Сайт бўлимлари
Тантанами ёки машмаша
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Хайрли ниятлар ила пок оила қурганларнинг хонадонлари осмонида саодат қуёшини порлатиб қўювчи, ал Қуддус, ас Салом, ал Азиз, ар Раззоқ, ал Ваҳҳоб, ал Фаттоҳ, Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таборак ва таолонинг пок номини дилга жо қилиб сўз бошладик.
Муножот:
-Ё раббимиз Аллоҳ! Бандаларинг берган неъматларингга шукрлар қилган ҳолда Ўзингга илтижо қилиб, тўйларга етказишингни ҳам сўрайдилар. Ҳатто ўлим тўшагида ётган бемор ҳам “набирамнинг тўйини кўриб қолсам эди”, деб Ўзингдан умид қилади. Ё Аллоҳ! Бандаларига неъмат, ризқ ва кушойиш берувчи ёлғиз меҳрибон- Ўзингсан, руҳ бахш этувчи ҳам Ўзинг, бандаларига сездирмай ўз лутфу эҳсонини етказиб турувчи карамли, саҳоватли, кечиримли Зот ҳам Ўзингсан! Ҳар бир умидвор бандангни тўйга етказ. Умид ушалган кунда, шодлик эшиклари очилган онда, кибру ҳаводан ўзларини тийган ҳолда тўйларини Ўзинг рози бўлган тартиб ила, исрофсиз, ортиқча дабдабасиз, ҳаром аралашмаган ҳолда ўтказган хонадонларга марҳаматларингни янада кўпроқ ёғдир. Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Ҳар қандай қурилишнинг аввали ва охири бўлиши сиз, азизларга аён. Энг аввал “чиройли уй қурсам” деган ният туғилади. Сўнг ниятни амалга ошириш лойиҳалари яратилади. Кейин пойдевор қўйилади... “Оила”га нисбатан “қуриш” деган атамани ишлатамиз. Хўш, бу “қуриш” нимадан бошланади? Фарзанд туғилганида ота ва онанинг, буви ва буванинг “боламнинг файзли хонадонга куёв (ёки келин) бўлишини кўрайин”, деган умиди билан бошланади. Бу умид туғилган бола билан эгизак, десак ҳам бўлади. Ота-она ҳар иккисини авайлаб-асраб, вояга етказади. Сўнг совчилар.... кейин тўй... Кўпчилик оила қуриш тўйдан бошланади, деб ҳисоблайди. Ундан олдинги ҳаракатлар инобатга олинмайди. Биз бу фикрга қўшилмасак ҳам, “Бахт саройи” ҳақидаги суҳбатимизни айнан шу жараёндан бошламоқчимиз. Ёшларни турмушга тайёрлаш масаласини алоҳида кўрмаймиз, балки ҳар бир мавзуда, ўз ўрнида эслатиб турамиз.
Бидъат ва хурофот дейилганда биз асосан динга доир маросимларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, хурсандчилик тўйларимизга доир ярамас одатларимиз ҳам борки, бу ҳақда ҳам бир оз фикр қилсак, балки мунозара қилсак фойдадан ҳоли бўлмас. Тўйлар ҳақидаги гаплар меъдангизга теккан бўлса ҳам, суҳбатимизни тарк этманг. Бу ҳақда доимий равишда гапириб турмасак, кераксиз, ҳатто ярамас одатлар урчиб-кўпайиб, қадрлашимиз шарт бўлган одатларимиз эса бир-бир “ўлиб” бораверади.
Хурсандчилик хабари етган онда «Аллоҳ ҳаммани тўйга етказсин...» «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин...» - деб дуо қиладилар. Биз ҳам бошқаларга шу саодатни тилаймиз.
Тўйга узоқ йиллар ҳам моддий, ҳам руҳий томондан тайёргарлик кўрилиши барчага маълум. «Қизингни бешикка бела, молини сандиққа ташла», деган мақол бежиз айтилмагандир. Бу мақолга бир тилак илова қилинса, фойдадан ҳоли бўлмас: “Яхши хулқларни қалбига жойла!” Ўғил туғилганида йигирма туп терак экиш одати ҳам ана шу тўйга тайёргарликнинг бир кўриниши. Ўғил улғайгунига қадар тераклар ўсиб, иморатбоп бўлади. Бўлажак ёш оилага атаб уй солинади. Сўнг қарабсизки, тўй-да...
Тўй туфайли хонадонимизга ташриф буюражак шодлик ва бахт умрининг нечоғли узун бўлмоғи ўзимизнинг фаҳму фаросатимизга боғлиқ. «Қарз қутилар, хотин ёнга қолар», мақолига амал қилган бўлсак, шодлигимиз тўй тугаши билан тугаб, ташвишимиз бошланади. Агар «Кўрпангга қараб оёқ узат», ҳикматидан юз ўгирмасак, қарз ташвиши бизларни азобга солмайди.
Биз кўпгина ташвишларга ўзимиз харидор бўламиз-да, сўнг «бизни шунча қийноқларга соласанми», деб Худога даъво ҳам қилиб қўямиз. «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин», дейилмиш дуони «Топган-тутганингнинг барчасини битта тўйга совуриб юбор, етмаганига қарз ол», деган маънода тушунмаслик керак. Кўнгил хоҳиши билан ҳаёт ҳақиқатининг муросага келмоғи мушкуллиги унутилмаса дуруст. Тўйдан кейин бошланажак ҳаёт, турмуш ташвишлари назардан четда қолмаса янада яхши. «Ортиқча кучаниш белни синдирар», деган мақолни ёдда тутиш эса доноликдир. Сиз билан биз ҳар қанча данғиллама тўй қилмайлик, унинг шуҳрати енгил шабада ҳам учириб кета олувчи хазон кабидир. Одамлар тўйингизни ойлаб-йиллаб эслаб, мадҳ этиб юрмайдилар. Яқинларимиз кўришганда «Қалай тўйларнинг чарчоғи чиқдими?» деб қўйишлари билан ҳаммаси тугайди. Тўй ҳар қанча дабдабали бўлмасин, кишининг обрўсига обрў қўшмайди. Бугунги куёв ва келиннинг эртанги тотув ҳаёти, саодат йўлидаги интилиши, ота-оналари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшниларига бўлган меҳр-оқибати, ҳаё ва одоби хонадонга ҳурмат ва эътибор келтиради. Билмоғимиз жоизки, манманлик ва мақтанчоқликнинг энг хунук кўриниши - тўй-маросимларда қилинаётган сохта сахийликдир. Тўй баҳонасида манманликларини кўз-кўз қилмоқчи бўлган қудалар ҳавойи полвонларга ўхшашади. Куч ҳам йўқ, усул ҳам бўлмаса-да, гиламга тушган полвоннинг бели синганидек, қудаларнинг нодонлиги туфайли оиланинг бели синади.
Тўй қилиш бўйича аниқ тавсиялар йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аввал айтганимиздай, тўй - кўнгил иши. Кўнгилни эса ақл бошқаради. Яна бир гап: кўнгил талаб қилувчи дабдабани чўнтак кўтаролмаслиги мумкин. Ҳар бир шаҳар-қишлоқнинг тўйга ҳос ўз одатлари, удумлари бор. Афсус шундаки, асосий эътиборни дастурхон безашга қаратиб, яхши урф-одатларимизни унутилишга маҳкум этяпмиз. Барча жой учун бир ҳилда бўлган ярамас одатимиз - «ким ўзар» мусобақаси. Бу мусобақанинг шиори «Агар сендан ортда қолсам - қулоғимни кесаман!» Ҳа, бизга айнан шу шиор маъқул бўлиб қолди. Ақлни ишлатиб демаймизки: «Биров томдан ташласа мен ҳам ташлашим керакми?»
Тўйга доир муаммолар ҳақида оқил устозларимиз кўп ва хўб ёзганлар, гапирганлар. Йил йўқки, матбуотда бу масала кўтарилмаса. Тўй қилувчилар бу ҳикматларни ўқимайдиларми, ҳар ҳолда ўз билгиларидан қолмайдилар. Демоғингиз мумкинки: «Тўй қилувчи Фалончи, қийналса ўзига жабр, сизга нима?» Сиртдан қараганда шундай. Аммо «жамият, унинг тараққий этмоғи», деган тушунчаларимиз ҳам бор-ку? Бугун оила қурадиганларнинг маънавий-руҳий оламлари, маданий даражаларини жамиятдан айри ҳолда кўролмаймиз-ку? Тўйлардаги исрофгарчилик жамият тараққиётига салбий таъсир ўтказмайдими?
Йиллар оша гаплар гапирилаверилди, оқибат махсус қарор ҳам қабул қилинди, бироқ, бир оз фурсат ўтиб, бу зарур қарорни унута бошладик. Замон яна шу масалага қайтишни талаб қиляпти. Биз устозлардан ўқиганимиз, доно отахонлардан эшитганимиз асосида бир-икки фикрни баён қилишга эҳтиёж сездик.
Улуғимиз Абдулла Қодирийнинг дастлабки саҳна асарлари «Бахтсиз куяв» деб номланган. Асарнинг маъносини сарлавҳаданоқ англагандирсиз? Фақат «ўтмищда уйланажак қаллиғини никоҳдан аввал кўришмаган, бир йигитга қари қиз дуч келган бўлса, унинг бахтсизлиги шу-да», деб фикр қилманг. Асардаги куёв боланинг бахтсизлиги - тўй туфайлидир. «Тўй» ва «касофат» тушунчалари бир-бирини инкор этса-да, мазкур воқеадаги куёвнинг бахтсизлиги айнан шу тўйнинг касофатидандир. Бўлажак куёв - етим. Амаки ота ўрнида ота бўлиб, жиянни уйлантириш ҳаракатига тушади. Яхши хонадоннинг қизига совчи бўладилар. Қизнинг отаси «тўй-тўйдек бўлсин», деган орзуда оламжаҳон нарсаларни талаб қилади. «Бўлажак оилани қийнамаслик керак, дабдабали тўйнинг ҳожати йўқ», деган насиҳатларга қулоқ солмайди. Куёв боланинг амакиси уятга қолмаслик учун бу талабларга кўнади. Оқибат отадан қолган ҳовли-жой гаровга қўйилиб, кўп миқдорда қарз олинади. Куёв қарзни вақтида беролмайди. Судхўр ҳовли-жойни тортиб олажагини билдирганда, куёв «бу кунимдан ўлганим яхши», деб жонига қасд қилади. Буни кўрган келинчак кўзига дунё тор кўриниб, у ҳам ўзини ўзи ўлдиради.
Таъсирли тарзда, насиҳат йўсинида битилган бу асарда баён этилган воқеа юз йилнинг нари-берисида бўлиб ўтган. Ажабким, тўйда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида унда айтилган гаплар бугунга ҳамоҳанг бўлиб турибди. Тўй эгасига қилинган насиҳатларнинг шамолга қарши қичқириш каби самарасиз кетиши ҳам юз йилни оралаб бизнинг кунимизгача етиб келибди. Тўғри, ҳозир кўп жойларда «қалин» деган тушунча йўқ. Аммо унинг ўрнига ёзилмаган, балки кибр эгалари томонидан ўйлаб топилган, аммо бажарилиши шарт де тушунилган турли-туман қоидалар мавжуд. Бу қоидалар бадавлат оилалар томонидан тез-тез ўзгартирилиб турилади. Агар келин томонга тўй юборилганда аввал битта қўй берилган бўлса, серҳиммат биродарларимиздан бири жуфт қила қолди. Сўнг унинг ёнига бузоқ қўшилди. Бугун-эрта янада “саҳоватлироқ” танти киши чиқиб, келин томонга иккита фил жўнатса, ажабланмаслик керак. Бора-бора, тўйдан олдин тимсоҳ қидирилиб қолинмасайди... Илгари битта сандиғу битта жавон билан оила қуриш мумкин эди, ҳозир «мебел» дегани пайдо бўлди. Аввал фақат ётоқ учун олинган бўлса, энди унинг ёнига меҳмонхона, ошхона мебеллари ҳам қўшилди. «Фарзандимнинг кўнгли чўкмасин», деб ота-она жонини жабборга беришга мажбур. «Мебел» отлиқ ҳашамни Тошкентда келин томон қилади. Бошқа ерларда куёв олиши керак. Бир хонадонда тўйга тайёргарлик бошланган эди. Қиз томон «мебел»ни олиб келиб ўрнатмоқчи бўлганида, куёв томон «ие, мебел чет элники эмас экан-ку?» дебди. Шу гап туфайли тўй бузилди, десак, ишонмассиз. Сиз ишонинг бу бўлган воқеа. Ана энди ўзимизга савол берайлик: йигит «мебел»га уйланадими, ё қиз «мебел»га турмушга чиқадими? Шу матохни деб тўйни орқага суришлар ҳам мавжуд-ку? Бунга нима деймиз? Қўполроқ бўлса ҳам жавобимиз шу: бу - ақлсизликнинг ўзгинасидир!
Ўрни келганда айтиб ўтайлик: тўй ҳаракати жараёни ҳам ёшлар тарбиясига, дунёқарашига таъсир этади. Бошқача айтсак, бу ҳам тарбиянинг бир тури. Шу боис ота-она тўй ҳаракатини бошлаганида аввало ўз имкониятини чамалаб кўриши ва шунга қараб маросимнинг даражасини, ўтказиш тартибини белгилаб олиши лозим. Ундан сўнг фарзанднинг тарбиясида шу масалага ҳам жой берилиши шарт. Яъни, дабдабадан, демакким, кибрдан қочишнинг савоблиги, бировларга қараб кўнгилнинг чўкиши яхши эмаслиги, оила қурмоқлик фақат дабдабали тўйдан иборат бўлмаслиги, оила саодатини тўйнинг шуҳрати эмас, тўйдан кейинги тотув ҳаёт белгилаши ҳақидаги ҳақиқатларни фарзанднинг онгига сингдиришга уриниш керак. Айбситмасангиз, мисолни ўз оиламдаги воқеадан келтирсам: агар кузатсангиз «ЗАГС» деб аталмиш маросимда келинникига келувчи автомашиналарнинг русуми, саноғи болаларни қизиқтиради. Каминанинг ўғли ҳам бир-икки «фалончиникига учта «Мерседес», ўнта «Волга» келди», деган хабарларни айтарди. Бир куни шундай хабардан сўнг «уч-тўрт йилдан сўнг Худо хоҳласа сени уйлантирамиз. Сен ҳам шундай машина карвони билан келинникига борасанми?» деб сўрадим. Ўғлим ва у каби ўсмирлар учун автомашиналар карвони мажбурий қоида каби кўриниши табиий. Чунки ҳамма шундай қиляпти. «Фалончининг қизига «Лимузин» келибди...» деган шов-шувлар шамолдай учиб юради. Ўсмир ота-онасидан шундай марҳамат кутади ёки орзу қилади. Шуни билган ҳолда камина ўғилга «Худо тўйга етказсин, аммо биз бундай қилмаймиз. Никоҳни рўйҳатдан ўтказиш учун турнақатор бўлиб борилмайди, вакилни тўйхонага таклиф этамиз», дедим. Бу гапимдан ўғлимнинг ажабланишини, ранжишини билардим. Турнақатор автомашиналар эгаларига тўлаш учун ортиқча маблағим йўқ, десам эҳтимол тушунарди. Лекин бунга моддий имконият бўла туриб рад этилиши ўсмирни лол қолдирди. Шундан сўнг бу каби одатлар манманлик экани, манманлик эса гуноҳлигини тушунтиргандай бўлдим. Бу суҳбатдан сўнг ўғлим автомашиналар карвони ҳақида гапирмай қўйди. Аммо ич-ичида армон мавжудлигини билардим ва шунинг учун вақт-бемаҳал кўчада кўрганим карвонлар ҳақида ўзим гап очардим ва бу одатнинг яхши эмаслигини таъкидлардим. Шунинг баробаринда санъаткорлардан яқинларим кўп бўлса-да, фақат битта ёки иккитасини таклиф этиш ниятимни ҳам билдириб турардим. Шу зайлда орадан бир неча йил ўтиб Худо бизни ҳам тўйга етказди. Совчилар келин бўлмишнинг уйларига бордилар. Орага воситачи одам қўймай тўй тартиби ҳақида ўзимиз гаплашайлик, деган таклифимиз қуда томонга маъқул тушиб, маҳалламизнинг оқсоқоли билан бордик. Камина орзу қилинаётган тўйнинг тартибини баён этдим. Никоҳ рўйхатидан ўтишга бормаслик, «чарлар», сўнг эса «куёв чақирди», «қуда чақирди», деб аталмиш маросимларни ўтказмаслик ҳақидаги таклифимиз уларни бир оз ўйлантирди, бамаслаҳат жавоб қилажакларини билдиришди. Шукрки, қудаларимиз ҳам, келинимиз ҳам буни тўғри тушундилар. Орзу қилган тўйимиз бир кунда чиройли тарзда ўтди, исрофдан қочганимиз учунми, Оллоҳ ёшларимизнинг бахтини берди. Орадан йиллар ўтиб, бир куни келинимдан: “Чарлар қилишга рухсат бермаганим учун ўшанда ранжиганмисиз?” деб сўраган эдим, у кулиб, “дугоналарим ажабланишди, лекин уларнинг тўйидан кейин ҳам чарлар бўлмади”, деди. Бир-икки жойда “чарларсиз тўй-тўйми?” деб ўжарлик қилаётганларга “Тоҳир Малик ўғлини уйлантириб чарлар қилмади-ку?” дейишгач, қайсарликдан қайтганларини эшитиб, қувонган эдим. Демоқчиманки, бу хусусда сўз ва иш бирлиги мавжуд бўлсагина, ижобий самара кутиш мумкин.
Энди бугунги тўйларимиз хусусида бир-икки сўз айтсак: бизларда ё у томонга ёки бу томонга кескин оғиш одатимиз бор. Бугунги кунда «Исломий тўй» деган тушунча пайдо бўлди ва бунинг тарафдорлари тўйдаги ўйин-кулгуни мутлақо рад этадилар. Келинг, шу тарздаги тўйларнинг тарихига бир назар ташлайлик: тўйдан мақсад - фақат хурсандчилик эмас, балки шаръий, қонуний никоҳдан атрофдагиларни бохабар қилиб қўйишдир. Саҳобалардан бири шаръий тарзда уйланганларини хабар қилганларида пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир таом тайёрланг-да, қўни-қўшниларингизни чорлаб, никоҳдан огоҳ этиб қўйинг», деган эканлар. (Албатта, исломдан аввал ҳам ҳар жойнинг ва диннинг ўзига ҳос тўй маросими бўлган.) Мақсад шуки, одамлар буларни кўрсалар «фалончининг ўғли билан пистончининг қизи номақбул юришибди», деган ножўя хаёлга бормасинлар. Уламолар етказган ҳадисга кўра, пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ерга кириб бораётганларида қўшиқ айтаётган аёл, ашулани узиб салавотга ўтганида, жанобимиз «аввалги қўшиғингни айтавер», деган эканлар. Шунга кўра, мусулмон мамлакатлардаги тўйларда қўшиқдан воз кечмаганлар. Аммо бу масалада бизда сал қуюшқондан чиқилиши афсусли ҳолдир.
Маст-аластлик билан беҳаё ашулаларни айтишлик, беҳаё қилиқлар билан рақсга тушишлик, ўртада шодланиб ўйнаётган қиз-жувонларга кайф аралаш ҳирс билан тикилишлик каби иллатларни маъқуллай олмаймиз. Ахир ўйлаб кўрайлик: тўйдан шодланиб рақсга тушаётган қиз ёки жувон кимнингдир суюкли фарзанди, кимнингдир жуфти-ҳалоли. Бу тикилишнинг ёки маст ҳолда ёнига тушиб ўйнашнинг ёмон оқибатларини кўриб турамиз-ку?! Бир тўйда ёнимда ўтирган одам “э, тўй қизимаяпти-да”, деб қўйди. Ажабландим. Хилма-хил ашулачилар навбат кутиб туришибди. Зиёфат авжида. Бу кишига нимаси ёқмаяпти экан? У одам ажбланишимни сезиб, изоҳ берди: “ёшлар муштлашмаяпти, муштлашув бўлмаса, тўй қизимайди”, деди. Бу гап жиддиймиди, ҳазилмиди ё кесатиқмиди, англай олмадим.
Тўйлардаги ичкилик ичиш алоҳида масала. Бир танишим тўй қилиб, ўғлини уйлантирди. Бу билан зиммасидаги бурчини адо этгандек бўлди. «Этгандек бўлди», деб кесатишимга асос бор. Айтмоқчиманки, бурчни бажариш икки ҳил бўлади: биринчиси - атрофидаги одамларнинг розилиги, хурсандлиги учун. Яъни, бир тўда еб-ичиб, маишат қилиб кетса бас. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига борилмайди. Савоб-гуноҳнинг нима эканига ҳам эътибор берилмайди. Бунинг оқибати маълум: бугун фарзандининг оиласидаги нотинчликдан беҳаловат бўлаётган ота-оналар бу ташвишнинг илдизини топмоқ учун тўйни қандай ўтказганлари, бурчларини қандай адо этганларини ўйлаб кўрсалармикин? Иккинчи бурч Яратганнинг розилиги учун адо этилади. Яъни ҳаромдан («ҳаром»нинг маъноси - таъқиқлаш, ман этишдир), гуноҳдан эҳтиёт бўлинади. Янги оилани муаззам бир уй деб тасаввур этсак, унинг пойдеворида ҳалоллик ётсагина бақувват бўлади. Туз бетонни еб адо этганидек, аввал бошда аралашган ҳаром аста-секин умр саройи пойдеворини кемиради.
Бу гаплар шунчаки хаёл маҳсули эмас, балки ҳаётдаги воқеалар юзага чиқарган ҳақиқатдир. Баён қилаётган танишимиз бадавлат эмас, дабдабали тўй қилишга қурби етмайди. Аксинча, қарз-ҳаволадан умид қилувчи одам. Камина унга қарз кўтармасдан осонгина тўй қилишнинг йўлини айтдим. Аслида бу йўлни мен ўйлаб топмаганман. Олтмишинчи йилларга қадар барча шу ҳилда тўй қилган. Кейин «комсомол тўйи» деб номланмиш касофат - бемаъни базм кашф қилиниб, ҳаражатлар кўпайгандан кўпайди. Бугунги келиб «комсомол» деган нарса йўқолди. Бироқ, унинг номи билан юзага келган тўй шакли сақланиб қолди. Асл ўзбек тўйидаги ёр-ёр, тортишмачоқ каби ажойиб одатлар ўрнини маст-аласт қийқириқлар эгаллади. Уруш-жанжал, баъзан қотиллик ҳам шу янги тўйнинг мевалари экани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, буларни билиб турсак-да, билмагандек ҳотиржам юраверамиз.
Хуллас, танишим ароқсиз тўй қилишдан уялди. Маҳалла аҳлидан уялди. Уларнинг «тўйига ароқ қўймабди», деган маломатидан қўрқди. Ароқни ман этган Зотдан қўрқмади, уялмади. Лекин ўз фикрича, савоб ишга ҳам қўл урди: тўй арафасида «худойи» деб аталмиш эҳсон қилди. Энди «худойи» дастурхони билан базм дастурхонини бир-бирига солиштирсангиз савобнинг миқдорини чамалай оларсиз. Аллоҳ бандасининг дастурхонига муҳтож эмас. Аксинча, банда Яратганнинг марҳаматига муҳтож. Ўша базмда сўзловчилар ёшларга бахт тилашади. Кимдан? Бахтни ким беради? Бахт берувчи «ичма» деган нарсани ичсагу яна ундан тилак тиласак берармикин? Бу томонини ўйламаймизми? Ичига ҳаром луқма кирган банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслигини наҳот билмаймиз? Яна бир гап шуки, ёшларнинг ичиб юриши ота-онага ёқмайди, тўғрими? Кеча уйланган йигит эртага уйга маст келса-ю, ота-она унга танбеҳ беришга ҳақлими? Менингча, ҳақли эмас. Кечагина уйланган ўша бадмаст йигит танбеҳ берган отасига қараб, “ичиш ёмон хулқ экан, унда нима учун тўйга уч юз шиша ароқ олиб, ҳаммани ичирдингиз?” деб маломат қилишга ҳақлими? Ҳа, ҳақли!
Иккинчи бир танишимизда ўзгача аҳвол юз берди. Куёв бўлмиш йигит дастурхонга ароқ қўйилмаслигини талаб қилибди. Ота-бола орасида шу хусусда келишмовчилик чиқибди. Ота ўғлидан нолиб: «Ароқ қўймасам шарманда бўламан-ку, мен ҳам тўйларга бориб ичганман-ку», деб эзилди. Биз дедик-ки: «Биродар, ўғлингизнинг ақлига тасанно айтмоқ лозим. Сиз тўйларга борганингизда қарзга ёки насияга олиб ичмагансиз-ку? Ё барчаларига «тўйимда қайтарам ичган ароғимни», деб ваъда қилганмисиз?» Ота-бола баҳсида ўғил енгиб, у айтгандай тўй бўлди. Санъаткорлар карвони ёғилмай, биттагина гуруҳ ичкиликсиз ҳам тўйни ширин тарзда ўтказиб беришди. Мезбонлар ўйнаб-кулиб роҳатландилар. Шу маҳаллада, икки кўча наридаги тўй эса фожиа билан якунланди. Маст йигитларнинг жанжали ҳали чимилдиқ кўрмаган дўстларининг ўлимига сабаб бўлди. Мана сизга, бир вақтда бўлиб ўтган икки тўйнинг якуни. «Бадмаст улфат - даврага кулфат», деб бежиз айтмаганлар машойихлар. Биз айтаётган масала бошқа миллатларда ҳам мавжуд. Агар эсласангиз, саксонинчи йилларда украиналикларнинг «Тўй айбланади», деб номланган кинофильми бўларди. Фильм ўзбек тилига таржима қилинган, ҳозир ҳам телевидение орқали намойиш этиб турилади. Унда ёш футбол юлдузининг ўлимига сабаб бўлган ресторандаги тўй, исрофгарчилик, маст-аласт йигитларнинг қилиқлари кўрсатилади. Эътибор берайлик: Европа учун ресторандаги тўй, ичкилик одатий нарса. Шунда ҳам улар бу одатга қарши чиқяптилар. Биз эса Европадан маданиятни эмас, уларнинг ўзлари ҳам рад этаётган ёмон одатларни оляпмиз.
Европадаги миллионер оилалар тўйларида биз каби сочиб, исроф қилмайдилар. Улардаги никоҳ ўқитиш маросимининг ўзи тўй. Энг яқин одамларини таклиф этишади. Бир неча соат ичида тўй ўтади. Биз улардан мана шу никоҳ ўқитиш (яъни - ЗАГС) маросимини олдик-да, ўзимизникига қўшдик. Ана энди тўй маросимларимизни санаб ўтайлик: совчилар ишни пиширишгач, қиз билан йигитнинг кўчада кўришув маросими бўлади. Қиз билан йигит аввалдан бир-бирларини билсалар-да, совчиларнинг аралашувисиз аҳду паймон қилиб қўйган бўлсалар-да, бу маросимга келадилар. Йигит қизга қимматбаҳо совға беради. Совғанинг қабул қилиниши - ризолик аломати экан. Ана ундан кейин яна совчилар борадилар ва «оқ ўраш ёки патир синдириш» маросими бўлади. Кейин эса фотиҳа тўйи, бошқача айтилса, қўни-қўшнилар, яқинларга маълум қилиш мақсадида бўлажак келиннинг уйига тоғоралар карвони жўнатилади. Агар тўйга қадар орада хайит байрами бўлса «йўқлов» деб аталмиш янги “карвон” йўлга чиқади. Булар - тўйнинг дебочалари. Баъзи жойларда «маслаҳат оши» дегани ҳам бор. Номидан маълумки, яқинлар тўйни ўтказиш тартибини белгилаш учун чақирилади. Ошдан сўнг маслаҳатлар берилади ва... тўй эгаси маслаҳатларга қулоқ ҳам солмайди, ўз билганидан қолмайди. Орада дастурхон сарсон... Ниҳоят тўй. (Еткизганига шукур!) Бир кун тўй юборилади (тўй олинади). Бир кун куёв (ёки келин)нинг отаси ишхонасидагиларни зиёфат қилади, яна бир кун онаси ҳамкасбларига дастурхон ёзади. Бир кун келинникида «Қиз базми». Ҳозир бу маросимга куёв жўралари ҳамда отаси ва унинг яқинлари билан келадиган бўлган. Бундан олдин ёки кейин ҳар икки хонадонда «худойи». Сўнг «сабзи тўғрар» деб номланмиш зиёфатча. Эртасига эрталаб (ёки пешинда) ош. Кейин «ЗАГС» деб аталувчи маросим. Никоҳдан ўтилгач, ёшлар учун бирон ерда кичкина зиёфатча. Ниҳоят, ҳовлида ёки бирон ресторанда никоҳ базми! Эрталаб келинсалом ва аёлларнинг қаймоқхўрлик зиёфати. Авваллари келинсаломни келин янга билганича ўзи ўтқазарди. “Қайноталарига салом”, деса, қайнота бир гилам берарди. “Холасига (аммасига, тоғасига...) салом”... Улар ҳам совғаларини берардилар. Маросим ўн-ўн беш дақиқада ниҳоясига етиб, хотинлар уй-уйларига тарқар эдилар. Энди азонлаб аёл қўшиқчилар данғир-дунғирлари билан етиб келадилар. Келинсалом ҳам энди бир тўй даражасида ўтади. Тўй эгалари нафас ростлашга улгурмай, эртага кутилаётган «чарлари» маросимига тайёрланишни бошлайдилар. Куёв тўра эса ўртоқларига яна бир зиёфат берадиким, бунинг номини «куёв оши» дерлар. Авваллари Тошкентда “чарлари” аталмиш маросимга, яъни, келин отасиникига тўйдан уч кун ўтиб келарди. Ҳозир тезлашув замоними, тўйнинг эртасигаёқ келади. Камида 60 аёл билан келган қуда хотинлар камида 6-7 хил таом билан сийланадилар. Аёллар кетишгач, энди куёв бўлмиш жўралари билан келади. (Худди қайнотасига «бу ёғини қойиллатиб қўйдим», дегандай ҳисоб бергани келганга ўхшайди, шундай эмасми?) Изма-из куёвнинг отаси, бошқа қариндошлари билан келишиб «чарлари» давом этади. Тўйлар шу зайлда ниҳоясига етгач, «тоғаникида келинсалом», «Амма-холаникида келинсалом»... каби маросимлар бошланади. Бу орада Худо фарзанд берса «ақиқа» ёки «бешик тўйи»... Хуллас, сўзни мухтасар қилсак, тўй-тўйга уланади. Донолар таъбири билан айтсак, «йўғонни чўзадиган, ингичкани узадиган» маънисиз ва кераксиз одатлар, расм-русумлар оқими...
Кези келганда хайит байрамидаги келинсалом маросимларини эсламасак бўлмас. Бу маросимга келин томон беҳисоб тоғоралар карвонини жўнатади. Уч кун давомида келиннинг уйи, ясатиғлиқ дастурхон атрофи гавжум бўлади. Меҳмонлар орасида қариндошлар ҳам етти ёт бегоналар ҳам бор. Бу маросимни фитна уйғотувчи тадбир десак, янглишмасмиз. Чунки бунга келганлар фақат еб-ичмайдилар, балки уйнинг ҳашами, дастурхон тўкинлиги, келмиш тоғораларнинг сон-саноғи билан қизиқадилар ва муҳокама қиладилар. Бундай муҳокамаларнинг кераксиз гапларга ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши бир масала, яна бир масала телевидениеда бадавлат хонадонларнинг уйлари кўрсатилиб, бу ҳол энг азиз қадриятлар сифатида обдон тарғиб қилинди. Ҳайриятки, бунинг асл мазмунига тушунилибдими, энди такрорланмаяпти.
Биз Тошкент тўйларини баён этдик. Бошқа ерларда буларданда баттар кераксиз одатлар борким, ўзингиз яхши биласиз. Одат ёқимсиз ва заруратсиз эканини билсангиз-да, уни бажаришга мажбур бўласиз. Нима учун? Наҳот «маҳалла-кўй нима дейди?» деган истиҳолани енгиб ўтиш шунчалик қийин бўлса? «Тўй қиламан, деб бели синибди, бечоранинг», деган маломат қайда-ю, «Тўйни ихчамгина ўтказди, барака топсин», деган шараф қайда! Тўғри, орамизда оғзига кучи етмаган «оғзи бедарвоза»лар ҳам бор. Аммо уларнинг гаплари кўпчиликнинг фикрини ифода этмайди. Бунақа тузсиз гапларга сал қўполроқ бўлса-да: «Ит ҳурар, карвон ўтар», деб қўя қолган маъқулмикин...
Бизларни шодлантирадиган нарса: бугунга келиб «суннат тўйи» («хатна тўйи) деб аталмиш зиёфатлар анча камайди. Бунақа тўйлар бутунлай қилинмаса янада яхши. Чунки мазкур тўй номининг ўзиёқ ножоиз. Суннат - пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган ишлари, одатлари демак. У зот ҳаётлик чоқларида бунақа тўй қилмаганлар ва шундай қилинглар, деб айтмаганлар. Мусулмон мамлакатларида туғруқхонада туғилган ўғил бола шу ернинг ўзидаёқ хатна қилинар экан. У томонларда «суннат тўйи» деган тушунчанинг ўзи йўқ. Бу одатни бизда бирон бойвачча манманлик йўсинида бошлагану кейин ўзгаларга мажбуриятга айланиб қолган бўлса эҳтимол. “Суннат тўйи” – пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак номлари билан боғлашлари етмагандек, бу дабдабали зиёфатнинг маст-аласт ҳолда ўтишига нима деймиз?
Кейинги пайтларда никоҳ тўйларида куёв томоннинг ош бериши ҳам камайяпти. Афсус шуки, бели бақувват биродарларимиз бу заруратсиз одатни ҳамон давом эттиришяпти. Мен бир нарсага тушуна олмайман: эркак қудалар фақат тўй ошида бир-бирлари билан кўришадилар. Унгача худди бир-бирларидан уялгандай кўришмоқликдан сақланадилар. Ахир тўйдан олдин учрашсалар, тўй тартибини ўзаро маслаҳат қилиб олсалар ёмонми? Икки томонда ош бермай, биргалашиб бир ерда қилинса бўлади-ку, бу маросим. Бунақа яхши одат кам бўлса-да, учраб турибди ва биз буни қуда бўлмишларнинг донолиги деб ҳисоблаб, уларни шарафлаймиз.
Тўй қилиш жараёнида энг мураккаби хотинларнинг талабларини ва инжиқликларини енгиб ўтиш. Муҳтарама аёлларимиз, ҳақ гапимиздан ранжиманглар, мавжуд кераксиз одатларнинг ихтирочилари ҳам, садоқатли ва ўжар ижрочилари айнан сизларсизлар. Тўй учун топган-тутганларни елга совуриш бўйича сиз жаҳоннинг мутлақ чемпионларисиз, десак, бу мартабани қабул қиларсиз. Совуриб бўлгач, тўйдан кейин нолишларни бошловчилар ҳам ўзингиз. Кераксиз одатлардан воз кечиш ҳақида гапиравериб тоғларни эритиб юбориш мумкин, аммо сиздаги жоҳиллик ва ўжарликни енгиш мумкин бўлмаяпти. Сиз узоқ ташвиқотдан сўнг бирон масалада чекинишга мажбур бўласиз-у, ўша заҳоти янги бир кераксиз, баъзан зарарли одатни ихтиро қиласиз. Масалан: тугун ва тоғоралар муаммоси. Кўп аёллар гўё тугундан воз кечдилар. Бунинг ўрнига эса битта тугун учун сарфланажак маблағ чамаланиб, тўй эгаси аёлнинг қўлига пул қистириш одати расм бўлди. Бойроқ аёлларимиз эса долларни ошкора равишда узатишга уринадилар: одамлар кўриб қўйишсин-да! Камроқ пул узатувчилар эса ийманадилар. Бу одат тўй эгаси учун ортиқча даҳмаза эшигини очди. Энди у пул берганларга жавоб тариқасида тугун ўрнига қоғоз халталарни шайлаб қўяди. Аввал тугунлардаги нарсаларни ўзаро алмаштириб қўйган бўлса, янди ҳар бирига алоҳида нарса солиши керак. Агар минг кишилик ошда 500 нон ишлатилса, юз кишилик аёллар маросимига мингдан ортиқ нон олинади.
Келин-куёвни кийинтириш бобида ҳам аёлларга бир сўз айтмоқлик мушкул. Куёв тўра зар чопон кийиб, салла ўрайдилар. Буни тушуниш мумкин: гўё қадриятларимизга қайтаётган эканмиз. Келинпошшани европача кийинтириб, елкалари очиқ, ҳатто ярим яланғоч ҳолда, бошларига шляпа кийдириб қўйишлари-чи? Бир ерда «келиннинг эгнига атлас куйлак-лозим, беқасам нимча, бошига ироқи дўппи кийгизиб оқ рўмол ташланса бўлмайдими?» деган эдик, «нима, бизнинг келинимиз жувонми?» деган танбеҳни эшитдик ва ажабландик: атлас кийим жувонлик белгиси эканми? Келин ҳали қизлик оламини тарк этмай туриб, тўй базми эртасига келинсаломга атлас кийим-бошда чиқади-ку, бунга нима деймиз? Машҳур бир қўшиқчи тўртинчими ё бешинчими марта эрга тегаётганида ҳам ярим-очиқ оқ либос кийган экан. Бу ҳам бокиралик белгисми? Истиқлолдан аввал, ҳориждаги ўзбеклар билан борди-келди қийин бўлган даврларда эшитган эдим: ватандошлар атлас мато топилмагунча қизларининг тўйларини бошламас эканлар. Гап бу ерда бизнинг европача кийимга нисбатан инжиқлигимизда эмас. Тўғри, оқ либос ҳам қизларимизга ярашади, оқликда покизалик рамзи ҳам мавжуд. Лекин бу куйлак (куёвнинг зар чопони ҳам) ўзлариники эмас-ку? Бировдан ижарага олинади-ку? Наҳот покиза қизимизни неча-неча одам кийган, охори тўкилган куйлакда узатиб боришдан истиҳола қилмаймиз. Эртасига бу кийимларни тахлаб изига қайтаришдан уялмаймиз? Бу масаланинг тиббий томони ҳам бор: ўша оқ либос оқ пахтадан эмас, кимёвий толалардан тўғилган матодан тикилган. Бундай матолар турли микробу бактерияларни урчитиб бериш хусусиятига эга. Демоқчимизки, кўйлакни аввал кийган келиннинг терисида касаллик бўлса, бунисига дарров юқади. Худо асрасин-у, агар шундай бўлса-ю, куёвда гумон уйғониб, келинни бузуқликда айблаб юборса-чи? Яна бир томони, кўйлакнинг узун этаги кўчадаги ахлатни супуриб юради. Кўчадаги ифлосликни супуриб, келин янги уйга кириб келади. Наҳот шу нарсаларни азиз опа-сингилларимиз ўйламасалар?
Катта ёшдаги мўътабар одамлардан эшитган эдим: уруш ва ундан кейинги азобли йилларда ҳам замонга мос равишда тўйлар бўлиб турган. Дастурхонга бир неча туршак, жийда қўйиб ҳам тўйни ўтказишган. Жамоа хўжалигининг ёки қишлоқ кенгаши раисининг хонасида ямоқ тушмаган битта тўн билан бир атлас кўйлак сақланаркан. Тўй куни келин-куёвга шу либослар ижарага бериб туриларкан. У замонда умумнинг кийими ноиложликдан олиб кийилган. Ҳозир-чи?
Ўтмишдаги тўйлар ҳақида гапирганимизда маросимларимиз албатта ўшандай бўлиши шарт, деб даъво қилмоқчи эмасмиз. Тўйлар давримизга яраша бўлиши керак. Шунинг баробаринда, замонавий тўй маданияти ҳақида ўйлаб кўришга ҳам мажбурмиз. Айрим биродарларимиз хориждан келган меҳмонларни тўй ошига ёки базмига олиб боришни хуш кўришади. Камина эса бундан ҳижолатдаман. Қаранг, тўй учун кўп минглаб пул сарф қиламизу маданиятни белгиловчи арзимас нарсаларга эътибор бермаймиз. Ҳатто ресторанлардаги тўйларда ҳам аҳвол шу. Ҳориждаги зиёфатларга эътибор берайлик: хизматчилар меҳмондан доимо хабар олиб турадилар, бўшаган идишлар дарров алмаштирилади. Ҳатто тўкилган ушоқлар ҳам кичик чангютар ёрдамида тозалаб турилади. Сочиқлар алмаштирилади. Хуллас, хизмат маданияти юксак даражада. Бизнинг тўйларимизда-чи? Айниқса, тўй ошларида қўл ювадиган жой йўқ. Баъзан ёшлар сув тутиб туришади, раҳмат, аммо сочиққа қўл артилаверилганидан уни сиқиб қайтариб беришдан ўзга чорангиз қолмайди. Ичкарига кирсангиз, дастурхон усти йиғиштирилмаган. Ёғли қошиқлар оппоқ дастурхон устини доғ қилиб турибди. Бурда нонлар бетартиб сочилган. Ярим ейилган узум бошлари маъюс. Пиёлалардаги қолдиқ чойлар ҳам тўкилмаган. Сочиқни сиқсангиз, бир камбағалнинг ошига етгулик ёғ сизиб чиқади... Биз бунақа манзарага кўникиб кетганмиз. Аммо хорижлик меҳмон буларни кўриб бизнинг тантилигимизга тасаннолар айтиб кетармикин? Йигирмата ароқни камроқ олиб, бунинг маблағини покизалик хизматига, тўйчилик маданиятини оширишга сарф этиш наҳот мушкул бўлса?
Тўй маданияти ҳақида гапирганда санъаткорларнинг ўзларини тутишлари, пул қистириш, пулни бошдан сочиш каби ярамас одатни айтмай иложимиз йўқ. Бу ҳолат ва раққосаларнинг беҳаё қилиқлар қилиш эвазига пул тўплашлари бизнинг маънавий оламимиз пастлигидан далолат бермайдими? Бир тўйда ҳайратга тушганим ёдимда. Қўқон атрофидаги тўйлардан бирида раққосага тўхтовсиз пул қистираётган киши диққатимизни тортди. Ўша одам бир кун аввал биз билан суҳбатлаша туриб, иқтисодий қийинчиликдан нолиб, «болаларимга қишлик кийим ҳам олиб берганимча йўқ», деган эди. Эртасига у одам билан яна кўришганимизда «пул қистириш ўрнига болаларингизга кийим олиб берсангиз бўлмайдими?» десак, «тўй эгаси - тоғам бўладилар, ҳамма қистирганда мен қараб турсам уят эмасми?» дейди. Қаранг, боласи юпун юрса уят эмас, ҳаёсиз раққосанинг даҳанига пул қистирмаса айб экан. Бунисига нима деймиз?
Сирдарёдаги бир тўйни гапириб беришди. Тўй эгаси икки минг доллар сарф қилиб бир ашулачини олиб келибди. Ўша куни ёмғир ёғиб йўлларнинг аталаси чиқиб кетганидан кўпчилик тўйга келишга қийналиб, охири «ўша икки мингни йўлни тузатишга сарфласа савоби мўлроқ бўларди», деб кетишибди. Бу гапда ҳам жон бор.
Тўйларни батартиб, чиройли равишда ўтказишда маҳалланинг бурчи ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, очиғини айтиш керак, бугунги кунимизда тўй қилувчилар маҳалланинг фикри билан деярли ҳисоблашмайдилар. Аввал тўй куни маҳалла билан бамаслаҳат белгиланарди. «Сиз айтган куни фалончи ҳам белгилаб қўйган, сиз тўйингизни бошқа кунга кўчиринг», дейиларди ва бу маслаҳатга амал қилинарди. Ҳозир эса битта маҳаллада баъзан бир пайтнинг ўзида тўрт-беш тўй бўлиб ўтяпти. Одамлар қайси тўйга боришга ҳайрон. Биринчи жойда ош еб чиқилгач, иккинчи тўйдаги лаган тўла ошга қўл ҳам урилмайди. Қарабсизки, яна исроф. Тўйга келолмаганлар ҳижолатда, тўй эгалари эса гина-кудуратда. Илгарилари идиш-товоқ маҳалладан олингани туфайли маҳалла раисининг тўй эгасига сўзи ўтарди. Энди эса гап гаплигича қолиб кетади. Бироқ, дабдабали тўйга қурби етадиган биродарларга «тўйингизнинг дабдабасини сал камайтириб, тежалишдан ҳосил бўлгувчи маблағни фалончи хонадонга берсангиз савоб бўларди. Улар ҳам тўйларини вақтида кўнгилдагидек ўтказишиб олишарди», деган маслаҳатга юрадиганлар ҳам топиляпти-ки, бу яхшиликлари эвазига топилган савоблар туфайли уларнинг тўйлари файзли ўтиб, фарзандлари тотувлик ва бахтга эришяптилар.
Кейинги йиллари кўркам тўйхоналар қурилиши натижасида тўй эгаларининг ортиқча югур-югури камайди. Тўйхоналарнинг ижобий томонларини инкор этмаймиз. Лекин назаримизда, тантаналарнинг тўйхонага кўчирилиши бу маросимнинг асосий фазилати ҳисобланган файзни йўқотаётганга ўхшайди. Кўп қаватли уйда турувчиларни ёки қишли қировли кунларда тўй қилувчиларни тушуниш мумкин. Лекин кенг ҳовлиси бор одамлар-чи? Тўйнинг файзи қўни-қўшнилар, бола-бақралар билан бўлади. Ҳозир уч-тўрт эшик наридаги хонадон қўшнисининг тўйидан бехабар қоляпти. Баъзи тўй ошларига бориб, ажабланамиз: хизмат қилувчилар жуда оз бўлади, ош келса, чой келмайди, чой келса, ош йўқ. Чунки қўни-қўшни йўқ. Ошга шаҳарнинг нариги бетидаги киши йигирма чақирим йўл босиб келади, йигирма қадам наридаги қўшни эса бехабар... Тўй оши фақат қорин ғамида келиш эмас, балки бу маросимдаги асосий файз – дийдорлашув.
Тўйни тартибли ўтказишда маҳалла кўп ишлар қилиши мумкин. Авваллари тўй базмларида бадмастлик авжга чиқса, жанжал кўтарилса, маҳалла қариялари бу хонадонда тортилажак ошга чиқмасдилар. Бу ўзига хос танбеҳ, ўзига ҳос жазо тури бўлиб, тўйчиларга таъсири сезиларди. Маҳалланинг таъсири ё маслаҳат ва насиҳат йўсинида ёки қатъий чора тарзида ҳам бўлиши мумкин. Андижон атрофидаги хўжаликлардан бирининг раиси қўллаган чорани ибрат сифатида келтирсак: у киши тўйга аёллар келадиган пайтда ҳовлида ўтириб олибдилар-да, тугун кўтариб келаётган аёлни тўхтатиб «тугунингни анави четга қўй», деб буюрибдилар. Аёллар раиснинг ихтиёрига қарши чиқишармиди. Хуллас, барча тугунлар бир ерга тўпланади. Очиб ҳам кўрилмайди. Раис аёлларнинг маросими тугагунча тўйхонадан кетмайди. Кетса нима бўлиши маълум: тугунлар одатдагидай очилади... Тўй тугагач, раис аёлларга тугунларингни ола кетинглар ва бундан кейин тугун қилманглар, деб тайинлайди. Аёллар нима кўтариб келишган бўлса, уни қайтариб олиб кетадилар. Бу ҳол ўн-ўн беш маротаба қайтарилгач, масала ҳал этилади. Бу ҳаракат айримларга эриш туюлиши ҳам мумкин. У ҳолда бошқа чорани тавсия этиб кўринг.
Кераксиз одатларнинг пайдо бўлуви ва изсиз йўқолуви сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманликдан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришамиз ва хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз. Суҳбатимиздан мақсад сизларга ақл ўргатиш эмас, фикрлашга таклиф этмоқликдир. Сўзларимизни ҳадиси қудсийда келтирилган Аллоҳнинг хитоби билан якунлашни маъқул кўрдикким, бу ҳақиқат юмуқлик кўзларни очар:
«Эй Одам фарзанди, агар мендан уялмасанг, ҳарна хоҳласанг қил!..»
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 827 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар