздан сўрашим керак, қалайсиз? Бугун бошқачасизу, а? — Чечак ўзини ётоғимизга ташлаб кўзларини юмиб олди:
— Уйга совчилар келади, Гулшан… Тўйга қанақа кўйлак киясан? — Опамнинг гапларини эшитиб чинқириб юбораёздим:
— Опа-а-а?! Ҳали мендан яшириб юрганмидингиз-а?! — Ҳазиллашиб ёстиқ билан бир-биримизни нишонга ола бошладик. Обдон “уришиб” ҳолдан тойганимиздан кейин, опам тўзғиган сочларини тартибга келтирганча:
— Ҳали бирор нима аниқ бўлмасдан туриб, олдиндан оғиз очгани хижолат бўлдим-да. Унисияммас, бунисияммас мавриди бугун экан, — деди мени бағрига босиб.
— Опа, бўлинг, бўлажак поччамиз билан қандай танишганингизни гапириб беринг. Бунча ичимни қизитмасангиз-а? — Сабрим чидамай Чечакнинг оғзига термуламан.
— Танишишимиз ҳам қизиқ бўлган. Бир куни компьютеримда ишлаб ўтирсам, электрон почтамга хат келиб тушди. Баҳодиршоҳ Оламгир деганидан дўстлик таклифи келибди. Қабул қилишдан аввал унинг «Олам»ига кириб ўзи ҳақидаги маълумотларини кўздан кечирдим. Суратларини томоша қилдим. Унгача  «mail.ru» агентимга, «Салом. Кечирасиз, сиз билан танишсак бўладими?» деган хабар келди. Бироз гаплашдик. Суҳбатимиз асосан савол-жавоблардан иборат бўлиб, бир-биримизнинг ёшимиз, маълумотимиз, касбимиз ва иш фаолиятимиз ҳақида эди. Хуллас, танишдик. Иқтисодиёт универститетини тамомлагач, магистрлик таҳсилини Буюк Британия университетида олиб, АҚШда малака оширган экан. Айни пайтда Мисрда тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш учун хизмат сафарида юрганини айтди. Кейин бир ҳафта-ўн кунгача шунчаки иш юзасидан, ҳаётдан, режаларимиз, фаолиятимиздан гаплашиб юрдик. Бизнесмен бўлгани билан жуда кўп китобларни ўқиган экан. Баъзида ўқиган китобларининг электрон нусхасини менга жўнатар, уларни ўқиб чиққанимдан сўнг, икковимиз мунозарага киришардик. Бир куни у мендан Ватанга қайтганида, менга нима совға олиб келишини сўради. Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, биласан, шу пайтгача фақат ўқиш, иш билан бўлиб бирорта йигит билан унақанги романтик учрашувлар, саргузаштларни бошдан кечирмаганман. Ундан қанақанги совға сўрашни ҳам билмадим. Бирпас ўйлаб ўтириб, «агар сизга малол келмаса, менга Миср миллий таомлари,  ширинликлари ва уларни тайёрланиши ҳақидаги китоб олиб келсангиз, ниҳоятда хурсанд бўлардим», деб ёзиб юбордим. Салдан кейин хижолатланган кўйи: «Бинафшахон, (опамнинг интернет манзилидаги Nik исми шунақа) айбга буюрмасангиз сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим», деган хабар келиб тушди. Жавобимни олгач, «турмуш қурганмисиз, севган инсонингиз борми ё сиз ҳам мен каби ёлғизмисиз?» деб сўради. Очиғи, бу саволни ҳам кутгандим, ҳам кутмагандим. Кутганим — шундай йигит умр йўлдошим бўлишини астойдил орзу қилганимдан, кутмаганим эса, унинг ниҳоятда жиддий, босиқ ва мулоҳазали йигит эканидан, барибир оилали бўлса керак. Ёки бўлмасам ёқтирган қизи бордир, деган хаёлда эдим. Гарчи савол мени бироз ҳаяжон ва хижолатга қўйган бўлса-да, ўзимни ўнглаб, турмуш қурмаганимни ва яқин инсоним йўқлигини ёзиб юбордим.
— Ана-а-а, шундан кейин Лайли ва Мажнун достонининг янгича талқини яратила бошландими? — Опамга қитмирлик қиламан. — Айтганча опа, поччамиз қаерлик эканлар?
— Ҳа, энг қизиғи шу-да. Бундоқ одамга гал бермасдан бижи-бижи қилаверасан. Бирпас жим турсанг ҳаммасини эшитасан.
— Хўш, қаерлик экан куёвбола?
— Ўзимизнинг тумандан! — Опамнинг кўзлари чақнаб кетди. — Туман марказига яқин туришаркан.
— Ана буни бахт десалар бўлади! Қойил ўзимнинг опажоним! Сизни яхши кўраман! Тўйдан кейин бориб яхшилаб «разведка» қиласиз-да, агар менга тўҳри келадиган қайнингизми ё жиян-пиянлардан чиқиб қолса бегона қилмайсиз-да, а опажониси?
— Э, уялмайсанми, Гули. Ҳали неччига кирдинг сен, ўқишингни тамомламадинг. Олдинда магистратура бор аввал ўқи, ишингни йўлга қўйиб ол, ана ундан кейин бошингни баланд кўтариб катта ҳаёт сари одимлайсан. — Шу тун опа-сингил иккимиз яхши кунлар орзусида эртанги кунга илҳақ тонг оттирдик.
Эртаси куни ҳақиқатдан ҳам уйимизга совчилар келибди. Мен ўқишда, опам ишда бўлгани учун «овчи»ларни аям билан бувим кутиб олибдилар. Аям билан аммамнинг айтишларига қараганда, Баҳодир поччамнинг аялари камтаргина, камгапгина аёл эканлару уларга ҳамроҳлик қилиб келган хотин пича заҳарроқ экан. Айтганча, совчилар ҳақида гапирмагани учун аям опамни роса «тузладилар». Элчиларнинг учинчи келишида нон синдирилди. Кўз очиб юмгулик фурсат ўтиб-ўтмай опамга остонаси тилло уйдан чорлаб тўй келди…
Ҳозир опамнинг бир ўғил, бир қизи бор. Ўзининг фирмаси, бизнеси бор. Опамга жуда ҳавасим келади. Ҳам оилада, ҳам ишда, ҳам жамиятда ўз ўрнини топган, замонавий аёл тимсолида ҳозирги қизларга ибрат бўла олади...

Рухшона ФАРРУХ


 

 

 

Ҳозир сайтимизда 832 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ