Сайт бўлимлари
“Тиш ёриб бировга нолима”
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 05 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Дилноза нохуш ҳиссиётлар исканжасидан бироз чалғишга уриниб, иш столи устида ётган журнални варақлашга тутинди. Кўзи саҳифалар аро сайр қилаётган бўлса-да, ўқиётган сатрларини англамас, хаёлида қайнонаси айтган совуқ гап қайта-қайта чалинаверди. Беихтиёр хўрлиги келиб, кўзлари ёшланди. Қандоқ қиз эди-я, сочининг ҳар бир толасида бир йигитнинг ишқи бор эди. Онасининг тоби бўлмагани учун кичкиналигидан рўзғор юмушларига кўмилиб кетди. Улғайиб, бўйга етгунча пазандаю чеварликда шунчалик уста бўлиб кетдики, маҳалланинг манаман деган кайвони аёллари ҳам ундан ўтолмай қолишарди. Аммо у фақат шу билангина чекланиб қолмади. Болалигидан ҳамшираликка қизиқарди. Ўқиб, бу касбни ҳам эгаллади. Кейин эса... Отасининг юзидан ўтолмай, Бухородаги аммасига келин бўлди. Ота-онаси, ука-сингилларининг соғинчини бағрига босганича Бухоронинг водийлик келини бўлиб юрибди. У келинлик ҳаётини мутлақо бошқача тасаввур этганди. Ўзидан олдинроқ узатилган дугоналари қайнонасининг зуғумларидан зорланса, у “Аммамга келин бўляпман, мен бунақанги тазйиқларни кўрмайман”, деб ўйларди. Лекин хаёл бошқа, ҳаёт бошқалигини турмушнинг дастлабки кунлариданоқ англаб етди. Унинг қайнонаси дугоналариникидан ўтса ўтардики, асло кам эмас. Бунинг устига негадир бўйида бўлмаяпти, аммаси эса буни кунда кунора юзига калтак қилгани қилган.
Дилноза юзларини намлаган кўз ёшларини дастрўмоли билан артаркан кўзи қўл телефонига тушиб, бир зум ўйлари равшанлашди. Яқин дугонаси Одинага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Анчадан бери дардлашмабди, болалик ўртоғига ҳасрат дафтарини очиб, бироз енгиллаб олади. Иккинчи чақириққа етиб-етмай гўшакдан Одинанинг хушчақчақ овози эшитилди:
— Дилноз, бормисан?!
— Ассалому алайкум, Одина, саломатмисан?
— Ваалайкум ассалом, Худога шукр, омон-эсон юрибмиз. Ўзинг тузукмисан, поччам, қайнона-қайнотанг яхши юришибдими?
— Шукр. Ўзинглар тузукмисизлар, амаким, келинойим, болаларинг яхшими? Бизникилар яхши юришибдими? - Бўлмади. Охирги гапи оғзидан чиқишга улгурмай ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Тинчликми, Дилноза?! - Дугонасининг йиғисини эшитиб Одинанинг капалаги учиб кетди.
— Одина, сиқилиб кетдим бу ерда. Ўзимизнинг Фарғонани соғиндим. Сизлар билан бирга юргим келяпти. Бу ерларга ўрганиб кетолмаяпман...
— Жиннивой-ей, бунақанги бемаъни гапларни қаердан ўргандинг?! Борган еринг бегона эмас-ку сенга.
— Э, аслида шу ўзингникининг қилгани ёмон экан. Одинажон, Худо кечирсину, яшашдан ҳам чарчаб кетаман баъзида...
— Тавба дегин-е! Эсингни еб қўйибсан! Ҳали мен сени ўзим таниган-билган, қизларнинг орасида энг оқиласи деб юрибман-а?! Менга қара, Дилноз, ношукр бўлма.
— Сен мен бошимдан ўтказаётган кунларни билмайсан-да, Одина. Хабаринг бор, тўйимизга ҳам яқинда бир йил тўлади. Ҳалигача бўйимда бўлмаяпти. Ўзим эзилиб юрганим етмаганидай, кунда қайнонамнинг зардаю кесатиқлари, таънаю маломатлари юрагимни тешиб ўтади...
— Дилижон, яна айтаман, ношукрлик қиляпсан. Бу дунёда келинини тергамайдиган қайнона борми? Бугун гапиради, эртага тинчийди. Сен унга қайнонанг ё амманг сифатида эмас, она сифатида қараб кўр. Оналар ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўришмайди. Ҳа энди, бола масаласига келсак, фарзандни берадиган Худо. Чин ихлос билан сўрасанг, албатта беради. Кейин бир йиллик турмушда бола бўлмаса, энди туғмайди, дегани эмас-ку! Элдан бурун тушкунликка тушишинг яхши эмас.
— Қайнонам икки гапининг бирида, “Шу ерларда қиз қуриб қолганидек, ўша ёқлардан келин олибман. Буни опкелишга қанча пулим сарфланди, энди табибу дўхтирларга чопаманми?! Акамнинг қизи, деб ўғлимнинг ҳаётини барбод қилдим”, деб аюҳаннос солади. Ўзим ҳам шифокорга кўриндим, соппа соғ эканман. Фозилжон акамда ҳам ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ экан. Ўзимча, қариндош бўлганимиз учун шундай бўляптими, деган хаёлларга ҳам бораман. Хуллас, бошим қотган.
— Дилноза, эрингни яхши кўрасанми? - Одина дугонасининг гапларини бироз мушоҳада қилгач, аста сўради.
— Севаман! - Дилноза қатъий жавоб қилди. - Фозилжон акам ҳаётимнинг қуёши.
— Ундай бўлса, ҳамма нарсага сабр билан чидаб, Худодан астойдил бахтингни сўрайсан.
— Қайнонам тинчимизни бузгани бузган. Худди мен кўчада қолгандек, қачон қараманг, келин қилганини миннат қилади. Нима, мен унинг ўғли билан кўча-кўйда етаклашиб юрганмидим?! Дадамнинг сўзларини икки қилолмай тегдим аммамнинг ўғлига. Турмуш қурганимиздан кейин Фозил акамга боғланиб қолдим. Энди бошимга тушаётган кўргуликларни қара...
— Дилноза, - Одина жиддий тортди. - Дугонажон, сенга нима десам ҳам гап топиб беряпсан. Кел масалани тескари томонидан қараб келайлик. Хўш, қайнонанг ёмон экан. Энди нима қилмоқчисан? Ажрашмоқчимисан? Ундан яхшисига учрайман, деб ўйлайсанми? Қайси турмуши бузилган эркак ё аёл яхшисига йўлиққан?! Дугонажон, қайнонангдан нолима. Аяжоним, юк кўтарган юзага чиқади, дейдилар. Нигина опамни биласан-а? Икки бола билан эрдан чиқиб келган қайнэгачиси ўн етти ёшида узатилган опам бояқишни одам ўрнида кўрмасди. Камига қайнонаси, аягинамнинг бир оёқлари сал калталигини маломат қилгани қилган эди. - Одина томоғига қадалган аламни ютиниб гапида давом этди, - Опам ўн етти яшар ғўр қизалоқ эди, аммо эр уйида бошидан ўтказиб юрган кунларини мендан бошқага билдирмасди. Чидади. Сабр қилди. Охири ўша уйнинг якка маликаси бўлди. Қайнэгачисиям остонада ёпишиб қолмади. Кимларгадир керак экан, унга ҳам жуфт топилди. Қайнсингиллари ҳам узатилди. Ҳайҳотдек ҳовлида опам, эри, болаларию ўша қайнонаси билан қолди. Энди қайнонаси ҳам олдингидек Нигинага наштар санчмайди. Энди у опамни “ҳой” деб эмас, “Қизим, жон болам” деб атайди. Билсанг дугонажон, кечира олиш ҳам бир бахт экан, опам касал қайнонасининг ёнидан жилмайди. Туну кун хизматига шай. Қайнонаси нуқул кўзида ёш билан опамдан кечирим сўрар экан. Дилноз, сен кечагина қўғирчоқ ўйнаб юрган қизалоқ эмас, йигирма беш ёшли оқ -қорани, яхши-ёмонни таниган, ақлли жувонсан. Яна айтадиган гапим сабр, сабр, сабр қил. Арзимаган нохушликлардан фожиа ясаб, ўзингни ҳам, яқинларингни ҳам ташвишга қўйма.
Дилноза дугонасининг гапларини эшитиб, анча енгил тортди. Чиндан ҳам дугонаси ҳақ. Қайнонасидан нолигани билан биров аммасига, “келинингга ундай дема, бундай де” дермиди? Ўзи ёмон отлиқ, ғийбатчи келинга айланади. Топган фойдаси шу. Шу топда дугонасини шунчалар яхши кўриб кетдики, агар ёнида бўлса, борми, бор кучи билан бағрига тортган бўларди.
— Одина, бахтимга бор бўл, мени анча ўзгартирдинг.
— Мен баландпарвоз гапларни гапирмадим, бор ҳақиқатни айтдим. Сенингча мени қайнонам бошига кўтарадими? Менда ҳам бир дунё муаммо, гап-сўз. Лекин тиш ёриб бировга нолимайман. Чунки дардимнинг достонини эшитган одам ҳам аввало ўзимни айблайди. Дугонажон, аёл-матонат дегани. Бесабрлик қилиб ўзингни бахтдан узоқлаштирма.
— Одина, яхшиям сен борсан...
— Омон бўл, унақа ношукрлик қилиб йиғлаб юрма.
— Раҳмат, дугонажон! Саломат бўл, сўраганларга салом деб ғўй. Яна бир бор сендан миннатдорман.
— Худо ёр бўлсин. Тез-тез қўнғироқ қилиб тур.
Дилноза дугонаси билан хайрлашиб, уяли алоқа воситасини ўчираркан, руҳида анчайин енгилликни ҳис қилди. Кейин эса хаёлига келган фикрдан дили яйраб, мийиғида кулиб қўйди: “Муҳаббат ҳамиша ғолиб. Севган одам севиклисини бахтиёр кўриш учун ҳар нарсага тайёр туриши керак. Мен севгилим, Фозил акам учун нима қилдим?! Нега энди шундай бахтимга иддао қилишим керак?! Одинанинг гаплари тўғри. Юрагимда ёнган муҳаббат оловини ўзим ўчиришим гуноҳи азим...”
Кейин иш вақти тугашига ҳали вақт бўлса-да, сумкасини қўлига илиб, уйига шошилди...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар