Сайт бўлимлари
Номаълум синглимга мактуб
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 15 Сентябрь 2015
- (Нашр қилинган санаси)
Дарвозада бир қиз кириш учун изн сўраётганини айтишибди. Домла рухсат бергач, минг бир истеҳола билан қимтинибгина остонада меҳмон қиз пайдо бўлибди.
– Ҳазрат, мен сиздан бир саволнинг жавобни билгани келдим, – дебди ожиза. – Кўп китобларни кўрдим, аммо жавоб тополмадим.
– Қандай савол экан?
– Қуръонни ота-онамдан яшириб ёдласам бўладими?
– Нима, ота-онангиз Қуръон ёдлашингизга қаршилик қиляптими? – дебди домла ҳайратланиб.
– Йўқ.
– Унда нега буни яширмоқчисиз?
– Қиёматда ота-онамга Каромат тожини совға қилмоқчиман. “Совға”ни ўша пайтда кўрсатсам дегандим, – дебди қиз.
Домланинг кўзларида ёш айланади.
– Айни ўйин-кулгига мойил ёшда, шундай улуғ ишга эҳтиёж туйганига қаранг, – дейди мутаассир бўлиб.
Ич-ичимдан тулқинланиб кетаман. Негадир бу ҳол менинг замонам учун ноёб ҳодисадек туюлади. Ён-атрофдан сени – “ноёб ҳодиса”ни, покиза ниятли хилқатни ахтараман. Нозиккина вужудинг ва баҳор япроқларидай титраб турган қалбингга шундай улкан мақсадни жойлаганинг нақадар саодатдир, сингилжон! Сен олдингда ястаниб ётган бешафқат ҳаёт сарҳадларидан излаганингни қанчалик топасан, буни билмадим, аммо сенинг шу қарорга келишингнинг ўзи буюк инқилобдир! Сенинг мана шу мақсадингнинг ўзи буюк ажрдир!
“Каромат тожи”ни ахтариб юрган синглим, онажоним, сен қанчалар яхшисан! Яхшилигинг шундаки, сендан ва сенга ўхшаганлардангина покиза авлод ўсиб чиқажак. Покиза авлоддан буюк миллат пайдо бўлади. Имом Бухорий ҳазратнинг оналари айтади-ку: “Ўғлим Исмоилни бирор марта таҳоратсиз эмизганимни эслай олмайман”.
Ўтган кунларнинг бирида ишхонамизга бир қизалоқ кириб келди. Бутун вужудини ёпиб турган мато нари борса бир метр бўлса керак. Эгнига илиб олган куйлаги тиззадан нақ бир қарич тепада тўхтаб қолган. Ишончим комилки, уни то шу хонагача ўнлаб, юзлаб кўзлар кузатиб келган ва яна шунча кўзлар кузатиб қўяжак! Мен маҳлиё кўзлар таъқибида тилка-пора бўлиб кетган куйлак соҳибасига минг бир истеҳола билан танбеҳ берган киши бўламан. У эса мени замон кўзгусига рубарў қилади. У шу кўзгуга қараб ўзига оро беради ва шу кўзгу қошида бахтли бўлмоқ истайди. Мен унга бахтни яланғоч бўлиб излаш шарт эмас, дегим келади. Лекин бу гапни айтолмайман. Чунки унинг тийнатида ҳам ҳали куйлаги йўқлигини билиб қоламан.
Охират совғасини излаб юрган синглим, сенинг ютуғинг шундаки, сен бахтни ахтармайсан, у сени излаб топади. Балки бахт сенинг ўзингдадир! Қалбингдаги буюк мақсад, ичингдаги иффат ва ҳаё, тилингдаги ҳамду сано – бахтнинг бошқа исмини билмайман, ахир!
Биласанми, бир пайтлар Тошкентнинг қоқ киндиги ҳисобланмиш Самарқанд дарвозаси мавзеида бир қори-домла ўтганлар. Бу кишининг номи қори-домла бўлсалар-да, ўзлари ҳеч қачон масжид ё мадрасада хизмат қилган эмас. Бир умр автопаркда, оддий ишчи бўлиб ўтган. У кишининг Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилган қори эканини саноқли кишиларгина билишган. Ўзини ошкор қилишдан қўрққанлар. Бор-йўғи илмини хаспушлаш учун автопаркда ишчи бўлиб юраверган. Чунки у бандаи ожизнинг атрофи тўла коммунист, “Худони кўрсат отаман”, деб юрган каслар бўлган.
Қори-домла кечалари эл уйқуга кетганида кундуз кунги қазо намозларини ўқиб, йиғлар эканлар: “Парвардигаро, Сен менга илм бердинг, лекин мен буни яхшиликка, оддий фарзандларим таълим-тарбияси учун ҳам тадбиқ этолмадим”.
Орадан йиллар ўтибди. Оилада уч нафар ўғил бирин-кетин вояга етибди. Бир куни қори-домлани ярим кечаси аёли туртиб уйғотибди:
– Отаси, уйга киринг, сизга учта совғам бор, – дебди.
Бемаҳалда берилажак “совға”ни эшитган қори-домла минг бир хавотир билан уйига кирибди. Қараса, меҳмонхонада учта жойнамоз устида уч ўғил ўтирган эмиш. Умрида “Бисмилло”ни ўргатмаган ота ўғилларининг жойнамозда ўтирганини кўриб, аёлига қараб ҳайратланибди.
– Отаси, ўғилларингизни Қуръондан имтиҳон қилиб кўринг-чи, саводи қай даражада экан, – дебди аёли.
– Ахир булар Қуръонни қаердан билишади!
– Сиз аввал сўраб кўринг-чи!
Қори-домла бирин-кетин ўғилларига юзланибди. Ўғиллар Қуръоннинг истаган жойидан қироат билан, фасоҳат ва балоғат билан ёддан ўқий бошлабдилар. Кўзларидан тирқираб оқаётган севинч ёшларини яширолмаган ота аёлига юзланибди:
– Бу қандай мўъжиза?
– Бу ҳеч қандай мўъжиза эмас, отаси. Бугун ҳуфтонда кенжатойингиз ҳам акалари сингари Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилиб бўлди. Қўлимдан келгани шу: мана сизга учта забардаст қори!
Қори-домла аёлининг қўлларини кўзларига суртиб ҳунграб йиғлаб юборибди.
Менинг саодатли синглим, сен ўша онанинг невараси эмасмисан? Танидим, сен ўша аёлнинг қавмидансан! Мен буни сенинг ниятингдан, журъатингдан танидим. Энди сенга бир савол: атрофингга қара-чи, опа-синглинг кўпми? Чунки СЕНИНГ кўплигинг – яхшиликнинг, илмнинг, ҳикматнинг кўплигидир.
Имом Шофеъий ҳазрат ҳақида эшитгансан, тўғрими? Бир куни ўша зот, устозининг зиёратига бормоқчи бўлибди. Имом Шофеъийнинг келаётганини эшитган устоз, қизига айтибдиларки: “Уйимизга бир нозик дидли меҳмон келаётган экан. Ҳаммаёқни покиза қил, озгина таом тайёрла, чунки у киши жуда кам овқат ейди. Кечқурун 2-3 та обдастада таҳорат суви тайёрлаб қўй, чунки меҳмон кечаси билан намоз ўқийди”, дебди.
Имом Шофеъийдек зотга устозлик қилган одамнинг тарбиясини олган қизнинг ақлу фаросати ҳам шунга яраша бўлади-да. Қиз отаси айтган ишларнинг ҳаммасини рисоладагидек адо этибди. Бироқ қизни бир нарса ҳайратлантирибди: кечқурун шунчаки мулозамат юзасидан меҳмоннинг олдига қўйилган бир лаган таомдан бир қошиқ ҳам қолмабди. Эрталаб қараса, меҳмонхона эшиги тагига тайёрлаб қўйилган 2-3 та обдастадаги сув камаймасдан турган эмиш. Отаси мақтаган меҳмон ҳатто бомдод намозига ҳам турмабди.
Қиз бу ҳайратларини отасига айтибди. Бундан устоз ҳам таажжубланиб, меҳмонхонага борибдилар. Қараса, Имом Шофеъий ҳазрат ҳамон жойнамозда ўтирган экан.
– Ҳазрат, – дебди Имом Шофеъийнинг юзларидан нур жилваланиб, – кечаги овқатни ким пиширган бўлса ҳам Аллоҳнинг шундай бир муқарраб қули эканки, бу таом олов билан эмас, тасбеҳ ва таҳлил билан пишган экан. Умримда бундай хуштаъм ва тасбеҳ садолари келиб турган овқатни емаган эдим. Бу таом мени туни билан ухлашга қўймади. Хуфтон намозининг таҳорати билан бомдод намозини ҳам адо этдим.
“Каромат тожи”ни излаб йўлга чиққан синглим, балки сен ўша устознинг қизидирсан? Ҳа, танидим, сен ўша қизсан. Чунки сенинг эзгу ниятингдан ҳам тасбеҳ садолари эшитилиб турибди. Сен то Унинг ҳузурига боргунча ўша садоларнинг соҳибаси бўл! Шунда “Каромат тожи”ни топасан! Сафаринг бехатар бўлсин...
Алишер Назар
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар