1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳар нарсага қодирсан аёл

Ишга келсам ҳамкасбим Мурод ака ранглари қув учган, тушкин бир кайфиятда ўтирган экан.
— Ҳа, тинчликми, рангингиз синиқ, бирор жойингиз безовта қилмаяптими? — деб сўрадим.
— Бироз ўзимни ёмон ҳис қилаяпман. Ўтиб кетар, — деди у чуқур уҳ тортиб.
Мен уйида бирор кўнгилсизлик бўлган бўлса айтгиси келмади чоғи деб қайта сўрагим келмади. Аммо орадан икки соат чамаси вақт ўтиб пешонасидан тер чиқиб, юзи қорая бошлади ва менга юзланди:
— Синглим иложи бўлса дорихонага чиқиб, валерянка келтириб беринг.
Югуриб ташқарига чиқиб кетдим ва дарров айтган дорисини олиб келдим. Уни ичиб бироз бошини столга қўйиб ўтиргач ўзига кела бошлади. Шундай бўлсада мен у кишига:
— Уйингизга кета қолинг, ётиб дам олинг, бошлиққа айтиб қўяман, — дедим.
— Бироз яхши бўлиб қолдим. Босилди, — деди Мурод ака ва яна овози титраб секингина қўшиб қўйди: — Ифлос, шайтоннинг урғочиси, шундайларга ўлим ҳам йўқ.
Мен унинг бу гапларига ҳайрон бўлдим. Мурод ака ўта босиқ, ниҳоятда тартибли одам. Шу даражада унинг жаҳлини чиқарган ким бўлиши мумкин? Нафрати аёл кишига қаратилганини англадим, лекин хотини ҳақида гапирмаётганини ҳам тушундим. Чунки у кишининг хотини жуда кўнгли тоза, қўлидан ёмонлик қилиш келмайдиган аёл. Демак бошқа бир аёл дилини вайрон қилган, деган хаёлга боргандим, у яна гапириб қолди:
— Кеча уйга акамнинг хотини келганди, юрагимни сиқиб, асабимни бузиб кетди, туни билан ухлолмай чиқдим.
— Нимага, акангиз билан хафалашиб қолганмикан?
— Йўқ, акамни қора ерга тиқиб бўлган, энди азобини тортиб ётибди, чидолмай биздан ёрдам сўраяпти, кеч-кеч.
— Нега кеч? Қийналиб қолган бўлса фарзандлари жигарингиз бўлади, қарашсангиз яхши-да!
— Йўқ, мен моддий тарафини назарда тутмаяпман. Болаларининг тарбиясига кеч, уларни расо қилиб ўстирган. Бизни деярли яқинлаштирмади. Энди гапимизни олармиди?
— Акангиз эрта оламдан ўтган экан-да.
— Ҳа, ўлиб қутилди шўрлик. Биз оилада етти фарзанд эдик. Мен энг кенжасиман. Бироз эрка, шўхроқ ва айтганини қилдирадиган, чапани бўлиб ўсганман. Катта йигит бўлиб қолганимда ҳам отамдан пул сўраб хархаша қилар, агар бермаса онамга ёлғондан кўз ёши қилиб бўлса ҳам истагимни бажо келтирардим.
Аммо катта акамдан ўлгудек ҳайиқар, гапини икки қилмасдим. Нима учун шундай бўлганини ёшим қирқдан ошса ҳам тушунолмайман. Балки бу акамнинг характерига боғлиқдир? Акам баланд бўйли, кенг елкали, ўта босиқ ва жиддий инсон эди. У билан суҳбатлашсангиз ўнта гапирганингизда битта жавоб олардингиз. Мактабда ўқиб юрганимда акам армияга кетгани, тез-тез хатлар ёзиб турганим кечагидек эсимда. У эса жавобан «хатингда шунча хато бор экан, тўғри ёзишни ўрган» деб қисқагина жавоб қайтарарди.
Армиядан келиб ҳарбий касбни танлаган акам туманимиздаги бўлимга ишга кирди. Кейин вилоятга чақирилди. Бу орада уйдагилар уни уйлантиришга ҳаракат қилиб қолишди. Акам эса бўйин бермай юраверди. Ахийри ота-онам қишлоғимиздаги бир қизга унаштириб қўйишди. Бу ишларидан акам қанча хафа бўлса-да, орият учун уйланишга рози бўлди.
Эсимда тўй жуда яхши ўтганди. Айниқса, бир гуруҳ ҳарбийлар ҳарбийчасига рақсга тушиб даврани роса қизитди. Аммо, келин ота-онамга ёққани билан акамга маъқул келмади назаримда. Чунки у илгари икки-уч ҳафтада келиб турса, уйланганидан кейин жуда кам келадиган бўлиб қолди. Хотини икки йил биз билан яшади, қизлик бўлди. Ахийри зўрма-зўраки яшаш янгамнинг ҳам жонига тегди шекилли, акам билан гапни бир жойга қўйиб жимгина ажралишди.
Бу воқеа анчагача уйдагиларнинг кайфиятини тушкунликка солди. Орадан бир йил ўтиб эса акам онамга водий томондан уйланиш нияти борлигини айтди. Шунда билдикки, ўша қишлоқдаги қизга унаштирилган чоғларида акам Фарғонага ишга жўнатилган эди. У ёқда бир қиз билан кўнгил боғлашган экану фақат отамдан қўрққанидан у ҳақида гап очмаган экан. Кейин кўнгли у қизни деб турганда ҳовлидаги янгамни ёқтирмаган чамаси. Балки янгам ҳам буни сезган ва турмушлари мўрт эканлигини англагандир.
Хуллас, ноилож қолган ота-онам ўша севган қизига акамни уйлантиришди. Тўйдан кейин улар хизмати юзасидан ҳали у шаҳарда, ҳали бу шаҳарда яшашди, онда-сонда қишлоққа келиб туришарди. Биз акамизнинг бундай кам келишларига ўрганиб қолгандик. Аммо отам кўниколмасди.
Бир галгиси ҳеч эсимдан чиқмайди. Эшикдан кириб келиши билан отам акамни бўралатиб сўкиб кетди. Акам бирон нарса демади, жимгина эшитди, сўнг бошини эгиб ташқарига чиққанида менинг эшик тагида тинглаб ўтирганимни кўриб ерга қаради. Шўхлигим тутиб, «Ака, набирали бўладиган пайтингизда ҳам отамдан сўкиш эшитиб ўтирганингизни қаранг», деб устидан қотиб кулганман. Менинг кулишимдан акам баттар ноқулай вазиятга тушганди.
Энди ўйлаб қарасам, отам бу сўкиши билан ўғлининг келмаслигидан эмас бутун тақдиридан куйинган экан. Акам эса ўзи пиширган ошдан, севгани деб отам олиб берганидан воз кечгани учун, отамга бир сўз деёлмай айбини тан олган. Янгам келин бўлиб бирон марта келинлик вазифасини бажаргани йўқ. Ота-онамнинг хизматини қилиш у ёқда турсин, ҳатто меҳмонга боришганида ҳам ҳурматини жойига қўймасди. Акам билан янгам икки ўғил ва бир қиз кўришди. Фарзандлари тўкин-сочинликда, эрка, тантиқ бўлиб вояга етишди. Акамнинг ҳеч яхши кунига шерик бўла олмадик. Акам бизни жонидан ортиқ яхши кўрар, борсак уйидаги аҳволдан хижолат бўлиб қандай бўлмасин кўнглимизни олишга ҳаракат қиларди. 
Мени ҳарбий хизматга чақиришди. Ўша йиллари Афғонистонда уруш кетаётган эди. Онам акамга укангни армиядан олиб қолишнинг йўлини қил деган экан. Мен эса хизматдан қолишни истамадим. Биз Тожикистонга тушдик. Шу жойда олти ой бўлдик. Бир куни мени акам йўқлаб борди. Эртасига Афғонга жўнашимиз керак эди. Акам менга «Сени олиб қоламан, кейин бошқа жойга жўнатаман,» деди.  Мен кўнмадим. Ахийри «Ука, агар мени онам оқ қилмасин, десанг кўнасан. Чунки онам «агар Мурод Афғонга кетса, мени сендай болам йўқ» деди. Мени тушун» деди. Бу гапдан кейин рози бўлмасликнинг иложи йўқ эди ва мен афғонга эмас, Германияга кетдим. Балки у шундай қилмаганида мен афғондан қайтиб келмасмидим? У нафақат менга, барча жигарларига меҳрибон эди. Фақат буни ошкор қилолмасди. Биз буни хотинидан қўрқиш деб тушунардик.
Энди тушунсам у қўрқмас экан, турмуш ўртоғининг феълини яхши билгани учун бизнинг дилимизга озор беришидан чўчиркан. Инсоннинг оиласида хотиржамлик бўлмаса, унинг ташқарида обрўси, атрофидаги дўстлари, қариндошлари қанчалик яхши бўлмасин жонига оро киролмас экан. Булар ҳақида ўйлайману акамнинг ҳаётига бироз бефарқ бўлганимиздан афсусланаман. Биз уни шу аёл билан яшашни танлаганликда айбладик. Ваҳоланки унга ёрдам беришимиз керак экан. У оиласидан хуноб бўлганида ичига ютди, ноилож қилаётган камчиликларидан ота-онамдан танбеҳ эшитганда икки карра сиқилди. Ва бу ютавериш ахийри уни емирди, қулатди. Бетоб бўлиб қолганида тез-тез ҳолидан хабар олиб турдим.
Бир гал борганимда жойидан туролмай қолган экан. «Муздай тарвуз егим келяпти» деди. Дарров чиқиб олиб келдим ва ўғлининг қўлига тутдим. Орадан икки соат ўтдики, тарвуз отанинг олдига келмади. Ахийри жаҳл билан ўғлини чақирдим-да, тарвузни тўғраб келинглар дедим. Бир пайт тарвузни бутунлигича олдимга қўйди. Дастурхон ҳам ёзмади. Ўзимни тутолмай ўғлининг юзига тарсаки тортиб юбордим. «Эшшак, отанг ичим куйди, тарвуз егим келяпти деганини эшитдинг-а» дедим. Кейин тарвузни сўйиб акамнинг олдига қўйдим. Аммо у бир донагина олиб еди. Ўғли менинг тарсакимдан хафа бўлди. Отасининг аҳволига эса заррача ачинмади.
Орадан икки кун ўтиб яна бордим. Бу акам билан охирги учрашувимиз эди. У менга болаларининг келажагига бефарқ бўлмаслигимни тайинлади. Мен сўз бердим.
Орадан беш кун ўтиб шум хабарни эшитдик. Жамоасида, дўстлари орасида ҳурмати баландлиги сабаб жанозаси катта маросимга айланиб кетди. Жамоасидагилар каттагина суммани маросимга ишлатиш учун менинг қўлимга тутди.  Шаҳар қабристонидан ҳам жойни фалон пулга олдик. Хуллас, ўзига келган маблағни ўзига сарфладим. Аммо ўша куни кечқурун пул қани деб хотини мен билан жанжаллашди. Биринчи оиласидаги қизини жанозага қўймади. Элдан уялганимиздан тишимизни тишимизга қўйиб чидаб ўтирдик. Акамни ерга қўйиб, кетар чоғимда еттисини ўзим ўтказаман, деб кунини белгилаб кетдим. Айнан шу кунга тўғрилаб барча харажатларни қилиб келсам, янгам бир кун олдин еттисини ўтказиб юборибди.
— Биринчи турмушидан бўлган қизлари билан акангиз қандай муносабатда эди?
— Яхши, акам гоҳ-гоҳ кўриб турар, ёрдам берарди. Шифокорликка ўқитди, турмушга берди. Ўозир бахтли яшаяпти. Аммо кейинги болалари расво бўлди. Қизи онасининг ўзи. Ёши ўтиб қолди турмушга чиққани йўқ. Катта ўғли икки фарзанди билан оиласини бузди. Қудалар акамни билганлари учун қизларини беришганди. Кўп қийинчиликларга чидашди, аммо янгам келинни чиқиштирмади.
Энди кенжа ўғли тўрт кундан бери уйга келмаётгани, Россияга кетаман деб чиқиб кетганини, устига-устак қизи ўтириб қолганидан нолиб йиғлади. Бир томондан, қилмишларингга жазо оляпсан, дегим келди. Иккинчи томондан, болалари менинг жигарим, акамнинг руҳи чирқираётганини ўйлаб қийналаман. Ахир онанинг гапига кирмаган болани олиб ўтиролмайман ёки синглимни ол деб бировга ялинолмайман-ку. Уни олганнинг ҳам уйи куяди. Хуллас, шулар ҳақида ўйлайвериб ечимини тополмай сиқиляпман.
Мурод ака гапни шундай якунлади. Мен эса «Бу воқеаларни ўйлаб ўзингизни касал қилганни фойдаси йўқ», деб кўнглига таскин берган бўлдим.
Аммо бир нарса аён, бу муаммонинг ечими йўқ ва ўша фарзандлар калтафаҳмлик, молпарастлик қурбони. Улар ўз ҳаёт йўлларида ҳали кўп қийналишади. Нафақат ўзларини, балки атрофдагиларни ҳам азоблайди.
Бу воқеаларни шарҳлаб охирига етолмадим ва қалбимдан бир нидо отилиб чиқди: «Аёл, сен кўп нарсага қодирсан. Фақат шу қодирлигингни ёмонликка ишлатма. Токи диллар озор чекмасин».

МАТЛУБА

Ҳозир сайтимизда 820 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ