Сайт бўлимлари
Сен келсанг
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Қишнинг сўнгги кунлари. Табиатда баҳор нафаси сезилиб, ердан буғ кўтариляпти. Қуёшнинг илиқ тафтини туя бошлаган дову дарахтлар уйғониш палласида. Ажиб муаттар ҳид димоқни қитиқлаб, юракда ҳаётга ишонч, умид туйғуларини уйғотади. Яшагинг, ҳаёт завқини тотгинг, бахт таъмини туйгинг келади. Дераза ромига бошини қўйиб, ажиб хаёллар асирасига айланган келинчак ширин энтикиб, "баҳор келди..." деб қўйди. Оппоқ, узун-узун бармоқларини авайлабгина ҳаракатлантириб, деразани очмоқчи бўлди. Кучи етмади. Шу бир зумгиналик уринишга мадори етмади. Чуқур-чуқур нафас олганча бошини ёстиққа ташлади. Бир муддат олдин юрагини завқу шавққа, орзу-умидга тўлдирган ҳаяжон ўрнини яна тушкун хаёллар эгаллаб олди. Рангпар, оппоқ ёноққа икки томчи ҳарир шарча думалаб тушди. Қимтинибгина турган қирмизи лаблар пир-пир учиб, охири садаф тишларнинг зўрлиги остида қанотидан айрилди. Жувон алам билан бошини девор томонга бурди. Бу қисматнинг не ёзуғи эканки, айни ўйнаб-кулиб, ёшлик гаштини, келинлик сурурини суриб, югуриб-елиб қайнона-қайнота, эр хизматини адо этиб, иззатга эришадиган палласида тўшакка михланган кўйи ётса. ўн саккиз йил давомида бир марта бўлсин нина заҳрини сезмаган, дориларнинг аччиқ таъмини билмаган қизалоқ, тўйидан бир ҳафта ўтиб, оёқлари ишламай қолса. Олти ойки аҳвол шу. У касалхона деразасидан ҳовлига кўз тикиб ётади. Ёнида уни жондан севган суюклигиси, куёви. Ҳар куни тонгда аввал қайнонаси келади, сўнг қизининг ғамида чўкиб, муштдай бўлиб қолган онаси келади. Кун оралатиб қайнотаси, дадаси ҳол сўраб чиқади. Кейин яқинлари, жигарлари, қариндош-уруғлари... У эса гўёки бу оғир дард унга илакишгани учун ўзи айбдордек, бировнинг кўзларига тик боқа олмайди. Айниқса, эрининг яқинлари олдида гуноҳкордан баттар гуноҳкор бўлиб эзилади. Куёвига, "мени кечиринг, сизни бахтли қилолмадим... Пешонамда шу дардга мубтало блиш ёзилган экан, сизга аёллик вазифамни тўла адо этолмадим. Мен розиман, сиз уйланинг, бахтли бўлинг, иккимиз учун ҳам..." дейишга кўп чоғланди. Бироқ ботинолмади. Юрак ютиб, илк муҳаббатига, кўз очиб кўрганига бахт тилолмади. "...Мен худбинман... — баъзан тиғлайди. — Мен ўзимни ўйлаб Бегимни бахтиқаро қиляпман. Биламан, бу дард мени олиб кетиш учун келган. Мен тузалмайман, аммо бегимнинг вақтини ўтказиб, бахтини бойлашга ҳам ҳақли эмасман. Ундан кечишим керак..." Аммо шу хаёлнинг ўзиёқ келинчакнинг юрагини ўлдира бошларди. Улар фақат ажал айирганда айрилишга қарор қилгандилар-ку. Ахир бетоблик дегани, ажал дегани эмас. Баски, шундай экан, ҳали заррача бўлсин умидвор бўлмоқ тилаги бордир. Балки, бу бир синов, Тангридан юборилган имтиҳондир. Олти ойдан бери у тўшакдан бош кўтармайди, лекин олти ойдан буён жуфти бир қадам ундан жилмайди. Эрталаб апил-тапил ишга боради, ишдан тўғри касалхонага қайтади. Иккови тонггача суҳбатлашади, беги қўлларида кўтариб уни ойдин тунда сайр қилдиради. Ҳали ҳеч бир гапида малолланиш, ҳеч бир ҳаракатида оғриниш сезилмаган. Ҳалиям ўрталарида улкан муҳаббат бор. Унга ҳеч қачон касаллигини маломат қилмади, бетоб, беморлигида ҳам худди соғлом пайтидагидек хушчақчақлигини канда қилмади. Узун, қалин сочларини ўзи ювиб, тараб, чиройли қилиб ўриб қўяди. Ҳатто, жуфтининг қош-кўзларига ўсма-сурмалар тортиб қўйишни ҳам унутмаган ёрдан кечиш осонми?!..
Келинчак оҳиста очилган эшикка кўз тикди. Ичкарига барваста қоматига ярашиқли кийим кийган, қўлларида елим халта кўтарган куёви кўринди. Унинг чеҳрасида кун чарақлаб турарди, гўё:
— Хайрли тонг, маликам, яхши ором олдингизми?- У чаққон ҳаракатлар билан келинчаги ётган каравот қаршисига келиб ўтирди.
— Шукур... ўзингиз омонмисиз. — келинчак жуфтининг қўлларидан маҳкам ушлаб олди.
— Эрталаб уйғонганимда, ширин бўлиб ухлаётган экансиз. Оромингизни бузгим келмади. Келгунимча уйғонибсиз. Хўш, тушингизда мени соғиндингизми?- Йигит жуфтининг бурнидан авайлабгина чимчилаб қўйди. Жавоб ўрнига куёвнинг қўллари енгил бўса билан сийланди.
— Энди нонушта қиламиз, гўзалим. Ундан кейин аяжонимиз келадилар. Мен эса ишга кетаман. Муваққат айрилиқда соғинчимизни синаймиз.
Йигит шундай деб келинчакни даст кўтариб ювиниш хонасига ўтди. Ёрини авайлаб аввал қўлларини, сўнг тиниқ юзини чайиб, тоза сочиқ билан артди. Сўнг беозоргина кўтариш билан арвачага ўтқазди-да, ўзи ҳозиргина бозордан олиб келган нарсаларини столга қўя бошлади. Иссиққина ёғли кулча, косада қаймоқ, олма ва буғи кўтарилиб турган кабобни дастурхонга қўйиб, электр чойнакда қайнаётган чойни дамлади.
— Овқатланамизми ёки иштаҳани қитиқлатиб ўтираверамизми?- Йигит жилмайиб, ўзига унсиз тикилиб турган гўзалга сўз қотди.
— Сизни ҳам кўп овора қилдим... Хижолатдаман... - Келинчакнинг овози титраб кетди.
— Яна ўша эски қўшиқми?- Куёви унга яқин келиб қўлларидан тутиб олди.- Жоним, беморлик, дард Аллоҳнинг бандасига юборилган мукофоти. Касаллик келганида киши сабр билан Яратгандан дардига шифо сўрайди. Яхши-ёмоннинг, дўсту-душманнинг фарқига боради. Атрофидагиларни синайди. Бир ўйланг-чи гўзалим, агар шу дард менга меҳмон бўлганида, сиз хизматимда овора бўлармидингиз?- Келинчак бир сесканиб тушди:
— Бу озорни сизга раво кўрмайман!- Йигит қаршисидаги сулувни бағрига тортди:
— Мен сизни кафтимда кўтариб, асраб-авайлайман, деганман. Ҳамиша ёнингиздаман. Сиз эса қалбингиздаги умид учқунларини сўндирмай, тезроқ соғайишга, оҳуларникидек хушбичим оёқларингиз билан атрофимда парвона бўлишга ишонинг. Ишонч — орзунинг калити, маликам...
Икковлашиб нонушта қилишди. Келинчагининг иштаҳаси ҳар галгидан кўра бошқачароқ эканини сезган йигитнинг кўнгли ҳам яхшилик нишоналарига ишона бошлади. "Иншоллоҳ, тузалади. Умидбахш кунлар яқин..." Эшик очилиб, остонадан қайнона кўринди. Даставвал, ўғил онаси билан кўришди. Сўнг онаизор аравачада ўзига тикилиб турган келинининг саломига алик олиб, пешонасидан ўпиб қўйди.
— Тузукмисиз, болам?
— Шукур, ойижон, бироз яхшиман. ўзингиз, уйдагилар, дадажоним саломатмилар?- Қайнона келинидаги туйқус ўзгаришдан ҳайратга тушди: "Ё Аллоҳ, ўзингга беҳисоб шукр, олти ой ичида биринчи бора келинимни ойдин чеҳра билан кўрпяман. Ёруғ кунлар ошиқмоқда... Шояд, дардига шифо топяпти..."
Йигит чақноқ кўзларини онасига қадади:
— Ойижон, сиз келдингиз, ҳозир аям ҳам келадилар. Майли, десангиз ишга бориб келсам.
— Яхши бор, хавотирланма. ўзимиз келиннинг ёнида бўламиз. - Йигит хотиржам тортиб хайрлашди:
— Яхши ўтиринглар, ишим тугагани билан билан қайтаман.
У меҳр тўла нигоҳлари билан суюклисига тикилди. Шу оний лаҳзаларда икки муштоқ кўнгил кўзлар орқали сўзлашди: "Гўзалим, яхшиликлардан умидвор бўлгин. Мен тирик эканман, юрагим муҳаббатинг билан тепади. Сен албатта оёққа турасан. Фақат, юрагингни муҳаббат, қалбингни ишонч, кўнглингни умид тарк этмасин. Сени жонимдан ортиқ кўраман..."— Йигитнинг қарашларидан қуйилган маънога сулувнинг нигоҳлари жавоб ҳозирлади: "Бегим, мен учун энг зарур муолажа — Сизнинг севгингиз! Ҳар гал остонадан қадам қўйиб келганингизда, Сиз билан бирга қалбимга ишонч, умид, орзу кириб келади. Сиз келсангиз борлиқ вафо атридан ифорланиб, жоним садоқат алласидан ҳузурланади. Ёнимда сиз бўлсангиз, албатта ҳаётга қайтаман..."
Йигит чиқиб кетди. Келинчак жуфтининг ортидан кузатиш учун аравачани дераза олдига ҳайдаб келди. Қаддини адл тутиб кетаётган куёви унинг ойна ортидаги нигоҳларини сезиб, ортига қараб қўйди. Сўнг ширингина жилмайиб, ёрига қўл силкиди. Жувоннинг вужуди соҳир ҳислар қитиғидан жимирлаб, ўзи севган сатрларни эслади:
Сен келсанг...
Ҳаётга умид туғилар,
Минг турфа атиргул очилар қалбда.
Шохлари куртаклаб чопар буғулар,
Борлиққа яшил қон югурар шартта...
Сен келсанг...
Гулкоса ясар чучмома,
Қизғалдоқ баргидан ўчар қоралар,
Ой тунда шеър ўқир, муҳаббатнома,
Соғинган дилларни пора-поралаб...- Шоир унинг кўнглидагиларни билиб ёзгандек эди. Ҳар сафар, жуфтига кўзлари тушса, жону-жаҳони яшнаб кетади... Ана шу саодатнинг шукронаси учун ҳам, тузалишдан умидвор бўлиш керак. ўзини жон қадар севиб, ардоқлаган шу алпқомат йигит учун ҳам оёққа туради... Фақат Аллоҳ қўлласа бўлгани... Келинчак хаёлидан кечган ўйлар қувватидан қувониб, енгил тин олди. У юрагидаги муҳаббат мўъжиза яратишига ишона бошлаган эди...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 129 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар