Сайт бўлимлари
Эркакнинг маоши
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 14 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
-Мановиерга қўл қўясиз. – Муҳсинжоннинг қўллари титради, кўз олди жимирлашиб, олдидаги қоғоздаги рақамлар рақсга тушаётгандек кўринди.
-Ҳалиги… қаерга, синглим? - Кассир қиз унга ажабланиб қаради.
-Мана, белги қўйиб қўйибман-ку…
Муҳсинжон имзо чекди-да, кассир қиз узутган пулни санамасдан ҳам олиб, сал каловланиброқ ташқарига юрди. Йўлакда, ҳовлида учраганлар ўзига аллақандай ғалатироқ қараётганини ҳис қилиб, кафтида маҳкам сиқиб келаётган пулни чўнтагига солди. «180 сўм-а… Нақ 180 сўм тағин 15 кунимга экан бу пул… Ҳали ой охирида мукофот пули ҳам беради, сизга ҳам ёзишган, деди кассир қиз…» Муҳсинжон чўнтагидан қўлини олмас, худди олса, пули тушиб қоладигандек хавотирланар эди.
-Ҳорманг, Муҳснжон. – Коллеждан беш-олти қадам узоқлашган эди, шундай дарахтзорлар орасидан Нурмуҳаммад кўринди. Одати бўйича, тупроқ титибми, шох-бутоқларни қирқиб, кўмибми юрган шекилли, қўллари лой эди. Шуни кўриб туриб ҳам Муҳсинжон шошиб қўл узатди. Нурмуҳаммад буни кутмаган шекилли, бироз қизаринқираб, енгини тутди.
-Узр, оғайни…
-«Узр»и борми… Мен маош олдим, Нурмуҳаммад, 180 сўм. – Муҳсинжон қўлини яна чўнтагига тиқди. «Нимага унақа дейсан, галварс?! Одатда, бунақа пайтда: «Юринг, ювамиз», дейилмайдими?» Муҳсинжоннниг ўз-ўзига ғаши келди. Оқайнисини зимдан кузатди. Нурмуҳаммад эса ҳеч нарса бўлмагандай кранга қараб бурилди.
-Ҳа-да, яхши бўлибди. Бола-чақанинг ризқи-да, оғайни, деб қўйди. Муҳсинжонни ёруғ, иссиқ бир туйғу қучоқлади. «Ҳа, албатта, аввало, бола-чақа…» Хотинини хурсанд қилсамикин? Феруза хурсанд бўлармикан ўзи? Ҳаёт қувонч ва ташвишлари аро қалбидан кечганини билдирмай келаётган аёлига бир нарса кўтариб борса… ёш боладай ирғишлармикан ё одатдагидай: «Ўзим қимматбаҳо тошман-ку, менга қиммат совға нимага керак?» – дермикин?
Қизига, ўғлига… Ахир, улар дадасидан нарса сўрамай қўйганига қанча бўлди…
Муҳсинжон жойида турган кўйи туриб қолди. Йўқ, ҳаммасидан аввал мана шу оғайниси Нурмуҳаммадни рози қилиши керак. У: «Маош олдим» деган гапга эътиборсиз ўтиб кетгандай бўлса-да, ичида бу ёруғликка ўзи сабабчи эканини билади-ку. Аммо лекин тан олиш керак, кўнгли баланд йигит экан. Барибир, биринчи маошидан шу оғайнисини рози қилиб қўйиши керак. Иккита сомса, бир чойнак чой билан бўлсаям… Аммо ҳозир тихирлик қилиб «юр, юр» дейишга хижолат бўлди. «Кўрмаганнинг кўргани қурсин», демайдими?
Муҳснжон катта йўлга чиқди. Гавдаси типпа-тик бўлиб, қадамлари дадиллашиб бораётганини ҳис қилди. «Тўғри экан-да, пул белни бақувват қилади», деганлари… Шунда чақондир, кимдандир эшитган ривояти эсига тушди:
Ҳукмдорнинг соч-соқолини қиртишлаётган сартарош йигит бехос:
-Бир қошиқ қонимдан кечинг, сизга арзим бор, - дейди.
Ҳукмдор:
-Сўзла! – деса:
-Мен сизнинг қизингизни севиб қолдим, изн берсангиз, сизга куёв бўлсам, - дейди. Ҳукмдорнинг аччиғи келади. «Жаллод!» дейишга ҳозирланади. Аммо ёнидаги аъёнлари уни ушлаб қолишади. Сартарош кетгач:
-Нимага у ялангоёқ қўрқмасдан, ботирланиб менга бу гапни айтди? Қизимга оғиз солди? – деса, аъёнлари:
-Ҳазрати олийлари, сартарош турган ерни қаздиринг: тилло бўлса керак. Одатда, бойлик устида ўтирган кимсанинг юраги бақувват бўлади, - дейишади. Дарҳақиқат, ўша жойни ковлашса, бир кўза олтин кўмилган эмиш…
Муҳсинжон мийиғида жилмайди. «Мен бир ҳовуч пулга диконглаб қолдим-ку… бир кўза олтин бўлса…» Хуллас, бир ойдан буён қишлоғидаги коллеж устахонасида қоракўзлар билан ишлаётган Муҳсинжоннинг кайфи чоғлангандан чоғланарди. Ахир, бир ойгина аввал тўрт тарафини булут ўраб, нима қилишини билмай юрган эди. Қачон ўзига ишончини йўқотди, эслай олмайди. Одам ҳам темирдай – аста-аста занг босиб, емирилар экан.
Техникумда ўртачароқ ўқирди, синову имтиҳонларни қийналиб топширарди. Баъзи домлалару оғзи бундайроқ талабалар:
-Муҳсин, сен бекорга вақт ўтказиб юрибсан. Бу ерда ўқигач, техниканинг пири бўлиб кетиш керак талаба дегани… Жарроҳ дўхтирдай техникани қисмларга ажратиб ташлаши керак, сен қўрқиб ёпишасан, - деган сайин ччирди. Шунинг учун техникумни битириб, қўлида диплом бўлсаям юрак ютиб бора олмади. Уйлангач, тоғаси гапиришиб, эски бир тракторни олиб берган эди.
-Миниб тур, эплаб кетсанг, янгисини гапиришиб бераман, - деб. Аммо «эскини эплагунча» деганларидай ҳадеб бузилиб, ишкали чиқаверар, ишиунмасди.
-Э, ўзи бўлмайдиган бола экансан, - хўжалик раҳбарининг шу кескин танбеҳидан сўнг яна ҳам ўзига ишончи ни йўқотди.
Бу орада фарзанд кўрди. Отаси ҳаётлигида бошланган иморатни амал-тақал қилиб битказиб, ака-укалар киритиб қўйишди. Кунлар ўтар, Муҳсинжон қишлоқда юришга хижолат бўлиб, туман марказига қатнай бошлади. Биров-бировдан эшитиб, унга иш беришардли. Рўпара келган ишни қилар, ҳақ-па қига талашиб ўтирмасди. Кунига беш-олти сўм тушиб турса-да, тобора гавдаси букилиб, ўзи камгап бўлиб борарди. Хотини – сокин кўл. Ҳамма нарсани ичига ютарди. Ўзи чеварчилик қлар:
-Рўзғорга у-бу олиб келинг, дея хиралик қилмасди. Баъзан ишсиз кунларда йўлкирага пули қолмаганида ҳам Ферузадан сўрамас, аммо чўнтагига қўл суқса, пул бўларди. «Хотиним фаросатли», - деб суюниш ўрнига Муҳсинжон баттар чўкар, йиғлагиси келарди. У ҳарчанд қийин бўлмасин, шу ҳаётга ўрганаётган, кўникаётган эди. Аммо бир кун хотининниг опасининг заҳрали киноясини эшитиб қолди:
-Ҳадемай қизингнинег бўйи чўзилади. Эшигингга келган совчилар: «Отаси нима иш қилади? деса нима дейсан? Нега ҳамма нарсани ичингга ютиб, сариқ сил бўлиб яшайсан?! Айт, эрингга, иш топсин! Одамларга ўхшаб кийинсин! – деди қайнопаси. Муҳсинжон Ферузанинг жавобини эшитмади. У жуда секин гапирди. Аммо ўша кун… дилига оғир бир жароҳат тушгандай бўлди. Ачиштириб оғриди жароҳат.
Эгнига қаради. Костюм-шимлари бор. Аммо «ҳар хил иш қиламан, уриниб қолади», деб киймайди, аяйди. Қайнопасининг чаёндай чаққан бу гапидан сўнг ҳам костюм-шим киймади. Уялди. Қиладиган иши бу-ю, пасон бўлиб юришини қаранг, дейишларидан чўчиди. Қайнопасининг гапи ҳам бир нав экан, ўғли Илҳомжон ўзи эзилиб, бир аҳволда юрган кунларида:
-Дада, сиз… мардикормисиз? – еб сўради. Муҳсинжон чой ичаётган эди, наваси ичига тушиб кетди. Нафас йўлига ушоқ тушиб қолдими, йўтал тутди.
-Ҳой, бола, қаердан олдинг бу гапни? Қолаверса, бешинчида ўқийсан-ку, сўзнинг маъносини билмайсанми? Мард – эркак киши, кор – иш, дегани. Ким сенга шу гапни ўргатган бўлса, мағзини тушунтириб, оғзини юммайсанми?! – Феруза ўғлини ғадаблаган сайин Муҳсинжон бир аҳволга тушарди. На ўғли, на қизи бу мавзуда бошқа гап очишмаган бўлса-да, ўзи ғалати бир аҳволга тушиб қолган эди. Қўл-оёғидан жон қочаётгандек эди. Хотини «Дадаси, дадажониси», дея атрофида парвона бўлган сайин ўзига ўзининг раҳми келарди. Жонига қасд қилиш ҳақидаги ўйлар тез-тез хаёлига келадиган бўлди. «Эртала кўз очмасам керак», деб баъзан кечқурунлари ювиниб ичкийимларини алмаштириб ётарди. Шундай кунларнинг бирида техникумда бирга ўқиган оғайниси Нурмуҳаммадни учратиб қолди. Сўрашишдан қочиб, четга бурилиб кетаётган эди, Нурмуҳаммад қулочини ёзиб келди.
-Оғайни, нима ишларнинг бошидасиз? – Муҳсинжон ёмон бўлди. Индамай ерга қаради.
-Қаранг-а, жХизрни йўқласам… Мен манови коллежда ишлайман, тупроқшунослик бўйича. Сиз ўқигансиз-ку. Ўқитувчи керак экан, тўғрироғи, амалиётчи. Назариясидан ўқитувчи бор-у, директоримиз амалиётига эркак одам бўлса, деяётган эди.
Муҳсинжон анграйиб қолди.
-Мен-а? Коллежда-я? – Анқовсираб сўради.
-Ҳа-да. Болалар билан устахонада ишлайсиз. Трактор, машина… қисмлари, вазифалари, ўзингиздан қолар гап йўқ.
-Олишмайди. – Муҳсинжон хўрсинди.
-Э, ўзингизни тутинг-да. Ўқигансиз, китобларингизни қараб чиқинг. Қийналсанги, яна ўқийсиз, айби йўқ-ку бунинг…
Муҳсинжон оғайнисига мунғайиб қаради, қўлларига, эгнига…
-Одам энг аввало ўзига ишониши керак. Нима, бировдан кам жойингиз борми?
Муҳсинжон мунғайган сари Нурмуҳаммад уни довларди.
* * *
Яхшиси, пулни болаларнинг онасининг қўлига бераман. Ўзиям ҳайрон қолса керак…» Йўқ, Муҳсинжон аввал ҳам топганиниг хотинига берарди.
-Бори – шу, - дегандай гуноҳкорона тикилса, Феруза:
-Эркакнинг топгани – барака, раҳмат, тан-жонингиз омон бўлсин! – деб дуо қиларди. Ҳозир эса… Уйининг кўчасига бурилгунча, хаёлан не-не дўконларга кимади-ю, нималар харид қилмади… Ахийри:
-Ўзи олгани яхши! – деган қарорга келди. Ахир, Нурмуҳаммад уни директор олдига олиб кириб, ўртада кафил бўлиб тургани билан, хотини шу бир ой ичида у билан баравар ишлади, гўё. Ҳар кун костюм-шимини дазмоллайди, кўйлагини ювади. Кечаси астойдил китоб титишга ўтирса, болаларни «ғинг» эттирмайди.
-Даданг дарсга тайёрланяпти, - унинггап оҳангидаги фахру ғурур Муҳсинжонга ёқади. Директор аввал тихирлик қилди.
-Коллежни нима деб қўйибсиз? Фан номзодларинниг жойи бу, - деди. Нурмуҳаммад:
-Меҳнатдан, ўрганишдан қочмайди. Болалар чиппа ёпишади устахонага, кўрасиз. Кўнгли очиқ йигит, - деб ялинавергач, синов шарти билан олди. Муҳсинжон ҳам сиқилиб қолган экан, болаларнинг: «Устоз, устоз», дея чуғурлашларидан яйраб кетди. Болалардан аввал ўзи устахонага ёпишиб қолди. У аввалдан кўрган техниканинг ҳар бир қисмига ҳайратланиб қарар, гўё гугурт чўпидай винтчаларни янгидан кашф этаётгандек суқланиб қарради. Муҳсинжоннинг ҳаракати директорга ёқди шекилли, қисқа қилиб:
-Ишлаб туринг-чи! – деди.
Муҳсинжон Нурмуҳаммадга қараган эди, у кўз қисиб, бош силкиди. Шу-шу кўнгли тўлиб қолди…
-Яхши келдингизми, дадаси? – Феруза одатдагидай меҳр билан қаршилади. Маош олганидан то ҳозиргача бир умрни яшаб келаётган Муҳсинжон хотинига кўзлари яшнаб қаради.
-Мен… мана… маош беришди… Ҳаяжондан Муҳсинжоннинг овози титради.
-Вой, дарров-а… Давлат ишининг шуниси яхши-да, ой-кунида маоши тайёр…
Муҳсинжон хотини бу гал ўзини тутолмайди, сакраб юборади, деб кутганди. Йўқ, Феруза ўша-ўша: ташвишда ҳам, қувончда ҳам сокин аёл…
-Сенга нимадир олгим келди… Кейин… керагингни оларсан, - дедим. – Муҳсинжон гапираркан тобора қизиб, қизариб борарди.
Феруза эри узатган пулни олиб, бир зум тикилиб қолди. Сўнг санаб бир қисмини олиб қолди-да, бир нечта янги мингталикни Муҳсинжонга узатди.
-Ёнингизда юрсин, эркак киши пулсиз юрмаслиги керак. Бунга эса… - яна бир тахламини узатди:
-Ойингизни бориб кўриб келинг…
Муҳсинжон «қулт» этиб ютинди. «Ойим… эҳтимол, ўгай она қўлида ўсганим учун ўз-ўзимга ишончим йўқдир, шу пайтгача кўрган азобларим сабабчиси ўша аёлдир…», - дегиси келди.
-Нима бўлсаям, ўша аёл сизни ўн икки ёшингиздан боққан, крингизни ювган, олдингизга ош қўйган. Қолаверса, дадангиз раҳматликни сўнгга сониягача оқ ювиб, оқ тараб ўтирган.
Муҳсинжон:
-Ҳозирми? – деди хотинини гўё эшитмагандек бошқа оҳангда.
-Ҳа-да, мен унгача қайноққина шўрва ташлаб қўяман…
Муҳснжон кўчага йўналди. Яна шошиб изига қайтди:
-Онаси, нима олай? – деб сўради. Феруза унинг ҳовлиқма овози, дадил қадами, шамшоддай тик қаддига қараб… негадир кўзи ёшланиб турарди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 212 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар