1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қайтиш...

Собира холанинг бугун қувончи чексиз. Ўғли Анваржонни роҳатини кўриб, тортган жабру ситамларини унутгандек бўлди. 30 йилдан зиёд умрини торгина каталакдек жойда, ночоргина ўтказган бу аёл бугун каттакон данғиллама уйнинг бекаси. Атрофида набиралари. Бахт дегани шунчалик бўлар-да! Бундан 3 кунгина олдин ўғли Анваржон ишдан эртароқ қайтдию, “Машинага ўтиринг, ойижон” деди. Кечадан бери набираларию, келини қаёққадир кетгани боис зерикиб ўтирганди. Дарров кўна қолди. Ўғли уни бу гал шаҳар айланишга олиб бормади, балки Ўрикзор томон юрди. Ҳашаматли ҳовлилар билан тўлиб-тошган бу даҳага кўпчилик ҳавас билан қарарди. Собира хола ўғлига таажжуб билан қаради. Ўғли жавоб бермай, жилмайиб қўя қолди. Бир оз утиб эса машинани тўхтатиб, эшикни очди: “Тушинг, ойижон етиб келдик”. Собира холанинг бир ҳайратига минг ҳайрат қўшилди: “Қаерга?” дея олди холос. “Уйингизга” жавоб қайтарди. Ичкаридан набиралари-ю, келини чиқди. Собира холанинг юзларини эса кўз ёшлари юва бошлади. Бу қувонч ёшлари эди. Уйни кўздан кечиргач ўзи учун ажратилган хонага кириб диванга ёнбошлади. Шунда бутун умри бир-бир кўз олдидан ўта бошлади. Инсон табиати ўзи шундай: Шод дамларда ҳам, аламли онларда ҳам ўтган умрини бир-бир сарҳисоб қилади гўё. Ўшандан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо тортган кўргуликларининг заҳмини ҳали ҳам сезаётгандек...

Собира буйга етиб, эшикдан совчилар аримай қолди. Ёшлигида ота-онасидан ажралиб тоғаси қўлида тарбия топган бу қизни тоғаси отадан зиёда меҳр кўрсатиб, ардоқларди. “Опагинамдан қолган ёлғиз ёдгорлик” дея қўярга жой топа олмасди. Келин ойисига бу ёқмасада тишини тишига қўйишга мажбур эди. Тоға, келган совчиларни ҳам синчиклаб синаб кўрар, жияни бахти учун жавобгар ҳис қиларди ўзини. Собира ҳам тоғасига ишонарди. Шунинг учун ҳам тоғаси танлаган йигитга турмушга чиқди. Йигит эсли-ҳушли, уйим-жойим дейдиган, имонли инсон эди. Собирани ардоқларди. Собирани эса энди бутун умр бахтли яшашига ишончи комил эди. Бу ҳаёт деганлари синовлардан, паст-баландликлардан иборатлиги – ёлғиз яқини тоғаси вафот этгач эсига тушди. Ҳали ўзини тутиб улгурмай яна бир тақдир зарбаси уни эсанкиратиб қўйди.
Ўғли Анваржонни ухлатиб соатга қараган Собиранинг бир оз кўнгли ғаш тортди. Соат аллақачон бирдан ошган, турмуш ўртоғидан эса ҳамон дарак йўқ. “Бундай одатлари йўқ эдику, тинчликмикан?” кўнглига хавотир оралади. Сал туриб ўзига далда бера бошлади: “Уйим-жойим деб тинмайдилар-да, яна бир ишни охирига етказай деб юргандирлар”. Тун буйи турмуш ўртоғининг йўлига кўз тутди. Тонгга яқин сал кўзи илинган эканми, эшик қунғироғини овозидан чўчиб тушди. Югуриб бориб эшикни очди. Уй эгаси бир ойлик ижара ҳаққини сўраб келган экан. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас яна кимдир эшик қоқди. Бу сафар турмуш ўртоғи келганди. Фақат ўзи эмас, уни бир неча киши кўтариб кириб келишди. Нима бўлаётганини англолмай ўғилчасини кўтариб турган Собирага олдиндаги тўладан келган милиционер далда бера кетди: “Сингил бандаликда, чидайсиз, чидамай илож қанча. Аллоҳ сабр берсин. Энди адасини умрини ҳам ўғлига қўшиб берган бўлсин!”. Унинг охирги эшитган гапи шу бўлди. Кейин нима бўлгани, эрини ким тупроққа қўйгани ҳам эсида йўқ. Даҳшатдан ўзини йўқотиб қўйганди. Одамлар камайиб, атроф юракни ютиб юборгудай сукунатга чўмган маҳал у нималар бўлганини идрок қила бошлади. Охирги суянган тоғидан ҳам ажралиб қолганини тушуниб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўка бошлади. Бу кўз ёшлар қуриб улгурмай эшик ортидан кутиб турган ташвишлар унга пешвоз чиқди. Ижара ҳаққини тўламагани учун уйидан ажралди. Анваржонни кўтариб раҳматли тоғасиникига борди. Лекин келин ойиси “Келинг” дейишни ҳам лозим кўрмади. Ноумид бўлиб ортга қайтди. Бу ёқдан эрининг ўгай онасию, опа-укалари ҳам ёрдам қўлини чўзай демасдилар. Ишга кирай деса қўлида на бир ҳунарию ва на бир дипломи бор. Ёрдам сўрамаган одамию, ташкилоти қолмади. Чорасиз қолиб не қиларини билмай сарсон-саргардон бўлиб юрган кезларида унга Лена учраб қолди. Меҳрибонлик кўрсатиб ёрдам берди. Ҳатто ўзи уйи яқинидан бир хона ҳам топиб берди. Бу қиз Собиранинг кўзига худди фариштадек кўринар, унинг сўзларининг ҳар бири Собира учун айни ҳақиқат эди. Ленанинг сўзларига кириб Собира христиан динига кирди. Лена ва бошқа қўшнилар каби ҳар якшанба черковга қатнай бошлади. Ҳаёти ҳам изга тушгандек эди гўё. Бу ерга ўзи сингари қийналиб келиб қолган, христиан динини қабул қилган ўзбеклар ҳам кам эмас эди. Улар билан бирга рус тилини ўрганди, диннинг таълимотини тушунишга ҳаракат қилди. Шу ерда ўғлини катта қилди. Бор умиди шу ўғлидан ахир. Унинг ўқиши учун жонини ҳам аямади. Одамларнинг уйида кир ювди, ошпазлик қилди. Хуллас ўғлини ўқитди, онасининг қийинчиликларини кўргани учунми, Анваржон ҳаи тиришиб илм олди. Мана бугун у катта бир ташкилотнинг раҳбари. Онасини ҳурматлаб, иззатини жойига қўяди, барака топсин. Онасини хурсанд қилиш учун қураётган уйи ҳақида ҳам бир оғиз атмабди-я. Ҳаёллар оғушидва ғарқ бўлиб ўтирган Собира холани девордаги соатни бонги ўзига келтирди. Черковга борадиган вақт ҳам бўлиб қолибди. Тарраддудланиб кўчага чиқди-ю, тўхтаб қолди. Илгари қўшниларидек, тўпланишиб черковга йўл олиш йўқ. Ҳар кунгидек одатий ҳаёт. Нарироқда икки-уч қўшни суҳбат қурарди. Яна кимдир бозордан қайтарди. Кимдир яқинларини кўриш учун, яна кимдир ясаниб чарларга йўл олган. Собира хола илк дафъа ўзини ёлғиз сеза бошлади. Худди бегона юртга тушиб қолгандек. Черковга борай деса, бир ҳамроҳ, сўзлашай деса бир дардкаш йўқ. Шу зайлда ой кетидан ой ўтди. Барча қўни-қўшниси кечаю-кундуз ибодат қилишга тушди. Маҳалла бошидаги гузар ҳам чойхона ҳам жим-жит. Ошхона эшигига катта қулф осилган. Барча мусулмонлар Рамазон ойининг рўзасини тутмоқда эдилар. Фақат нонвойгина ифтор маҳалига яқин нон ёпар, рўзадорлар нон олиш учун ўша атрофга қатор тортишарди. Уларнинг барчаси Собира хола учун ёт, ғалатироқ туюлар эди. Шундай кунларнинг бирида набираси Руслан бир болакайни етаклаб кирди-да, уни бувисига таништирди. “Танишинг, бувижон, бу Володя. Янги кўчиб келган қўшнимизнинг ўғли”. Собира холанинг кўнглида чироқ ёнгандай бўлди. Володя ва Русланни конфет билан сийлаб, қўшнисиникига йўл олди. Нарсаларини жойлай бошлаган янги қўшни уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. “Марҳамат” дея ўтиришга таклиф қилди. Бир оз тўхталиб бўлсада, ўзбек тилида бийрон-бийрон гапираётган бу аёл Собира холага жуда ёқди. Уни ишдан қўймаслик учун Собира хола меҳмонга таклиф қилиб, ортига қайтди. Бир маслакдош топганидан дили шод эди. Эртаси куни тушга яқин, янги қўшни кириб келди. Собира хола келинига чой дамлашни буюрди. Ўзи эса дастурхон устидан сочиқни олиб, нонни ушата бошлади. Қўшни аёл унинг қўлидан тутди: “Ахир ҳозир Рамазон ойи-ку, ҳамма рўзадор”. Собира хола таажжуб билан: “Ҳа, аммо буни бизга нима даҳли бор. Рамазон мусулмонлар учун муқаддас, христианлар учун эмас” дея олди холос. Ўзбекона либосли бўлса-да, мовий кўзлари рус эканини англатган қўшни аёл самимий фахр билан “Мен мусулмонман” дея ўрнидан қўзғолди. Собира хола анчагача ўзини йўқотган куйи ўтириб қолди. Қўшни аёл ташрифидан сўнг ўтган икки соат вақт мобайнида холанинг қулоқлари остида “Мен мусулмонман” деган фарахли сўзлар янгради. “Нега у мусулмону, мен мусулмон эмасман?” деган саволга жавоб излади. Охир-оқибат яна ўша рус бўлишига қарамай ўзбекона кенг кўйлак кийган, бошидаги рўмоли ҳам ўзига ярашиб турган қўшни аёл ёнига отланди. Зеро, унга бермоқчи бўлган саволлари бисёр эди. Собира хола гапни нимадан бошлашни билмай, каловланиб турди-да, сўради: “Ота-бобонгиз ҳам мусулмон ўтганми?”. “Йўқ, ота-бобом бошқа дин вакиллари эдилар, улар кўпам дин билан қизиқишмасди. Мен доим энагам билан черковга борардим. Ўша ерда динга қизиқишим бошланди. Лекин ёшим ўлғайган сайин черковдаги ибодатлар кўнглимга таскин беролмай қолди. Излаётган саволимга жавоб топа олмаётгандай эдим. Энагам доим: “Дин инсоннинг кўнглига хотиржамлик, ҳаловат олиб киради” дердилар. Мен эса ўша ҳаловатни топа олмасдим. Шундай кезларнинг бирида курсдошим Александр билан гаплашиб қолдим. Александр ҳам илгари тез-тез черковга бориб турарди. Шунинг учун унга кўнглимдан ўтаётган кечинмаларимни сўзлаб бердим. Александр ҳам шундай ҳолатга тушганини ҳозир ҳаловат топганини айтди. У қалби, борлиғи излаган ҳаловатни исломдан топган эди. Менга ислом асосларини, шариат ахкомларини, ақида масалаларини аста-секин тушунтириб берди. Кейин мени дўсти Абдулборийнинг рафиқаси Ҳожар билан таништирди. Ҳожар менга намоз ўқишни ўргатди. Рўзанинг моҳияини тушунтирди. Китоблар берди. Шундай қилиб мен мусулмон бўлдим. Илк маротаба саждага бош қўйганимдаги ажиб туйғуни ифодалаб бера олмайман. Саждага бош қўйганим куйи узоқ йиғладим. Кўз ёшларим кўнглим ғуборларини ювиб кетгандек бўлди. Мен излаётган нарсамни топган эдим. Мени қийнаётган муаммолар ўз-ўзидан ечим топти. Мана шунга ҳам ўн йилдан ошди. Александр исмини Абдуллоҳ деб ўзгартирди. Мени эса Сора исмини танладим. Абдуллоҳнинг ва менинг ота-онамиз фарзандимизни Володя деб аташади. Биз учун у Абдувоҳид”. Ҳикоясини тугатиб, савол назари билан қараб турган Сорага, хола ўзининг ўтмишини сўзлаб берди. Ҳикоя қилиш давомида ўз хатоларини англай бошлаган эди. Шу боис Сорадан бу тўғрида фикрини сўради. Сора: “Бу дунё банда учун имтиҳон мисоли, ҳар бир гап-сўз, ҳатти-ҳаракат ҳисоб-китоб қилинади. Боқий дунёга борганимизда эса, ўша амаллар тарозу палласига қўйилади-ю, бизнинг жаннатий ёки дўзахий эканлигимиз ҳукми берилади. Аллоҳ таоло ўзи севган бандаларига дард бериб синар экан. Исломнинг илк дақиқаларида Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб сабр қилган бандаларга беҳисоб ажру-савоб бериларкан. Акс ҳолда Аллоҳ уларга ғазаб қиларкан. Лекин меҳрибон Аллоҳ доимо бандаларига раҳмат назари билан боқиб, уларнинг гуноҳларини ёзмай туришларини мукотиб фаришталарга буюрар, бандалар тавба қилишлари учун, имконият яратаркан. Агар киши қилган гуноҳидан афсус чекиб, уни бошқа қилмасликка қарор қилса, Аллоҳ таоло бандасини мағфират этаркан”. Соранинг айтаётган сўзлари Собира холанинг дилига малҳам янглиғ эди. Бувиси сўзлаб берган ривоятлар, тоғаси ўргатган сураларни бир-бир эслаган холанинг қалбини ажиб бир туйғу қамраб олди. Тоғаси жуда кўп такрорлайдиган ўша жумла симобдай бутун вужудига синга бошлади. Беихтиёр лабларидан шивирлар эшитилди. “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” шу бир калима жаранги ила Собира холанинг вужудида яшириниб ётган имон руёбга чиқди. Кўз ёш бўлиб юзларини юва бошлади. Бутун вужуди эса асли қон-қонига сингиб кетган имоннинг нуридан сармаст эди. Буларни кўзда ёш билан кузатиб турган Сора “Аллоҳ ўзи хоҳдаган бандаларнигина ҳидоятга солур” оятини пичирлаб ўқиди-да, “Табриклайман, Аллоҳ сизни ҳидоятга солди, Исломни қабул қилдингиз” деди ҳаяжон билан. “Йўқ, мен исломни қабул қилмадим, балки мен ўзимнинг асл динимга, ўзлигимга қайтиш қилдим холос” дея жавоб берди. Ва гумроҳликда ўтган умрини ортга қайтармоқчидай, олисларга термулиб қолди.

Нигора МАМАСАИДОВА

Ҳозир сайтимизда 844 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ