1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мен Лайломан, Мажнуни йўқ....

 

“Сизга янги хат бор”. Монитордаги ёзувни ўқиб унча эътибор бермадим. Узоқ-яқиндаги таниш-билишлар орқали онда-сонда хат ёзишиб, ҳол-аҳвол сўраб турамиз. Одатдаги салом-алик ва ҳол сўрашлар кетма-кетлиги, бўлса керак, деган фикрда, қўлимдаги юмушларни бажаравердим. Бироз холироқ бўлганимдан кейин ўқийман, деган хаёл, ғайритабиий қизиқиш асносида сўнди-да, дарҳол ишимни ташлаб, сичқончани ушладим. Саноқли сониялар ўтиб мактуб “очилди” ва монитордаги ёзувларни кўриб, қотиб қолди...

“Салом Лайло! Худога шукр, омон экансан! Сени кўп изладим. Турмушга чиқаётганингни эшитиб, ўзимни четга тортдим. Ҳозир Лондондаман. Бир ҳафта олдин Иброҳим билан гаплашган эдим. Электрон манзилингни берди. Ҳаммасини эшитдим... Бардам бўл! Ҳаётга қувноқ нигоҳ билан, муҳаббат билан қара! Атрофингда сени яхши кўрадиган инсонлар кўп. Ўзингни эҳтиёт қил... Отабек...” 
Мактубни чамаси беш маротаба қайта-қайта ўқиб чиқдим. Юрагим тўлиб, бўғзимни аламларим тутуни ачиштира бошлади. Йиғлагим келди. Йиғлаёлмадим. Мен кейинги пайтларда бундай неъматдан бебаҳра эдим. Ичимда тўлиб тошаётган дардларимни кўзларим орқали чиқаролмайман... Отабек... Нега шунча фурсат жим бўлиб кетди экан? Иброҳим мен ҳақимда нималарни гапирибди? Бошимга тушганларини эшитиб, “хиёнаткорнинг, бевафонинг жазоси шу» деб, суюндимикан? Мактубидан унақага ўхшамайди-ю, яна ким билсин... Мен билан ҳалигача қизиқиб юрган эканми ёки Иброҳим гап орасида қистириб ўтганми. Билмадим, агар ўзи айтганида ўша пайтлар айтарди-да. Менимча Отабек билан улар яқинда гаплашишган ва ҳаммасини билиб олган. Ахир, у воқеаларга ҳам озмунча вақт бўлдими?.. Эслагим келмайди, аммо, не қилайки ҳаётимнинг энг қора кунлари жабрини ҳанузгача тортиб келмоқдаман...
        *  *  *
“Эҳ!..
Оппоқ қор ёққанди ўша пайт,
Дунёни қорларга кўмган эди ишқ.
Кўнгилларда фақат битта ширин байт:
“Сизни севиш керак ва яна севиш!”
Умид Алининг ҳассос сатрлари хаёлимга қуюлди. У билан илк бор биринчи қор ёққан оқшомда, атрофга мусаффолик ва соҳир сукунат инган фурсатларда танишган эдик. Журналистика факультетининг иккинчи босқичида ўқиб юрганимда дарсдан кейин телевидениеда ишлардим. Ёшларга бағишланган кўрсатув бошловчиси эдим. Бир куни янги йил байрамига аталган кўрсатувимизнинг монтаж ишларини бажариб қайтаётсам, метро бекатида икки йигит менга тикилиб турганини сездим. Йигитлар  “Ёшлар нигоҳи, ёшлар нигоҳи” деб пичирлаша бошлашди. Билдимки, улар кўрсатувимни кузатиб боришаркан ва мени таниб қолишди. Ғурурланиб кетдим. Демак, меҳнатларим зое кетмаяпти. Қулоғим ҳалиги йигитларда бўлса-да, атайлаб ўзимни бепарво тутиб туравердим. Йигитлар билан бир вагонга тушиб қолдик. Уларнинг кўз қарашларидан, гап-сўзларидан менда қандайдир ишлари борлигини пайқадим. Аммо, бегона йигитлар. Уларга эътибор бермадим. Манзилга етиб, метро бекатидан чиқаётганимда исмимни айтиб чақирган нотаниш овоз диққатимни тортди. Овоз келган томонга қарадим. Ўша йигитлар.
— Салом Лайлохон! Яхшимисиз? Биз кўрсатувингизни кўриб борамиз. Жуда ёқади... — Йигитлардан бири шошилиб-шошилиб гап бошлади. Унинг гапини бўлмай тингладим.
— Раҳмат...
— Айтмоқчи эдимки... — йигит бироз хижолатланиб дўстига қараб-қараб олди. — Айтмоқчийдимки, дўстим Отабек шеърлар ёзади. Агар маъқул келса уни кўрсатувингизга таклиф қилсангиз. — Энди йигитнинг ҳамроҳи хижолатдан қизариб кетганди.
— Яхши, қани, ёнингизда шеърларингиз борми? — Энди мен билан гаплашган йигитга эмас, унинг ўртоғига қараб сўрадим. Йигит қизаринқираб елкасига осилган портфелидан қалин дафтар олиб менга узатди. Унинг қўлидан дафтарни олдиму йигитларга узрли оҳангда гап бошладим:
— Узр йигитлар, кеч бўлди, энди ётоқхонага бора қолай. Эртага тушдан кейин телевидениега боринглар. Шеърларингизни ўқиб кўраман ва эртага жавобини айтаман. — Нотаниш ҳамроҳларимга гапим маъқул келди. Қўярда-қўймай ётоқхонамгача кузатиб келишди. Сўзамол, маҳмадана йигитнинг исми Иброҳим, шеър машқ қиладиган дўстининг исми Отабек экан. Йўл бўйи Иброҳим уёқ-буёқдан гапириб, мени саволларга кўмиб ташлади. Отабек эса ердан кўз узмай гапларимни тинглаб келар, гоҳ-гоҳида кўз қирини ташлаб ҳам қўярди. Ердаги оппоқ гилам — қорни босишдан иймангандек уччовимиз ҳам авайлаб қадам қўяр, кеча ҳам тўлин ойнинг нури ҳам қиш зийнатининг оқлиги билан нурафшон эдики, бир-биримизнинг чеҳрамизни худди кундуздагидек аниқ-тиниқ кўрардик. Ётоқхонамизга келгунга қадар йигитлар ҳақида билганим шу бўлди-ки, Иброҳим мен билан ҳамшаҳар, Отабек фарғоналик экан. Иккалови ҳам халқаро ҳуқуқ факультетида таҳсил олишар экан. Иброҳим менинг ҳам бухоролик эканимни билиб дўстига уни кўрсатувга албатта чиқаришга ваъда бериб қўйибди.
— Бухороликлар ҳамиша бир-бирини қўллаб-іувватлаб келган. Энди, Лайлохон мени ёлғончига чиқармассиз? — Иброҳимнинг эътирофидан кўнглим анча кўтарилганди. Саволига жилмайибгина бош силкиш билан жавоб берган бўлдим. Эртага тушдан кейин телевидениеда учрашишга келишиб, хайрлашдик.
            *  *  *
Куни билан ўқишда ғалати кайфиятда юрдим. Ишга борсам, кечаги тасодифий танишларим — Иброҳим ва Отабек метронинг чиқиш бекати олдида гаплашиб туришган экан. Уларни кўриб, кечаги ваъдам эсимга тушди. Болалар билан сўраша туриб, Отабекка узримни билдирдим:
— Узр, Отабек, кеча кун бўйи тик оёіда юриб анча толиққан эканман, ухлаб қолибман. Бугун шеърларингизни ўқиб чиқиб, газета таҳририятларида ишлайдиган курсдошларимга бераман. Аввал бир-икки нашрда ижодий машқларингиз босилиб чиқсин, ана ундан кейин кўрсатувга сизни таклиф қиламан.
— Раҳмат, сизга... — Отабек яна хижолатлик билан жилмайиб қўйди.
— Лайлохон, ишқилиб баҳоргача Оташ телевизорга чиқсин, хўпми? Мен ўртоғимни Наврўзда уйимизга — Бухорога олиб бормоқчиман. Қўни-қўшни Иброҳимнинг дўсти телевизорга чиққан, деб менга ҳавас қилсин, дейман. — Иброҳимнинг самимий ва беғуборлиги кўнглимни ийдириб юборди. Уларга кўпи билан бир ойнинг нари-берисида интервью уюштиришни ваъда бердиму, хайрлашдик. Йигитлар ортига қайтишди, мен ичкарига студияга кириб кетдим. Бугун монтаж ишларини бажаришим керак эди. Монтаж хонасига борсам, кўрсатув режиссёрининг иши чиіиб, келолмабди. Демак, монтаж кейинроққа суриладиган бўлди. Хонамга келиб, Отабекнинг шеърлар  қораланган дафтарни олиб, хушламайгина варақлашга тушдим. Аввал сатрларга шунчаки кўз югуртирар эканман, қаламкашнинг ғайриоддий ташбеҳлари, теша тегмаган ўхшатмалари, ҳассос қалбининг нақадар туйғуларга бойлигидан далолат беради. Мажбурият юзасидан ўқиш билан бошланган, мутолаа, менга кўтаринкилик бахш этиш билан ниҳояланди. Отабекнинг машқларида муҳаббат, севги, Ватан, она, дўстлик ва бошқа инсоний туйғулар ёшларга хос самимийлик ҳамда ҳали ҳеч бир ижодкорда учрамаган ташбеҳлар орқали ифодаланган эди. Очиғи, унинг шеърларини содда деб бўлмасди. Отабекнинг машқларини ўқиб, анча кўнглим равшан тортди. Аксарият ёш ижодкорлар, шунчаки ҳавас йўлида қалам тебратишади. Сатрлардаги дард ҳам, “оғриқ” ҳам юзаки. Кўнгилдаги кечинмаларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Фақат “вой-дод севаман, ҳозир ўламан. Бошқаси билан кетма”, қабилидаги ялинчоқлик, маъшуқаю ошиқдан раҳм-шафқат тиланиб ёзилган “илтижо”номалардан иборат. Ҳадеб оҳ уриш билан шеър бўлиб қолмайди-да. Агар шу гапни ўша ижодкорнинг ўзига айтсангиз, нақ балоларга қолишингиз аниқ... Ҳа, майли, ҳар ким қилса ўзига.
Ишдан ётоқхонага қайтдим. Фаррух исмли курсдошим газета таҳририятлардан бирида ишларди. Йўл-йўлакай курсдошимнинг хонасига кирдим. Яқинда ишдан қайтган экан, Отабекнинг дафтарини кўрсатдим. Унга шеърларни менинг олдимда ўқишини таъкидладим. Икки саҳифани ўқиб, Фаррухнинг кўзлари чақнаб кетди:
— Лайло, бунақа шоирни қаердан топдинг? Тўғрироғи, қаердан кашф қилдинг? Аммо сенга қойилман, яша! Газетанинг янги сонида “кашфиёт”ингнинг ижод намуналарини кўришга муваффақ бўласан.
— Чини биланми?! Раҳмат сенга ўртоқ. Ташаккур!
— Ҳа, намунча? Севгилингми дейман бу, талант? Худди ўзингни шеърларинг чиқадигандай терингга сиғмаяпсан? — Курсдошимнинг кутилмаган саволи ҳам ҳайратимни оширди, ҳам жаҳлимни чиқарди:
— Жиннимисан?! Кўрсатувда чиқиш нияти бор экан, шунга аввал шеърлари газета-журналларда чиқсин дегандим... Тавба. — Жаҳлим чиққанини кўриб Фаррух хижолат бўлди:
— Ҳа бўлди-е, нима севиш айб ишми? Ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими сен билан? — Уни кечирганимни билдириш учун жилмайиб қўйдиму, хайрлашиб хонамга кўтарилдим.
Қўл телефонимни қувват тўлдиргичга қўйиб ухлагандим, уч марта қўнғироқ бўлибди. Бир марта Иброҳимнинг рақамидан, кейингилари эса Отабекдан экан. Уяли алоқа воситасини қўлимга олиб ўйланиб қолдим: “Қайтариб қўнғироқ қилсаммикин? Бемаҳалда телефон қиладиган қанақа қиз экан дейишмасмикин? Қўнғироқларимизга жавоб бермади, кибр-ҳавоси баланд қиз экан, деб ўйлашаётгандир-да... Э, нима бўлса бўлар қўнғироқ қиламан”. Шу хаёлда рақамлар тердим. Иккинчи чақириқ охирига етиб-етмай жавоб келди:
— Ассалому алайкум, Лайлохон. Оқшом хайрли бўлсин.
— Ваалайкум салом. Раҳмат. Ўзингизга ҳам... Узр, қўнғироқ қилганингизда дугонамнинг хонасида эдим. Эшитмай қолибман...
— Мен нотаниш рақам, деб кўтармадингиз дебман. Кейин Иброҳимга телефон қилиб кўришини айтдим...
— Ҳа... Бизнинг ҳамюрт омонми? Саломимни етказиб қўйсангиз.
— Улар ҳам сизга салом деяптилар.
— Саломат бўлсинлар. — Бир муддат гўшаклар узра сукунат шабадаси эсди. Кейин жимликдан хижолат чеккан Отабек секин гап бошлади:
— Лайлохон, бизнинг қораламаларни кўришга вақт топдингизми? Агар сир бўлмаса, уларнинг тақдири билан қизиқаётган эдим...
— Шеърларингиз ниҳоятда таъсирли, ўхшатишларингиз ғоятда гўзал. Менга маъқул келди. Таҳририятда ишлайдиган битта курсдошимга тавсия қилдим, яқин кунлар ичида газета саҳифаларида босилиб чиқади...
— Раҳмат сизга... Жудаям хурсанд бўлдим.
У билан шеърият, адабиёт борасида ярим соатга яқин суҳбат қурдик. Мулоҳазаларимиз деярли мутаносиб келар, бу ҳол бизни бир-биримизга янада яқинлаштирарди. Шу тун аллақандай ширин ҳислар алласида уйқуга кетдим...

            *  *  *
...Шундай қилиб Отабек билан орамизда илиқлик уйғонди. У кўрсатувимнинг биринчи кузатувчиси ва танқидчисига айланди. Бир кун бир-биримизнинг дийдоримизсиз вақт ўтиши маҳол эди. Аҳду паймон қилдик. Муҳаббатимизни кўз қорачиғидай асраб-авайламоққа унинг соясида бир умр шодумон ва бахтиёр ҳаёт кечиришга ваъдалашдик. Ота-оналаримиз ҳам муносабатларимизни қўллаб-қувватлашди: “Сизлар бахтли бўлсангиз, бўлди...”
Ўзимга шу қадар ишонардимми ёки муҳаббатимга нисбатан эътиборсизлик қилардимми хуллас, Отабек кейинги пайтларда менинг меҳримга кўп муҳтожлик сезаётганини таъкидларди. Муҳаббатнинг қалови — меҳр, эътибор ва қадр экан. Яна самимият ҳам зарур экан севги учун. Сўнгги кунларда Отабек билан муносабатларимизда мен томонимдаги самимият йўқолиб бораётган эди.   
            *  *  *
...Акмал ҳаётимга қандай кириб келганини билмай қолдим. Энди у Тошкентга тез-тез келиб турар, ақлли-ақлли гаплари билан кўнглимга йўл топадиган бўлди. Қимматбаҳо совғалар, бежирим гулдасталар... Севги изҳорлари... Унинг таклифидан бошим айланиб, қандай жавоб беришни билмай юрган кезларим Отабек Лондонга ўқишни давом эттириш учун борадиган бўлди. Хайрлашиш учун ёнимга келган севгилим ўз маҳбубасининг қиёфасида бутунлай бошқа қизни кўриб ҳайратдан ҳуши учаёзди:
— Лайло, мен Англияга кетяпман, кўпи билан бир ойнинг нари-берисида жўнаймиз. Хуллас биринчи апрелдан ўша ерда бўлишимиз керак. Ёзда уйдагилар боришади. Оқ ўраб келишсин, мен шароитга қараб, ўқишдан жавоб сўраб келаман. Худо хоҳласа, тўйни ҳам ўтказамиз.
— Бораверинг-чи, тўй бир гап бўлар... — Унинг гаплари биринчи бор менга ёқмаётган эди.
— Тушунмадим, нимага бир гап бўларкан? Ахир, бу йил ўқишни тамомлаяпсиз. Совчилар келаётгандир. Мен қўл қовуштириб ўтираманми? Қолаверса, уйдагилар ҳам мени тезроқ уйлантириш ниятида юришибди...
— Ҳа, хўп, мен бирор нима дедимми?
— Йўқ, ҳеч нима демаяпсиз, аммо сиз ниҳоятда ўзгариб кетгансиз. Қаранг авваллари дийдор онларини интиқ кутиб, ҳатто мендан олдин айтилган жойга борардингиз. Кейинги пайтларда эса...
— Уфф... яна бошланди... Ишларим кўп, вақтим кам...
— Лекин илгарилариям ишларингиз кўп эди... Ҳозиргидай эътиборингизга зориқтирмасдингиз...
— Вой дод! Мени биласизу, туйғуларимни очиқ-ойдин ифода этолмайман. Энди ҳар бир ишимдан бир нима излайверманг.
— Майли, Лайло... Сизни Худога топширдим. Ўзингизни эҳтиёт қилинг... Сизни жонимдан ортиқ кўраман... Муҳаббатим тумордай авайласин сизни. Омон бўлинг. Негадир кўнглим ғаш... ҳали хайрлашиш учун яна келаман. Балки Иброҳим билан мени кузатгани чиқарсиз? — Илтижоли нигоҳларга дош беролмадим:
— Албатта...
— Кўришгунча, Лайло...
— Омон бўлинг... — У кетди. Юрагим эса бўм-бўш ҳувиллаб қолди. Менга нима бўляпти ўзи? Ахир Отабекни жон қадар севаман-ку?! Нега унга бунчалар совуқ муносабатда бўламан? Билмадим... Баъзан ўйланиб қоламан, Отабек узоқ вилоятдан. Бегона жойларда қийналиб қолмасмикинман? Акмал ўзимиз томонлардан, бунинг устига анча ўзини тутиб олган, бадавлат йигит. Унга турмушга чиқсам, ҳеч нарсага зориқмайман, ҳеч нимага эҳтиёж сезмайман. Отабек-чи... Эҳ, билмадим...
...Тўйга бир ҳафта қолган кунлар эди, мен ўз ташвишларим билан бандман. Гўё, абадий қасрга малика этиб тайинланаману, бир умр бошимдаги тош зарридан ҳаётим мунаввар бўлиб туради. Бахтдан бошим айланиб, ўзимни еру осмоннинг ўртасида беташвиш учиб юрган қушдай енгил сезаман. Аммо... Аммо юрагим ғаш, гўёки совун кўпигидек тошиб кетаётган бахтим бир зумда ёрилади-ю... Мен ҳаммасидан мосуво бўлиб қоламан... Йўқ! Акмал ака мени севади. Ота-онаси ҳам мени келин қилишаётганидан мамнун... “Акмал сени севади?! Майли, сен шундай деб ўйлайвер, лекин сен-чи, сен уни севасанми?! Ё бойлик, ҳашамат ва дабдабали ҳаёт учун, юрагинг ва муҳаббатингни тикиб юбордингми?!..” Бу ниманинг ёки кимнинг овози?! Нега ҳар сафар Акмал акамга турмушга чиқаётганимни ўйласам шу товуш мени калака қилгандай бўлади? Нега? Балки бу овоз, Отабекнинг товуши билан тилга кирган виждонимнинг озорларидир?.. Отабек... У мендан қаттиқ нафратланар... ҳали тўйим бўлаётганидан ҳам бехабар эди. Хабар топса ҳоли не кечади?! Мен нималар қилиб қўйдим?!  Тўйдан олдин Иброҳимни кўриб қолдим. Ёлғончи кўзларимни ундан ҳарқанча олиб қочишга  уринмай, барибир ўқдай нигоҳлар таъқибидан қутулолмадим.
— Лайло, нималар қилиб қўйдингиз?! Ахир Отабек билан севишардингиз-ку?! Энди унга нима дейсиз?! Кўнгил кишисисиз, кўнгил билан ўйнашиш қанчалик гуноҳ эканлигини биласиз-ку?! Лайло, сиз хато қиляпсиз, қаердаги бир олиб сотар, бозорчи илм қадрини, ўқимишли қиз қадрини қаердан билсин?! — Унинг гаплари нечоғли аччиқ ва заҳаролуд бўлмасин, айни ҳақиқат эди.
Мен барибир билганимдан қолмадим. Кўнглим қон йиғлаб турса-да, ўзимни бахтли кўрсатишга уриндим. Нафақат бахтли кўрсатишга, балки чинакам бахтиёр бўлишга тиришдим. Бироқ... Кўнгил деганлари ҳашамату давлат билан саодатга эришолмас экан...
            *  *  *

...Ҳа, ҳаётимнинг энг зулмат, энг қора кунлари... Улардан қолган жабру жафоларни умрбод тортсам, адо бўлмайди. Эслагим келмайди, қўрқинч туш каби ўйларимни даҳшатга маҳкум этадиган ўша машъум кунларни...
Отабекка нима деб жавоб йўлласам экан? Аслида унга бирор нима дейишга ҳам бетим чидамайди. Тўрт йил ўтди орадан. У магистратура таҳсилини ҳам Англияда ўқиб, ўша ерда ишлаб қолибди. Ажрашганимни эшитиб не кўйга тушган экан... Яна хиёнатим хиёнат билан тақдирланганини ҳам Иброҳим гапириб бергандир. Уч ойлик келинчак эрининг Тошкентда хотини, икки қизи борлигини, ҳаттоки бундан қайнонаси ҳам хабардорлигини эшитиб, алданганини, бахт билгани сароб чиққанини билиб, бир сўз демай эгнидаги кийими билан эр уйидан қайтганини эшитиб хаёлидан нелар кечган экан-а?...
Эҳ, ҳаёт, ҳаёт... Мен нима учун бу аҳволга тушиб қолдим? Нега?..  Ҳаётдан, яшашдан кўнглим совуди. Аламимни ишдан оламан. Эшитишимча, ўғли билан ажрашганимиздан сўнг қайнотам юрак хуружидан вафот этибди. Раҳматли яхши одам эди. Акмал билан онаси уни одам ўрнида кўрмасди... Улар ҳеч кимни одам сифатида кўришмас экан...
Ўйлаб-ўйлаб, Отабекнинг хатига у севган, мен севган буюк рус шоири Лермонтов шеъриятининг ёрқин сатрларидан парча келтириб жавоб йўллашга қарор қилдим:
Алвидо! — Биз бошқа ҳеч учрашмаймиз,
Бир-биримиз-ла қўл сиқишмаймиз ҳам.
Алвидо! — Юрагинг эркиндир ҳадсиз...
Аммо бахт излашни беради барҳам...
...Ажрашдик...
Лекин аксингни бирдай
Сақлаб келмоқдаман сийнамда ҳамон
Гўё яхши кунлар хотирасидай
Дилга бағишлайди шодлик армуғон...
Шеърий сатрлар сўнггида мана бу жумлаларни ҳам қўшиб қўйдим: “Отабек ака, илтимос, энди мени бошқа безовта қилманг. Иккимиз учун ҳам шуниси маъқул... Мажнунсиз шўрпешона Лайло...” Мониторда “хатингиз юборилди”, деган ёзув кўринди. Негадир ўпкам тўлиб, томоғимни тўрт йиллик изтиробларим тутуни бўғиб қўйди. Ўксиб-ўксиб йиғладим... Хонамнинг деразасига ҳам осмон кўз ёшлари — ёмғир шитирлаб урилар, менга ҳамдардлигини билдираётган табиат қоп-қора қалин булутлар соясида мунғайиб турарди...


Умида АЗИЗ

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ