1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Меҳмон келса эшикдан...

 

 

 

Муножот:
-Ё Аллоҳ! Хонадоннинг файзи меҳмон ташрифи билан экан,
бу файзни бардавом қилиб бер.
Меҳмонни хонадонимизга Ўзинг йўллар экансан,
бизларни  уларнинг ташрифидан қувонувчи меҳмондўст бандаларингдан қил. Меҳмонларимизнинг қадамларини қутлуғ қил.
Остонамизни хайрли тилак билан босиб ўтганларнинг
хонадонларига раҳмат нурларингни ёғдир.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам фарзанди! Агар уйингга меҳмон келмай қолса, Парвардигорга “Лаънати шайтон ёмонлигидан мени Ўзинг сақла”, дея илтижо қил”.
Азизлар, хонадонингиз файзи шундаки, сизникидан меҳмон аримайди. Меҳмон кутавериб баъзан чарчаб ҳам кетасиз, тўғрими? Чарчай-чарчай, баъзан кимгадир нолигингиз ҳам келади. Лекин нолимайсиз ва тўғри қиласиз. Сиз яхши тарбия кўргансиз ва меҳмоннинг Аллоҳ таоло томонидан юборилганини биласиз. Қайси бир хонадонга меҳмон келмай қўйган бўлса, демак у жойга шайтон уя қурибди экан. Демак, у оиланинг ҳаловати йўқ экан.
Энди биргаликда ўйлайлик-чи: кимнинг уйига меҳмон оёқ босмай қўяди? Дўстлар, қариндошлар ҳам келмай қўйишади? Фақат фариштасиз уйга! Ким шайтон етовида экан, ким шайтон васвасасига банди экан, унинг уйига биров келмайди. Йўқламайди, зиёрат қилмайди. Биров бировникига овқат илинжида, нон умидида бормайди. Доно халқимизда “Ширин нонинг бўлмаса ҳам, ширин сўзинг бўлсин”, деган мақол бор. Молу мулки ҳисобсиз бўлса-да, ҳиммати бўлмаса, бу инсонда ҳилм, лутф, бағрикенглик бўлмаса – ҳаммаси бекор!
Ҳадиси қудсийда яна марҳамат қилинади: “Эй Одам фарзанди! Сен ҳузурингга келган Менинг меҳмонларимни сийла, Мен ҳам ҳузуримга келган сенинг меҳмонларингни (яъни сенга тегишли кишилар вафот этиб келишганида) сийлайман”. Диққат қилайлик: бизникига келувчи одам шунчаки оддий меҳмон эмас экан. “Меҳмон атойи Худо” дейилиши бежиз эмас экан. Демак, сизу биз Аллоҳ таоло йўллаган меҳмонни сийлашимиз керак экан. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурига биз томондан борган яқинларимизни азиз меҳмон мартабасида сийлар экан. Бу нима дегани? Яъни,  яқинларимизни – вафот этган ота-оналаримиз, қариндошларимиз, дўстларимиз, қўшниларимизни... Аллоҳ таоло Ўз мағфиратига олади, деганидир. Раббимиз биз – бандаларига шундай илтифот қиляпти. Қаранг, арзимас бир ҳаракатларимиз, харажатларимиз эвазига Аллоҳ таоло қанчалар мукофот ваъда қиляпти! Таъбир жоиз бўлса, бир меҳмонни сийлаш билан биз аслида ўтган аждодларимиз, дуо талаб яқинларимиз руҳларини сийлаяпмиз экан.
Ривоят: Бир чавандознинг тенгсиз тулпори бўлар экан. Отга кўп харидор чиқибди, ҳатто жониворнинг бўйи баравар тилла ҳам ваъда қилишибди, чавандоз тулпорини сотишга кўнмабди. Бошқа бир шаҳардаги чавандоз  отнинг шуҳратини эшитиб, бутун дунёйимни бериб бўлса ҳам сотиб оламан, деган ниятда йўлга чиқибди. Бир неча кун йўл босиб, шуҳратли от эгасининг уйига келибди. Қоронғида эшик тақиллатган меҳмонни чавандоз хуштавозелик билан кутиб олибди. Баъзиларга ўхшаб “Кечаси бировникига келиб безовта қилишга уялмадими?!” деган маънода лабини бурмабди. Тонгга қадар зиёфат қилибди. Кундуз бўлибди. Меҳмон келиши сабабини айтмабди, мезбон сўрамабди. Меҳмондорчилик уч кун давом этибди.  Меҳмон иззати битган куни муддаосини билдирибди. Буни эшитган ҳимматли мезбон бошини эгган ҳолда: “Мен отимни сизга сота олмайман”, дебди. Меҳмон ҳар қанча ялинса ҳам кўнмабди. Сабабини эса айтмабди. Меҳмон чавандоз ҳам алам, ҳам афсус билан изига қайтибди. Орадан вақт ўтиб, тулпорнинг шуҳрати сўнгандан кейингина меҳмондорчилик билан ўтган ўша уч кунда нима воқеа юз берганини англабди. Чавандознинг бисотида фақат биргина бебаҳо оти бор бўлиб,  ўзи ночор яшар экан. Меҳмон келганида дастурхонга қўядиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун ҳеч кимга сотмаётгани, жонидан ортиқ кўрувчи ўша тулпорни сўйиб, меҳмонни сийлаган экан...
Қиссадан ҳисса чиқаришни ўзингизга ҳавола қилиб,  яна Аллоҳ таолонинг сўзига мурожаат этамиз: “Эй Одам фарзанди! Барча мол-дунё Менинг мулкимдир. Сен қулимсан. Сенинг кулбангга таклифингсиз келган меҳмон эса, Менинг элчимдир. Қўлингдаги ўзим берган неъматларимни қайтариб олиб қўйишимдан қўрқмайсанми?!” (Қудсий ҳадисдан).
Тушунгандирсиз, хонадонимизга кириб келган неъматларда меҳмонларнинг ҳам ризқу-насибаси бор экан. Меҳмон бизнинг насибамизга шерик бўлмас экан. У ўз ризқининг эгаси экан. Ундан қизғансак, оғринсак, Яратганнинг қаҳрини келтириб қўйишимиз мумкин. Яратган Раббимиз неъматларни қандай берган бўлса, шундай қайтариб олиб қўйиши мумкин. Шунисидан Ўзи асрасин!
Кимни кўрсанг бу жаҳонда ўз ризқин терадир,
Хоҳ сенинг уйингда бўлсин, хоҳ ўз айвонида.
Сен карам хонини ёз, ҳам шукр қил, Парвардигор
Берди ошу нон дўстга дўст дастурхонида.
Бир киши сафар чоғи дала-даштда йўлини йўқотиб адашди. Қош қорая бошлаганда бир уйга кўзи тушиб, нажот топганидан қувонди. Умид билан бориб, эшикни тақиллатди. Хонадон эгаси йўқ экан, хотини чиқиб: “Кимсиз?” деб сўради. У киши мусофир эканини, йўлда адашганини билдириб, агар рухсат этилса, тонг отгунча шу уйда паноҳ топишга умиди борлигини айтди. Аёл очиқ юз билан:
-Хуш келдингиз, азиз меҳмон. Эрим бир ерга кетган эдилар, ҳозир келиб қоладилар, марҳамат қилинг,- деб ичкарига таклиф этди. Мусофир отни отхонага боғлаб, ичкари кирди. Аёл чой-нон келтирди. Мусофир овқатланиб ўтирганида хонадон соҳиби келди. Мусофирни кўриб, унинг кимлигини сўради. Хотин “Аллоҳ юборган меҳмон”, дегач, унинг жаҳли чиқди.
-Нега уйга қўйдинг? Менга меҳмоннинг кераги йўқ!- деб бақирди.
Мусофир узрини айтди-ю, чаққон туриб уйдан чиқиб кетди. Тунни даштда ўтказди. Кун бўйи йўл юриб, қош қорайганда яна бир уй қаршисидан чиқди. Эшикни тақиллатган эди, бир хотин чиқди. У киши мусофирлигини билдирган эди, у аччиқланиб:
-Бизга меҳмоннинг кераги йўқ. Сизни меҳмон қила олмаймиз, боринг, кетинг!- деб эшикни ёпмоқчи бўлганида эри келиб қолди. Хотинидан бу кишининг кимлигини сўради. Хотини мусофир эканини айтгач, хонадон соҳиби очиқ юз билан:
-Хуш келдингиз, азиз меҳмон! Сизни биз томон йўллаган Аллоҳ таолога шукр!-деб мусофирни уйига бошлади. Ичкари кириб ўтиришгач, ширин муомала билан ҳол-аҳвол сўради. Тотли таомлар билан зиёфат қилди. У Набий муҳтарамнинг: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром этсин”, деган ҳадисларига амал қилди.
Мусофир бу уйдаги ва кечаги уйдаги муомалаларни таққослаб, жилмайди. Уй эгаси бу жилмайиш боисини сўради. Мусофир айтди. Шунда уй эгаси деди:
-Меҳмон, ажабланманг. Кеча сиз тушган уйдаги хотин менинг синглим бўлади. Хотиним эса сизни уйдан қувган одамнинг синглисидир...
Бу ҳикоятдан ибрат шуки, меҳмондўст оилада улғайган ўғил-қизлар ҳар қандай меҳмонни хурсандчилик билан кутиб оладиган бўлишади. Меҳмондан безор, “меҳмон келмаса эди”, деб зириллаб турувчи оиладаги фарзандлар меҳмондўст бўлиб улғайишлари мумкинмикин? “Меҳмон тезроқ тура қолса эди”, деб ҳар хил ишоралар билан муддаоларини аён қилишга тиришувчи ота-оналар фарзандларига нимани ўргатар эканлар?
Энди  ҳикоятда жиддий равишда эътибор қилиниши лозим  нуқтага диққатингизни тортмоқчимиз: агар шариат нуқтаи назаридан қаралса, эри йўқлигида меҳмонни кутиб олиб, ичкарига бошлаган хотин нотўғри иш қилган бўлади. Эр йўқ уйга кирган меҳмонни ҳам бефаросат дейишимиз мумкин. Агар эри уйда бўлмаса, хотин бегона мусофир у ёқда турсин, қариндошлар орасидаги номаҳрам эр киши келса ҳам эшикни очмаслиги керак. Эшик ортидан туриб: “Хўжайиним (ёки “болаларимнинг дадалари”) уйда йўқ эдилар”, деса кифоя. Меҳмон хотинни гапга солмасдан дарров изига қайтиши керак. Қуръони каримда  буюриладики: “Э иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз” (Нур сурасидан). Ўрни келганда бировникига келганда чақириш одобини ҳам ёдга олайлик:
*ҳар ким бир кишининг эшигига бориб киришни истаса, аввало у кишига ўзининг келганини эшик орқасидан оҳиста тақиллатиш ё қўнғироқ чалиш ё йўталиш тариқасида билдиради. Эшик қаттиқ, асабий равишда қоқилмайди, қўнғироқ ҳам кетма-кет чалинмайди.
*агар ичкаридан овоз берилса “Ичкарига кирсам бўладими?” деб сўралади. Бундай изн сўраш адади уч мартагачадир. Ҳар изн сўраганидан кейин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорида сабр қилиб кутилади. Қўнғироқ чалиш, тақиллатиш орасидаги фурсат ҳам шу миқдорда бўлгани яхши.
*агар уч бора чақирганда ҳам уй эгасининг овози чиқмаса ва киришга изн берилмаса, кутиб турилмай, орқага қайтилади.
*агар уй эгаси “Сиз ким бўласиз?” деб сўраса, жавобига исмини аниқ қилиб айтади. Гумонли ёки мавҳум қилиб: “ўзингиз билган одам” ёки “сизнинг қариндошингизман ё дўстингизман”, дейилмайди.
*агар уй эгаси ҳамроҳлигида келинса, юқорида зикр этилган тартиблар билан эмас, шароитга қараб иш қилинади.
(Лекин, тоғли ёки чўл қишлоқларида азал-азалдан сақланиб келинаёган бошқачароқ урф-одат ҳам бор. Бу одатга кўра, эр уйда йўқ пайтида меҳмон келса, хотин томонидан иззат билан кутиб олинаверилади.)
Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ажиб хотираси бор. У  карвонлари билан Туркиянинг Онадўли деб аталмиш Осиё қисмидаги Денизли шаҳрига яқинлашганида шопмўйловли барваста бир одам йўлдан чиқиб, отининг жиловини маҳкам тутади-да, “юр, кетдик!” деган ишора қилади. Сайёҳ туркчани, у одам эса арабчани билмайди. Ёнига қилич осган шоп мўйловли бу одамни сайёҳ қароқчи деб ўйлаб, қўрқиб кетади. Бу ҳам етмаганидай беш-ўн дақиқадан сўнг яна бир паҳлавон одам пайдо бўлиб, отнинг чап томонидан жиловини ушлайди. Ўзаро нималардир деб гапириб, бири отни у томонга, иккинчиси бу томонга тортқилайверади.  Гап нимада эканини билмаган сайёҳнинг қўрқуви  ортаверади. Тортишув сабаби эса оддий эди: аввал келган шопмўйловли паҳлавон айтадики: “Меҳмон – атойи Худо! Биринчи бўлиб  уни мен кўрдим. Шунинг учун уни биз меҳмон қиламиз”. Иккинчи бўлиб жиловни ушлаган паҳлавон эса унга эътироз билдиради: “Биринчи бўлиб кўрганинг тўғри, лекин биродар, бу ерлар бизники-ку ахир! Бизнинг меҳмонимизни сен бошлаб кетсанг бизга уят эмасми! Инсоф қил! Бу меҳмонни Аллоҳ таоло бизга насиб этган. Биз уни едирамиз, ичирамиз, ётоғини тайин қилиб берамиз. Дуосини, савобини ҳам биз олажакмиз”.
Азизлар, бу воқеа сизга эртакдай туюлгандир? Лекин бу эртак эмас, ҳақиқат!
“Ўзбеклар - меҳмондўст халқ” деб фахрланамиз. Худди шунга ўхшаган гапни, яъни “араблар меҳмондўст халқ” ёки “испанлар меҳмондўст” деган фахрни ҳам ўша жойларга бориб қолсак эшитамиз. Ҳар бир халқнинг меҳмондўстлик одати ўзи учун ёқимли, ўзи учун суюмли. Дунёда нечта қишлоқ, шаҳар, юрт мавжуд бўлса, меҳмондўстлик кўринишлари ҳам шунча. Хусусан, “ўзбекларга хос меҳмондўстлик” деганимиз билан бу меҳмондўстликнинг кўринишлари кўп. Андижонда ўзига хос, Жиззахда ёки Бухорода ўзига хос чиройли кўринишлари бор. Бу кўринишларнинг бири иккинчисига ўхшамайди. Янада синчиклаб кузатсак, айтайлик, Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги меҳмондўстлик билан Бойсундаги лутфнинг орасида фарқларни сезамиз. Бу одатлар ҳар бир жойнинг шарт-шароитлари, имкониятларидан келиб чиқиб, шаклланган ва қатъий урф-одатга айланиб қолган. Айрим урф-одатларга ҳозир ҳам қаттиқ амал қилинади. Баъзилари эса эътиборсизлик натижасида унутиляпти.
Одатлар, яшаш шароитлари турлича бўлгани учун “ўзбекча меҳмон кутиш фақат шундай бўлади”, деган ягона ва қатъий қоидани тавсия этиш мумкин эмас. Ҳар бир маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят азалий одатлари бўйича меҳмон кутадилар. Лекин барча учун умумий бўлган  меҳмон кутиш одатлари борки, бу ҳақда улуғ алломаларимиз, донишманд боболаримиз кўб ва хўб айтиб кетишган. Бу ҳақда сал кейинроқ батафсил сўз юритамиз. Ҳозир эса Ибн Баттутани қаршилаган мезбонлар ҳақидаги ҳикоятга қайтсак.
Бундай меҳмондўстлик бизда ҳам мавжуд. Айниқса қишлоқдаги бир хонадонга меҳмон  келса, уни уйига чорловчи мезбонлар кўпайиб кетади. Бир кунни мўлжаллаб келган меҳмон ўн – ўн беш кун  қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам халқимизни “меҳмондўст” деб шарафлашади. Бундай меҳмондўстликни  кўп кўрганман ва ҳамиша шу халқ фарзанди эканимдан фахрланганман. Бундай фахр бошқа одамларда ҳам борлиги аниқ. Лекин фақат фахр билан чекланиш кифоя эмас. Балки бу гўзал одатнинг янада гўзаллашувига ўз ҳиссасини қўшмоғи, фарзандларини шу одат бўйича тарбия этмоғи лозим.
Айтиш жоизки, жойлардаги меҳмондўстликнинг бирини иккинчисига таққослаб, бирини иккинчисидан афзал қилиб кўрсатиш ақлдан эмас. Ҳар бир жойнинг одатини борича қабул қилиб, иззатлаш керак. Масалан, Фарғона водийсида меҳмон остона ҳатлаши билан қўлига сув қуядилар. Дастурхон тўрига ўтқазадилар. Фотиҳадан сўнг ўринларидан туриб, қўл қовуштириб “Хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанот!” дейдилар. Меҳмон ҳам ҳурмат юзасидан ўрнидан туриб “Хушвақт бўлинг”, деб лутф қилади. Меҳмонларга ярим пиёладан камроқ миқдорда чой қуйиб узатадилар. Чой қуйишда пиёлага шама  туширмасликка уринадилар. Меҳмон кетишга изн сўраса, дарров рухсат бермайдилар, “мен ҳали сизнинг дийдорингизга тўйганим йўқ”, деб яна бир оз суҳбатга тутадилар. Меҳмон кетишга рухсат сўраши билан қўлни фотиҳага очиш одобсизлик саналади. Худди меҳмоннинг тезроқ даф бўлишини истаётгандай қабул қилинади. Зиёфат мобайнида мезбон “олинг, олинг”, деб баъзан меҳмонларни қийнаб ҳам қўяди.
Бир устозни шогирдлари меҳмонга таклиф қилишганида у киши: “Уч шартим бор, мени тўрга ўтқазиб олиб калтакламайсан, сўнг уруш майдонига ташламайсан, кейин қамаб қўймайсан”, деган экан. Устознинг шартлари бу маънода эди: тўрга ўтқазиб калтаклаш – ҳадеб “таомдан олинг, олинг”, деявериб ҳолдан тойдириш. Бу хусусда бир латифа: мезбон “сомсадан олинг”, деб қистайверди. Меҳмон: “Раҳмат, сомса бағоят ширин бўлибди, тўртта едим, Худога шукр, тўйдим”, деса, мезбон яна лутф қилибди: “Бешта едингиз, яна битта олинг, жуфт бўла қолсин”.
Устознинг иккинчи шарти – жанг майдонига ташламаслик – меҳмондорчилик пайтида, айниқса суҳбат вақтида атрофда болаларнинг шовқин қилмаслиги эди. Бола – бола-да! Меҳмон келса, катталардан кўра улар кўпроқ қувонадилар, ўйнайдилар, шўхликлари авжга чиқади. Меҳмоннинг иззати учун шовқин қилмасликни болага меҳмон келмасидан аввал тушунтириш, ўргатиш керак. Бу одобни бола битта гап билан қулоғига илмайди, бу соҳадаги тарбия узлуксиз давом этиши керак. Баъзи ҳолларда боланинг шўхлиги ортса, уни тинчитиш учун оналари урадилар. Шунда боланинг бақириши авжга чиқиб, меҳмон ноқулай аҳволга тушади. “Менинг ташрифим ёқмагани учун болани уриб аламдан чиқяпти”, деб ўйлаши ҳам мумкин. Меҳмон ҳузурида мезбон оиланинг каттаю кичиги ғазабларини ёки ташвишларини ошкор қилиб қўйишдан сақланишлари керак. “Меҳмон ҳузурида ҳатто мушугингни “пишт” демагин”, мақолига амал қилмоқлик хайрлидир. Меҳмон баодоб, илмли, суҳбати ширин одам бўлса, таомдан кейин, болаларни унинг суҳбатига чорлаш ҳам яхши одат. Суҳбатдан сўнг меҳмон болалар ҳаққига хос дуо қилса янада яхши.
Устознинг учинчи шарти – “қамаб қўймайсан”, дейиши “кетадиган бўлсам “яна ўтиринг”, деб қистайвермайсан” деган маънода эди. Келмак – иродат, кетмак – ижозат биландир. Бу “Меҳмоннинг келиш ихтиёри ўзидан, кетиш ихтиёри эса мезбондан” дегани. Лекин мезбон бу ихтиёрни ҳаддан зиёд суиистеъмол қилмаслиги керак. Инглизларда меҳмон еб-ичиб, гапини гапириб, кўнгли тўлгач, индамай туриб кетавераркан. Бу одат инглизларнинг ўзларига буюрсин. Биз меҳмонни кўчагача кузатиб чиқмасак, кўнглимиз жойига тушмайди. Узоқдан келган меҳмонни бекатгача кузатамиз. Лекин кўп қаватли уйларда кузатиш одобида андак ночорлик сезилиб қолади. Мезбон уй остонасидаёқ хайрлашади, зинадан тушиб-чиқишга эринади. Агар мезбон тўққизинчи қаватда яшаса-ю, лифт ишламаёган бўлса бош гап. 
Меҳмондорчиликда “олинг-олинг”га ўрганган киши Хоразм томонларга бориб қолса, ажабланиши мумкин. У ёқларда ҳар бир меҳмон олдига  бир чойнак, бир пиёла қўйилади. Меҳмон чойни ўзи қуйиб ичади. Бу одатда меҳмонга нисбатан ҳурматсизликни кўрмаслик керак. Каминага ўхшаб кам чой ичадиганлар учун айни шу одат ёқимли. Чунки водий томонда чой қуйиб узатаверишгач, мезбоннинг қўлини қайтаришдан хижолат бўлиб, ичишга мажбур бўлаверасиз. “Олинг, енг” деб таклиф қилмоқлик мустаҳаб,  яъни савоб иш. Лекин бунинг чегарасини билиш керак.
Меҳмон келса, биринчи галда дастурхон ёзамиз. Ундан ҳеч қачон “қорнингиз очми?” деб сўрамаймиз. Биласиз, русларнинг одати шунақа, биз учун эса уят. Бир одам меҳмонидан: “Очмисиз, ташнамисиз ё уйқунгиз келяптими?” деб сўрабди. Меҳмон ҳазил йўсинида жавоб берибди: “Булоқ бошида тўйиб ухлаб келдим”. Бу жавобни эшитиб мезбон ўйланибди: “Демак, булоқ бошида тўйиб сув ичган, тўйиб ухлаган. Фақат... қорни оч экан...”
Меҳмондан сўраб ўтирмай, таом келтирилади. Еса – егани қадар ер. Емагани – меҳмондан қолган таом шифодир, дейдилар. Бизнинг одоб шундай. Абул Аъло ал-Мааррий дедиларки: “Уйингга келган меҳмонга тушлик овқатни берган бўлсанг, кечда унга “Овқатланишга иштаҳангиз борми?” деб сўрама. Меҳмон оч бўлса-да, уялганидан “Иштаҳам йўқ”, демоғи мумкин. Шунинг учун қандай таоминг бўлса-да, тақдим қил”.  Яъни: “Сўраб бергандан кўра уриб бер”. Бир хасиснинг қовурилган товуқни уч кундан бери дастурхонга қўйиб, аммо емасдан олиб кетаётганига разм солган меҳмон: “Бу товуқнинг қовурилгандан кейинги умри тириклигидан ҳам узунроқ шекилли?” деб ўйлаган экан.
Меҳмоннинг ҳаққи баланд саналади. Подшо замонида тоғ қишлоқларининг бирида ибратли воқеа содир бўлган. Миршаблар таъқибидаги  одам қочиб келиб, бир уйга кириб яширинади. Уй эгаси қарасаки, ўзининг душмани паноҳ излаб кирибди. Уй эгаси хунхўр эди, бу кишини ўлдириб, қасос олиши зарур эди. Лекин остонасини ҳатлаб киргани учун у одам меҳмон мартабасига чиққанди. Уни ўз уйида ўлдириши мумкин эмасди. Ҳатто меҳмонни  миршаб қўлига топширишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Меҳмон мартабасидаги душманини ҳимоя қилишни халқининг меҳмондўстлик қонунини талаб этарди. Уй эгаси  ёзилмаган, аммо асрлар бўйи ота-боболари итоат этиб келган бу қонунга бўйсунди. Меҳмонни миршаблардан ҳимоя қилиб, ўзи ҳалок бўлди...
Ҳикоят: Халифа Мўътасим бир гуноҳкорни ўлимга ҳукм қилди. Гуноҳкор дедики:
-Э мўминларнинг амири, Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун мени бир коса сув билан меҳмон қилингки, мен жуда ташнаман. Ундан кейин амрингизни бажо келтирсинлар.
Халифа Мўътасим “Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун” дейилган онтнинг ҳурматини сақлаб буюрди, гуноҳкорга сув бердилар. У киши сувни ичганидан сўнг деди:
-Аллоҳ таоло сизга меҳр-шафқат ато қилсин. Э мўминларнинг амири, шу бир коса сув билан сизнинг меҳмонингиз бўлдим. Энди мурувват билан буюрингки, агар меҳмонни ўлдириш лозим бўлса, мени ўлдираверсинлар. Агар афв қилсангиз,  сизнинг олдингизда барча гуноҳим учун тавба қиламан.
Бу гапни эшитган халифа табассум қилиб деди:
-Тўғри айтасан, меҳмоннинг ҳаққи улуғдир. Сенинг гуноҳингни афв этдим. Сен тавба қилдинг, бундан буён нотўғри йўлга ҳеч қадам қўймагил.
Яна бир ҳикоят:
Ҳимматли ва мурувватли бир одам ўз боғига ёру дўстларини даъват қилиб, зиёфат берди. У кишининг гўзал ва ахлоқли, тарбияли бир ўғли бор эди. У кечгача меҳмонлар хизматида бўлиб, жуда чарчади. Кечқурун дам олиш учун болохонага чиққан эди, бехос мункиб, пастга йиқилди-ю жон берди. Ота бечора бу қайғули ҳолни кўриб, юрак-бағри эзилди, кўзига ёш олиб, ўғлига келган фалокатни хотинига ва оила аъзоларига секингина хабар қилди-да:
-Ҳеч қайсингиз товуш чиқариб йиғламанг, ўғлимнинг вафот қилганини меҳмонлар сезмасин,- деб тайинлади.
Меҳмонларга сездирмасдан марҳум ўғлини ювдириб, кафанлатиб қўйди. Кейин меҳмонлар ҳузурига чиқиб, улар билан суҳбатлашиб ўтирди. Ўғлининг вафотидан меҳмонлар хабарсиз эдилар. “Ўғлингиз қаерда, нима учун кўринмай қолди?” деб сўрадилар. Ота бечора меҳмонларнинг кайфиятларини бузмаслик учун фожиани яширди: “Ўғлим сал чарчабди, ухлаяпти”, деган жавоб билан чекланди. Меҳмонлар мурувватли кишининг боғида тунадилар. Эрталаб бомдодни ўқиб, нонушта қилишгач, кетишга изн сўрадилар. Шунда ота кўзларига ёш олиб деди:
-Дўстларим, ўғлим кечки пайт болохонадан йиқилиб вафот қилди... пешинга жаноза...
Бу тўқима воқеа эмас, ҳаётда учраб турадиган ҳол. Ўлим фожиаси содир бўлмаса-да, майда-чуйда ташвишли ишлар ҳам меҳмонларга билдирилмайди.
Меҳмон ҳузурида мезбон қанчалик бурчли бўлса, меҳмон ҳам мезбон хонадонига нисбатан бурчлидир, унинг молига, аҳли аёлига ёки оиланинг бошқа аъзоларига ёмон назар билан қарамаслиги шартдир. Бир ўғри уйни шип-шийдон қилиб чиқиб кетаётганида айвонда бир қопни кўрибди, қоронғуда унинг ичида нима борлигини билолмай, ялаб кўрибди. Билса -  туз экан. “Мен бу уйдан туз тотиб, хонадоннинг меҳмонига айландим, унинг молини ўғирлаш мен учун ҳаром”, деб олган нарсаларини ташлаб чиқиб кетган экан. Бошқа бир ривоятда эса бунинг акси бўлган:
Уқайл уруғидан бир кишининг орқасида наштар захмига ўхшаган чандиқлар бор эди. Бунинг сабаби сўралганда у бундай ҳикоя қилди:
“Амакимнинг қизига ишқим тушган эди. Унинг лаби устидаги холи мени ишқ алангасига ташлаб, сабримни тугатди. Мен қизни  никоҳимга олдим. Шундан сўнг амаким менга дедики: “Қизимнинг маҳри бир отдир.  “Шабака” деб ном берилган бу от Бани Бакр қабиласи амалдорларидан бирига тегишли. Агар ўша отни олиб келиб бермасанг, маҳр машаққатидан халос бўлмайсан”.
Мен мақсадимга етмоқ учун Бани Бакр қабиласига бордим. Бирмунча вақт у ерда бўлиб, отни қаерга боғлашларини кузатдим. У шундай байтал эди-ки, чопқирликда шамолга бас кела олар, ҳеч қандай отни олдинга ўтказмас эди. Икки яшар тойчоғи ҳам бўлиб, ўзидан ҳам хушбичимроқ ва чиройлироқ эди.
Кечаси отни ўғирлашга қарор қилдим. Ўша кеча шундай қоронғи эди-ки, ҳатто ўз панжангни ҳам кўролмасдинг.  Мен оҳиста келардим. Уй ўртасига титилган юнг ғарам қилиб қўйилган эди. Мен юнг ғарами орасига қириб беркиндим. Бирор соатдан сўнг уй соҳиби таом сўради. Таом келтирилгач, эр-хотин ейишга машғул бўлдилар. Нима учундир чироқ ёқмадилар. Мен оч эдим. Оҳистагина сурилиб, уларга яқин келиб товоқларига қўл узатиб, бирга овқатлана бошладим. Ногоҳ қўлим уй эгасининг қўлига тегиб кетди. У қўлимни маҳкам ушлаб олди. Мен эсам хотинининг қўлини маҳкам ушладим. Хотин менинг қўлимни эрининг қўли деб гумон қилиб “Бегона қўл деб ўйладингизми?” деди.
Овқатланиб бўлишгач, хотин занжирни отнинг оёғига  солиб қулфлади-да калитни ёстиғининг остига яширди. Тун яримлаганда қул уйга яқинлашиб, эри ёнида ухлаб ётган хотин томонга кичик бир тошчани отиб, уни уйғотди. Хотин эрининг қўйнидан чиқиб, қулга эргашди ва қўшни уйда айшу ишратни бошлаб юборди.  Мен эсам фурсатни ғанимат билиб, ўрнимдан турдим. Ёстиқ остидаги калитни олиб, отнинг оёғидаги занжирни ечдим. Юнгдан эшилган арқонни отнинг бошига солиб, аста етаклаб ташқарига олиб чиқдим. Кейин миндим-у қамчи босдим. Буни кўриб қолган хотин қулнинг қучоғидан чиқди-ю, “Отни олиб қочишди!” деб дод солди. Уй эгаси, мени қува бошлади. У минган от ҳам чопағон экан, орамиздаги масофа бир найза бўйидек масофага қисқарди. У найзасининг учи билан орқамни жароҳатлади. Аммо отдан йиқитишга кучи етмади. Баногоҳ чуқур бир ўзанга етдик. Мен отга қамчи урган эдим, сакраб ўтди. Уй эгасининг журъати етмай, тўхтади-да ортимдан: “Э йигит, ўн минг динорли отни ўғирладинг. Ҳаргиз арзонга сотмагин!” деб қичқирди. “Бу от менга сен айтгандан кўра қимматроққа тушди, мен жонимни гаровга қўйиб келганман бу ерга”, дедим. У: “Отни қандай қилиб ўғирладинг?” деб сўради. Мен бир товоқда овқат еганимизни сўнг қул билан хотинининг кирдикорларини айтиб бердим. Шунда у: “Лаънатлар бўлсин сендай меҳмонгаки, таомни единг, отимни ўғирладинг ва уйимни буздинг!” деб мени қарғаб, изига қайтди. Отни олиб келиб, муддаомга етдим, бироқ орқамдаги захм кетмади, уй эгасининг қарғиши эса ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Қарғишнинг амалга ошишини қўрқув билан кутиб хавотирда яшаяпман...
Энди меҳмон кутиш бобида донишманд боболаримиз бизларга васият қилиб кетган одоблар ҳақида гапирайлик. “Манбаъ ул-маориф” асарида баён қилинади:
“Ҳар мўмин уйига меҳмон келса, уй эгасига ҳам уч нарса вожиб бўлур ва меҳмонга ҳам уч нарса вожиб бўлур. Уй эгасига вожиб бўладурғон уч нарсанинг бири шулки,  ани хизматга таклиф қилмаслик, иккинчиси шулки, меҳмонға берган таомини ҳалолдин касб қилиб топиб бермоқлик, учинчиси шулки, меҳмон учун намозни муҳофаза қилмоқлик, яъни намоз вақтида меҳмонга хабар бериб, ани оби-таҳоратидин хабардор бўлмоқ лозимдур. Меҳмонға вожиб бўлғон уч нарсанинг бири шулки, уй эгаси ани қайси жойға таклиф қилса ўшал жойға ўлтурмоқ, иккинчиси шулки, ани олдиға уй эгаси нима таом қўйса, анга рози бўлмоқ, учинчиси шулки, кетар вақтида уй эгасини дуо қилиб кетмоқ вожибдур”.
Шарафли ҳадис бор: Набий муҳтарам ансорлардан бирининг хонадонига кирдилар-да таом едилар. Кейин чиқиб кетиш олдидан: “Бу ерга жойнамоз келтиринглар”, деб сўрадилар. Шунда бир шолчага сув сепиб келтирилди. Унда нафл намози ўқиб, хонадон ҳаққига дуо қилиб кетдилар.
Муҳаммад Содиқ Қошғарийнинг “Яхши кишилар одоби” (“Одоб ас-солиҳин”) асаридан меҳмондорчилик одоби баёнини ўқиймиз:
“Адаби аввал - фақирлар меҳмон қилинади. Бойларни меҳмонга махсус чақирилмайди-ки, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ёмон таом у таом-ки, бойларни хос чақириб берилса ва қашшоқларни чақирилмаса”, деб айтибдурлар. Яна бир шарти шуки, бир уйдан отасини чақирса, боласини ҳам чақирсин ё у уйдан чақирилган кишининг яқин қариндоши бўлса, уни ҳам қўшиб чақирилсин, уни маҳрум қилинмасин-ки, бу иш жафодур. (Ҳусайн Воиз Кошифийдан насиҳат буки: меҳмонга ҳалол ва покиза таом тақдим этилади, меҳмон бирор ғаразли мақсад ва риё учун кутилмайди.)
Иккинчи адаб – меҳмонни кўп икром ва эҳтиром қилинади. (Меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимай, аксинча қувониш керак.)  Меҳмон икромининг муддати уч кунгачадир, тўртинчи куни кўп такаллуф қилинмаса ҳам бўлади. (Кейинги насиҳатга кичик бир изоҳ: мазкур адаб шарафли ҳадис асосида айтилган. Набий муҳтарам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охиратга ишонган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Мезбоннинг бир кеча-кундуз кўрсатган иззат-икроми, қилган зиёфати меҳмон учун бир мукофот тариқасида бўлсин. Асли меҳмоннинг иззати уч кундир. Бундан ортиғи меҳмон учун садақадир”. Ҳамонки, садақа экан, такаллуф ҳам давом этгани хайрли. Аммо мезбон бу такаллуфларни суиистеъмол қилмаслиги керакки, шарафли ҳадиснинг давомида: “меҳмон уйда то мезбон ҳайдаб чиқармагунича туриб қолмасин”, деб уқтирилган. Меҳмонни иззат қилиш кутиб олишдан бошланади. “Қобуснома”да насиҳат қилинадики: “Меҳмонлар сенинг уйингга қадам қўйсалар, сен ҳар вақт барча одамларинг билан уларнинг олдиларига чиққил, яхши сўз билан қарши олгил, токи улар сенга миннатдорчилик билдирсинлар” Меҳмонни кўриш билан, омонлашишга қўл узатмай туриб: “келсинлар, келсинлар! Қадамларига ҳасанот! Остонамга яқинлашишингиз билан уйим чароғон бўлиб кетди-я!” каби лутф қилиш икромнинг бир кўриниши. Кам келадиган меҳмонга нисбатан: “Ие, бугун қуёш қаердан чиқди?” ёки “Ҳай-ҳай, келишингизга каттароқ ходани синдириб юборсам бўларкан”, каби ҳазил гапларни айтиш яхши эмас.)
Учинчи адаб – уйнинг деворларини меҳмон учун парда ва палос билан ясатилмайди-ки, макруҳдир. Лекин меҳмон остига нақшли тўшаклар ёзсалар, башарти ипак ёки йиртқич ҳайвон териси бўлмаса, жоиздир.
Тўртинчи адаб – меҳмонга таомни кўп кечиктирилмай тез келтирилади.  Яна нон юмалоқлиги катта-катта қилинмайди-ки, мутакаббирлар расмидир. Ва яна дастурхон устига ҳозирларга кифоя қилгудек нон қўйилади, зиёда қўйилмайди-ки, исроф ва хорлаш бўлади. Синдирилган нон бўлса, яна бир нон синдирилмайди, бу ҳам исроф ва хорлашга киради (изоҳ: кўп жойларда хурсандчилик меҳмондорчилигида жуфт нон қўйилади, таъзияга доир маросимларга эса тоқ нон қўйиш одати бор. Шу йўсинда зиёфат икки турга ажратилади. Тўйда тоқ нон қўйилса, айб санашади. Аслида бунинг ёмон томони йўқ. Исломда кўп ишлар тоқ равишда амалга оширилади. Бу Аллоҳнинг ягоналигига бир ишора. Дастурхонга тоқ ёки жуфт нон қўйилиши ҳар бир жойнинг азалий одатига биноан бўлаверса зарарли эмас. Бу нарсадан муаммо ёки баҳс келтириб чиқармаслик керак. Ноннинг исрофи ҳақида эса аввал гапирган эдик, бу масала иймон эгасининг ёдидан кўтарилмаслиги шарт). 
Бешинчи адаб – меҳмонга таом қўйилгандан сўнг тановулга изн берилади. Башарти меҳмон бегона бўлса,  аввал уй эгаси таомга қўл узатади, яна қўлини ҳаммадан охири тортади. Агар ўз ошна ва биродарлари бўлса, аввал уларни ҳурмат қилади, улардан илгари қўл узатмайди. (изоҳ: агар кичикроқ давра бўлса, мезбон кириб ўтиради. Даврада ўттиз-қирқ киши бўлса, баъзан мезбон ташқаридан туриб хизмат қилади. Бу одоб ҳар бир жойнинг ўз одатига боғлиқ. “Қобуснома”да бу борада бундай насиҳат қилинади: “Меҳмонлар бир-икки сўрамагунларича сен ўтирма. Меҳмонлар “биз розимиз, ўтир”, десалар “мени қўйинглар, сизларга хизмат қилайин”, деб айтгил. Яна такрор айтсалар, ундан кейин ўтир. Уларнинг розилигини олгил ва ҳаммадан пастда ўтиргил. “Э фалончи, таомни яхши е (ёки “ҳеч нима емадинг”), мен сенга лойиқ ҳеч нима қила олмадим, иншааллоҳ, кейин бунинг узрини яхшироқ қиламан”, деявермагил. Бу сўз улуғлар, бообрў кишиларнинг сўзи эмасдир, балки бозорчиларнинг ва безориларнинг сўзидир. (Бундай одамлар бир неча йилда бир марта меҳмон чақирадилар.) Буларнинг меҳмонлари хижолат ейдилар, таом емайдилар, меҳмондорчиликдан тўймасдан туриб кетадилар. Бизларнинг Гилонда яхши одатларимиз борки, меҳмон чақирсалар, дастурхон ёзиб, таомларни келтириб қўядилар ва кўзаларда сув ҳам келтириб, дастурхон четларига қўядилар ва барча меҳмонларни дастурхон атрофига ўтқазиб, ўзлари чиқиб кетадилар. Бир киши лаган ва косаларни саранжомлаш учун қолади. Меҳмон таомдан кўнгли хоҳлаганича ейди, ундан кейин мезбон ўтиришга киради. Араб халқининг дастурхони ҳам шундайдир”. Азизлар,  юртимизда, деярли барча жойларда меҳмон келганда болаларнинг, айниқса келиннинг кириб ўтириши одобдан саналмайди. Улар ташқарида хизматда бўлишади. Агар меҳмонхонада номаҳрамлар ўтирган бўлишса, қизлар ёки келин ичкарига чой-нон кўтариб киришмайди, остонага қўйиб, овоз беришади. Ичкарида хизмат қилаётган киши чиқиб, бу неъматларни олади. Хонадонга яқин қариндошлар келсалар ҳам, ҳатто меҳмонлар яқин қариндош аёллардан иборат бўлишса ҳам, келин уларнинг қаторида ўтириб овқатланмайди. Меҳмондорчилик бошланишида уларнинг ҳурматлари учун бир пиёладан чой узатиб, сўнг ташқарига чиқиб, хизматини давом эттиради. Меҳмонлар суҳбатига аралашиш, улар билан бир товоқдан ош ошалаш келиннинг ҳусни эмас. Чой  тавозе билан узатилади).
Олтинчи адаб – меҳмон таомга ҳаддан ортиқ тарғиб қилинмайди, балки уч мартагина тарғиб қилинади, ундан зиёда зўрланмайди.
Еттинчи адаб -  таом ейишда меҳмонга шерикчилик қилади. Агар нафл рўзага ният қилган бўлса ҳам. (Солмони Форсий (р.а.) Абу Дардонинг (р.а.) уйларида меҳмон бўлганларида шундай ҳолат юз берган экан. Абу Дардо меҳмоннинг ҳурмати учун нафл рўзасини очишга мажбур бўлиб, кейин Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилганларида Набий муҳтарам нафл рўзанинг очилишини маъқуллаганлар.  Агар рўзадор меҳмондорчиликка чақирилса,  овқатланмай ўтириши мезбонга ва бошқа меҳмонларга малол келмаса, овқат емагани маъқул. Агар малол келса, нафл рўзани очиб, бошқа куни қазосини тутиб беради. “Оғиз очишни истамаган киши очмасин, лекин очиши афзалдир”, дейилади.)
Саккизинчи адаб – лаззатли ва латиф таом меҳмонга едирилади ва бундайроғини ўзи ейди. Агар таом оз бўлса ва меҳмоннинг очлигини англаса, ўзи камроқ еб, аксар таомни меҳмонга едиради. Меҳмон таомланганидан сўнг кетмоқчи бўлса, келган вақтида олдига чиққандай ижозат бериб, то эшиккача бирга кузатади (Айрим одоб китобларида етти қадам юриш тавсия этилган. Меҳмондорчилик давомида меҳмон ташқарига чиқишни ихтиёр этса, мезбон ҳам бирга чиқади. Бу ҳолда ҳам етти қадам бирга юришни одобдан, деганлар.) Хайрлашар вақтида “Мени ҳурмат қилибсизлар, сизларни Аллоҳ сийласин!” деб дуо қилинади.
Тўққизинчи адаб – уйда нима нарса бор бўлса, меҳмон олдига қўйилади. ((Бахиллик қилинмайди, меҳмондан нарса қизғанилмайди. Ясама илтифот кўрсатилмайди. “Э фарзанд, меҳмонга миннат қилмагил, очиқ юз билан гапиргил. Ҳар бир киши сенинг меҳмонинг бўлса, шодлик билан таомингни есин”.)
Ўнинчи адаб – таомда такаллуф қилинмайди, агар яхши ният ва дуруст қасд билан такаллуф қилинса мумкин. (Миннат қилманг, балки аксинча, меҳмон дастурхонингиздан нон еганидан қувониб, Аллоҳга шукр қилиб, меҳмонга эса  миннатдорчилик билдиринг.)
Мезбоннинг бурчлари бу ўн адабда белгиланган вазифалар билан чекланмайди. Шарт-шароитга қараб юзага чиқадиган масалаларда меҳмонга малол келмайдиган томонлар олинаверилади. Масалан, ҳафтада ёки ойда неча марта меҳмон чақириш ҳар бир оиланинг ўз имконияти ва шарт-шароитига боғлиқ. Шунга қарамай, донолар бу ҳақда ҳам насиҳат қилганлар: “Э фарзанд, ҳар куни бегона одамларни меҳмон қилмагил, чунки ҳар кун меҳмон чақирсанг, меҳмонга лойиқ ишларни кўнглинг тўлгунча қила олмайсан. Кўргилки, кўнглинг ҳар ойда неча марта меҳмон чақиришни тилайди. Агар уч марта чақиришни тиласа, бир марта чақиргил, уч марта қиладиган харжингни бир мартада қилгил, бу билан дастурхонинг айбсиз бўлғай, айб қилиб кетувчиларнинг тили боғлиқ бўлғай”. Бу насиҳатда жон бор, бироқ унинг зиддига бир ҳикмат ҳам мавжуд: Иброҳимдан (алайҳиссалом) “Қайси фазилатларингиз учун Аллоҳ сизни Ўзига дўст қилиб олди?” деб сўралганида учинчи сабабни баён қилиб дедиларки: “Кундузги овқатни ҳам, кечки овқатни ҳам меҳмон билан баҳам кўрганим учун”. Бу ҳикматнинг маъноси: таомни меҳмон билан баҳам кўришда. Алоҳида меҳмон қилиб чақириб, алоҳида тўкин дастурхон ёзишда эмас.
Меҳмондорчилик учун дастурхон устини тўлдириб ташлашга ҳаракат қиламиз. Аммо, билиш керак-ки, энг гўзал дастурхон камтарона дастурхондир. Дастурхонни тўкин қиламан, деб бировлардан қарз олиш ҳам яхши эмас. Борини баҳам кўриш керак. Бир киши хотинига: “Бўйдоқ меҳмонга келганида бутун нон қўй”, деб тайинлабди. Хотини бунинг сабабини сўраганида у дебди: “Оилали, рўзғорли одам етишмовчиликни, рўзғорда ҳамма нарса тўла-тўкис бўлмаслигини билади ва уйида ҳам шундай ҳолатлар бўлиб тургани учун сир сақлаб, қаноат қилиб бировга гапирмайди. Бўйдоқ эса оиладаги камчиликларни англамагани, билмаганидан “синиқ нон қўйди”, деб маломат қилади”.
Энди меҳмон риоя қилиши зарур бўлган одоблар билан ҳам танишайлик. Чунки бугун ҳар биримиз мезбон сифатида хизмат қилсак, эртага меҳмон мартабасида бўлиб, ўзгалардан иззат талаб қиламиз. Баъзан талабни ошириб юбориб, давра тўрини эгаллаб, талтайиш даражасига етамиз. Бизнинг талабларимиз тўла-тўкис бажарилмаса, мезбондан ранжиб кетамиз.
Меҳмондорчиликка тайёрланаётган аёлларни пардозга берилишда айблаб танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Пардоз ҳаддан зиёд ошса, албатта танқидга лойиқ. Лекин меҳмонга тайёргарликсиз бориш ҳам яхши эмас. Тайёргарликсиз  бориш эрларда кўпроқ учрайди. Ҳовлида қайси кийимда юрган бўлсалар ўша аҳволда кетаверадилар. Афтларига қараб қўйишни ҳам унутадилар. Бу ҳам меҳмонга жам бўлган жамоага, ҳам мезбонга, ҳам кишининг ўзига бўлган ҳурматсизлигидир. Баъзан кузатамиз: хотин бинойи кийинган, пардоз қилган, ёнидаги эрнинг костюмига эса дазмол урилмаган, кўйлагининг ёқаси буралиб қолган, пойабзали чанг...
Ривоят: Абдулкарим Абу Умайя деган киши юнгдан бўлган кийимни кийиб Абул Олия (р.а.) ҳузурларига келди. Шунда Абул Олия унга дедилар: “Бу насоро роҳибларининг кийими. Мусулмонлар бир-бирларини зиёрат қилиб борганларида ясаниб, яхши кийимлар кийиб борардилар”.
Энди донишмандларнинг меҳмонга борувчи зиммасига юклаган вазифаларига диққат қилайлик:
Адаби аввал – хусусан яхши ва фақир киши, гарчи қўйнинг бир почасига чақирса ҳам қабул қилиб, албатта борилади. (Қандай овқатлар тайёрланиши сўралмайди. Баъзилар “Чақирилган жойгагина боринг” деган шарафли ҳадисга асосланиб, чақирилган жойга боришни вожиб (зарур) ҳисоблаб, уни тарк қилмасликка буюришган ва Набий муҳтарамнинг(с.а.в.): “Кимки чақирилган жойга бормабди, батаҳқиқ Абул Қосимга (яъни, “менга” демоқчилар) гуноҳкор бўлибди”, деган ҳадисларини далил келтиришган. Лекин аксари уламолар буни вожиб эмас, балки таъкидланган суннат дейишган.)
Иккинчи адаб – билгилки, никоҳ учун қилинган таомга чақирсалар рўзадор бўлса ҳам қабул қилинади-ки, баъзи уламолар буни вожиб дейдилар ва баъзи уламолар ўзга чорловга ўхшаш мустаҳаб дейдилар. Агар ким шаръий узр билан бормаса, гуноҳкор бўлмайди.
Учинчи адаб – агар таомга золим, фосиқ, риёкор, бидъатчилар чақирсалар бормағай-ки, мустаҳабдур. (Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтганларки: “Агар бир меҳмондорчиликка борсанг, агар шу зиёфат моли ҳаром бўлмаса, унга фисқу-фужур аралашмаган бўлса, боришингдан зарар йўқдир. Агар акси бўлса, норози эканингни билдириб бормай қўявер. Фақат чақирилган жойгагина бориш лозим. Зиёфатга борсангу бир мункар (Исломда қайтарилган) ишни кўрсанг, у ердагиларни бу ишдан қайтар, агар кўнмасалар, зиёфатни тарк эт. Борди-ю сен улар билан ўтираверсанг, улар сени шу ишдан рози экан, деб ўйлайдилар ва яна шу ишни давом эттираверадилар”.
“Футувватномаи султоний”да  меҳмонга бориш одоб қоидалари бундай баён қилинади: “яхши, ҳалол одамлар уйига меҳмон бўлиб бориш; фосиқ,   кишилар ҳақини ейдиган ҳаромхўрлар уйига қадам қўймаслик керак, улардан ҳазар қилиш керак. Шариатга хилоф ишлар содир бўладиган мажлисларга бормаслик лозим. Аммо сенинг ҳурматинг учун ғайри шаръий ишлар тарк этиладиган бўлса, бориш мумкин”).
Тўртинчи адаб – чақирилмасдан бир кишининг таоми устига борилмайди. Агар икки киши чақирган бўлса, қайсиниси яқинроқ қўшнилардан бўлса, аввал ўшанга борилади. Икки яқин қўшни баробар чақирган бўлса, қайсинисининг ошнолиги кўпроқ бўлса аввал шунга борилади. Яна шуки, таом эгасининг изнисиз чақирилмаган кишини қўшиб олиб бормайди-ки, макруҳдир, агар чақирилган кишининг орқасидан ўзи қўшилиб борса, таом эгасининг эшигига келганда, “бу киши ўзи келди, агар изн бўлса кирсин, бўлмаса қайтсин”, деб айтилади.
(Изоҳ: албатта бундай дейиш оғир, лекин чақирилмаган жойга бораётган одам ақлини ишлатиши керак. Чунки мезбон таклиф этган одамлар сонига қараб тайёргарлик кўрган бўлади. Чақирилмаган меҳмонга жой етмай қолиши мумкин. Ёки даврага кўнгиллари кўнгилларига яқин кишилар чорланган бўлса-ю, чақирилмаган киши уларга ёқмаса, меҳмондорчиликка путур етади. Ҳар холда “чақирилган жойга албатта боринг, чақирилмаган жойга борманг” дейилган шарафли ҳадисга амал қилингани дуруст. Донолар дедиларки: “Тўй, мажлис каби йиғин жойларига чақирилмаган бўлсанг, борма. Борсанг, ўз обрў-ҳурматингни тўккан бўласан. Бошқаларнинг таомига берухсат қўл узатма. Узатсанг, иззат ва эътиборингни йўқотасан.
Истамас эрса киши, сен унга меҳмон бўлмагил,
Гавҳари қийматбаҳосан, санги дандон бўлмагил!”
“Футувватномаи султоний”да таъкидланган адабга кўра, чақирилмаган меҳмон кўпроқ ҳурмат қилиниши керак экан. Агар меҳмондорчиликда бунинг имкони бўлса, бу ҳам тўғри. Яна бир ҳақиқат борки, меҳмонга чорлаш вақтида айрим яқин одамлар ёддан кўтарилиб қолади. Ўша яқинлар келиб қолишса, албатта иззатлари юқори бўлғай. Чунки уларни чорлаш дилда бўлган-у, ёдда бўлмаган. )
Бешинчи адаб – меҳмон бўлган жойида кишилар орасида ҳирс ва ёқимсизлик билан таом емаслик учун меҳмон ўз уйида бир оз таомланиб боргани яхши. (изоҳ: “Тўйга борсанг – тўйиб бор”, деган мақолнинг маъноси айни шундайдир. “Тўйиб бормасанг, тўйда оч қоласан”, деган маънода эмасдир. Бу хусусда  ҳам “Қобуснома”да насиҳатлар мавжуд. Дейиладики: “Э фарзанд, ҳар қандай кишиникига меҳмон бўлиб бораверма, чунки ҳашамат ва шавкатингга зарар етказади. Агар бирор ерга меҳмон бўлиб борсанг, кўп оч бўлиб бормагил, қаттиқ юриб ҳам бормагилки, таом ейишдан узрли бўлиб ўтирсанг мезбон озор чекади. Агар таомни кўп есанг, халқнинг кўзига ёмон кўринасан. Мезбон уйига кирсанг, ҳатто ошнангники бўлса ҳам, ўзингга муносиб жойда ўтир ва таом устида буйруқ ҳам бермагил, яъни мезбоннинг хизматкорларига: “Э фалончи, бу уй ўзимнинг уйимдир, товоқни у ерга қўй, бошқаларнинг таом ва косасига қўл урма”, демагил. Ўз чокарларингга бирор бурда нон олиб бермагил, дебдирларки, мезбоннинг уйидан бирор нарса  олиш – уят”.)
Олтинчи адаб – Меҳмонга борганида мезбондан олдин юрмайди. (Меҳмон хушнудлик билан кутиб олингач, ичкарига таклиф қиламиз. Шу ўринда баъзилар янглишадилар. Меҳмонни ғоятда иззат қилганлари учун ичкарига аввал уни киришга даъват этадилар. Бу даъват яхши, аммо ичкарига  меҳмон  олдинроқ кириб борса, ҳовлида ва уйда бирон ноқулай шароит бўлса, у ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолиши мумкин. Мезбон олдинроқ юриб, ҳовлидагиларни, уйдагиларни меҳмоннинг ташрифидан огоҳ қилиши керак. Ҳамма хонадонда шароит бир хил эмас. Баъзи уйларда алоҳида меҳмонхона бўлмаслиги мумкин. Демак, меҳмон учун шошчиқ равишда жой ҳозирлаш керак. Бундай ҳолларда мезбон узрини айтиб, меҳмон билан бир оз суҳбатлашиб туриши ҳам мумкин. Жой ҳозир бўлгач, хонага ҳам аввал мезбон киради. Сўнг тавозе билан меҳмонни қаршилаб, унга жой кўрсатади.)
Меҳмон уйга аввал ўнг оёқни қўйиб киради. Уйга кирганида салом беради. Уй эгаси қаерни кўрсатса, ўша жойга ўтиради, ҳар нима келтирса тановул қилади. (Келтирилган таомнинг айбини топмасдан, балки мақтаб-тақтаб ейиш одобдандир.) Кўзини ҳар қаерга қарашдан сақлайди. (Айниқса, таом келтириладиган томонга ҳадеб қарайверишдан сақланиш керак. Агар ҳовлида аёллар юрган бўлишса, дераза орқали у томон қараш ҳам яхши эмас.) На таом жиҳатидан ва на ўзга важҳдан уй эгасига ҳукм қилмайди, агар бир-бирлари билан илгаридан сирдош бўлсалар, ҳукм қилишининг айби йўқ.  
Еттинчи адаб – ходимга ва ошпазга жоиз бўлса ҳам биродарлик шундай-ки, меҳмонлар бир-бирларига луқма бермайдилар ва гадо, ит, мушукнинг ҳукми ҳам шундай.
Саккизинчи адаб – таом эгасининг изнисиз насиба кўтарилмайди, таом олиб кетиш учун эмас, ейиш учун қўйилади. (Изоҳ: баъзи тўй-ҳашамларда аёллар еганларича еб, қолганларини тугунларига тугиб оладиларки, бу хунук одатдир.)
Тўққизинчи адаб – дастурхон йиғиштирилгандан кейин мезбоннинг ҳаққига хайрли дуо қилинади. Хайрлашув вақтида шукр қилади, шикоят қилмайди.
Ўнинчи адаб – таомдан сўнг “Овқат еб бўлдингларми, энди тарқалишинглар ҳам мумкин” ҳукмига биноан кўп сўзлашиб ўтирмай, кетишга ижозат сўралади, беижозат ва берухсат кетилмайди. Шарафли ҳадисда айтилган: “Ҳар вақт бир мажлисдан туруб кетмоқни ирода қилсангизлар, аввал  мажлис аҳлига салом бериб, андин сўнг турингизлар, чунки у суҳбатда баъзи ношоиста сўзлар сўзлағон бўлсангизлар берган саломларингиз анга каффорат бўлур ва сизлар учун фаришталар анга истиғфор айтурлар ва сизларға раҳмат нозил бўлур”, таъкидига амал қилинса янада яхши.
Шунингдек, меҳмондорчилик пайтида икки киши сўзлашиб ўтирганда орага суқилиш, уларнинг сўзларини бўлиб сўзга киришиш, ўз мартабаси, даражасидан юқорига чиқиб ўтириш – инсонга тубанлик келтиради, обрўсини тўкади.
Ҳикоят: Мўътабар одамникига мухлислари меҳмон бўлиб келишди. Мезбон уларни кутиб олиб, ичкарига бошлаб киргач хизматкорига “Дастурхон олиб чиқ!” деб буюрди.  Хизматкор анча ҳаяллади. Меҳмонлар буни сезмагандай ўтиришди. Хизматкор бир соатлардан кейин дастурхонни кўтариб кирганда уй соҳиби “Нега шунча қолиб кетдинг?”, деб унга танбеҳ берди.
-Банда дастурхонни очиб қарасам, чумоли босиб ётган экан,- деди хизматкор узрли оҳангда.- Уни шу ҳолда меҳмон олдига олиб чиқсам, одобдан бўлмас, дедим. Яна нонни бечора нонхўрлардан тортиб олишни мурувватсизлик деб билдим ва чумолилар дастурхонни тарк этмагунларича кутдим.
Бу гапни эшитиб, меҳмонлардан бири дуо қилди:
-Тангри таоло дастурхонингизга барака ато этсин, устоз! Чунки У шунча чумолига таом берибди...
“Меҳмон иззатини билсин”, деган гапни ҳам эшитиб қоламиз. Ҳа, меҳмоннинг мартабаси ҳар қанча баланд бўлмасин, иззати чегарасини билиши керак. Баъзилар ҳали у, ҳали бу нарсани сўрайвериб, мезбонни хижолат қиладилар. Шундай бетаъсир одамлардан бири ошнасиникига келиб, ётиб қолибди. Мезбоннинг уйида биттагина кўрпача, битта кўрпа-ю ёстиқ бор эди, меҳмонга солиб берибди. Бир оздан сўнг меҳмон совуқдан жунжикиб, ётган жойида мезбондан: “устимга бирон нима ташлаб қўй”, деб илтимос қилибди. Мезбон ўз остига ташлаб ётган бўйрасини олиб, меҳмон устига ташлабди. Меҳмон бунга қаноат қилмай, яна сўрабди. Мезбон ташқарида турган нарвончани олиб кириб ташлабди. Меҳмон яна сўрабди. Уйда бир челак сувдан бошқа ҳеч нарса қолмаган экан. Мезбон уни олиб нарвонча устига қўйибди. Меҳмон қимирлаган онда челакдаги сув тўкилибди. “Ҳой,  устимдаги кўрпаларингни олиб қўй, уйинг исиб, жуда терлаб кетдим”, деган экан меҳмон.
Меҳмонлар орасида ўз иззатини билмайдиган бетаъсирлари тез-тез учраб тургани учун ҳам улар ҳақида кўп масаллар тўқилган. Шулардан бири:
Маймун одати бўйича анжир дарахтига чиқиб овқатланаётган пайтда овчидан қочган тўнғиз пайдо бўлиб қолди. Маймуннинг  анжир чайнаётганини кўриб, унинг ҳам иштаҳаси очилиб кетиб, “меҳмон қилармикин”, деган тамаъда салом берди.
-Агар илгарироқ одам юбориб, хабар берсалар эди, зиёфат тайёргарлигини кўриб қўяр эдик. Энди яхши кутиб ололмасак, айбга буюрмайсиз,- деди маймун истеҳзо билан.
Тўнғиз бу пичингни англамай деди:
-Мен узоқ йўлдан келяпман, нима бўлса ҳам иштаҳа билан еявераман. Такаллуф қилмай, бор нарсангни беравер.
Маймун бир талай анжир қоқиб берди. Тўнғиз иштаҳа билан еб олди, лекин тўймади.
-Эй марҳаматли мезбон, берган анжиринг қорнимга юқ ҳам бўлмади, нафсим қонмади, энди бошқа дарахтга ўтиб қоқиб бер.
Маймун оғрина-оғрина бошқа дарахтни қоқиб берди. Тўнғиз бир пасда барча анжирни еб битирди. Кейин яна бошқа дарахтга ишора қилди.
-Эй азиз меҳмон, инсофни унутма. Бир ойлик овқатимни сенга бердим. Бундан ортиқ карам кўрсата олмайман,-деди маймун.
Бу гапни эшитиб тўнғизнинг ғазаби қайнади:
-Сен неча йиллардан бери бу анжирларни ейсан. Энди ўрмондаги барча мевалар менинг насибамдир!
-Бировнинг мулкини зўрлик билан олиш шумлик ҳисобланади. Зўравонликнинг оқибати яхши бўлмайди. Заифларга озор бериш, бегуноҳларни ранжитиш яхши эмас,-деб маймун уни инсофга чақирди.  
Лекин тўнғиз унинг танбеҳини эшитишни истамади. “Сени пастга тушириб, адабингни бераман!” деб дарахтга тирмашди. Битта шохга оёқ қўйган эди, шох синиб, тўнғиз йиқилиб тушди-ю ўша заҳоти ҳалок бўлди...
Масалдан олинадиган маъно шуки, иззатини билмаган меҳмон ҳалокати жисмонан эмас, балки у ўз обрўйини ўзи маҳв этган бўлади.
Бугунги меҳмондорчиликларда гуноҳ ишлар аралашиб қолганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. “Мастликда кўп сўзлаш, ҳушёрликда йиғлаш – девоналик”, дейдилар. Мастлик чоғида турфа хил девоналиклар юзага чиқади, хилма-хил қилиқлар уйғонади. Бировлар чапак чалаверадилар, депсинадилар, кулаверадилар, йиғлайдилар, ашула айтадилар... хуллас, аҳмоқликнинг барча кўринишларига гувоҳ бўлиш мумкин. Кўпчилик қимматбаҳо ароқ-конъякларни дастурхон  ҳусни деб ўйлаб янглишяпти. Ҳаром нарса ҳеч маҳал ҳусн саналмайди. Афсусли ери шундаки, аёллар иштирокидаги меҳмондорчиликларда ҳам дастурхон ман этилган ичимликлар билан тўла бўляпти. Янада афсусли ери шундаки, бу давраларда аёллар ҳам эркаклар билан баравар ичишяпти.
Ҳаёли қиз-жувонлар бундай даврага бориб қолсалар уларга жуда оғир бўлади. Бошлаб борган ота-оналари, эрлари ёки қайноналарининг нодонлиги учун улар азият чекадилар. Худо уларга сабр берсин! Билиб турибман, бу даврани тарк этиш уларга осон эмас. Ўтираверсалар янада қийин. Шундай экан, юқорироқда айтилганидай, вазиятга, шароитга қараб иш тутишдан ўзга чора йўқ. Эҳтимол, бирон нимани баҳона қилиб чиқиб кетишга уриниб кўрганлари маъқулдир?
Бу азиз ёшларимизга айтар гапимиз: сизни нобоп даврага бошлаб борсалар зинҳор ўчакишманг, у даврада халол ва ҳаром ҳақида гапириб овора ҳам бўлманг. Буни уйга қайтганингизда ота-онангиз, эрингиз ёки қайнонангизга алоҳида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Агар “Сизлар гуноҳга ботяпсизлар,  сизлар билан гуноҳкор бўлишни истамайман!” деб даврани тарк этсангиз, энг яқин одамларингиз ҳам сизни тушунмасликлари, оқибатда оилангиз мустаҳкамлигига дарз кетиши  мумкин.
Ароқхўрлик бор жойда бузуқликка иҳтиёр ҳам уйғонади. Айрим эркаклар ўз дўстларининг хотинларига ҳам ишрат кўзи билан боқишдан тоймайдилар. Буни сезган аёл даврани тарк этиш чорасини тезлаштиргани дуруст. Кейинги сафар бу даврага келмаслик баҳонасини ҳам топсин. Бироқ, эрига “фалончи менга бузуқ қараш қилди”, деб айтмасин. Айтса, икки дўст ёки қариндош ораси бузилишидан ташқари, эри унга гумон билан қарай бошлайди.
Бугунги мезбон эртага қаергадир меҳмон бўлиб боради, шундайми? Демак, ҳар бир одам ҳам мезбон, ҳам меҳмон одобларини ўзида жам қилиши лозим. Шунинг баробарида, таомланиш одоби ҳам мавжудки, буни билиш зарурдир. Бу ҳақда аввалги суҳбатларда бир оз сўз юритилган эди, мавзуга яна қайтишга ҳожат сезилди.
*Илгарироқ айтилганидек, таомни кам ейиш фойдали. Агар очлик сезилмаса, таом ейилмагани дуруст. Шунингдек, ҳаддан ташқари тўйиб ейилмайдики, бунга амал қилинмаса, одамлар “бўкиб қолгунча еди”, деб маломат қиладилар.
*Агар зарурат жиҳатидан шубҳали таомга рўпара бўлса, ўзини сақлаб, кўнглида пушаймон бўлиб, имкон даражасида оз ейди. Шубҳали таом шуки, фосиқникими-золимникими, зоҳирдан билиб бўлмайди.
*Ўз нафси учун ходимлари таомидан бошқа фақат ўзи учун махсус ширин таом тайёрлатмайди.
*Агар хуш ва лазиз таом бетакаллуф ҳозир бўлса, суннатга мувофиқ у тановул қилинади. Лекин гўшт доим ейилмайди ва тарк ҳам қилинмайди.
*Шундай таомлар борки, тановулида бирининг устига иккинчиси ейилмайди-ки, зеро суннатга хилофдир ва соғлиқ учун зарарлидир: балиқ билан сутни; сут билан нордон нарсани; сут билан тухумни; сут билан гўштни; қовурилган гўшт билан қайнатилган гўштни; эски гўшт билан янги гўштни; икки иссиғлик нарсани ва икки совуқлик нарсани; икки мулойим-юмшоқ таомни ва икки қаттиқ ботувчи таомни; икки қотирувчи ва икки сурувчини; бири қотирувчи иккинчиси сурувчини; тез ҳазм бўлувчи таом билан узоқ ҳазм бўлувчини. Яна ҳидланган таом, хом пиёз ва саримсоқ ҳам ейилмайди.
*Таом ўтириб ейилади. Уч хил ўтириш суннат ҳисобланади: аввали, икки тизза букиб ўтирилади. Лекин юзтубан тушганга ўхшаш қоринни тиззага етказилмайди. Иккинчиси – ўнг тиззани кўтариб, чап оёқ букиб ўтирилади. Учинчиси – икки тиззани кўтариб қоринга ёпиштириб ўтирилади.
*Улуғлар таомга қўл узатмагунча мажлис аҳли қўл узатмайди. Мажлисда агар ўзи улуғ киши бўлса, бошқаларни мунтазир қилмай, таомга тезроқ қўл узатади.
*Еб-ичиш ўнг қўл билан бўлиши лозим. Чойни қайтариш, узатилган чой ёки таомни олиш (ёки узатиш) ҳам ўнг қўлда амалга оширилади. Таом қошиқ ёки санчиқда эмас, қўлда ейилса, уч бармоқ: бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта бармоқда ейилмоғи суннатга мувофиқдир. Гоҳо тўртинчи бармоқни қўшса ҳам жоиздир. Икки бармоқ билан ейиш маън этилган. (“беш бармоқни оғзига тиқди” деган ибора фақат таом ейишга таалуқли эмас. Бу кўпроқ “бойликкка берилиб, нафсини тия олмади”, деган маънони англатади.)
*Агар таом бир товоқ (лаган)да ўртага қўйилса, ўз олдидан олади. Меваларни ҳар қайси томондан олиш мумкин. (“Қутадғу билиг”да бу хусусда дейиладики:“Меҳмонга таклиф этилсанг, ошни одоб билан е. Бировнинг олдидаги овқатга қўл чўзма. Ўзингга яқин турган жойдан ол. Пичоқ ўйнатмагин. Қўлингга суяк олиб, кемириб ўтирма. Бошқаларнинг ош-овқатларини татиб кўришдан асралиш лозим. Ўзгаларни зўрлаб-қисташ ярамайди. Аёлларга ўхшаб бемалол емагин, аммо шошилиш ҳам зарар. Аёллардек серилтифот бўлиш ортиқча. Буларга мулоҳаза юрит. Қанчалик тўқ бўлсанг ҳам, таклиф қилингандан кейин овқатдан ейиш лозим. Бу сенинг қадрингни оширади”.)
*Нон икки қўл билан синдирилиб, бўлаклари икром қилинади, гарчи емоқчи бўлса ҳам, қўл ёғи нонга сурилмайди. Оғиздан ёки қўлдан тушган нон ушоғи ё ўзга донлар такаббурлик ва худпарастлик билан ташланмай, дарҳол териб ейилади-ки, унда хосият кўпдир.
*Таомланиш пайтида, агарчи оч бўлса ҳам, тез-тез ва шитоб билан ейиш “кўнгилнинг қотиши, кўрлиги, ҳатто ўлишига боис бўлади”, дейдилар.
*Луқма катта ҳам, кичик ҳам эмас, ўртача олинади ва оғиздаги луқма яхши чайнаб, оҳиста ютилади. Таомга оғиз андозадан зиёда очилмайди. Таомни ўнг тараф тишлари билан чайнаш суннатдир. Агар ўнг тарафда тиш оғриғи ва бошқа узри бўлса, чап тарафда чайнаса ҳам бўлади. Оғиздаги  луқма ютилмагунича таомга қайта қўл узатилмайди. Тишланган таом яна  идишга қўйилмайди. Агар таом иссиқ бўлса, бир оз кутиб турилади. Таомлик қўл косага ёки лаганга силкитилмайди.  Ёғлиқ луқма ёки гўшт парчаси сирка ёки шунга ўхшашга ботириб олинмай, балки қуруқ луқма сиркага ботирилиб, гўшт ўшанинг устига қўйиб ейилади. Иликни қоқиш учун суякни куч билан ноннинг орқасига ё юзига ё товоқ лабига ё дастурхонга урилмайди. Агар гўшт яхши пишган бўлса, суннат шуки, қўл билан майда-майда қилинади, пичоқ ишлатилмайди.
*Таом устида бошдан-охиригача хомуш ўтириш ман қилинган (макруҳдир). Яна ҳар хил одамлар, ҳайвонлар ҳақида даҳшатли ва ёқимсиз сўз ҳам дейилмайди-ки, бу каби сўзлар ҳам макруҳдир.
*Агар имкон бўлса, таом танҳо ейилмайди. Негаки, кўп қўл узатилган таом баракали таомдир, дейдилар. Яхшироқ таом ҳамкоса ва ҳамроҳига қўйилади-ки, буни инъому эҳсон дейилиб, савоби кўпдир. (Ҳикоят: доно бир қария дастурхонга турфа ноз-неъматларни қўйиб, овқатланишга ўтирган онда кўча эшикдан бир меҳмон кириб келди. Мезбон уни хурсандчилик билан қарши олиб, илтифот қилди: “Келинг азиз меҳмоним, келинг, қадамингизга ҳасанот! Ҳикматда айтадиларку “яхши меҳмон ош устига”, деб. Қаранг, бир ўзим ўтириб тановул қилишга унча рағбат-хоҳишим бўлмай тургандим, хуш келдингиз, бирга овқатланадиган бўлдик”. Доно мезбоннинг ширин сўзларидан меҳмоннинг баҳри-дили яйради. Икковлари: “Олинг, олинг”, “Хўп ширин бўпти”, “Ош пиширганнинг қўли дард кўрмасин”, деб иштаҳа билан овқатланишдики, бу ҳам тирикликнинг бебаҳо лаззати эди.)
*Суҳбат аҳлига то суҳбат тугагунча иттифоқчилик қилинади. Агар зарурат бўлмаса, дастурхон йиғилмасдан илгари жойдан турилмайди.
*Доналаб саналадиган емишларда тоқ саноққа риоя қилинади. Чунончи, хурмо, анжир, чучвара бўлса бир ё уч ё еттита олиб ейилади – тоқ адад ихтиёр қилинади. Қошиқ билан таом ейишда ҳам тоқ адад риоя қилинса яхшироқдир. Икки киши бир товоқда шерик бўлсалар, қошиқ билан навбат-банавбат ош ичсалар, ҳар қайсилар бир қошиқдан ё уч қошиқдан ичадилар, агар танҳо бўлса, ичишни тоқ билан тугатади. Яна қошиқни тўлдириб ичилмайди-ки, ҳирсу очкўзлик аломатидир. Оз ҳам ичилмайди-ки, ўзни катта олиш ва кибр аломатидир, демак ўртача олинади. Яна қошиқдан шўрва ва ош дастурхонга, либосга томмаслиги учун эҳтиёт қилинади. Қошиқдаги ярми ичилган ошнинг қолгани косага қайтарилмайди. Қошиқ билан ичишда тўрт оёқлиларга ўхшаб оғзини косадаги ошга кўп яқин келтирилмайди. Яна қошиқ учун оғизни кўп катта очмайди,  қошиқ оғиз ичига элтилмайди. Яна қошиқ билан ичишда оғиздан нохуш овоз (хўриллатиш) чиқарилмайди. Қошиқ товоққа тўнкариб қўйилмайди-ки, агар таом қатралари қолган бўлса, унга  томмасин.
*Таом идиши ва бармоқлар яланганидан кейингина қўл ювилади. Қўлни дастурхонга артилмайди-ки, макруҳдир. Аввал ўрта бармоқ, ундан сўнг бош бармоқ, кейин бош бармоқ ёнидагиси яланади.
*Агар киши  пўстли ва донали меваларни емоқчи бўлса, адаб шудир-ки, унинг пўчоқлари мевали идишга қўйилмай, балки дастурхондан узоқроқ ва четроқ  ерга ташланади. Агар мажлис танг бўлса, узоқроққа ташлашга имкон топилмаса, уларни рўмолга ё бирон нарсага ўраб сақлайди. Мажлис аҳлининг кўзидан пинҳон тутади. Агар рўмолчаси бўлмаса, чап қўлида сақлайди. Фурсат топилганида чап тарафидаги холироқ ерга ташлайди. Ташлашда эҳтиёт қилинади-ки, оёқ кийимларининг ичига тушмасин. Зиёфат маҳалида бундай ноқулайлик вужудга келмаслиги учун пўчоқ ташлаш учун махсус идишлар қўйиб қўйилса яхши бўлади.
Бизда дастурхон усти ҳаддан ташқари неъматларга тўлдириб ташланиб, бўш идишга жой қолмайди. Баъзи жойларда чекувчиларнинг ҳурмати учун кулдон қўйилади, аммо афсуски, пўчоқ учун бўш идиш қўйиш хаёлларига келмайди. Яна айрим зиёфатларда ёнғоқ ёки бодомни бутунича қўйишади-ки уни чақиш осон бўлмайди. Дастурхон ўртасига муштдай-муштдай келадиган новвотларни ҳам қўядилар-ки, “кўрмоқ бор-у емоқ йўқ”, деганлари айни шудир.
*Янги мевага етишган чоғда дуойи баракат қилинади. Кейин кичик бир болани чорлаб, унинг қўлига берилади.
*Таомдан сўнг баъзиларда тишни чўп билан кавлаб, тозалашга ҳожат сезилади. Даврада оғизни баралла очиб тиш кавлаш ғоят хунук одатдир. Иложи борича давра тарқалганида, ҳоли жойда тозалангани маъқул. Тозалашга табиий зарурат кучли бўлса, у ҳолда чап қўл кафти билан оғиз тўсиб турилади. Тишдан тил билан чиқарилган таомни ейиш макруҳ эмас, аммо тишкавлагич билан чиқарилганини ютиш макруҳдир. Тишнинг ораси кўп кавланмайди, токи милкка зарар етмасин.
*Қўл таомдан илгари ҳам, кейин ҳам ювилади. Сув қатралари тўшак ва либосга сачрамаслиги учун ювилган қўл силкитилмайди. Таомдан сўнг мажлис аҳлидан баъзиларининг кўнгилини айнитмаслик учун қўл ювилганда оғиз чайқалиб, чилобчинга қайтариб тўкилмайди. Таомдан сўнг қўл ювилганида тоза сочиққа артилиб, хизматдаги киши хайрли дуо қилинади. Одоб шуки, таомдан олдин ўнг томондан бошлаб қўлга сув қуйилади. Таомдан сўнг эса аввал даврадаги улуғлар қўлига сув қуйилади, сўнг тартиб билан ўнг томон қараб юрилади. Ҳар қайси кишига уч маротаба сув қуйилади. Аввал озроқ, иккинчисида ундан кўпроқ ва учинчида узилмай сув қуйилади.
*Таом еб бўлингач, ҳамд айтилади сўнг дастурхон эгаси дуо қилинади.
Таомланишдан ташқари сув ичишга хос одоблар ҳам бор:
**Сувни ўтириб ичиш керак. Агар узрли сабаб билан ноқулайлик бўлса, туриб ичиш ҳам мумкин. Замзам сувини эса туриб ичиш мумкин.
**Сувни уч навбат нафас олиб, ҳар нафасда пиёла ёки косани оғиздан жудо қилиб ичилади. Аввалида бир ҳўплам, иккинчи нафасда уч ҳўплам, учинчи нафасда беш ҳўплам ичилади. Сувни бирданига симириш макруҳдир. Тиббий нуқтаи назардан қаралса, зарарлидир. Айниқса иссиқ кунларда чанқаб келиб муздек сув симиришнинг оқибати нима бўлишини ҳамма билса керак. Аммо, афсуски, кўпчилик билса-да, сабрсизлиги туфайли бу яхши ва фойдали одатга амал қилмай, оқибатда ўзини ўзи қийнайди.
**Сув ичилаётганда унга нафас урилмайди.
**Ичишни бошламасдан илгари хас ё ўзга нарсалар тушган бўлмасин учун идишдаги сув яхшилаб текширилиши керак. Ичаётган пайтда унинг қатралари либосга томмаслиги чоралари кўрилади. Агар қоронғи бўлса, идиш лабига юпқа матодан парда тутиб ичилади.  Бир сабрсиз одам чанқаб келиб шиша идишнинг қопқоғини очибоқ кўтариб ича бошлаган экан. Ярмидан кўпини ичиб қараса-ки, идишда сичқоннинг ўлиги бор экан... Бесабрнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.
**Агар оғзи ёки қўли ёғли бўлса, у билан кўза ёки обдастанинг дастаси ушланмайди, агар заруратдан ушланмоқчи бўлинса, жимжилоқ ва номсиз бармоқ билан ушланади, агар дастаси бўлмаса, аввал қўлини ва оғзини артиб тозалаб, ундан сўнг сув ичилади.
**кўза ва косанинг дарз кетган ёки учган жойидан сув ичилмайди-ки, унда чирклар жам бўлади. Бошни сувга етказиб ичиш ҳам макруҳдир.
**Шарбатни ёки сувни қуйган одам ғоятда ташна бўлса ва ташналиги тўла қонмаган бўлса-да, ҳаммасини ўзи ичиб адо қилмайди, бошқаларга ҳам беради-ки, бу ҳам инъом-эҳсонга киради. Киши сув ичганидан сўнг гарчи чап ёнида улуғ одам ўтирган бўлса-да, косани ўнг ёнидагисига узатади.
**Сув олиб кирган киши дуо қилинади.
Меҳмон кутиб олишдаги ёшларнинг чиройли хизматлари ёки меҳмондорчиликка борганларида ўзларини баодоб тутишлари уларга шараф келтиради. Аксинча, меҳмонларни кутишда эътиборсизлик ёки ялқовлик қилсалар, тотли таом пишириб беролмасалар, меҳмонга борганларида эса одоб билан ўтира олмасалар, уларни маломат қиладилар. Шу боис ҳам бу суҳбат баёнини батафсилроқ қилдик. Одобларни бир ўқишда эслаб қолиш, эҳтимол, қийиндир. У ҳолда эринмай қайта-қайта ўқинг ва билганларингизни амалда қўллангки, шунда барака топасиз. Бу тўртликни ёдлаб олсангиз янада яхши:
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нури зиё,
Уй – фонус, меҳмон шамъу мен эсам парвонамен.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо,
Кетса меҳмон мен мисоли мажнуни девонамен.
Азизлар, Аллоҳга беадад шукрларким, мазкур ғойибона машваратимизда оила мустаҳкамлигининг таянчи бўлган айрим одоблар хусусинда имкон қадар фикрлашдик. Ўзингизга маълум, оила устунлари бу одоблар билан чекланмайди. Қуръони Каримда, шарафли ҳадисларда бу мавзуда кўп кўрсатмлар мавжуд. Донолардан мерос қолган асарларда ибратли ҳикоятлар, ҳикматлар ҳам кўп. Оилани мустаҳкамлашга доир ҳаракат бир-икки китоб ўқиш билан адоғига етмайди. Киши жисмонан қувват олмоғи учун ҳар куни таомланиши зарур бўлганидек, руҳ қуввати учун ҳам кундалик тарбия зарур. Полвонлар ҳар куни машқ қилишларига қарамай, мусобақаларга яқин қолганда машқни кучайтирадилар. Шунга ўхшаш, фарзандларингиз “оила” деб аталмиш бахт саройини қуришга киришишларидан олдин тарбия соатларини кўпайтирсангиз янада яхши.
Машваратимизнинг маърифий суҳбатга аталган қисмига якун ясаб, тилга олган муаммоларимиз бугунги ҳаётда қандай кўринишда эканига диққатингизни тортиб, бир кўчага жойлашган оилалар ҳаётидан ҳикоя қилмоқчимиз.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 172 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ