1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Тақдирга ўқилган жаноза

 

 

 

Ҳурриятхон ичкари хонадан эрининг қаттиқ овозда гапираётганини эшитиб, ичидан зил кетди: “Оббо, яна Иродахонни хафа қиляптиларми? Кўп айтдим-а, кўнглини оғритаверманг, Худога хуш ёқмайди деб. Яна ўз билганидан қолмайди бу эркак...”
Ҳурриятхон ичкарига кириш- кирмасликни ҳам билмай коридорда бир муддат туриб қолди. Бироз кейин эрининг овози аввалгидан қаттиқроқ эшитилганди, чидай олмай ичкарига отилиб кирди:
— Дадаси, бу нима қилганингиз? Эмизикли боласи бор аёлни калтаклаяпсизми?!
Жамол қаҳр билан хотинига қаради:
— Сен аралашма! Тушундингми, сен аралашма! Бу қизни сен эркалатдинг, онанг эркалатди. Сени ўгай она деяпти бу, тушуняпсанми?! Сен бунга ўгайлик қилиб нима қилган экансан?!
Ҳурриятхон ўгай қизига ҳайрон тикилди:
— Сизни хафа қилганмидим, қизим?.. Мендан бирор хатолик ўтганмиди? — Аёлнинг овози титраб кўзларига ёш келди.
— Йўқ. Ҳозир кино кўраётгандик, ўгай онани  кўрсатди. Мен худди аямга ўхшаркан, дедим. Шунга дадамнинг жаҳллари чиқди.
 Ўгай қизи шундай деб бурнини бир тортиб қўйди-ю, отасидан ҳам хижолат тортмай кўкрагини ёқасидан чиқариб боласини эмиза бошлади. Ҳурриятхон ўгай қизининг бунақанги қилиқларидан эрининг олдида хижолат чекавериб кўникиб ҳам қолди. “Она тарбиясини ҳам, ота тарбиясини ҳам кўрмаган-да, бояқиш... Энди буни тарбиялаш мушкул... Яна шу ҳолида туғиб ҳам олди. Ўзи одоб, тарбия кўрмаган она боласини қандай тарбиялаши мумкин-а?..”
Ҳурриятхон Иродахоннинг кўкрагини мазза қилиб сўраётган оппоқ, дўмбоққина болакайнинг юмуқ кўзчаларига “қўриқчи”лик  қилаётган узун-узун киприкларига термулиб меҳри яна ошиб кетди. “Дадасининг ҳам неварасига меҳри тушиб қолган. Болачаси чиндан ҳам суйгулик-да, кўз тегмасин, бало-қазолардан асрасин...”
— Боланинг қорнини тўйдириб, менга беринг. Яхшилаб чўмилтириб, дадангизга бераман. Бугун кун бўйи соғингандир...
 Жувон уйқусираган кўзларини телевизордан узмай, боши билан тасдиқ маъносини кўрсатди.
Ҳурриятхон ўн етти ёшида узатилганди. Отаси уни сўраб келган биринчи совчиларгаёқ розилик беришини онасига уқтираётганда, орзулари бир олам, ўқишни, опасига ўхшаб пойтахтда қолиб ишлашни, худди унингдек ўзига муносиб, кўнгил қўйган кишиси билан турмуш қуришни кўнглининг туб-тубида ният қиладиган Ҳурриятхон эшик олдида шундай гапни эшитиб қолди:
— Мухторжон аканинг ўғлидан сўраб келган совчиларга розилик бераман. Тайёргарлигингни кўравер! - Онаизор бу буйруққа қўрқа-писа эътироз билдирган бўлди:
— Вой ўлмасам... Ҳалитдан-а?.. Қизингиз ўқимоқчи эди-я...
— Э, шу ўқийди деган гапни гапирма менга! Биттаси ўқийман, деб нима қилди?! Аллақаёқдаги таг-туги номаълум бир йигитга тегиб кетди. Энди бу қизингни ҳам шунақа бебошлик қилишига йўл қўйиб бермоқчимисан?!
— Унақа деманг, дадаси. Куёвингиз ўқимишли,  ўз юртида обрў-нуфузга эга бўлган одамлар. Қизингиз бахтли, хотиржам. Ношукрчилик ёмон. Болаларимиз юзимизни ерга қаратадиган иш қилишмайди, Худо хоҳласа...
Онанинг астойидил ранжиди.
— Ўқиган жойидан эр топган қизингни орқасидан мақтаняпсанми?! Хуллас, гап тамом. Биринчи келишларида нон синдирсак, келаси ҳафталарга унаштирувни ўтказамиз. Бир-икки ой ичида тўйни ҳам ўтказиб, хотиржам бўлиб оламиз.
Ҳурриятхон йиғлади, онасига аччиқ қилди, опасига ёлворди, бу ишлардан ҳеч натижа чиқмаслигига ақли етгач, тақдирига тан берди.
Тўй бўлиб ўтди. Куёв деганлари Ҳурриятхондан ўн ёш катта экан. Тўйдан бир ҳафта ўтгач, куёв хайр-хўшни ҳам нася қилиб кетиб қолди. Аввалига қудалар, «ўғлимиз иш билан Қирғизистонга кетган, яқин орада келади» деб юришди, бир ойга чўзилган «яқин ора»да куёв эмас, ундан бир энликкина хат келди: «Мен бормайман. Уйдагини жавобини беринглар. Мен жавобини берганман». Ўн етти ёшли келинчак бу хатдан хабар топиб, қанот чиқариб уйига учди:
— Аяжон, у келмас экан, энди ўқишга борсам майлими?
 Икки қудалар қирпичоқ бўлиб жанжаллашгани ҳам, онасининг кўз ёшлари, отасининг абгор аҳволи ҳам Ҳурриятхонга бир ҳафтагина келин бўлиб, бахт туймагани, айни очилиб-яшнайдиган пайтида орзу ғунчалари хазон бўлганини уқтиролмади. У хурсанд эди. У ниҳоятда бахтиёр эди.  Хурсандлигидан дунёларга сиғмай ҳужжатларини қўлтиқлаб Тошкентга — опасиникига йўл олди.  Хосиятхон синглисининг тақдиридан ўкиниб, қийналса-да, унга билдирмай кириш имтиҳонларига яхши тайёрланиши учун имконият яратиб берди. Йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдамлашиб турди. Ҳурриятхоннинг астойдил қилган нияти ҳаққи омад ҳам уни қўллади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликкка қабул қилинди.
Талабалик, йиллар сабоғи қизни улғайтириш баробарида кўнглига ҳазинлик, андуҳ қўндириб борарди. У ўн етти ёшида ота-онасининг шошма-шошарлиги оқибатида ҳаёти хазон бўлганини, бошқа дугоналари каби энди орзу-ҳавасларда оқ либос кийиб, чиройли гўшангаларда келин бўлолмаслигини ўйлаб эзилар, айниқса, турмушга чиқаётган дугоналарининг тўйларига бориб келганидан кейин бир ҳафта, ўн кун ўзи билан ўзи овора бўлиб, ҳеч ким билан гаплашмай юрадиган бўлди. 
Синглисининг изтиробларидан хабардор опа унга таскин беришни истар, аммо бир оғиз гап билан шундоқ ҳам тушкун жигарининг кўнглини чўктиришдан чўчирди.
— Била-туриб ҳаётимга тажовуз қилишган экан, опа. Нега бировни урган, ўлдирган жиноятчиларга, йўл ҳаракати қоидасини бузиш оқибатида бехосдан кимгадир зиён етказган, умрига зомин бўлганларга жавобгарлик бору, она сути оғзидан кетмаган гўдакнинг ҳаётига тажовуз қилган, тўй-томошаю карнай-сурнай билан орзуларига, бахтига, тақдирига жаноза ўқиганларга жавобгарлик йўқ, опа?!. — деб ўкинганди бир куни Ҳурриятхон. Опа жавоб беролмади. Ҳўнграб йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаб, ёшли кўзларини четга бурганди. Ҳаммалари — опаси ҳам, акаси, ота-онаси ҳам Ҳурриятхоннинг олдида ўзларини айбдор сезишар, иложи борича сингилларининг кўнглини ўкситмасликка, унга қарши сўз айтмасликка уринишади. Бу ҳам қизнинг  кўнглига қайғу солади: уни деб яқинлари азобда, гуноҳкорлик ҳиссидан қийналишяпти.
Жамол билан танишуви ҳақида опаси орқали уйдагиларига билдирганда ҳам шу ҳолга дуч келди. Қизнинг дилини оғритмаслик учун улар ҳам кўнгилларида борини айтишдан тийилишди. «Сен бизнинг хатойимиз сабаб бир бора куйиб қолдинг, энди яшнашинг керак, бахтли бўлишинг лозим. Кўзингга қара, тағин адашиб қолма», дегани ҳеч ким ўзида куч тополмади.
Ҳурриятхон Жамол билан бир йилча учрашиб-синашиб юришди. Йигит аллақандай келишмовчиликлар сабаб, олти ойда турмушидан ажрашган экан. Хотинининг онасиникида кўзи ёриган, икки яшар қизчаси бор экан. Йигит ҳунарманд бўлиб, енгил ва юк машиналарни таъмирлайдиган устахонаси бор эди. Учрашувлар самараси — ёшлар ўртасида муҳаббат уйғонди ва бу туйғуларини никоҳ риштаси билан мустаҳкамлашга аҳд қилишди.
Жамол Ҳурриятхоннинг ниятларини рўёбга чиқариш ниятида қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам ихчамгина, аммо орзу-ҳавасликкина тўй қилди. Ҳурриятхоннинг яқинлари, қизларига бахт тилаб, тиниб-тинчишини астойдил истаб, келин-куёвни Тошкентга юборишди.
Турмуш — тўрт мушт, дейдилар. Хурриятхон билан эрининг орасидан ҳам ола мушук ўтган, гап талашиб, жанжаллашиб қолган кезлари ҳам бўлди. Аччиқ устида, алам устида бир-бирига ола қараган, бир-бирларидан аразлаган кезлари бўлди. Аммо Ҳурриятхон ҳар қандай ҳолатда ҳам эрига қарши сўз дейишдан, кўзига тик қарашдан тортинди.
— Сени севмасликнинг ҳеч иложи йўқ, сен на кундошликни, на ўгайликни биласан. Илтимос, мендан хафа бўлма, баъзан яхши кўрганимдан ҳам сени уришаман. Рашк қилганимдан ҳам қўл кўтараман, - дерди эри ҳар галги ярашувларда. Шундай аёл менинг жуфтим эканлигига ишонмаганимдан уришаман сен билан. Жанжалу аразларимизда ҳам муҳаббат яшайди.
Ҳурриятхон индамасди. Эридан хафа бўлганида ҳам қаттиқ ранжимасди, нафратланмасди. Севишини, уни еру кўкка ишонмаслигини ҳам биларди. Жамол Ҳурриятхоннинг қистови билан биринчи хотинига талоқ бермади.
— Рўзғордан файз-барака арийди. Битта бўлса ҳам фарзандингиз бор, касалманд экан, бошқа турмуш қилмайди. Ўзингиз ғамхўрлик қилсангиз, паноҳ бўлсангиз яхши.
 Ҳурриятхон кундошининг вафотидан кейин на тоғалариникига, на холалариникига сиғмаган ўгай қизини онасиникига олиб борди:
—  Ая, бизга қандай меҳрибон бўлган бўлсангиз, опа-сингилларим билан мени қандай тарбиялаган бўлсангиз, Иродахонга ҳам шундай муносабатда бўласиз. Қизимизни фақат сизга ишонаман.
Онаси Ҳурриятхон истаганидан-да зиёда қилиб ўгай неварасини парваришлади, ҳатто нафақа пулларини жамлаб, ортмаганига ўғилларидан пул сўраб, қўни-қўшниларидан қарз-қавола қилиб сеп-суруқ қилди, орзу -ҳавасини бадастир қилди. Гарчи куёви қаттиқ қаршилик қилиб, «оёқяланг қашшоқларга берадиган қизим йўқ. Мени қанақа одамларга тенг қиляпсан», деган бўлса-да, қизнинг кўнглини кўтарган, қийин кунларида парвона бўлган Ҳурриятхоннинг онаси бўлди. Иродахон фарзандли бўлгач, яна Ҳурриятхоннинг онасига Худо берди. Кунда кунора қизи билан куёвига қўнғироқ қилиб, бешик тўйини, маросимнинг ташвишларини эслатар, қўлига тушган уч-тўрт сўмни Иродахонга, куёв бола билан чақалоққа сарпою совға-салом қилар, ора-сирада қизига қўнғироқ қилиб, «болам, сен ҳам қизингга у-бу нарса қиляпсанми, лекин, ўгайлик қилсанг, сени кечирмайман», деб койиб ҳам қўярди.
Бешик тўйидан кўп ўтмай қайнонаси ўғлию невараси билан Иродахонни уйдан чиқариб юборди. Ҳурриятхоннинг онаси ўртага тушганди, қудағай:
— Кейинги ўғлимга келин туширишим керак. Келинпошшанинг дадалари қизлари билан куёвларига битта бошпана қилиб берар?! — деган иддаони рўпара қилди. Шундан бери Иродахон боласи билан отасиникида яшаяпти, эри қайнотасининг устахонасида туради. Ота-бола кунда тортишади, гап талашишади, Ҳурриятхон орага тушиб, Иродахоннинг ёнини олади. Қизига нимадир оладиган бўлса, аввал ўгай қизини эслайди. Эмизикли боласи бор, деб музлаткични тансиқ егуликларга тўлдириб қўяди.
Иродахоннинг ўгай она, деб қарагани аёлнинг кўксини ёндирди. Ётоқ чироғини ўчиришган бўлса-да, алламаҳалгача эр-хотиннинг кўзига уйқу инмади. Сўзсиз шифтга термулиб ётавериш жонига теккан Жамол оҳиста ўгирилиб, хотинига термулди:
— Аяси, ухламаяпсанми?..
— Уйқум келмаяпти....
— Хафа бўлдингми? - Жамол ёнбошлаб олди.
— Йўқ...
—Ундан ўпкалама. Онаси раҳматли ҳам шунақа бефаросат эди. Тилини эркин қўйиб ҳаммани хижолатга қўярди... Бу ўгай онага йўлиққмаган-да, Ҳури, агар ўгайлик кўрганида борми, сенинг оёғингни тавоф қиларди ўзиям...
— Оёғимни тавоф қилишнинг кераги йўқ, дадаси. Қадримга етишса, менга ўгай она, иккинчи хотин, деб қарашмаса бўлди. Энг оғриқли жойим — ўгайлигим ва иккинчилигимда...
—    Сен мен учун ягонасан... — Жамол Ҳурриятхонга мамнун тикилди.- Бунақа нарсаларни ўйлама. Сенинг тенгинг, ўхшашинг йўқ...- Ҳурриятхон енгил тин олди. Аёл эридан ўзи кутган жавобни олганди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 307 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ