1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бонус

Ўйин тобора қизиб борарди. Шу босқичда бонус турган жойни топсам, янги рекорд ўрнатаман. Тармоқдаги дўстларимдан ўзиб кетаман ҳам. Ўйинга бутун вужудим билан берилиб, ўзим тушадиган бекатга ҳам етиб келибман. Лекин ўйин чала қолди, йўл-йўлакай тўхтаб-тўхтаб уни давом эттирдим. Ниҳоят уйга кираверишда бонусни топиб, рекордни янгиладим. Олти ойдан бери шу аҳвол: кунут тун битта ўйинни давом эттираман, янгидан-янги, бири биридан мураккаб босқичлар, янги рекордлар, тармоқдаги муҳокамалар... Бўлди, шу босқични ютсам бас қиламан, дейману бир тоғни ошиб ўтиб, ундан баландроғи қаршисида турган йўловчидек кейинги босқични ўйнаш истаги олдинга ундайверади.
“Телефонга ёпишиб олгансиз”, деб нолийвергани учун турмуш ўртоғимга замонавий телефон олиб бериб, уни ҳам ўйинга қизиқтириб қўйдим. Энди безовта қилмайди, уй юмушларидан бўшади, дегунча ўйин ўйнашга тушади. Баъзи қийинроқ босқичларда ўзим ёрдамлашвораман. Қарабсизки, зерикиш ҳам йўқ, нолишу таъна-маломатлар ҳам.
Кунларнинг бирида навбатдаги босқични муваффақиятли тугатиб, ўз муваффақиятимдан кўнглим тўлганча турарканман, ўйин билан ҳаётни солиштира бошладим. Аниқроғи ўйиндаги очколарни савоб, вазифаларни хайрли амал, бонусларни эса сон-саноқсиз ажр-мукофот деб, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси “бонус”ларга бойлиги, биз уқувсиз ўйинчилар эса уларга эга бўлиш учун у қадар ҳам жон куйдирмаслигимиз ҳақида мушоҳада юрита бошладим. Ахир уйдан ишгача, ишдан уйгача ҳар кунлик йўлда ўйин билан андармон бўлмасдан, зикр қилганимда, тасбеҳ, тавба қилганимда қанчалар “очколар”га эга бўлардимку. Китобларда Жаннатдаги бинолар зикр билан бунёд бўлиши, банда зикрни тўхтатиши билан фаришталар ҳам қурилишни тўхтатишини билардимку! Мен нималарга кўнгил қўйдим, завқланаётган ишим, эришаётган марраларим ҳаётимда, оқибатимда менга нима наф келтиради? Соатлаб, кунлаб, ҳафталаб, ҳатто ойлаб смартфон экранидан кўзимни узмай нимага эришаяпман? Бу хаёллар бошимга гурзи билан урилгандек таъсир қилди. Ойлаб давомида эришган “мартабам”дан шу заҳоти воз кечдим, телефонимдаги барча ўйинларни ўчириб ташладим. Шунда мен янги бир хасталикка чалинганимни пайқаб қолдим. Бирор юмуш билан банд бўлганимда ёки ким биландир суҳбатлашаётганимда қўлим беихтиёр телефонга бориб, ўйинлар турган жойни очар, уларни тополмагач, юрагим сиқилишни бошларди. Бунинг ўрнини қоплаш учун смартфонимга фойдали иловаларни, ҳаётим ва охиратимга фойдаси тегадиган китобларни юкладим, илм ўрганишни бошладим. Ўша ўйин ўйнашга бўлган кучли истакни янги машғулотларга йўналтирдим. Фақат телефонга тикилавермаслик учун китоб мутолаасини ҳам бошлаб юбордим.
Йўлда эса қалбимни ва тилимни зикр билан банд этишга ҳаракат қилдим. Шунда ҳар бир дақиқа, ҳар бир қадам “бонуслар” билан тўла эканини англадим. Қалбимга халоват, сокинлик инди. Қачонлардан буён намоз ўқишни ҳар хил баҳона билан ортга суриб келаётган турмуш ўртоғим ҳам намозни бошлаб юборди.

Абдуллоҳ Муҳаммад

Ҳозир сайтимизда 829 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ