1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Кўзларингга чўкиб кетсайдим...”

Ўшанда тўртинчи курсда ўқирдим. Бухородан, Тошкентга ўқишимга қайтаётгандим. Автобусда тўсатдан бир қизнинг тоби қочиб қолди. Олдинги ўриндиқда ўтирганим учунми қизнинг қачон, қайси бекатдан автобусга чиққанини кўрмагандим. Балки эътибор бермагандирман, хуллас, қиз бир амаллаб ҳайдовчининг олдига келиб, ундан автобусни тўхтатишини, негадирмазаси бўлмаётганини айтди. Автобус тўхтаган заҳоти қиз ташқарига отилиб йўл четида қайт қила бошлади. Жиззах шаҳрига боргунимизга қадар қиз беш-олти марта автобусни тўхтатиб, пастга тушди. Охири ранги кўкариб, букчайиб олган эди, унга раҳмим келди. Назаримда, Тошкентга етиб боргунимизча унга бирор гап бўлиши мумкиндай эди. Шартта автобусдан тушдиму, такси тутиб қизни яқин орадаги шифохонага олиб бордим. Кўричак бўлган экан, зудлик билан уни  операцияга тайёрлашга тушиб кетишди. Јиз ҳушидан кетган, мен эса ҳатто унинг исмини ҳам билмасдим. Сумкасини очиб ичидаги ҳужжатларини қараб кўрдим. Яхшиям, ёнида паспорти, талабалик гувоҳномаси бор экан. Исми Чарос бўлиб, ўзи навоийлик экан. Талабалик гувоҳномасини очдим. Университетимизнинг ҳуқуқ факултетининг биринчи курсида ўқиркан.
Орадан бир соатдан ошиқроқ фурсат ўтиб қизни операцияга тайёрлаган ҳамшира олдимга келди:
— Яхши кўрган қизингизми? Қаранг-а, ўзиям улгурибсиз-да. Бўлмаса, — қиз лабини қимтиб қўйди, — севгилингиздан айрилиб қолишингиз аниқ эди. Кўричаги ичида ёрилиб кетган экан.
— Ўзи яхшими? — Шоша-пиша тилимга келган жумла шу бўлди. Ҳамшира қизнинг аҳволи яхшилигини, бирор соатдан кейин кириб кўришим мумкинлигини айтди. Унгача яқин ён-атрофдаги дўконлар майда-чуйда харид қилдим. Қизнинг ёнига киритишди. Ранги оқариб кетган, лаблари қуруқшаётган қиз менга кўзи тушиб миннатдорона жилмайиб қўйди. Мен эса... шу топда унинг кўзларига маҳлиё бўлиб қолган эдим. Гўё кўм-кўк мовий денгиз қаршисида тургандекман. Бир муддат идроксиз қолган шууримга фақат бир сўз келарди: «Исми жисмига монанд экан...» Ўшандаёқ уни севиб қолдим...
Шу даражада яқинлашиб кетдикки, бир куни бир-биримизни кўрмасдан туролмасдик. Мен унга фақат “Кўзларингга чўкиб кетсайдим” деб ҳазил қилардим. Соатлаб Чароснинг гўзал кўзларига термулиб тўймасдим. Назаримда ҳар сафар дийдорлашганимизда, унинг яна бир гўзаллигини кашф қилгандай бўлардим.
Ўқишни тамомлаш арафасида эдим. Турган гапки, бизда йигитнинг талабалик чоғлари тугар-тугамас уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолишади. Бизникилар ҳам кунда кунора қўнғироқ қилиб бошимни иккита қилиш ниятида эканликларини айтишарди. Чаросга бу ҳақида гапиришга чоғланардиму... Аллақандай хавотир ва қўрқув мени фикримдан қайтарарди. Битириш имтиҳонларидан сал олдинроқ уйга борганимда ота-онам масалани кўндаланг қўйишди:
— Холангни қизига унашиб қўяйликми ё кўз остингга олиб юрганинг борми? Бугун-эрта ўқишинг ҳам тугайди, уйланишинг керак. Сен тенггилар аллақачон уйланиб, бир-иккита болали ҳам бўлишган.
Уларнинг гапини эшитиб ичимдан зил кетдим. Бир томонда ўқишни давом эттиргим бор, қолаверса Чаросдан ҳам айрилгим йўқ, лекин унинг ўзи билан гаплашмай туриб ота-онамга нима дейман?!
— Жавобини Тошкентга боргач, икки-уч кундан кейин айтсам ҳам бўладими? — Секингина уйдагилардан сўрадим.
— Майли, яна бирор ҳафта сенга муҳлат. Аммо билиб қўй, агар уни буни баҳона қиладиган бўлсанг, индамай холангни қизини унашиб келаверамиз!
Ана шундай қатъий шарт билан пойтахтга қайтдим. Энди қандай қилиб бўлса ҳам Чарос билан гаплашишга аҳд қилгандим...
Уч ойдан бери Чарос билан яқин бўлиб, гаплашиб юриб ундан бир мартагина ҳам ота-онаси, оиласи ҳақида сўрамаган эканман. Нимага сўрамаганимни ҳеч тушунолмайман. Ўзи ҳам бир оғиз индамабди. Ёки ана шу оиласи сабаб айрилиғимиз муқаррар бўлишини беғубор кўнгли сезганмикин?!..
Севгилимдан менга турмушга чиқишини, агар у рози бўлса уйига совчи йўллашимни айтганимда, у чарос кўзларини ерга тикканича бир сўз демай, унсиз ёш тўка бошлади. Тим қора, шаҳло кўзлардан томаётган томчилар боисини аниқ англамаган бўлсам-да, кўнглим аллақандай нохушликдан титраб кетди...
— Жонибек ака, мени унутинг. Биз, тўғрироғи мен оилангизга муносиб эмасман... Биз бирга бўлолмаймиз... Уйингиздагилар мени қабул қилишмайди...
— Нега?! Нима учун?! Сабаб?! — ҳаяжон ва алам устида Чаросни саволларга кўмиб ташладим.
— Мен... ота-онамдан жуда эрта етим қолганман. Уларни аранг эслайман. Чамамда уч-тўрт ёшларда эдим. Боғчада ота-онамни кечки еттиларгача кутганман. Охири қоровул тарбиячиларимизга қўнғироқ қилиб уй манзилимизни сўрабди ва мени велосипедига ўтқазиб уйимизга олиб келади. Уйимизда эса... талотўп, йиғи-сиғи, менга укача олиб келиш учун кетган онагинамдан ҳам, чақалоқдан ҳам айрилиб қолишгани учун ҳаммалари карахт бўлиб қолишган, ҳатто мени ўзини ўзи эплолмайдиган гўдакни боғчадан олиб келиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлида бўлмаган...  Дадам онамни қаттиқ яхши кўрган эканлар. Икковлари бир маҳаллада, қўшни, бирга улғайишган, мактабда бирга ўқиб аҳду паймонлар қилишган экан... Онамнинг қазосидан кейин дадам кўп ичадиган бўлиб қолибди. Катталарнинг гапи ҳам кор қилмас, ишидан ҳам бўшатиб юборишган экан. Ичавериб-ичавериб ақлдан ҳам озиб қоладилар. Шундан кейин дадамни руҳий хасталиклар касалхонасига ётқизишади. Мен эса ҳали бир аммамникида, ҳали бир холамникида, амакиларимнинг уйида келинойиларимнинг оёғи остида хорланиб юрардим. Биласизми, Жонибек ака, мен учун ягона юпанч, овунч — китоб эди. Кўп ўқиганим сари ғамлардан узоқлашардим, тортаётган азобларимдан чалғирдим. Шу сабабли ҳам мактабда аъло баҳоларда ўқиганман. Мен учун қайғулардан йироқлашишнинг энг осон йўли ўқиш ва катта одам бўлиш эди гўё. Хуллас, учинчи синфдалигимда дадамдан ҳам айрилиб қолдик. Кейин менинг сарсон-саргардонликдаги аянчли кунларим бошланди. Холамникига борсам, поччам сиғдирмади, тоғамникига ё амакимникига борсам янгалар рўйхуш бермади. Бобо-бувиларим ҳам қариб, ота-онамнинг ғамида адо бўлиб, букчайиб қолишган. Ўз болаларига мутеъ бўлиб қолган шўрликлар менинг ёнимни олишга ҳам ожизлик қилишарди. Болалигимнинг қора кунлари бирин-кетин ортда қолиб, ўсмирлик остонасига қадам қўя бошладим. Ўша пайтлари иқтидорли ўқувчилар учун лицей-интернатлар, гимназия мактаблар ташкил қилинаётган эди. Бир ўқитувчимизнинг маслаҳати билан туманимиз марказидаги лицей-интернатга ҳужжат топширдим ва қабул синовларидан муваффақиятли ўтишга эришдим. Кейинги ҳаётим фақат ўша жонажон интернатим билан боғлиқ. Тўғри у ерда ҳам менинг изтиробзада кўнглимга озор берганлар бўлди, аммо энг муҳими мен лицейда яхши ўқиб келажагим пойдеворини қўйишга муваффақ бўлдим.
Ҳозир фарзандларининг ғамида адо бўлаёзган буви- буваларим ҳам қазо қилишган. Мен баъзи-баъзида  ота-онамни туш кўрсам, Навоийга, туғилиб ўсган гўшамга бориб тураман. Аммо бирорта қариндошларимизникида тунай олмайман. Чунки улар Тошкентга ўқишга келишимга қаттиқ норозилик қилишганди. Уларнинг қаршилигига қарамай, мақсадимдан қайтмаганим учун мени... бузуққа чиқаришган. Ҳатто, “ота-она тарбиясини кўрмагани учун, юз-кўзи очилиб, бузилиб кетди” деган маломатни овоза қилишган. Шундай қилиб, бошимдан ўтган қора кунларнинг қисқача тафсилоти ана шулар. Гап-сўзингиздан обрўли, ўзига яраша савлати бор оиланинг фарзанди кўринасиз, Жонибек ака. Оила, ота-она тарбиясини кўрмаган, қариндош уруғининг тайини йўқ, борлари ҳам номига қора чаплаган қизни ота-онангиз икки дунёда ҳам келин қилишмайди. Шундай экан, келинг, бир-биримиз билан яхшиликча хайрлашайлик. Ўзимизни ўзимиз қийнаган билан ҳеч нимага эришолмаймиз...  
Унинг гапларини эшитиб ҳайкал бўлиб қолдим. Бу муштипар қизнинг бошидан шунча кўргуликлар ўтгани каммиди?! Энди муҳаббат изтиробларига ҳам рўпара келадими?! Чиндан ҳам ота-онамга қандай тушунтираман?! Улар тушунишни исташмаса-чи? Чаросни севаман, ҳали бирорта қиз кўнгил уйимни унингдек чароғон қилган эмас, аммо... Фақат севгимнинг ўзи бирга бўлишимизга етарли бўлармикин?!
Чароснинг маҳзун ҳикоясини тинглаб бўлгач миямда шу ва шунга ўхшаш хаёллар ғужғон ўйнай бошлади. Наҳотки ўзим севган, муниса, муштипар бир қизни аро йўлда ташлаб кетолсам!? Унда нима қилиб муҳаббат ҳақида ўй суриб, хаёл қилиб юрибман!?..
— Бунақа гапларни қўйинг, Чарос. Мен сизга уйланаман! Сиздан бошқаси керак эмас! Ота-онам сизни қабул қилмаса... уйдан бош олиб кетаман.
— Йўқ, йўқ Жонибек ака! Ундай қилманг. Мени деб ота-онангиз, яқинларингиздан айрилманг. Бу менинг тақдирим, демак ҳар қанча қийинчиликни ўзим тортишим шарт! — Муштдеккина жисм ичидан чиққан қатъият тўла бу ҳайқириқ кўзларимни ёшлади. Биринчи бора беихтиёр севгилимни бағримга босдим...
Сессия ва давлат имтиҳонлари сабабли анча пайт учрашолмай қолдик. Бир куни охирги имтиҳонимни аълога топшириб, хурсандчилигимни Чарос билан бирга баҳам кўриш учун уни излаб ётоқхонасига бордим. Коммендант аёл имтиҳонлар тугаб талабалар уйига кетишганини, Чарос эса оилали талабалар яшайдиган ётоқхонада туриб ишлаётганини айтди. Аёл айтган жойга борсам Чарос ҳали келмаган экан. Бир ўзи турса яхши бўлибди, бозорга тушиб бозорлик қилиб келаман. Қайтгунимча Чарос ҳам келиб қолади, деган хаёлда бозорга қараб кетдим. Ҳақиқатдан ҳам бозордан қайтгунимча Чарос келибди, энди кийимларини алмаштириб овқат қилмоқчи бўп турган экан. Бир-биримизни кўриб роса суюндик. Бакалавр таҳсилини тугатганим билан табриклади. Унга харид қилган нарсаларимни тутқаздим:
— Чаросхон, келинг бир қўл бола ош дамлаб бугун иккимиз ўқишни тамомлаганимни ювайлик.
— Майли-да, фақат ошим ўхшамаса, мендан ўпкаламайсиз.
Чарос шундай деб маҳзунгина жилмайиб қўйди. Иккимиз палов масаллиқларини тайёрлашга тушдик. Гап орасида Чароснинг қайсидир фирмада кичкинагина лавозимда ишлаётганини билиб олдим.
— Ҳозирча шу-да, Жонибек ака. Ахир, эндигина биринчи курсни тамомлаган талабани ишга олишганига ҳам шукр, — деди у мамнун бўлиб. Ўзини хурсанд тутишга уринмасин, барибир менинг ўқишим тугагани, энди бу учрашувимиз сўнггилигини ўйлаб ич-ичдан эзилиб кетаётгани маълум эди. Ўзимда ҳам шундай ҳолат эди. Аммо бир хаёлим магистратурани шу ерда ўқисамми, деган ўйга ҳам тортарди-ю, дадамнинг хоҳишларига қарши иш тутолмаслигимни билиб ўкинардим. Улар магистратурани хорижда ўқишим учун барча имкониятларни тахт қилиб бўлган эдилар.
Ош дамладик. Дастурхон тузадик. Чарос бир зумда шакароб тайёрлади, ошни чиройли қилиб сузиб келди. Иккимиз ҳам кун бўйи роса очқаган эканмизми, иштаҳа билан паловхўрлик қилдик. Алламаҳалгача гаплашиб, дардлашиб ўтирдик. Иккимизга ҳам уйқу бостириб келаётганди-ю, негадир бир-биримиздан айрилгимиз йўқ эди. Мени қайтгим келмасди, уни қўйворгиси йўқ эди.
Туни билан юлдузларга термулиб, суҳбатлашиб ўтирдик. Гапимиз ҳеч тугай демасди. Унинг кўзларига қараб, бу ёруғ дунёда мени деб яшаётган, фақат менинг борлигим учунгина лабларида табассум ўйнайдиган қиз мавжудлигини ўйлаб юрагим энтикиб кетарди. Беихтиёр севгилимнинг қўлларидан тутдим:
— Чарос, ягонам, менга турмушга чиқасизми? Сизни бошимда кўтариб юраман, деб осмон-осмон ваъда бермайман. Аммо йигитлик ғурурим ҳаққи қасам ичиб айтаманки, то ҳаёт эканман, кўзингиздан бир томчи ёш оқизмасликка ҳаракат қиламан!
Гапларимни эшита туриб, Чароснинг киприкларидан икки томчи ёш думалаб, анор ёноқларини нам қилди:
— Жонибек ака, мени тўғри тушунинг. Илтимос, мени деб оилангиз, ота-онангизнинг кўнглини ранжитманг. Ота-она меҳрига интиқ ўсганим учун, ота-онасининг дилини оғритганларни кечирмайман! Сиз томондагилар мени ҳеч қачон оилаларига қабул қилишмайди. Менинг қариндошларим эса аллақачон кимларгадир мени ваъдалашиб қўйган ҳамдирлар. Ота-онаси йўқнинг кўрган куни қурсин экан...
— Сиз куюнманг, мен субутсиз, бевафо эмасман. Биз албатта бирга бўламиз.
Бу гапларни Чаросга шунчаки таскин ёки ўзимга ишонтириш учун айтмадим, балки чиндан ҳам уни севардим. Ҳаётимда ҳеч бир қиз унингчалик кўнгил уйимни обод этмаганди. Йўлимизда ҳали кўп тўсиқлар борлигини сезиб турган бўлсам-да, негадир кўнглим хотиржам эди.
Ўша учрашувимиздан кейин Чарос одамови, камгап бўлиб қолди. Ҳатто мен билан ҳам аввалгидек очилиб гаплашмас, ўзини олиб қочадиган одат ҳам чиқарди. Чет элга жўнашим аниқ бўлган куни уни излай-излай  аранг ишхонасидан топиб олдим. Кетаётганимни эшитиб, “яхши бориб келинг, хайр” деган бўлди, холос. Бошқа индамади. Унга уни севишимни, ўқишни тамомлаб қайтганимдан сўнг албатта тўй қилишимизни айтдим. Чарос сўзсизгина заҳарханда билан кифояланиб қўя қолди. Унинг ҳеч бунақа одати йўқ эди. Ҳайрон бўлдим. Нега бунақа ўзгариб қолди?! Ахир мен уни алдаш учун, таҳқирлаш учун танишмагандим-ку?! Бу саволларимга жавоб тополмасдим. Қарама-қарши ўй-хаёллар гирдобида уйга қайтдим. Бу ерда ҳам мени дилсиёҳлик кутиб турган экан. Кўз остимга олиб қўйган қизим бор-йўқлигини сўраган ота-онам, каловланиб, қандай жавоб қилишимни билолмай турганимдан фойдаланиб холамнинг қизига мени унаштиришаётганини маълум қилишди! Қотиб  қолдим. Энди нима қиламан?! Ахир уёқда Чарос нима бўлади?! Ахир у мендан умидвор бўлмаса ҳам, мени севиши, мендан ўзгасини ҳаётида тасаввур қила олмаслиги  юз-кўзидан маълум-ку! Етимни йиғлатиб, кўнглини чўктириб қандай бахт топаман?! Ўзимнинг кўнглим-чи, уни қандай алдайман. Биламан, ота-онам молу дунёмиз бегонага ўтиб кетмасин, деб ёлғизгина ўғилларига қариндошидан келин қилишяпти. Аммо қалбимни нима деб овутаман?!
Ота-онамга бир сўз деёлмасдим. Уларнинг жаҳли ёмон, қолаверса болалигимиздан бизга катталарнинг бир сўзини икки қилмаслигимизни уқтириб келишган. Дардим ичимда, ўз ёғимга ўзим қоврилиб юравердим. Унаштириш маросимидан кейин мени хорижга жўнатиб юборишди. Келишув бўйича таътилга келганимда тўй қилишимиз керак эди...
  Германияда ўқиш менга татимасди. Ҳар куни электрон почта орқали Тошкентга, Чаросга мактуб йўллардим, аммо жавоб келмасди. Қўнғироқ қилишнинг  ҳам ҳеч имкони йўқ. Нуқул тушларимга кириб чиқар, эгнида келинлик либоси, лаблари кулади-ю, кўзларидан ёш оқиб менга тескари қараб кетади. Баъзан оқ ҳарир келинлик кўйлаги ўрнида қоп-қора кийим билан келин салом қилаётган бўлади. Уйғониб юрак-бағрим эзилиб Чаросни ўйлайман, мактуб ёзаман. Дарак йўқ. Олти ой азоб ичида ўтди. Ундан жавоб келмагач мактуб йўллашни ҳам тўхтатдим. Бора-бора ўзимни қўлга олишга, ўқишга эътиборимни қаратишга тиришдим. Ўзимга ўзим: «Мен уни алдаб ташлаб кетмоқчимасдим-ку, уни севаман. Ўзи мендан ўзини олиб қочди. Майли ихтиёри. Нима бўлганда ҳам уни севаман», дея таскин берган бўлдим.
Магистратура босқичининг дастлабки таҳсил йили ҳам охирлади. Мен хавотир ва қўрқув билан уйдан бўладиган қўнғироқни кутардим. Чунки уйдагилар ёз ойларига тўйни мўлжаллашаётган эди. Лекин ҳадеганда тўйнинг хабарини айтишмас, телефон орқали гаплашганимизда ҳам ҳол-аҳвол сўрашиш ва оиламизга аҳамияти бор-йўқ янгиликлардан гаплашишарди-ю, мени ваҳимага солган тўйдан ҳеч гап очилмасди, ҳартугул. Ана-мана дегунча чет элда ўқиш муддати ҳам охирлади. Юртга қайтар фурсатлар ҳам яқинлашди. Тошкент аэропортида кўзларим аланг-жаланг кимнидир қидирарди. Тўғрироғи, Чаросни изларди интизор нигоҳларим. Гўё у қайтишимдан хабар топгану мени кутиб олиш учун истиқболимга ошиққан. Ўзбекистон ёзидек гўзал, мафтункор фасл дунёнинг ҳеч бир гўшасида меҳмон бўлмаса керак. Осмон мусаффо, қуёш аямай ўз нурларини сочмоқда. Кишилар юз-кўзидаги мамнунлик, эзгуликка интилиш ҳаётга муҳаббат уйғотади кўнгилда. Бир муддат чор-атрофга илҳақлик билан қарадим. Йўқ, мен излаган, мени кутган ҳеч ким йўқ эди. Уйдагиларга ҳам келишим ҳақида хабар бермагандим, кириб боришим кутилмаганда рўй берса, завқи бошқача бўлади, деб. Юк халтамни елкамга осиб ташқарига чиқдим. Хаёлимга келган фикр, ўзим таҳсил олган университетнинг талабалар ётоқхонасига бориш бўлди. Таксига ўтириб талабалар шаҳарчасига йўл олдим. Биров, бу ердан кимни излайсан, сен билан бирга ўқиганлар аллақачон қишлоғига, шаҳрига кетиб бўлишган бўлса, қолаверса, ҳозир айни ёз чилласида ҳамма таътилда, соя-салқинда мазза қилиб дам олишяпти, демайди. Юрагим ҳапқириб, соғинчдан энтикиб кетяпман. Гўё икки йил олдинги оилали талабалар ётоқхонасида мунисгина жилмайиб Чарос мени кутаётгандай эди.
Университетмизга таалуқли барча ётоқхоналарни бирма-бир қидириб чиқдим. Чаросни топиш имкони бўлмади. Уни талабалар шаҳарчасида учратолмасам керак, деган тушкун ўй юрак-бағримни ўртаб ортга қайтишга чоғланаётганимда оқ-сариқдан келган, дуркунгина қиз мени тўхтатди:
— Саломалайкум, сиз Жонибек акасиз-а?
— Ваалайкумсалом, ҳа, мен Жонибекман, — қизни қаердадир кўргандай эдиму аммо ҳеч эслаёлмасдим.
— Менимча, сиз Чаросни излаётгандирсиз?
— Ҳм... — Аъзойи баданимни ширин энтикиш ва титроқ эгаллади.
— У ҳозир ётоқхонада яшамайди.  Туман судида котиба бўлиб ишлаяпти. Ҳозир ишхонасига яқин бир жойда бир ўрис кампирникида ижарада яшайди.
Кейинги жумладан ҳайратим ошди:
— Ижарада туради?
— Ҳа, — қиз маъноли жилмайди. — Чароснинг бошидан кўп кунлар ўтди, хабарингиз йўқ,  шекилли?
— Турмушга чиқдими? — Тилимга келган аҳмоқона савол шу бўлди.
— Сал қолишига сал қолди, — қиз яна мужмал жавоб бериб, сирли кулиб қўйди.
— Илтимос, очиқроқ гапиринг, синглим. Мен икки йилдан бери хориждаман. Чаросга мактуб ёздим, қўнғироқ қилдим, аммо ҳеч бирига жавоб бўлмади. Ҳозир ҳам уни излаб келяпман.
— А-ҳа, тушунарли! Бирам Ғурурли-ки, севгилингиз. Хуллас, қариндошлари уни бир одамнинг ўғлига унаштиришмоқчи бўлишибди. Аввалига келинойилари ҳалиги тўнка йигитни Чаросга хўп мақтовини келтирибди. Бечора дугонам, “Ҳа майли, тоғаларим, келинойиларим ота-онам ўрнида менга меҳрибонлик қилишяпти. Барибир кимгадир, турмушга чиқишим керак”, деган хаёлда розилик бериб юборибди. Кейин дугоналари орқали сўраб суриштириб билишса, йигит ўлгур бундан анча йиллар олдин Россияга ишлагани бориб ўша ерлардан бир суюқоёқ хотинга уйланиб олган экан. Ота-онаси чимилдиқ кўрсин, деб бир етим қизни куйдиришмоқчи экан, тағин. Ёшиям денг, сал кам бувам тенги экан. Бу гаплардан хабар топган дугонам, ҳайё-ҳуйт деб қишлоғидан бош олиб чиқиб келди. Ҳозир судда ишлаяпти, котиба бўлиб. Ана шунақа, поччажон!
Қиз жуда қувноқ, шаддот экан. Бир зумда дунёларимни остин-устин қилиб ташлади. Ундан Чароснинг манзилини олиб, ўша томонга йўл олдим. Ширин орзулар оғушида қиз берган манзилдаги уйни топиб олдим. Подъезд эшигига яқин бориб, энди ичкарига кўтарилаётгандим, қўлида алланималарни кўтариб олган қизга тўқнашиб кетдим. Узр сўраб, йўлимда давом этаётсам, ҳалиги қиз менга қараб тош қотиб қолди. У Чарос эди!
— Кетинг! Мени тинч қўйинг! — Чарос жазавага тушганча қайта-қайта шу гапларни гапириб, ичкарига кириб кетди. Орқасидан югурдим. Уйга кирволиб, эшикни ичкаридан қулфлаб олди:
— Кетинг! Нима қиласиз бу ерда?! Барибир сиз билан учрашмайман!
— Нима бўлди, Чарос?! Нега бунақа қиляпсиз?! Нимага мактубларимга жавоб бермадингиз?! Ахир сизни севаман-ку?!
— Керакмас! Кетинг деяпман! Сизни севмайман, кетинг! — У мени ҳайдаб юборди. Эшикка термула-термула ортимга қайтдим. Мен ҳеч нарсага тушунолмаётгандим. Атрофимни тобора мавҳумлик чулғаб бораётганди. Чароснинг кўнглини ранжитганимни, унга озор берганимни ҳеч эслолмасдим. Кўнглим абгор бўлиб, юрагим йиғлаб уйга бордим. Бироқ уйда ҳам мени бундан минг чандон ортиқ таҳқир кутаётган экан...
Қайтишим уйимизда тантана, байрамга айланиб кетди. Ҳамма ўқишни муваффақиятли тамомлаб қайтганим билан қутлар, уйимиз меҳмонга тўла, лекин негадир мен куёви бўлишим керак бўлган холамникидан ҳеч ким кўринмас, ҳатто менга қайноға-қайнопа  бўлмиш қариндошларимдан ҳам дарак  йўқ эди. Меҳмонлар тарқагач, уйдагилар билан ўзимиз қолдик. Ичимда қанчалар изтироб, мунг бўлса-да, яқинларим олдида ўзимни қувноқ, хушчақчақ тутишга ҳаракат қилардим. Бироқ, ота-онамни қандайдир кўнгилсизлик безовта қилаётганини пайқаш мушкул эмасди. Ўзимиз қолгач, дадам секингина гап бошлаган эдилар, онам пиққиллаб йиғлаб юбордилар. Ҳайрон бўлиб, бир дадамга, бир онамга қараб туравердим.
— Ўғлим, бизни кечирасанми, йўқми, буёғи ўзингга ҳавола. Ҳаммасига биз айбдормиз, сенга имкон бермай, ихтиёрингга қўймай, обрўйингга, ғурурингга тегиб қўйдик. — Дадамнинг гапларидан ҳеч нимани тушунишнинг иложи йўқ эди.
— Тинчликми, дада? Нима бўлди?
— Холангни қизини унашиб қўйгандик-ку, ўша бетайин обрўимизни ер билан битта қилди. — Бу гапдан кейин онам овозини баралла қўйиб йиғлаб юборди.
— Эрга тегиб кетдими? — Енгил тин олдим. — Ҳа, яхши бўлибди, бахтини берсин.
— Э, қаёқда, кошки эрга тегиб кетсайди. Бир отаси тенги таксичи билан ош-қатиқ бўлиб ўйнашиб юрган экан, лаънати уйида туғиб қўйди.
Дадам бош кўтариб, юзимга қараёлмасдилар. Индамадим. Бу менга аталган бахтмиди ёки бахтсизлик, хиёнат, таҳқир ва ҳақоратмиди, ҳеч нарсани англаёлмасдим. Холамнинг қизидан қутулганимга шукр қилсам-да, кўча-кўйда одамлар мени қўлини бигиз қилиб кўрсатишини, бу таҳқир йигитлик ғуруримга оғир ботишини ўйлаб эзилардим. Хуллас, ўйлай-ўйлай қишлоқдан бош олиб кетдим. Ҳар гал Чаросни излаб бориб, ортимга ноумид қайтардим. Бу орада шаҳримизнинг нуфузли ташкилотларидан бирига ишга қабул қилиндим. Кўп ўтмай амалим кўтарилиб, яқиндагина менежер бўлиб ишлаётган жойимда раҳбарлик курсисига ўтирдим. Агар тақдирингда яхши кунлар битиги бўлса, Худонинг ўзи ҳар қандай йўл билан ўшанга бошлар экан. Чарос мендан ўзини олиб қочиб юрган кезлар, қўшни вилоятда прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлаётган курсдош дугонаси иш юзасидан бизнинг идорамизга келиб қолди. Даставвал, мени соддаликда роса айблаган қиз, охири ўша куниёқ Тошкентга бориб ҳаммасини Чаросга айтиб беришини, у мени уйланган, оилали деб ўйлаётганини, ҳалигача мендан ўзга йигитга қайрилиб ҳам қарамаганини айтди...
Ниманики астойдил истасанг, бутун олам истагингни қўллаб қувватлайди, деган жумлани ўқиган эдим, бир китобда. Мен Чаросим билан саодатли умргузаронлик қилишни астойдил хоҳлаган эдим, шукр ҳозир бу бахтдан мамнунман...

Рухшона ФАРРУХ

 

Ҳозир сайтимизда 842 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ